ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 20.10.2020 йилдаги ПФ-6084-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Қуйидагилар:

2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди ва унда қуйидагилар назарда тутилиши белгиланди:

мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;

давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш;

давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар ҳамда уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар;

2) Қуйидагилар асосий йўналишлар этиб белгиланди:

а) таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш соҳасида:

2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида амалдаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудларини кенгайтириш ёки янги қуриладиган муассасалар ҳисобига ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;

2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида ўзбек тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;

олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш;

б) давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш соҳасида:

лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш;

2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш;

телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш;

в) давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига интеграциялашувини таъминлаш соҳасида:

2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш;

дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;

хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш;

г) давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш соҳасида:

2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш;

2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш;

хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили курсларини зарур илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек тилини ўргатишга доир илмий тадқиқотлар миқдорини ошириш белгиланди;

3) Қуйидагилар:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1-2 ойгача) ўқув курслари мунтазам равишда ташкил этилиши белгилаб қўйилди.