Фармонга мувофиқ:
1) Бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиши белгиланди;
2) Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди;
3) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилиши белгиланди:
аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
рағбатлантириш ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади;
ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича фотосурат, видеоёзув ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди;
рағбатлантириш маблағлари ундириладиган жарималарнинг тегишли органлар ҳисобида қолдириладиган қисмидан қоплаб берилади;
4) Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар “102” тезкор қисқа рақами ёки “Эконазорат” ахборот тизими орқали қабул қилиниши белгиланди;
5) Давлат экология қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар “Яшил макон” платформасини ишга тушириши белгиланди;
6) 2022 йил 1 мартдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилиши белгиланди:
ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри таркибида республиканинг барча ҳудудларидаги ва ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун “Дарахтлар реестри” тизими жорий этилади;
юридик шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан ижарага олувчилар ўзига бириктирилган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш учун масъул ҳисобланади;
ҳар бир юридик шахс – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдори ёки улардан фойдаланувчига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи томонидан туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда унга бириктириладиган барча дарахтлар бўйича “Дарахтлар реестри”дан ягона кўчирма берилади;
туташ ҳудудлардаги бириктирилган дарахтлар бўйича “Дарахтлар реестри”дан кўчирма мазкур дарахтлар ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқни келтириб чиқармайди.