ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони, 25.07.2020 йилдаги ПФ-6035-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланди:

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда беш кун муддатда ҳудудларда шаклланган ижобий тажрибадан келиб чиқиб:

маҳаллалар ва аҳоли хонадонларида юқумли касалликлар, шу жумладан коронавируснинг олдини олиш, симптомсиз, енгил кечаётган беморлар ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳар бир оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳларни ташкил қилиш;

мобил гуруҳлар таркибига биринчи навбатда малакали шифокор ёки инфекционист ҳамда патронаж ҳамшираси киритилишини таъминлаш;

мобил гуруҳларни дори-дармон, алоқа, транспорт воситалари ва бошқа зарур асбоб-ускуна ва анжомлар билан таъминлаш чораларини кўриш;

мобил гуруҳлар учун соддалаштирилган йўриқномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини тизимли йўлга қўйиш, лаборатория текширувидан ўтказишда тирбандликнинг олдини олиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида лаборатория текшируви амалиётига экспресс-тест ва иммунофермент таҳлили усуллари киритилишини таъминлаш;

б) алоҳида хизмат кўрсатиш ташкил этилган тиббиёт муассасалари, улардаги бўш койкалар сони, касалларни қабул қилиш ҳолати, касалликка чалинган ва тиббиёт муассасаларида ҳамда бошқа рухсат этилган ҳудудларда даволанаётган беморлар сони, уларнинг ҳолати, дори воситалари, шунингдек, зарур лаборатория ва тиббиёт анжомлари ва техникасининг мавжудлиги ҳамда ҳолати юзасидан маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан ижтимоий тармоқларда эълон қилинишини таъминлаш;

в) аҳоли томонидан мурожаат қилинганда ҳамда уларда касаллик белгилари аниқланганда тезкорлик билан коронавирус инфекциясига таҳлил олиш ва таҳлил натижаларини уч кунлик муддатда уларни шахсий телефон рақамлари орқали хабардор қилиш чораларини кўриш ва бошқалар;

2) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (Санэпидқўм), унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди;

3) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 январдан:

Санэпидқўм ходимларининг амалдаги ойлик иш ҳақларига қўшимча равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлганда лавозим маошига – 30 фоиз, фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлганда – 60 фоиз ҳар ойлик устамалар белгиланади;

б) Санэпидқўмга моддий-техника базасини яхшилаш ва ходимларни рағбатлантириш мақсадида аҳолига пуллик асосда хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;

в) Санэпидқўм Давлат бюджетидан тизимга ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар ой якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилади ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади;

4) Санитария-эпидемиология хизматининг бюджетдан ташқари Махсус жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилди, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш манбалари ва маблағлардан фойдаланиш мақсадлари белгиланди;

5) 2021 йил 1 апрелдан тадбиркорлик субъектларига уларнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини ўрганиш ва таҳлиллар натижаларига асосан “Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси”ни (Белги) бериш амалиёти жорий қилинди;

6) Қуйидагилар:

Белги Санитария-эпидемиология хизмати томонидан уч хил турдаги — “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича 12 ой муддатгача берилиши;

“яшил” тоифадаги Белгига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти Санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди (оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно). Бунда “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектлари “яшил” тоифадаги Белгига эга бўлган объектларга тенглаштирилиши;

Белги тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан (ихтиёрий) ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда давлат органлари ташаббуси билан (мажбурий) берилиши;

тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан (ихтиёрий) Белгини олиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳамда пуллик асосда амалга оширилади. Бунда, кўрсатилаётган хизматлар учун олинадиган даромад Санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва ходимларни рағбатлантириш учун йўналтирилиши белгиланди.

7) Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари – тегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланиши белгиланди.

8) 2020 йил 1 сентябрдан санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида “Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги” факультети ташкил этилди.