Фармонга мувофиқ:
1) Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига (Қўмита) каврак етиштиришни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
ўзига тегишли яйлов ер майдонларида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектларга ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаб қолиш, муҳофаза қилиш, самарали тикланишини ва такрор кўпайтиришни ташкил қилишда кўмаклашиш;
республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мос бўлган маданий каврак плантациялари ташкил этилишини мониторинг қилиш;
республика ҳудудларида кавракни саноат усулида қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш ва тайёр маҳсулот ҳолида экспорт қилиш ҳамда маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича шароитлар яратиш;
2) Каврак етиштириш кластерларини ташкил этиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилиши:
Қўмита, «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» уюшмаси ва ташаббускорлар ўртасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи шартнома тузилиши;
ташаббускорга яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолатини яхшилаш, ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаб қолиш, уни маданий усулларда кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация усулида каврак хом ашёсини йиғиш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришга оид мажбуриятлар юкланиши;
Шунингдек, Қўмита мазкур талаблар асосида салоҳиятли инвесторларни жалб этишга шахсан масъул ҳисобланиши белгиланди.
3) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга кўра 2022 йил 1 майдан бошлаб:
а) Қўмитанинг доимий эгалигидаги ер майдонларида:
ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигининг Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳамда киритилмаган барча турларини ғамлаш (йиғиш) учун квоталар Қўмитанинг буюртмасига кўра, тўлов эвазига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси асосида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланади;
мазкур квоталар доирасида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги хомашёсидан махсус фойдаланиш учун ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигининг Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳамда киритилмаган барча турларини четга олиб чиқиш учун рухсатномалар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан берилади;
б) Қўмита каврак маҳсулотлари бозор конъюнктураси ва ишлаб чиқариш харажатларини таҳлил қилади, шунингдек, экспорт ҳажмлари мониторингини юритади ва ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш учун масъул ҳисобланади;
4) а) 2022 йил 1 майдан бошлаб уч йил давомида:
каврак етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоиз миқдорида қўлланилиши;
каврак ўсимлигини етиштирувчилар ва унинг хом ашёсини қайта ишловчи корхоналар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитуралар божхона божидан озод этилиши;
б) Қўмита Уюшма билан биргаликда қоракўл ва қоракўлча тери, жун ва каврак маҳсулотлари (ТИФ ТН бўйича 4302197500, 0504000000, 5101 – 5109, 5602, 570110, 5701109, 1301 90 0000 кодлари) экспорт ҳажмлари мониторингини юритиши ва ушбу маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш чораларини кўриши белгиланди.