ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 13.09.2023 йилдаги ЎРҚ-868-сон

9 та боб, 73 та моддадан иборат.

1) Қонуннинг мақсади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2) Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Давлат чегарасини қўриқлаш — жанговар-хизмат, тезкор-хизмат ҳаракатлари, назоратга оид, тезкор-қидирув ва режимли тадбирлар мажмуи;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлаш тизимининг таркибий қисми бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича сиёсий, ташкилий-ҳуқуқий, дипломатик, иқтисодий, мудофаага, чегарага, тезкор-қидирувга, божхонага, табиатни муҳофаза қилишга оид, санитария-эпидемиологик, фитосанитарияга, карантинга оид ва бошқа чора-тадбирлар кўриш йўли билан амалга оширилади;

Давлат чегараси орқали ўтказиш пункти — Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ва транспорт воситаларига, шунингдек Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларга нисбатан назорат тартиб-таомиллари ва уларни Давлат чегараси орқали ўтказиш амалга ошириладиган, халқаро қатновлар учун очиқ бўлган чегараолди темир йўл бекатлари ва автомобиль йўлларининг, дарё портларининг, аэропортларнинг (аэродромларнинг) махсус жиҳозланган ҳудуди (унинг бир қисми);

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги давлат назорати органлари — Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ва транспорт воситаларига, шунингдек Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларга нисбатан назоратни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, божхона органлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, давлат ветеринария хизмати, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати ва юошқалар.

3) Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

давлатларнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, давлат чегаралари дахлсизлиги ва бузилмаслигини ўзаро ҳурмат қилиш;

чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этиш;

чет давлатлар билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш;

чет давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;

куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик.

4) Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан амалга оширилади. Давлат чегараси делимитация, демаркация ва редемаркация қилинади.

Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг ва чегарадош давлатларнинг вакилларидан иборат бўлган ҳукуматлараро комиссия томонидан амалга оширилади. Ҳукуматлараро комиссиядаги Ўзбекистон Республикаси вакилларининг таркиби ва уларнинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланади.

5) Давлат чегараси жойларда аниқ кўриниб турадиган чегара белгилари билан кўрсатиб қўйилади.

6) Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг ягона тизими ташкил этилади.

7) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

Давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг ягона тизимига кирувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига Давлат чегараси хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида ахборот тақдим этади;

разведка, контрразведка ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади.