ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 15.11.2019 йилдаги ПФ-5876-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Қуйидагилар миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик ва бошқалар;

2) Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси (Концепция) ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди шунингдек, уларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси (Қўмита) томонидан амалга оширилиши белгиланди;

3) Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия (Комиссия) тузилди ва унинг таркиби тасдиқланди шунингдек, қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

жамиятда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдидаги тенглигини таъминлашга қаратилган миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида ишлар ҳолатини жойларга чиқиб тизимли ўрганилишини ташкиллаштириш, Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда Қўмита, шунингдек, вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, қилинган ишлар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини доимий равишда эшитиш.