ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 02.07.2020 йилдаги ЎРҚ-626-сон

Қонун 8 та боб ва 48 та моддадан иборат.

1. Қонуннинг мақсади:

Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.

2. Геодезия ва картография фаолияти – ер шаклининг, ташқи гравитация майдонининг параметрларини, ер сатҳининг координата нуқталарини ва уларнинг вақт бўйича ўзгаришларини аниқлашга, давлат геодезия, гравиметрия ва нивелир тармоқларини, доимий фаолият кўрсатадиган сунъий йўлдош орқали кузатиш станциялари тармоғини яратиш, ривожлантириш ва ишлаш ҳолатида сақлаб туришга, давлат кадастрлари, геофазовий маълумотлар банклари (базалари) ва геоахборот тизимлари учун топографик, тематик хариталар, режаларни ва картографик асосни яратишга ҳамда янгилашга қаратилган илмий, ишлаб чиқариш ва бошқарув фаолияти.

3. Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги

4. Геодезия ва картографияга оид ишларнинг турлари:

умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар;

махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишлар.

5. Геодезия ва картография фаолияти маҳсулотлари жумласига қуйидагилар киради:

геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар);

геодезия пунктлари;

фазовий (геофазовий) маълумотлар;

географик ахборот тизимлари;

фазовий маълумотларнинг инфратузилмаси;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларнинг натижалари, шу жумладан геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар.

6. Геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фондини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фонди таркибига давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари киради.