Фармонга мувофиқ:
1) Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди;
2) Концепция ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутиши белгиланди:
а) илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида:
илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш;
илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш;
б) илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш борасида:
2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш;
2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улушини амалдаги 8 фоиздан 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказиш;
инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида хорижий етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаларини ташкил қилиш;
в) юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш борасида:
илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш;
2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг (фан номзоди, фалсафа ва фан докторлари) улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш;
г) илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш борасида:
2025 йилга қадар илмий-тадқиқот ва ишланмалар соҳасидаги технологик инновацияларга харажатларнинг умумий ҳажмида ташкилотнинг ўз кучи билан бажарилган технологик инновацияларга харажатларнинг улушини 3,5 бараварга, 2030 йилгача эса 9 бараварга ошириш;
2021 йилда “Яшнобод” инновацион технопаркининг резидентлари сонини 60 тага етказиш ва шу асосда инновацион маҳсулотлар тури ва ҳажмини ошириш, шунингдек 720 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
7 та замонавий лаборатория мажмуаларини ташкил этиш, уларни GLP ва GMP жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозлаш;
д) илм-фан тараққиётига кўмаклашувчи замонавий ахборот муҳитини шакллантириш борасида:
миллий илмий портални яратиш;
олимлар, ташкилотлар, илмий-техник ахборот манбалари рейтингларини жорий этиш;
3) Қуйидагилар белгиланди:
Илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланади;
2021 йил 1 январдан бошлаб илмий ташкилотлар раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими жорий қилинади;
2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир илмий ташкилотда унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади, бу лавозимга таниқли илм-фан намояндалари ва нуфузли олимлардан бири тайинланади ҳамда маслаҳатчи ташкилотнинг Илмий кенгашини бошқаради;
илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда илмий мактаблар, фан намояндалари ва етакчи олимларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадида ҳар бир фан йўналишлари бўйича фан жамиятлари ташкил қилинади;
2021 йилда халқаро мустақил эксперт компанияларини жалб этган ҳолда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча давлат илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолияти аудитдан ўтказилади;
барча давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг республика даражасидаги раҳбарлари (биринчи ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга масъул ҳисобланади ҳамда бу борада тизимдаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
4) Ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб “Академик ҳаракатчанлик” дастури жорий қилинди;
“Академик ҳаракатчанлик” дастури доирасида:
илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш, уларнинг хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкаларини ташкил этиш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилиши;
мазкур ёшларга илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмалардаги замонавий илмий асбоб-ускуналардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши;
Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар “Академик ҳаракатчанлик” дастурини амалга ошириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгилаб қўйилди;
5) 2021 йил 1 январдан бошлаб Илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинди;
6) Қуйидагилар белгиланди:
Илмий даражали кадрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими орқали қуйидаги ишлар тўлиқ амалга оширилади:
стажёр-тадқиқотчи, изланувчи, илмий раҳбар ва консультантларга доир маълумотлар банкини шакллантириш, стажёр-тадқиқотчи ва изланувчиларнинг якка тартибдаги режасидаги ишлар бажарилишини қайд этиш;
илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларининг самарадорлиги мониторингини олиб бориш, тегишли ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш;
стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантурада ўқиш учун қабул квоталари бўйича буюртманома шакллантириш;
илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларида ўқиш учун талабгорларни рўйхатга олиш.