Фармонга мувофиқ:
1) Қуйидагилар белгиланди:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида оммавий тадбирларни ўтказишда ҳамда истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилиши;
2022-2023 йилларда туман ички ишлар органлари таркибидаги конвой бўлинмалари босқичма-босқич вилоят ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, ягона бошқарув тизими асосида туманлараро хизмат ўташ тамойилига мувофиқ қайта ташкил этилиши ва бошқалар;
2) 2) Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти (Департамент) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинди ва қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш;
жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш, жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўриш;
ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш;
вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилиш;
озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишни таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ишларини ташкил этиш;
3) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ Департамент Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси (Стратегия) «Йўл харитаси» ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар дастурларининг амалга оширилиши доирасида:
мунтазам мониторинг олиб бориб, белгиланган чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли давлат органларига киритади;
жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида эришилган натижалар ва аниқ кўрсаткичлар акс эттирилган батафсил ахборотни доимий равишда кенг жамоатчиликка етказиб боради;
ҳар чоракда умумлаштирилган ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритади ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига тақдим қилади;
4) Қуйидагилар:
республикада жамоат тартибини оммавий бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганда ваколатли идораларнинг ҳаракатларини умумий мувофиқлаштириш вазифаси Департамент зиммасига юклатилади ҳамда унинг қошида ягона идоралараро бошқарув штаби ташкил этилиши;
Департамент бошлиғи ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тадбирларининг ягона мувофиқлаштирувчиси ҳисобланиши;
Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари кириши белгиланди;
5) Шундай тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
профилактика инспекторларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш ҳамда фаолиятига асоссиз аралашиш тақиқланади;
2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади;
профилактика инспекторлари учун Ички ишлар вазирлиги Академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, фаолиятида юқори натижаларга эришган Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларидан иккитадан, қолган ҳудудий ички ишлар органларидан биттадан профилактика инспектори Департамент бошлиғи тақдимномасига асосан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълимига имтиҳонларсиз қабул қилинади ҳамда бепул ўқитилади.
6) Пробация инспекторларининг фаолияти ҳудудий профилактика инспекторлари билан кунлик узлуксиз ҳамкорликда ташкил этилиши ҳамда пробация инспекторлари зиммасига профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдагиларнинг шахсини ўрганиш ва уларни ижтимоий мослаштириш ишларида профилактика инспекторларига амалий-услубий кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифалар юкланиши белгиланди.