ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 17.03.2022 йилдаги ПФ-89-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Адлия вазирлиги (Вазирлик) зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

а) аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш йўналишида:

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳисобига тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;

б) интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш йўналишида:

интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш;

2) Қуйидагилар:

а) юридик хизмат кўрсатиш марказлари, туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиаллари ҳамда ФҲДЁ органлари барча ҳуқуқ ва ваколатларини сақлаган ҳолда туман (шаҳар) адлия бўлимлари тузилмасига ва бўйсунувига ўтказилиши;

б) Вазирлик:

Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлигининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда интеллектуал мулк (интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш) соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ҳамда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиши белгиланди;

3) 2022 йил 1 майдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

қонунчиликка мувофиқ маҳаллий ижро ҳокимияти органлари қарорларини қабул қилишда ҳудудий адлия органлари ижобий хулосаси олиниши белгиланган ҳолларда, бундай хулоса олинмасдан тегишли қарорларни қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди;

Вазирлик томонидан вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти мониторинг қилинади ҳамда унинг натижаси бўйича ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилади;

4) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга кўра 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (Ягона база) сақланади;

“Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнини мувофиқлаштириш бўйича масъул – оператор этиб белгиланади;

объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан жойлаштирилади;

муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага киритилгандан сўнг, унинг сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилинади;

5) Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўзларига юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш;

интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш;

давлат органлари ва давлат иштирокидаги ташкилотларда юзага келган меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш;

6) Вазирлик тузилмасида:

Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик департаменти;

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси;

Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тартибга солиш бошқармаси;

Қонунчиликни тизимлаштириш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси;

Давлат хизматлари департаменти;

Интеллектуал мулк департаменти ташкил этилди.