Фармонга асосан:
1) “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди;
2) “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилган:
барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.
3) “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди;
4) Республика комиссияси зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича тегишли йиллик дастурларни тайёрлаш ва ижросини мувофиқлаштириш;
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасидаги ислоҳотлар бўйича тадбирларнинг аҳоли томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар асосида сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилишини назорат қилиб, натижаси юзасидан ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилишини таъминлаш;
5) “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва уни бажариш бўйича амалий чора-тадбирлар ижроси, тегишли мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ва улар доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ишлаб чиқилиши устидан назоратни амалга оширишнинг янги тартиби белгиланди.