ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 16.04.2020 йилдаги ПФ-5980-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (Жамоатчилик палатаси) ҳамда унинг ҳудудий жамоатчилик палаталари ташкил этилди;

2) Қуйидагилар Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш;

фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш;

аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, уларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталарига ва Ҳукуматга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиб бориш ва бошқалар;

3) Қуйидагилар:

а) Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органлари ҳисобланиши;

б) Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиши ва унинг таркиби тегишли тартибда шакллантирилиши;

в) ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлиши;

г) ҳудудий жамоатчилик палаталари таркиби жамоатчилик форумларида тавсия этилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилиши;

д) Жамоатчилик палатасининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг биринчи умумий йиғилишларида:

уларнинг фаолиятларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилиши;

уларнинг комиссиялари шакллантирилиши ва раҳбарлари сайланиши;

Жамоатчилик палатаси раиси – Жамоатчилик палатаси Кенгаши раиси ва унинг учта ўринбосари, жумладан битта биринчи ўринбосари – Жамоатчилик палатаси аппарати раҳбари, шунингдек ҳудудий жамоатчилик палаталарининг раислари ва уларнинг ўринбосарлари сайланиши;

Жамоатчилик палатасининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг фаолиятларини самарали ташкил этиш мақсадида уларнинг бошқарув органлари – Жамоатчилик палатаси Кенгаши ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг кенгашлари тузилиши;

е) Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг биринчи умумий йиғилишлари ўтказилган кундан бошлаб, 3 йил этиб белгиланди;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг тузилмаси тасдиқланди;

5) Жамоатчилик палатасининг фаолияти унинг ижро органи – юридик шахс ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси аппарати (Аппарат) томонидан таъминланиши ва Аппарат фаолиятини молиялаштиришнинг манбалари белгиланди;

6) “Менинг фикрим” веб-порталини Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди;

7) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларида Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади;

Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида, “Ҳукумат соати”да, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида иштирок этишга ҳақли ва бошқалар;

8) Аппарат:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, Бош прокуратураси, Олий суди, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика ахбороти;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг таҳлилий материаллари мажбурий юбориладиган реестрга киритилиши белгиланди;

9) Аппаратга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мутахассисларини, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари ходимларини, шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида тадқиқотлар олиб боришга жалб қилиш;

тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ташкилотлар, жамғармалар, маҳаллий ва хорижий тадқиқот марказлари ва ўқув муассасалари билан шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот-таҳлилий шарҳлар ва маърузалар, “Фуқаролик жамияти” журнали, “Жамият” газетаси ва бошқа нашрларни чоп этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлардан зарур статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш.