Фармонга асосан:
1) Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди;
2) Янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди;
3) Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини изчил амалга ошириш бўйича экспертлик кенгашлари тузилди;
4) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш жараёнини ахборот-таҳлилий, илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлаш учун масъул этиб белгиланди;
5) 2023 йил 1 сентябрдан республика фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилди;
6) 2023 йил 1 августдан солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилди;
7) 2023 йил 1 июндан қуйидагилар бекор қилинди:
тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби;
чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар.
8) 2023 йил 1 сентябрдан олий таълим ташкилотлари юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига адвокатлик тузилмаларида меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб боришга рухсат этилди.