|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЖАҲОН ИҚТИСОДИЁТИ ВА ДИПЛОМАТИЯ УНИВЕРСИТЕТИГА ТАЛАБАЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Иқтидорли ёшларни танлаш ҳамда республиканинг барча минтақалари учун халқаро сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатлар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига 1993-94 ўқув йилида қабул қилинадиган талабалар сони 200 нафар қилиб белгилансин.
2. Вилоятларнинг университетда 1993-94 ўқув йилида халқаро мутахассис кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжлари маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинмоқда)*.
*илова берилмайди
3. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига кириш ҳужжатларини қабул қилиш муддати Бухоро давлат университети базасида Бухоро, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, Андижон давлат университети базасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, Урганч давлат университети базасида Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси абитуриентлари учун жорий йилнинг 25 июлигача узайтирилсин.
Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари кўрсатиб ўтилган олий ўқув юртлари базасида абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиб олишни ташкил этиш учун тегишли шарт-шароитлар яратсинлар.
4. Вилоят газеталарида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига талабалар қабул қилишнинг янги шартлари эълон қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 14 июндаги 283-сон қарорининг 4 ва 6-бандларига ўзгариш киритилиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, замонавий компьютер техникасини қўллаган ҳолда, тегишли фанлар бўйича чет (инглиз, француз, немис) тилида махсус тест синовлари ўтказилсин.
Тест синовлари жорий йилнинг 2—6 августида Тошкент шаҳрида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети базасида ташкил этилсин.
6. Ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида ишчилар ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари оилаларига мансуб бўлган етим абитуриентлар учун имтиёзлар назарда тутилсин.
7. Вилоятлар ҳокимлари кўп болали оилаларга мансуб бўлган муҳтож абитуриентларга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида тест синовларидан ўтиш учун Тошкент шаҳрига боришда ёрдам кўрсатсинлар.
8. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалар билан шартномалар тузиш қоидасини ва уларни университетда ўқитиш баҳосини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат комиссияси 1993-94 ўқув йилида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига талабалар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни 3 кун муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вaзир ўринбосари Қ. Қорабоев зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 20 июль,
365-сон