Фармонга асосан:
1) Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Вазирлик) деб қайта номланди;
2) 2023 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикасида «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинади;
3) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди;
4) Вазирлик тузилмасида Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилди;
5) 2024 йил 1 январдан атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага ва II тоифага кирувчи янги объектларни лойиҳалаштиришда юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва (ёки) локал сув тозалаш иншоотлари ўрнатилиши кўзда тутилмаган лойиҳаларни давлат экологик ва шаҳарсозлик экспертизаларидан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларни, уларни ўрнатмаган ҳолда фойдаланишга қабул қилиш ман этилади;
6) 2024 йил якунига қадар халқаро тажриба асосида республиканинг барча ҳудудларини экологик баҳолаш бўйича индикаторлар асосида «eco-indicator.uz» рейтинги шакллантирилади ва ҳар бир ҳудуднинг экологик паспорти эълон қилинади;
7) 2024 йил 1 январдан:
уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) ҳисобланади;
синов тариқасида ўрмон хўжаликлари ҳудудида кўчат етиштириш, экилган кўчатларни парваришлаш, ўрмонзорлар барпо этиш ишлари аутсорсинг асосида жисмоний ва юридик шахсларни жалб этган ҳолда амалга оширилади;
ўрмон хўжаликларида кўчат етиштирувчи питомникларни ташкил этиш мақсадида, хўжаликлар ҳудудларининг узоқ муддатли ижарага бериладиган участкалари Вазирлик томонидан белгиланади;
давлат ўрмон фонди участкалари фақат «E-auksion» платформаси орқали ижарага берилади;
Жамоатчилик экология назоратчиларига улар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, қонунчиликда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун жорий қилинган пенсияни ҳисоблаш учун иш стажини ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади;
8) 2024 йилдан бошлаб марказлашган инвестиция лойиҳалари ҳамда атроф-муҳитга таъсири бўйича I-II тоифага кирувчи фаолият турларига оид марказлашмаган инвестиция лойиҳалари белгиланган тартибда давлат экологик экспертизадан ўтказилади;
9) 2023 йил 1 июлдан бошлаб аҳоли ва кенг жамоатчилик орасида атроф-муҳитни ҳимоялаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган «Чиқиндиларни оммавий йиғиш» (ЎзПлоггинг) умуммиллий ҳаракати ташкил этилади.
10) 2024 йил 1 январдан Нукус шаҳрида:
ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича кўп қаватли уйлар ўртасида «Тежамкор уй» ва «Тежамкор хонадон» рейтинг тизимини ишга туширилади;
йил якунига кўра, энг кам сув ишлатган 20 та хонадон ҳамда хонадонларининг 50 фоизидан ортиғи белгиланган меъёрлардан кам сув ишлатган 20 та кўп қаватли уйлар рағбатлантирилади;
ғолиб хонадон ва уйларга Вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуёш панеллари ёки уй атрофини ёритиш мосламаларини бепул ўрнатиб берилади.