Қонун 11 та боб ва 48 та моддадан иборат.
1. Қонуннинг мақсади:
Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.
2. Махсус иқтисодий зона – тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд.
3. Махсус иқтисодий зоналарнинг турлари
Махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:
эркин иқтисодий зоналар;
махсус илмий-технологик зоналар;
туристик-рекреацион зоналар;
эркин савдо зоналари;
махсус саноат зоналари.
4. Махсус иқтисодий зонани ташкил этиш
Махсус иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан ўттиз йил муддатга ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатишини ва уни ривожлантиришни ташкил этиш масаласи юзасидан қарор қабул қилади.
5. Махсус иқтисодий зона дирекцияси
Махсус иқтисодий зона дирекцияси махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиши ва бошқарилишини таъминлаш учун ташкил этиладиган давлат муассасаси шаклидаги юридик шахсдир.
6. Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида инвестор электрон онлайн-аукционга қўйилган ер участкасини ижарага ёки бўш турган (фойдаланилмаётган) бинони олган кундан эътиборан (бундан ер участкаси инвесторга тегишли бўлган ҳоллар мустасно) беш иш куни ичида махсус иқтисодий зона жойлашган ердаги рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ташкил этаётган тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун ёки инвестор томонидан илгари ташкил этилган тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этади. Юридик шахс инвестиция битими имзоланганидан ва Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилганидан кейин махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олади.
7. Махсус ҳуқуқий режимнинг ўзига хос хусусиятлари
Махсус иқтисодий зоналарда махсус божхона, солиқ режими, шунингдек фуқароларнинг кириш, чиқиш ва бўлиш режими, меҳнат муносабатлари, молия-кредит фаолиятини амалга ошириш шартлари ҳамда инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва махсус иқтисодий зонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган бошқа режим ўрнатилиши мумкин.
Махсус ҳуқуқий режим қонунлар ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ўрнатилади.
Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига берилган имтиёзлар фақат махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириладиган фаолиятга нисбатан қўлланилади.
Махсус иқтисодий зона иштирокчилари сифатида рўйхатга олинган чет эл инвесторлари ўзига Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида берилган барча ҳуқуқлар, кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.