Фармонга мувофиқ:
1) Ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш;
ҳудудларда жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллаларни тоифаларга ажратиш ҳамда ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда «жиноят ўчоқлари»ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситаларни жалб қилиш;
“республика — вилоят — туман — маҳалла” тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмларини жорий этиш, ички ишлар ва бошқа давлат органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш;
ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш, жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш ҳамда соҳани тўлиқ рақамлаштиришга эришиш;
2) Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари босқичма-босқич ташкил этилиши ҳамда:
маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланиши;
маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани негизида ҳудуддаги ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ташкил этилиши;
маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси профилактика инспекторига юкланиши белгиланди;
3) Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Тезкор-қидирув департаменти, Жамоат хавфсизлиги департаменти, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ташкил этилди;
4) ички ишлар органларининг барча тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмавий-функционал бўйсунувидан чиқарилиб, Жазони ижро этиш департаменти бўйсунувига ўтказилди.