ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
«Олий Даражали Дўстлик» орденини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 11.03.2020 йилдаги ЎРҚ-609-сон

Қонун 5 та моддадан иборат

1. Қонун билан “Олий Даражали Дўстлик” ордени таъсис этилган.

2. Қонунга “Олий Даражали Дўстлик” ордени тўғрисидаги низом ҳамда “Олий Даражали Дўстлик” орденининг тавсифи илова қилинган.

3. Низомга кўра, “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан:

хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;

хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;

халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари;

атоқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган улкан намояндалари, инсонпарварлик руҳидаги эзгу ишлари билан ном қозонган меценатлар, бизнес ҳамжамиятининг таниқли вакиллари мукофотланади.

4. “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан:

Ўзбекистон Республикаси билан чет давлатлари ўртасида ҳар томонлама манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро ҳурмат ва ишончни кучайтиришдаги шахсий ҳиссаси;

хорижий мамлакатларнинг халқлари билан дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида кўрсатган алоҳида хизматлари;

умуминсоний ва миллий маънавий қадриятларни, тарихий меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, турли халқлар маданияти ва санъатини янада бойитишдаги фаол иштироки;

ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтириш, йирик ижтимоий-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек инновацион ғоя ва технологияларни яратиш ҳамда турли соҳаларга татбиқ этишда эришган салмоқли натижалари;

илм-фан ва маърифат, маданият, санъат ва адабиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларини, шунингдек инсон капиталини ривожлантириш борасидаги катта ютуқлари;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлашдаги кўп йиллик ва фидокорона меҳнати;

кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни демократик янгилашдаги роли ва аҳамиятини ошириш, жамият ва давлат ўртасидаги тизимли ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари;

экологик муаммоларни ҳал этиш, сайёрамиз ва мамлакатимизда қулай атроф-муҳитни таъминлаш, инсон генофондини сақлаш, биохилма-хиллик ва табиий бойликларни асраб-авайлаш, ҳозирги ва келгуси авлоднинг экологик хавфсизлиги ҳақида ғамхўрлик қилишга қаратилган кўп йиллик самарали фаолияти;

халқаро миқёсдаги улкан жамоатчилик, гуманитар ва хайрия фаолияти учун мукофотланади.

5. “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаларини оладилар, шунингдек қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланадилар.