Қонун 5 та боб ва 31 та моддадан иборат.
1. Қонуннинг мақсади
Аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.
2. Аҳолини рўйхатга олиш – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни.
3. Аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор санаси ва муддати кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, қоида тариқасида, рўйхатга олишни ўтказиш мўлжалланган санадан камида уч йил олдин киритилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
5. Қонунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида респондентлар ҳамда рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.
6. Шахсга доир маълумотларни йиғиш амалга ошириладиган саволлар рўйхати Аҳолини рўйхатга олиш дастуридир.
Аҳолини рўйхатга олиш дастури қуйидаги саволларни ўз ичига олади:
фамилияси, исми, отасининг исми;
туғилган санаси ва жойи;
ёши;
жинси;
миллати;
фуқаролиги;
яшаш жойи (турган жойи);
тилларни билиши;
маълумоти;
никоҳ ҳолати;
болаларининг сони;
уй хўжалиги таркиби;
уй-жой шароитлари;
бандлиги;
яшаш учун маблағлар манбалари;
миграция (ички ва ташқи).
7. Шахсга доир маълумотларни йиғиш респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
8. Шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш натижасида шакллантирилган йиғма статистик ахборот аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидир.
Аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг асосий кўрсаткичларини тавсифловчи якуний маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқдир ҳамда улар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ва махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.