Қонун 30 та моддадан иборат.
1) Истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс).
2) Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари:
товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
товарни (ишни, хизматни) эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш;
товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсиз бўлишини талаб қилиш;
ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш ва бошқалар;
3) Товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
товарнинг (ишнинг, хизматнинг) номи;
товар (иш, хизмат) мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи;
товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари рўйхати;
нархи (тарифи) ва сотиб олиш шартлари;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқариш санаси кўрсатилиши керак бўлган товарнинг ишлаб чиқарилган санаси;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари;
товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;
товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ва ушбу муддат тугаганидан кейин истеъмолчи нима ишлар қилиши зарурлиги, шунингдек бундай ишларни бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;
ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) тўлиқ номи ва жойлашган ери (юридик манзили), лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг QR-коди (матрицали штрих коди), импорт қилинадиган товарлар учун эса ишлаб чиқарувчининг ҳамда импорт қилувчининг номи ва жойлашган ери (юридик манзили);
товар келиб чиққан мамлакатнинг номи;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари;
товарларни сақлаш, хавфсиз утилизация қилиш усуллари ҳамда қоидалари;
концерт-томоша тадбирлари ўтказилаётганда фонограммадан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот.
4) Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Агар нуқсонлар:
товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида;
кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида;
кўчмас мулк истеъмолчига ўтказилган кундан эътиборан икки йил мобайнида, агар шартномада бундан узоқроқ муддат назарда тутилмаган бўлса;
мавсумий товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида аниқланган бўлса, истеъмолчи мазкур ҳуқуқларини рўёбга чиқариши мумкин.
5) Жавобгарлик
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун жавобгар бўлади.
Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги ишлаб чиқарувчиларни (ижрочиларни, сотувчиларни) йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф қилиш мажбуриятидан озод этмайди.