10 та боб, 56 та моддадан иборат.
1) Қонуннинг мақсади:
Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2) Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат иштирокидаги корхона — устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори эллик фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамияти ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамияти;
давлат муассасаси — бошқарув вазифаларини, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки бошқа нотижорат тусдаги вазифаларни амалга ошириш учун давлат органи ёки ташкилоти томонидан ташкил этилган ҳамда тўлиқ ёхуд қисман у томонидан молиялаштириладиган ташкилот;
давлат мулки — республика мулкидан ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган оммавий мулк;
давлат мулки реестри — давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон ахборот базаси;
давлат улуши — хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли бўлган акциялар ёки улушлар.
3) Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
давлат мулкининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш;
давлат мулки ушбу Қонунда кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлганда унга эгалик қилиш;
рақобат ривожланган соҳаларда давлат мулкини хусусийлаштириш, қайта ташкил этиш ва тугатиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш;
давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш;
замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш;
очиқ ва шаффоф ҳисобот тизимини яратиш;
давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш, шунингдек уларни ички ва ташқи бозорларда рақобатлашишга қодир бўлган, самарали корхоналарга босқичма-босқич айлантириш бўйича чоралар кўриш.
4) Давлат мулкини бошқаришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
ҳисобдорлик;
очиқлик ва шаффофлик;
соғлом рақобат учун шарт-шароитларнинг тенглиги;
давлат мулкига эгалик қилишнинг асосланганлиги;
давлат мулкидан фойдаланишнинг самарадорлиги;
мулкдор ва тартибга солувчи вазифаларининг ажратилганлиги;
атроф-муҳитни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишнинг устуворлиги.
5) Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра юзага келади.
Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи қуйидаги асосларга кўра ҳам юзага келиши мумкин:
шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда, шу жумладан гарчи қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ҳамда бошқа битимлар тузилганда;
мол-мулкни ва (ёки) мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда;
суд қарорлари асосида.
6) Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилинади.
Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи қуйидаги асосларга кўра ҳам бекор қилиниши мумкин:
хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ;
давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи мулкий ҳуқуқларни (улушларни) олиш эвазига бошқа шахсга ўтганда.