ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 10.09.2021 йилдаги ПФ-6312-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Омбудсманнинг қуйидаги йўналишлардаги фаолияти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашдаги энг устувор вазифа этиб белгиланди:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини, шу жумладан уларнинг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали таъминлаш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

2) Олий Мажлис палаталарининг Омбудсманнинг жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозимларини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш учун 2022 йил 1 январдан Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 14 та штат бирлиги ажратилсин.

3) Қуйидагилар Омбудсман минтақавий вакилларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;

фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш;

ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, мурожаатни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш;

ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш;

4) Қуйидагилар:

а) Омбудсманнинг минтақавий вакиллари:

ўзларининг фаолиятида бевосита Омбудсманга ҳисобдорлиги;

ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши аҳволи бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳар йили маъруза тақдим қилиши;

ҳудудларда жойлашган давлат органлари ва ташкилотларига монеликсиз кириши ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан зудлик билан қабул қилиниши;

б) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Омбудсман минтақавий вакиллари фаолиятига кўмаклашиши белгиланди.