ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 25.12.2019 йилдаги ЎРҚ-598-сон

Қонун 12 та боб ва 69 та моддадан иборат.

1. Қонуннинг мақсади:

Чет эллик ҳамда маҳаллий инвесторлар томонидан амалга ошириладиган инвестициялар ва инвестиция фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.

2. Инвестициялар — инвестор томонидан фойда олиш мақсадида ижтимоий соҳа, тадбиркорлик, илмий ва бошқа фаолият турлари объектларига таваккалчиликлар асосида киритиладиган моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар.

3. Инвестицияларнинг объектлари: ижтимоий соҳа, тадбиркорлик, илмий ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа фаолият турлари.

4. Инвестицияларнинг объектига кўра турлари: капитал, молиявий ва ижтимоий.

5. Инвестициялар қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

– юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав фондларида (устав капиталларида) улушли тарзда, шу жумладан мол-мулк ва акциялар (улушлар) сотиб олиш йўли билан иштирок этиш;

– Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозларни, жумладан қарз мажбуриятларини олиш;

– концессияларни олиш, шу жумладан табиий ресурсларни қидириш, ўзлаштириш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга доир концессияларни олиш, шунингдек маҳсулот тақсимотига оид битимларда иштирок этиш;

– мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқини, муаллифлик ҳуқуқларини, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноу-хау, ишчанлик обрўсини (гудвиллни) олиш;

– ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни, бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини олиш.

6. Қонунда инвестиция фаолияти иштирокчисига тақдим этиладиган кафолатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонунчилик инвестиция қилиш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, инвестиция қилиш санасида амалда бўлган қонунчилик чет эл инвесторларига нисбатан инвестиция қилиш пайтидан эътиборан ўн йил мобайнида қўлланиши кўзда тутилган.

7. Имтиёз ва преференциялар:

– давлат мулки бўлган объектларни ёки уларга бўлган мулкий ҳуқуқларни имтиёзли ёки нолга тенг харид қиймати бўйича инвесторга бериш;

– солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар бериш;

– инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун инвестор томонидан олинадиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини субсидиялаш.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномасини тузиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати чет эллик инвесторлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ўзаро келишувга кўра қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари бериладиган инвестиция шартномасини тузиши мумкин.

Ҳукумат чет эллик инвесторга инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш доирасида қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этган тақдирда Ҳукумат билан инвестиция шартномаси мажбурий тартибда тузилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномасини тузиш бўйича таклифлар киритиш ташаббуси

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномасини тузиш бўйича таклиф киритиш ташаббуси чет эллик инвестор томонидан мустақил равишда ёки давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ёки хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда амалга оширилади.

10. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти

Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни ташкил этиши ва уларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда халқаро шартномалари билан берилган барча ҳуқуқлар, кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

11. Юридик ва жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги инвестиция фаолияти

Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Чет давлатларнинг ҳудудига инвестициялар юборишни тартибга солиш ушбу Қонунга, ҳудудида инвестиция фаолияти амалга оширилаётган давлатнинг қонунчилигига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.