Фармонга мувофиқ:
1) 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди;
2) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (Агентлик);
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари;
туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари негизида туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари (Марказлар) ташкил этилди;
3) Қуйидагилар белгилаб қўйилди:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори раҳбарлик қилиши;
Агентлик ҳузурида бир йил муддатга доимий фаолият юритадиган «Маҳаллабай ишлаш штаби» ташкил этилиши;
Марказий банк, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси раҳбарларининг тегишли ўринбосарлари бир йил муддатга бошқа барча вазифаларни бажаришдан озод этилган ҳолда «Маҳаллабай ишлаш штаби»га хизмат сафарига юборилиши;
4) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини бошқариш вазифаси юкланди;
5) Қуйидагилар белгилаб қўйилди:
ҳоким ёрдамчиси лавозимига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шуъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари тайинланиши;
ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссиялари орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилиниши;
номзодларнинг интилувчанлиги, мақсадга йўналганлиги, қобилияти, тажрибаси кабиларни инобатга олган ҳолда тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши мумкинлиги;
6) Вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларига ҳоким ёрдамчилари лавозимига тайинланган ходимларнинг аввалги иш жойидаги лавозимини икки йилгача муддатга сақлаб қолиш, мазкур даврда ушбу лавозимга бошқа шахсларни муддатли меҳнат шартномаси асосида вақтинча ишга қабул қилиш тавсия этилди;
7) "Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси" кўкрак нишони таъсис этилди.