ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон

Фармонга асосан:

1) 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Унда қуйидаги йўналишлар назарда тутилиши белгиланди:

давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;

иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;

ижтимоий соҳани ривожлантириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни давом эттириш;

2) Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинди, жиноят иши доирасида ва юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар бундан мустасно эканлиги белгиланди;

2018 йил 1 апрелдан бошлаб:

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши давлат солиқ хизмати органларининг бўшаётган 228 та штат бирликларини прокуратура органларига ўтказган ҳолда тугатилиши;

адлия органларининг кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чел эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир-бирини такрорловчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланиши;

жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) бир ойдан ошмаслиги лозимлиги, алоҳида ҳолларда текшириш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан узайтирилиши мумкинлиги;

тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан амалга оширилиши;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар, ўтказилган текширишлар ва мониторинг (асос, текшириш ёки мониторинг ўтказиш вақти, уларни ўтказган ходимлар ва бошқалар) ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотлар мажбурий тартибда прокуратура органларининг махсус электрон ахборот тизимига киритилиши белгиланди;

3) Қуйидагилар:

а) 2023 йил 1 январга қадар муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилиниши:

юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалар-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар;

венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар;

илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича;

янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиши белгиланди.

4) Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилиниши белгиланди.