ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 23.03.2021 йилдаги ПФ-6191-сон

Фармонга мувофиқ:

2021 йил 1 июндан:

фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши;

нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олиниши;

тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилиши;

хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилиниши;

давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилиши;

давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилиниши, бунда ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олиниши;

давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан айрим ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилиниши;

Давлат хизматлари марказлари юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланиши;

давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилиниши;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Адлия вазирлиги ва давлат хизматлари марказларидан сўраш тўхтатилиши ва улар маълумотларни Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан мустақил равишда олиши белгиланди.