Фармонга мувофиқ:
1) 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:
олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга;
иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга;
тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилиши белгиланди;
Мазкур бандда белгиланган қоидалар 2024 йил 1 январдан бошлаб:
Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига (махсус ва ҳарбий унвонга эга бўлган ходим ҳамда ҳарбий хизматчилардан ташқари);
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги санаторийлар ва Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари, шунингдек, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади;
2) 2022 йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини (Жамғарма) шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланди:
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар тиббиёт муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ижтимоий касалликларга ихтисослашган тиббиёт муассасаларида – умумий харажатларнинг 10 фоизи;
республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида – умумий харажатларнинг 5 фоизи;
Жамғарма маблағларининг 75 фоизи гуруҳидан қатъи назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи – тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтирилиши белгилаб қўйилди;
3) Тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устама жорий этилди;
4) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
а) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасидаги илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Доcтор оф Сcиенcэ) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (ПҳД) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади;
б) барча тиббиёт ходимлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади;
5) 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланиши белгилаб қўйилди;
Бунда, мазкур бандда кўрсатилган устамани олиш учун шифокор бошқа ҳудудда камида икки йил ишлаган ҳамда камида иккинчи даражали малака тоифасига эга бўлган бўлиши лозим.