Қонун 7 та боб ва 43 та моддадан иборат.
1. Қонуннинг мақсади:
Ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.
2. Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган ёввойи ҳайвонларни (уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини) тутиш мақсадида уларни излаш, уларнинг изига тушиш ва уларни таъқиб қилиш, тутишга уриниш ёки тутиш (отиш, тутиб олиш) ов қилишдир.
3. Ҳақиқий овчилик гувоҳномасига эга бўлган жисмоний шахс, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ва ов қилиш соҳасида хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган чет эллик фуқаро овчидир.
4. Ов қилиш жойлари ов қилиш учун фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, бўлиш ва урчиш жойлари, уларнинг кўчиб ўтиш йўллари бўлган ерлар, сув объектлари ва ўрмонлардан иборат бўлади.
5. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги квота ёввойи ҳайвонларнинг кўп миқдорда тутиладиган турларига, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва оз сонли турларига нисбатан белгиланади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота ёввойи ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш ҳамда тутиладиган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотлари асосида белгиланади.
6. Келгуси йил учун ёввойи ҳайвонларни тутишга доир талабномалар жисмоний ва юридик шахслар томонидан жорий йилнинг 1 ноябридан 15 ноябрига қадар (қўшимча квота учун 1 апрелдан 15 апрелга қадар) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига топширилади.
7. Ов қилиш турлари жумласига қуйидагилар киради:
спорт ва ҳаваскорлик мақсадида ов қилиш;
саноат мақсадида ов қилиш;
ўлжа олиш мақсадида ов қилиш;
ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда ёки сунъий яратилган яшаш муҳитида сақлаш ва кўпайтириш мақсадида ов қилиш;
илмий, тиббий ва назорат ишларини амалга ошириш учун ов қилиш;
ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш мақсадида ов қилиш.
8. Ов қилиш мавсуми ва муддатлари
Ов қилиш мавсуми йилнинг ёввойи ҳайвонларни ов қилиш рухсат этилган давридир.
Ов қилиш муддати йилнинг маълум даври бўлиб, бу давр мобайнида муайян турдаги ёввойи ҳайвонларни овлаш амалга оширилиши мумкин.
Ов қилиш мавсумида ҳафтанинг икки куни – сешанба, чоршанба – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қушларни ов қилиш учун ёпиқдир. Бундан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бериладиган рухсатномалар асосида илмий, тиббий ва назорат ишларини амалга ошириш учун қушларни тутиш ҳоллари мустасно.
9. Овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, ўн саккиз ёшга тўлган, овчилик минимуми бўйича синов имтиҳонини топширган жисмоний шахсларга овчилар жамоат бирлашмалари томонидан берилади.