Қонун 7 боб ва 54 та моддадан иборат.
1. Қонуннинг мақсади
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фаолиятини тартибга солиш.
2. Миллий гвардиянинг тизими Миллий гвардиянинг марказий девони, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, ҳарбий тузилмалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлардан иборат бўлади.
3. Миллий гвардия ходимлари учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошмаслиги керак.
Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардия ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.
Миллий гвардия ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч кундан ошмайдиган вақт қўшилган ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил берилади.
4. Миллий гвардия ходимларига қуйидаги календарь ҳисобдаги хизмат даври учун:
ўн йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги беш кун;
ўн беш йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги ўн кун;
йигирма йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги ўн беш кун бўлган, ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
5. Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) тегишли маълумотга эга бўлган, соғлиғининг ҳолатига ва жисмоний тайёргарлигига кўра Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
6. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисини ҳарбий хизматдан бўшатиш тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.
7. Миллий гвардия ходимларига қуйидаги махсус унвонлар берилади:
сафдорлар таркиби — “сафдор”;
сержантлар таркиби — “кичик сержант”, “сержант”, “катта сержант”;
кичик офицерлар таркиби — “лейтенант”, “катта лейтенант”, “капитан”;
катта офицерлар таркиби — “майор”, “подполковник”, “полковник”;
генераллар таркиби — “генерал-майор”, “генерал-лейтенант”, “генерал-полковник”.
Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
8. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.