ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида давлат бошқарувини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 18.02.2022 йилдаги ПФ-75-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Қуйидагилар:

Туризм ва маданий мерос вазирлиги;

Спортни ривожлантириш вазирлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ташкил қилинди;

2) Қуйидагилар:

Туризм ва маданий мерос вазирлиги туризм ва маданий мерос, Спортни ривожлантириш вазирлиги эса спорт соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари ҳисобланиши;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши;

туризм, маданий мерос ва спорт масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишинча Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги билан келишилиши ва бошқалар белгиланди;

3) Қуйидагилар Туризм ва маданий мерос вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни туризм бозорларида жорий қилиш, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ҳамда нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш, мамлакатнинг туризм имижини янада ривожлантириш;

туризм турларини кўпайтириш, энг аввало, ички ва зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, республика ҳудудларининг туризм салоҳиятидан келиб чиқиб туризмнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, янги туризм маҳсулотларини яратиш;

маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, давлат назоратини амалга ошириш, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларининг нормалари ва тавсияларини имплементация қилиш, тарихий-маданий ҳудудларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш;

туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетингини олиб бориш, мамлакатимизнинг бебаҳо туризм салоҳиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;

4) Қуйидагилар Спортни ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, оммавий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзини юритишга кенг жалб этиш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш, уларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, спорт таълими тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, спорт турлари бўйича юқори натижадор спортчилар захирасини яратиш;

спорт инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан қишлоқ ва чекка ҳудудларда спорт объектларини кўпайтириш, спорт маркетингини ривожлантириш, спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш, нодавлат спорт объектлари ва муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

мамлакатимизда профессионал спортни, шу жумладан жамоавий, қишки ва экстремал спорт турларини ривожлантиришни, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спортга қарши тизимли чоралар кўришни таъминлаш;

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш), тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;

паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш, инфратузилмасини яратиш, истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш) ва профессионал спортга йўналтириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш;

5) Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири лавозими этиб қайта номланди.