ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
«Наманган» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 20.08.2018 йилдаги ПФ-5517-сон

Фармонга асосан:

1) Наманган вилояти Чуст туманида “Наманган” эркин иқтисодий зонаси (“Наманган” ЭИЗ) ташкил этилди.

Қуйидагилар “Наманган” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш;

Наманган вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс хамда самарали фойдаланишни таъминлаш;

мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;

маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар корхоналари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;

“Наманган” ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, ушбу ҳудудда сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;

“Наманган” ЭИЗнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг “Наманган” эркин иқтисодий зонада жойлашган ҳудуддаги корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташида қатнашиш.

2) “Наманган” ЭИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин;

3) “Наманган” ЭИЗ фаолият юритадиган муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилиши белгиланди.