Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Касбий таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида» 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, касбий таълим соҳасида институционал яхлитликни таъминлаш, ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш тизимини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Касбий таълим тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари билимини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини амалга оширсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 сентябрь,
526-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарорига
1-ИЛОВА
Касбий таълим тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида касбий таълимни ташкил этиш ва уни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари барча касбий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.
2. Ўзбекистон Республикасида касбий таълим «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикасида касбий таълим — иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техник ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб, меҳнат бозоридаги ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёж, иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда «Ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида шахсларнинг таълим олишига мўлжалланган таълим туридир.
4. Касбий таълимни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилинади.
5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
академик қарздор — якуний назоратга киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган ўқувчи;
билим — муайян касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумот, тушунча ва назарияларни ўзлаштириш натижаси;
бошланғич касбий таълим дастурлари — ЮНEСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (кейинги ўринларда — Халқаро таснифлагич) ва Ўзбекистон Республикасининг миллий малакалар рамкаси 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари;
буюртмачи техникум — илғор касбий маҳорат техникумларида ўқувчилар амалиётини ташкил этиш учун буюртма берувчи давлат касбий таълим ташкилоти;
давлат таълим стандарти — давлат томонидан таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан белгиланадиган талаблар мажмуи;
илғор касбий маҳорат техникумлари — халқаро стандартлар ва замонавий технологиялар асосида рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган, шунингдек, ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш ҳамда ҳудуддаги бошқа давлат касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари учун етакчи амалиёт базаси ташкил этиладиган таълим ташкилоти;
инклюзив таълим дастури — ногиронлиги бўлган шахсларнинг алоҳида имкониятлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, уларнинг танлаган касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолият билан шуғулланишга қаратилган, мослаштирилган таълим дастурлари ҳамда махсус педагогик ёндашувлар ва қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами;
инклюзив таълим гуруҳи — касбий таълим ташкилотларидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчиларнинг бошқа (соғлом) ўқувчилар билан тенг ҳуқуқли ва биргаликда таълим олиши мақсадида ташкил этилган гуруҳ;
касб — махсус билим ва кўникмаларни талаб қиладиган муайян вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган маълум бир фаолият (машғулот) тури;
касбий таълим ташкилоти — Халқаро таснифлагич ва Ўзбекистон Республикасининг Миллий малакалар рамкаси 3, 4 ва 5-даражасига мос келувчи касбий таълим дастурлари асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган таълим ташкилоти;
квалификация — шахснинг муайян касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур компетенцияларга эгалиги ва уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги даражаси;
компетенция — шахснинг муайян касбий фаолиятни амалга оширишда билим, кўникма ва малакаларини самарали қўллаши;
кўникма — билим ва тажриба асосида шаклланган, муайян вазифа ёки касбий фаолиятни бажаришга оид амалий ҳаракатлар йиғиндиси;
мутахассислик — муайян касб доирасида алоҳида меҳнат вазифалари ва функцияларини бажаришга ихтисослаштирилган, махсус билим, кўникма ва малакалар мажмуини назарда тутувчи касбий фаолият йўналиши;
таълим дастури — касб ва (ёки) мутахассислик бўйича давлат таълим стандарти ҳамда касбий стандарт (малака талаби) асосида ишлаб чиқилган ўқув натижаларини шакллантиришга қаратилган таълим мазмуни, ҳажми ҳамда уларни баҳолаш талабларини белгиловчи ўқув-меъёрий ҳужжат (малака талаби, ўқув режаси ва ўқув дастури);
техникум — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари ҳамда тегишли квалификациялар ёки компетенцияларни эгаллаш имкониятини берувчи таълим дастурлари бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган касбий таълим ташкилоти;
ўрта касбий таълим дастурлари — Халқаро таснифлагичнинг ва Ўзбекистон Республикасининг миллий малакалар рамкасининг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари;
ўрта махсус касбий таълим дастурлари — Халқаро таснифлагичнинг ва Ўзбекистон Республикасининг миллий малакалар рамкасининг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари;
ўқув дастури — фан (модул)лар ва амалиётларнинг мазмуни, ҳажми, таълим натижаларини баҳолаш талаблари ҳамда ахборот манбалари белгиланган ҳужжат;
ўқув жараёни жадвали — таълим жараёнининг кетма-кетлиги ва алмашувчанлигини, аттестация ва таътил вақтларини белгиловчи ҳужжат;
ўқув модули — таълим дастурининг мантиқан тугалланган, мустақил ва яхлит таркибий қисми бўлиб, муайян таълим натижаларига эришишга қаратилган назарий билимлар, амалий кўникмалар ва компетенцияларни шакллантиришни таъминлаш модули;
ўқув режаси — касб ёки мутахассислик бўйича ўқув фаолияти тури, фан блоклари, ўқув фанлари (модуллари) ва амалиётлари таркиби ва ҳажмини белгилайдиган ҳужжат;
қўшма таълим дастури — техникум ва хорижий таълим ташкилоти томонидан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларга тегишли даража(лар)да касбий таълим олганлиги тўғрисидаги хорижий давлатда ва Ўзбекистонда тан олинадиган квалификация (диплом ёки сертификат) берилишини назарда тутувчи таълим дастури.
2-боб. Касбий таълимнинг мақсади ва асосий вазифалари
6. Касбий таълимнинг мақсади «Ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида меҳнат бозори эҳтиёжларига мос, рақобатбардош, замонавий касбий компетенцияларга эга бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, шахснинг касбий ривожланиши ва иқтисодиёт тармоқлари учун инсон капиталини шакллантиришдан иборатдир.
7. Қуйидагилар касбий таълимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
иқтисодиёт тармоқларининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари, меҳнат бозори тенденциялари ҳамда технологик ривожланиш жараёнларига мувофиқ рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш;
ўқувчиларда замонавий касбий билим, амалий кўникма, малака ва компетенцияларни, шу жумладан, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, «яшил» иқтисодиёт ва сервис соҳаларига оид кўникмаларни шакллантириш;
таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, дуал таълим, иш жойида ўқитиш ва иш берувчилар иштирокида амалий тайёргарлик тизимини кенг жорий этиш;
таълим мазмунини халқаро таълим стандартлари, касбий стандартлар ҳамда иш берувчилар ва меҳнат бозори талаблари асосида янгилаб бориш;
ўқувчиларда танқидий ва ижодий фикрлаш, муаммоларни ҳал этиш, жамоада ишлаш, мулоқот қилиш ва касбий этика кўникмаларини ривожлантириш;
ногиронлиги бўлган шахсларни касбий таълимга кенг жалб этиш, уларни меҳнат бозорига интеграция қилиш ҳамда инклюзив таълим асосида тенг имкониятларни таъминлаш;
«Ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида аҳолини касбга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш;
меҳнат бозори эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда халқаро меҳнат муҳитида рақобатбардош бўлган мутахассислар тайёрлаш;
ногиронлиги бўлган шахслар учун мослашув даражаси, таълим олиш имконияти ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
касбий таълим ташкилотида таълим сифати, баҳолаш ва квалификация бериш тизимини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш;
иш берувчилар, таълим ташкилотлари ва давлат органлари ўртасида ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш орқали инсон капиталини мустаҳкамлаш.
3-боб. Касбий таълимни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш
8. Касбий таълим тизимида кадрлар Халқаро таснифлагич ва Ўзбекистон Республикаси миллий малака тизими талабларига мос равишда касбий таълим ташкилотларида тайёрланади.
9. Бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар учун — давлат гранти асосида, камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган бошқа талабгорлар учун — давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
10. Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумларда бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда инклюзив синфларнинг 9-синфини тамомлаган, «енгил даражада ақлий заиф» ташхиси қўйилган ўқувчилар учун давлат гранти асосида 1 йиллик ўқув дастурлари асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда:
камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган бошқа талабгорлар мазкур техникумларга 11-синф негизида давлат гранти асосида қабул қилинади;
ногиронлиги бўлган бошқа тоифадаги шахслар учун бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш инклюзив таълим жорий этилган касбий таълим ташкилотларида 9-синф негизида давлат гранти асосида амалга оширилади.
11. Ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар учун давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумларда ҳамда инклюзив таълим ташкил этилган техникумларда камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган талабгорлар учун 11-синф негизида давлат гранти асосида амалга оширилади.
12. Касбий таълим ташкилотлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Давлат касбий таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида амалга оширилади.
Нодавлат касбий таълим ташкилотлари белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг хорижий давлатлар ва инвесторлар билан тузилган шартномалари ва келишувлари асосида халқаро (давлатлараро) касбий таълим ташкилотлари ташкил этилиши мумкин.
Бунда мазкур касбий таълим ташкилотларининг номланиши томонларнинг ўзаро келишуви асосида ҳал этилади.
Халқаро (давлатлараро) касбий таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
Касбий таълим ташкилотларини лицензиялаш, комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан олий таълим ташкилотлари ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш, таълим сифатини ошириш ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида давлат техникумларига бириктирилиши мумкин.
14. Олий таълим ташкилотлари давлат техникумларида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
техникумларнинг ўқув-услубий фаолиятини ривожлантириш;
таълим сифатини ошириш бўйича зарур чоралар кўриш;
олий таълим ташкилотларининг профессор — ўқитувчиларини техникумларга ўриндошлик асосида таълим беришга жалб этиш ва уларни олий таълим ташкилотлари бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш;
техникумлар ва олий таълим ташкилотларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш;
техникумларда халқаро таълим дастури асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлашда ҳамкорлик қилиш;
олий таълим ташкилотларига бириктирилган техникумларга молиявий ёрдам кўрсатиш.
15. Касбий таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси қуйидагича амалга оширилади:
касбий таълим ташкилотлари томонидан таълим дастурларини иш берувчилар, тармоқ корхоналари ва соҳавий ташкилотлар иштирокида ишлаб чиқиш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мунтазам янгилаб бориш;
дуал таълимни ташкил қилиш, иш жойида ўқитиш, модулли таълим ва амалий тайёргарликнинг бошқа шаклларини кенг жорий этиш;
ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти, малакавий амалиёти ва стажировкаларини ташкилотларда ва тадбиркорлик субъектларида ташкил этиш ҳамда уларнинг реал ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этишини таъминлаш;
иш берувчиларни ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини баҳолаш, якуний аттестация ўтказиш ва квалификация бериш жараёнларига жалб этиш;
касбий таълим ташкилотлари ҳузурида замонавий технологиялар асосида жиҳозланган ўқув-амалий марказлар, компетенция марказлари, лабораториялар ва устахоналар ташкил этиш;
йирик саноат корхоналари, кластерлар, технопарклар ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида корпоратив таълим, мақсадли кадрлар тайёрлаш ва ҳамкорликда ўқитиш тизимини ривожлантириш;
ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган юқори малакали мутахассисларни педагогик фаолиятга жалб этиш, шунингдек, педагог кадрларнинг ташкилотларда мунтазам стажировка ўташини таъминлаш;
меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича давлат буюртмаси, мақсадли қабул ва иш берувчилар буюртмалари асосида кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;
таълим натижаларини баҳолаш ва квалификация бериш жараёнларини касбий стандартлар, миллий квалификация тизими ва иш берувчилар талаблари асосида амалга ошириш;
касбий таълим ташкилотлари ва иш берувчилар ўртасида кадрлар тайёрлаш, амалиёт ўташ, битирувчиларни ишга жойлаштириш ва таълим сифатини ошириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик шартномалари тузиш;
битирувчиларнинг бандлиги, меҳнат фаолияти натижалари ва иш берувчилар қаноатланиш даражасини касбий таълим самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида белгилаш.
16. Касбий таълим ташкилоти ўз таркибида филиаллар, кафедралар, бўлимлар, ўқув хоналари ва лабораториялар, ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари ва хўжаликлари, технопарклар, ўқув майдончалари (полигонлар), ётоқхоналар, умумий таълим дастурларини, касбий таълим дастурларини амалга оширувчи таркибий бўлинмалар, таълим жараёни билан боғлиқ бошқа таркибий бўлинмаларга, шу жумладан, инклюзив таълим бўлинмалари ва психологик-педагогик хизматларга эга бўлиши мумкин.
Давлат касбий таълим ташкилотларининг намунавий тузилмаси Вазирлик ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тасдиқланади.
17. Агентлик ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча касбий таълим ташкилотлари учун мажбурий бўлган давлат таълим стандартлари, касбий таълим дастурлари мазмунини, касб ва мутахассисликларнинг номланишини, улар бўйича бериладиган малака даражаларини, ўқитишнинг минимал муддатларини, битирувчилар билимини баҳолаш мезонлари ҳамда ўқув-методик таъминотга қўйиладиган ягона талабларни белгилайди.
Ушбу талабларни бажариш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар (хорижий таълим ташкилоти филиаллари бундан мустасно), барча касбий таълим ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.
18. Касбий таълимнинг давлат таълим стандарти ҳамда касб ва мутахассисликлар бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш учун Агентлик томонидан тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, касбий ва олий таълим ташкилотлари педагог ходимлари, иш берувчилар ҳамда заруратга кўра халқаро экспертлардан иборат таркибда ишчи гуруҳ шакллантирилади.
Бунда таянч касбий таълим ташкилотлари рўйхати Агентлик томонидан белгиланади.
Касбий таълимнинг давлат таълим стандарти иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари, меҳнат бозори талаблари, Миллий малакалар рамкаси ҳамда илғор халқаро тажриба асосида Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Касбий таълим дастурлари тегишли касб ва лавозимларнинг касбий стандартлари ёки малака талаблари ҳамда халқаро таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилади.
Таълим дастурлари тегишли вазирлик ва идоралар, касбий малакаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари, тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади ҳамда амалиётга жорий этилади.
Зарур ҳолларда, давлат таълим стандарти, таълим дастурларини такомиллаштириш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш иш берувчи ташкилотларнинг таклифларига асосан Агентлик томонидан амалга оширилади.
Қўшма таълим дастурлари жорий этилган касб ва мутахассисликлар бўйича келишувга мувофиқ халқаро мутахассис-экспертлар томонидан белгиланган фан (модул)лар масофавий (онлайн) шаклда ўқитилиши мумкин.
Касбий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлашда гендер масалаларида чеклов ўрнатилмайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) билан биргаликда ўқувчиларнинг руҳий-физиологик имкониятлари ҳамда касбий кўникмаларни шакллантириш эҳтиёжидан келиб чиқиб, махсус таълим дастурлари ишлаб чиқилади.
Бунда ногиронлиги бўлган шахслар учун касблар бўйича ўқиш имкониятлари уларнинг алоҳида имкониятлари, касаллик турлари, соғлиғи ҳолати ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб, белгиланади ҳамда ўқувчилар қабул параметрлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан келишилган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади.
Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумларда ўқув юкламалари ва фан (модул)лар ҳажми ўқувчиларнинг алоҳида таълим эҳтиёжлари ҳамда касбий мослашув даражасидан келиб чиқиб мослаштирилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга касбий таълим ташкилотларида улар танлаган касб ва мутахассисликлар бўйича ўқиш имконияти берилади. Бунда ногиронлиги бўлган шахслар учун касблар ва мутахассисликлар бўйича алоҳида чекловчи рўйхатларни шакллантиришга йўл қўйилмайди.
Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумларда «енгил даражада ақлий заиф» ташхиси қўйилган ўқувчилар учун ташкил этиладиган таълим дастурларига умумтаълим фанлари киритилмаслиги мумкин.
Бунда ўқув режалари асосан касбий фанлар, амалий машғулотлар ҳамда ўқувчиларнинг коммуникатив кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган хорижий тил фанлари асосида шакллантирилади.
19. Касбий таълим ташкилотларига иш берувчилар талабларидан келиб чиқиб, Агентлик томонидан тасдиқланган намунавий таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ишчи ўқув режаси ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, фан (модул)ларни бир-бирига интеграция қилиш ҳамда ажратилган соатлар доирасида мутахассислик ва умумкасбий фан (модул)ларнинг соатларини 30 фоизгача ўзгартириш ҳуқуқи берилади.
20. Касбий таълимда давлат таълим стандарти, таълим дастурларини, халқаро ва қўшма таълим дастурларини жорий этиш ҳамда мувофиқлаштириш Агентлик томонидан амалга оширилади.
21. Касбий таълим ташкилотларида халқаро ва қўшма таълим дастурлари асосида хорижий томон билан келишилган касб ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади.
Касбий таълим ташкилотларида халқаро ва қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашда тегишли касб ва мутахассисликлар таълим дастурлари (ўқув режалари ва ўқув дастурлари), ўқув-методик таъминот, педагоглар малакасини ошириш, моддий-техник ва ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш амалга оширилади.
Бунда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, педагоглар малакасини ошириш, ўқув-методик материалларни тайёрлаш ва ўқув адабиётларини яратиш, таржима қилиш ва нашр этиш, таълим жараёнига илғор педагогик ва ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, шунингдек, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа чора-тадбирлар халқаро ва қўшма таълим дастурларининг ажралмас қисми ҳисобланади.
22. Касбий таълим ташкилотларида ўқувчилар, раҳбар ва педагог ходимлари ҳамда иш берувчилар таълим жараёни иштирокчилари ҳисобланади.
23. Касбий таълим ташкилоти юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик қўмитасида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисобварақларига (давлат таълим ташкилотлари учун), ўз номи кўрсатилган муҳрга, штамп ва бланкаларга эга бўлади.
24. Касбий таълим ташкилотларининг устави Агентлик томонидан тасдиқланган намунавий устав асосида белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
25. Касбий таълим ташкилотлари ҳудудларнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва географик шароитларини, ички ва ташқи меҳнат бозорининг тегишли соҳа мутахассисларига бўлган талабини, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳамда халқаро ёки бошланғич, ўрта, ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.
Касбий таълим ташкилотлари, зарур ҳолларда, бошқа ҳудудлардан келган ўқувчиларни ётоқхона билан таъминлайди.
Ўқувчилар ётоқхонада яшаши учун тўланадиган тўлов миқдори (бепул фойдаланишда бўладиган ётоқхоналар бундан мустасно) касбий таълим ташкилотлари томонидан белгиланади.
26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари касбий таълим ташкилотлари битирувчилари бандлигини таъминлашда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади ва касбий таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
27. Касбий таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимларига ижтимоий кафолатлар, қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар қонунчилик ҳужжатлари асосида белгиланади.
28. Касбий таълим ташкилотларида кундузги, дуал, масофавий ва кечки таълим шакллари жорий этилади.
29. Масофавий таълим шакллари жорий этиладиган касб ва мутахассисликлар рўйхати Агентлик томонидан белгиланади.
30. Ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида ҳомиладор ўқувчи-қизлар, 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи ўқувчиларга назарий фан (модул)ларни масофавий ўзлаштиришга имконият яратилади.
Бунда таълим дастурларининг масофавий шаклда ўзлаштириладиган қисми Агентлик томонидан белгиланади.
31. Ўрта махсус касбий таълим дастурлари мос бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграцияси таъминланган ҳолда ишлаб чиқилади.
Халқаро таснифлагичга мувофиқ айрим ўрта махсус касбий таълим дастурлари иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда халқаро ва қўшма таълим дастурлари талаблари асосида фақат меҳнат бозорига кадрлар тайёрлаш ихтисослашувидан келиб чиқиб, бакалавриат таълим дастурлари билан интеграцияси таъминланмаган ҳолда, ўрта бўғин кадрларини тайёрлашга мослаштирилиши мумкин.
32. Касбий таълим ташкилотларида бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим даражалари бўйича таълим дастурларининг узвийлиги, изчиллиги ва ўзаро мувофиқлиги таъминланган ҳолда таълим дастурлари жорий этилади.
Ушбу таълим дастурлари асосида таълим олувчиларнинг ўқиш муддати улар томонидан аввалги малака даражаларида ўзлаштирилган ва тан олинган ўқитиш натижалари, модуллар ёки кредитлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда шахсий таълим траекторияси асосида белгиланади.
Бунда:
аввалги малака даражасида тўлиқ ўзлаштирилган ва белгиланган тартибда тан олинган модуллар (ўқитиш натижалари) ёки кредитлар кейинги малака даражасида қайта ўзлаштирилмайди;
тан олинган модуллар (ўқитиш натижалари) ёки кредитлар таълим дастурининг ажралмас қисми сифатида ҳисобга олинади;
кейинги малака даражасида ўқувчи фақат ўзлаштирилмаган ўқитиш натижалари бўйича ўқитилади ҳамда баҳоланади;
таълим дастурининг умумий ўқиш муддати тан олинган модуллар (ўқитиш натижалари) ёки кредитлар ҳажмига мутаносиб равишда белгиланади.
33. Касбий таълим ташкилотларида аҳолининг турли қатламлари учун қўшимча касб ва мутахассисликлар бўйича квалификация ва (ёки) компетенцияларни эгаллашга қаратилган, ўқитиш муддати олти ойдан ошмайдиган интенсив ва қўшимча ўқув курслари ташкил этилиши мумкин.
Тегишли лицензияга эга бўлган касбий таълим ташкилотларида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича ўқув курслари ҳам ташкил этилиши мумкин.
Касбий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда тузилган шартномаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан турли ёшдаги фуқаролар ва ишсизларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилишга рухсат берилади.
Қисқа муддатли курсларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга ўқиган модулига қараб тегишли компетенцияни (малакани) эгаллаганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификатлар берилади.
Инклюзив таълимни ташкил этишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, соғлиқни сақлаш органлари ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар ҳам таълим жараёни иштирокчилари сифатида жалб этилади.
Ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
34. Касбий таълим ташкилотлари маҳаллий ва хорижий иш берувчилар билан тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишлари мумкин.
Бунда касбий таълим ташкилоти:
қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тузилган тўғридан-тўғри шартномаларга асосан кадрлар тайёрлаш учун шакллантирилган гуруҳлар ва ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни Агентликнинг тегишли платформасига киритишни таъминлайди;
ҳудудий миграция бўлинмалари билан хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик масаласида мазкур иш берувчиларнинг фаолият йўналиши, уларнинг белгиланган давлатларда қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтганлигини ўрганиб чиқади;
таълим дастурларини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Агентликка киритади;
қисқа муддатли ўқув курсларининг таълим тилини ўқувчиларнинг хоҳиши ва иш берувчиларнинг таклифлари асосида белгилайди;
қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар сметасини ишлаб чиқади ҳамда шу асосда ўқитиш қийматини белгилайди.
Агентлик томонидан тасдиқланмаган ёки келишилмаган ўқув дастурлари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини бошлашга рухсат берилмайди.
35. Касбий таълим ташкилотларининг битирувчиларига иш берувчилар (ёки Малакани баҳолаш маркази) томонидан уларнинг кўникмаларини баҳолаш орқали тегишли (малакалар бўйича) разрядлар берилиши мумкин.
Бунда ўқувчиларга бериладиган разрядлар мазкур соҳа иш берувчилари томонидан тан олинади. Разрядлар берилиши йўлга қўйилмаган ҳолларда ишчи касблар бўйича битирувчиларнинг малакаси камида 3-малака разрядига тенглаштирилади.
Касбий таълим ташкилотлари битирувчилари мустақил равишда Малакани баҳолаш марказлари орқали касбий кўникмаларини баҳолаши мумкин.
36. Касбий таълимда тайёрланадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган Касбий таълимнинг тайёрлов йўналишлари, касблар ва мутахассисликлар классификатори асосида белгиланади.
37. Касбий таълим ташкилотларида тайёрланадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати меҳнат бозорининг кадрларга бўлган эҳтиёжидан ва тармоқ вазирликлари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, шунингдек, кадрлар буюртмачиларининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда Агентлик томонидан белгиланади.
4-боб. Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлаштириш
38. Касбий таълим ташкилотларига ўқувчилар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлаштириш тартиби ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
39. Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари қонунчилик ҳужжатлари асосида ўқишини қайта тиклаш ва кўчириш ҳуқуқига эга.
Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш, қоидага кўра, тегишли курс ёки семестрда ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.
Касбий таълим ташкилотларида 1-курсга ўқишга қабул қилинган ўқув гуруҳларида ўқувчилар сони етарли бўлмаган ҳолларда уларнинг ўқишини бошқа (касб ёки мутахассисликлар) гуруҳларга тўғридан-тўғри кўчиришга рухсат берилади.
Нодавлат касбий таълим ташкилотларининг ўқувчилари ўқишини тўлов-контракт асосида (9-синф негизидаги бошланғич касбий таълим дастурлари бундан мустасно) давлат касбий таълим ташкилотларига кўчириш юзасидан мурожаат этишлари мумкин. Ушбу ўқувчиларнинг мурожаатлари Агентлик томонидан кўриб чиқилади.
Умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-синф битирувчилари ўқув йилининг биринчи семестри якунига қадар ўқишини давлат гранти асосида давлат касбий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича мурожаат қилишлари мумкин.
40. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ўқувчининг (ўқувчи вояга етмаган бўлса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) аризаси ва касбий таълим ташкилоти томонидан берилган академик маълумотнома, ўқувчининг курсдан-курсга ўтганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирмадан иборат ҳужжатлар йиғмажилди асосида кўриб чиқилади.
Бунда ўқувчилар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш махсус электрон платформа орқали амалга оширилганда, ўқувчилардан онлайн ариза қабул қилинади.
41. Ўқишни кўчиришда касб ва мутахассисликлар (турдош касб ва мутахассисликлар бундан мустасно) бўйича фан (модул)лар фарқи икки ойлик ўқув юкламадан ортиқ бўлса ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.
Бир таълим даражасидаги дастурдан бошқа таълим даражасидаги дастурга ўқишни кўчиришга йўл қўйилмайди.
42. Ўқувчиларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда касбий таълим ташкилоти директори томонидан касб ва мутахассисликлар таълим дастурларидаги фарқларни ёки қарзларни топшириш жадвали тасдиқланади (жорий ўқув йили давомида), шунингдек, ўқувчиларни ўқитиш курси белгиланади.
Кредит-модуль тизими жорий этилган таълим дастурлари бўйича ўқишини бошқа касбий таълим ташкилотларига кўчиришга рухсат берилган ўқувчиларнинг тегишли мутахассислиги ўқув режаси таққосланган ҳолда фан (модул)лар ва (ёки) кредитлар миқдоридаги фарқлар аниқланади.
Бунда тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдорининг 10 фоизигача ўзгариш бўлганда, фарқ қилган фанларни жорий ўқув йили якунига қадар ўзлаштириш лозим бўлади.
Тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдоридаги фарқ 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолларда ўқувчи мазкур босқични қайтадан ўқиши лозим.
43. Касбий таълим ташкилоти миқёсида бир даражадаги таълим дастурлари бўйича ўқишни кўчириш ёки таълим шаклини ўзгартириш масаласи мазкур касбий таълим ташкилоти томонидан кўриб чиқилади.
44. Хорижий таълим ташкилотларидан Ўзбекистондаги касбий таълим ташкилотларига ўқишни кўчириш масаласи Агентлик томонидан кўриб чиқилади.
Хорижий таълим ташкилотларидан ўқишни кўчиришни истаган шахслар Агентликка ўқишни кўчиришни истаётган касбий таълим ташкилотини кўрсатган ҳолдаги ариза, ўқиган таълим ташкилотидан берилган маълумотномани (баҳолар қайдномаси) топшириши талаб этилади.
45. Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда бошланғич касбий таълим дастурида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини умумий ўрта таълим ташкилотларининг 10 ёки 11-синфларида ёхуд бошқа касбий таълим ташкилотларининг мос бошланғич касбий таълим дастурларида таълимни давом эттириши учун ўқишини кўчириш бўйича мурожаат этишлари мумкин.
46. Касбий таълим ташкилотларида бошланғич касбий таълим дастурлари асосида таълим олаётган ўқувчилар умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттиришни хоҳлаганда, ўқувчиларнинг аризалари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) томонидан ўқувчининг умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттиришини ҳал этиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига юборилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ўқувчининг умумтаълим фанларидан ўзлаштириш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотномаси (баҳолар қайдномаси);
умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттириш истагидаги ўқувчининг ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи нусхаси;
умумтаълим мактабида ўқишини давом эттириш тўғрисида Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг қароридан кўчирма.
Бунда умумтаълим мактаблари ўқувчининг касбий таълим ташкилотида ўқиган касб (мутахассислик)нинг таълим дастури умумтаълим мактабининг ўқув дастурларига мос келиш-келмаслигини аниқлайди ҳамда фанлар бўйича аниқланган фарқларни жорий ёки навбатдаги ўқув йилида бартараф этиш чораларини кўради.
47. Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ўқишини кўчириш ҳудуд миқёсида ҳудудий бошқармалар, бир минтақадаги касбий таълим ташкилотидан бошқа минтақанинг (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) касбий таълим ташкилотига кўчириш Агентлик томонидан кўриб чиқилади.
48. Давлат гранти асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда уларга давлат гранти асосида таълимни давом эттириш имконияти берилади.
49. Ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича ўқувчилар ўқиши бир таълим шаклидан бошқа таълим шаклига кўчирилиши мумкин.
50. Ўқишни қайта тиклаш ўқувчи таълим олган тегишли касбий таълим ташкилоти томонидан кўриб чиқилади ва ҳал этилади. Ўқиши қайта тикланган ўқувчиларга ўқишдан четлаштирилган тегишли семестр ёки курс бошидан таълимни давом эттиришга рухсат берилади.
Ўқувчи олдин ўқиган касб ёки мутахассислик бўйича ўрта бўғин кадрлари тайёрлаш тўхтатилган бўлса, ўқувчининг хоҳишига кўра турдош касб ёки мутахассисликка ёки мазкур таълим ташкилотида тегишли касб ёки мутахассислик бўлмаса, унинг ўқиши ҳудудий бошқармалар томонидан бошқа таълим ташкилотига тикланишига розилик берилади.
51. Ўқув курсини тамомлаш якунлари бўйича ўқувчини навбатдаги курсга ўтказиш, такрорий йилга қолдириш ёки ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида Педагогик кенгаш қарори қабул қилинади.
Бунда ўқувчини курсдан-курсга ўтказиш, курсда қолдириш ёки ўқувчилар сафидан чиқариш касбий таълим ташкилотининг буйруғи билан амалга оширилади. Курсдан-курсга шартли равишда ўтказишга йўл қўйилмайди.
52. Таълим дастурлари бўйича камида 3 та фан (модул)дан академик қарздорликка эга, ишлаб чиқариш ёки квалификация амалиётидан ўтмаган ўқувчилар Педагогик кенгашнинг қарори бўйича тегишли касб (мутахассислик) таълим дастури бўйича такроран ўқиш учун курсда қолдирилади.
Бунда академик қарздорликка эга бўлган ўқувчиларга ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан тасдиқланган жадвал асосида 15 кун муддатда қайта топшириш имконияти берилади.
Қайта топширишда директорнинг буйруғига асосан ўқувчига бошқа педагог кадр(лар) ёки мутахассислар бириктирилади.
Қайта топшириш якунида академик қарздорлиги сақланиб қолган ёки «қониқарсиз» баҳо олган ўқувчилар Педагогик кенгашнинг қарорига мувофиқ директорнинг тегишли буйруғи асосида курсда қолдирилади.
Касбий таълим дастурлари асосида (умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳлар ўқувчилари бундан мустасно) таълим олаётган ўқувчиларга ўзлаштирилмаган фанларни қайта топширишга қўшимча тўловларни амалга ошириш орқали рухсат берилади.
Ўқувчи такроран ўқиш учун курсда қолдирилганда, унинг ўқиган ўқув йили учун тўлаган контракт пули қайтарилмайди ва такроран ўқиётган курси учун янгидан тўлов амалга оширилади.
53. Кредит-модуль тизими жорий этилган касб (мутахассислик)лар таълим дастурлари бўйича бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган ўқувчи ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ҳамда мазкур фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади.
Касбий таълим ташкилотида академик қарздор ўқувчилар (9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳлар ўқувчилари бундан мустасно) таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширганда, ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.
Педагогик кенгаш қарори билан академик қарздорликни бир марта бепул топширишга рухсат берилади.
54. Кредит-модуль тизими жорий этилган касб (мутахассислик) бўйича ўқувчини курсдан-курсга ўтказиш, унинг GPA қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Бунда GPA кўрсаткичи 2,4 дан кам бўлмаслиги талаб этилади. GPA кўрсаткичини тўплай олмаган ўқувчи қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади.
55. Кредит-модуль тизими жорий этилган касб (мутахассислик) таълим дастурлари бўйича семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор ўқувчилар ўқишдан четлаштирилмайди ва курсда қолдирилади.
Курсда қолдирилган ўқувчилар фақат қарздор бўлган модулларни ўзлаштириб, уларга мос равишда (9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳлар ўқувчилари бундан мустасно) шартнома маблағларини тўлайди. Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди.
GPA кўрсаткичини ҳисоблашда ўқувчи таҳсил олган курс якунига кўра қайта топшириш натижалари ҳам инобатга олинади.
Ўқувчи ишлаб чиқариш (квалификация) амалиётига қатнашмаган ёки амалиёт якунлари бўйича «қониқарсиз баҳо» билан баҳоланган ҳолларда, у академик қарздор ҳисобланади ва GPA кўрсаткичидан қатъи назар, курсда қолдирилади.
Ўқув режасида белгиланган таълим олиш муддатида тегишли курсларни тамомлаган, лекин белгиланган кредит миқдорини тўплай олмаган ўқувчи касбий таълим ташкилотида (9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳлар ўқувчилари бундан мустасно) ўқишни битираётган ўқувчи сифатида қайд этилади.
Жами таълим олиш муддати биринчи курсга ўқишга қабул қилингандан сўнг 6 йилгача этиб белгиланади. Ўқувчи касб (мутахассислик) таълим дастури бўйича якуний курсни тугатгандан сўнг белгиланган энг кам кредитлар миқдорини тўплаб, шартнома тўловидан қарзи бўлмаса, «битирувчи» мақомига эга бўлади.
56. Касбий таълим ташкилоти ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин:
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;
ўқишининг бошқа касбий таълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;
доимий яшаш учун бошқа давлатга кўчиб кетганда;
суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;
камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслардан шакллантирилган, бошланғич, ўрта ёки ўрта махсус касбий таълим дастурларида таълим олаётган ўқувчилар сафидан ўз хоҳишига кўра чиқаришни сўраб ариза билан мурожаат қилганда;
касбий таълим ташкилотининг уставида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;
вафот этганлиги сабабли;
узрсиз сабабларга кўра вояга етган шахслар 74 соатдан ортиқ дарс қолдирганда.
57. Касбий таълим ташкилотларида дарс машғулотларида узрсиз сабабларга кўра 18 соатдан ортиқ дарс қолдирган (платформа орқали аниқланади) ўқувчилар тўғрисида уларнинг ота-оналарига, яшаш манзиллари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинига ҳамда бошқа манфаатдор идораларга хабар берилади.
58. Касбий таълим дастурларида таълим олаётган ўқувчилар қуйидаги сабабларга кўра ўқувчилар сафидан четлаштирилганда, касбий таълим ташкилоти томонидан унинг ўқиган муддати учун ҳақиқатда сарфланган харажатлар чегирилган ҳолда тегишли ўқув йили ёки семестри учун олдиндан амалга оширилган тўловнинг қолган қисми контрактнинг тегишли тарафининг ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади:
ўз хоҳишига биноан;
ўқишнинг бошқа касбий таълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
ўқувчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
вафот этганлиги сабабли.
Ўқувчи четлаштирилгунига қадар ўзлаштирган кредитлар миқдори касбий таълим ташкилоти томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади. Четлаштирилган ўқувчига белгиланган шаклдаги академик маълумотнома берилади.
59. Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларига академик таътил бериш тартиби Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.
Касбий таълим ташкилоти ташаббуси билан ўқувчиларни касаллик, таътил, академик таътил ёки туғуруқ таътиллари пайтида таълим ташкилоти ўқувчилари сафидан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди.
5-боб. Касбий таълимни бошқариш
60. Агентлик касбий таълим тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича масъул орган ҳисобланади.
Барча давлат техникумлари Агентлик тасарруфида фаолият юритади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида имконияти чекланган шахслар учун махсус техникумлар фаолият кўрсатади.
61. Агентлик тасарруфидаги техникумларга Агентлик директори, имконияти чекланган шахслар учун махсус техникумларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
Директор касбий таълим ташкилотининг фаолият натижалари учун шахсан жавоб беради.
Касбий таълим ташкилоти директори қонунчилик ҳужжатларига ва уставга мувофиқ таълим ташкилоти номидан иш юритади, шартномалар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, белгиланган тартибда касбий таълим ташкилотининг шахсий ҳисобварақларини очади, ўз ваколати доирасида барча ходимлар ва ўқувчилар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
Директор белгиланган тартибда ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, шунингдек, уларнинг хизмат вазифаларини белгилайди.
62. Барча давлат техникумларининг директор ва директор ўринбосарлари Вазирликнинг махсус электрон платформаси орқали очиқ танлов асосида танланади.
Имконияти чекланган шахслар учун махсус техникумлар директори ва директор ўринбосари лавозимлари учун ўтказиладиган танлов Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказилади, мазкур танловда Агентлик вакили ҳам иштирок этиши мумкин.
Танловга ҳужжат топширган директор ва директор ўринбосарлигига номзодлар белгиланган касбий стандартлар ва малака талабларига мос келмаганда ёки стратегик режасини тақдим этмаганда, танловда иштирок этмайди.
63. Танлов комиссияси директорлар бўйича Агентлик томонидан, директор ўринбосарлари бўйича ҳудудий бошқармалар томонидан ташкил этилади.
Ҳудудий бошқармаларда ташкил этилган танлов комиссияси таркибига Агентлик вакили киритилади.
Танлов комиссияси таркибига тегишли иқтисодиёт тармоқлари ва иш берувчилар вакиллари жалб этилади.
Махсус электрон платформа орқали танловга ҳужжат топширган номзодларнинг стратегик режасини танлов комиссияси кўриб чиқади ҳамда муҳокама қилади.
Танлов комиссияси томонидан стратегик режаси ижобий деб топилган ҳамда ислоҳотлар ва касбий таълим соҳаси бўйича берилган саволларга жавоблари бўйича энг муносиб номзод(лар) танланади.
64. Директор лавозимига муносиб деб топилган номзодлар билан Агентлик директори, директор ўринбосарлари билан ҳудудий бошқарма бошлиғи ўртасида белгиланган тартибда уч йиллик меҳнат шартномаси тузилади.
Уч йиллик меҳнат шартномаси якунида танлов комиссиялари томонидан директор ва директор ўринбосарларининг стратегик режасида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва ўтган даврдаги фаолияти натижадорлиги таҳлил қилинади ҳамда меҳнат шартномасини келгуси уч йилга узайтириш ёки узайтирмаслик бўйича хулоса қабул қилинади.
Танлов комиссиялари хулосаси асосида директор(лар)нинг Агентлик раҳбари, директор ўринбосар(лар)ининг ҳудудий бошқарма бошлиғи буйруғига мувофиқ меҳнат шартномаси навбатдаги муддатга узайтирилади ёки меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Бунда шартнома муддати тугаган директор ва директор ўринбосарлари меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
65. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.
66. Касбий таълим ташкилотида олий бошқарув органи ҳисобланган Педагогик кенгаш ташкил этилади.
Педагогик кенгаш таркиби касбий таълим ташкилоти директори, ўринбосарлари, педагог кадрлар, психолог, ахборот-кутубхона бўйича мутахассислардан иборат бўлади. Директор Педагогик кенгаш раиси ҳисобланади.
Педагогик кенгаш таркибига, заруратга кўра, иш берувчи ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин.
67. Педагогик кенгаш:
касбий таълим ташкилотини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини таъминлаш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш режаларини кўриб чиқади;
ўқувчиларни қабул қилиш, курсдан-курсга ўтказиш, курсда қолдириш ва ўқишдан четлаштириш масалаларини муҳокама қилади ҳамда тегишли қарорлар қабул қилади;
педагог кадрларнинг ижодий ташаббускорлигини ошириш, уларнинг педагогик тажрибасини оммалаштириш ҳамда малака ошириш ишларини ташкил этилишини муҳокама қилади;
тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ педагог кадрлар базавий тариф ставкасига белгиланган устама ҳақ тўловларини белгилаш масалаларини муҳокама қилади ҳамда тегишли қарор қабул қилади;
амалдаги тартибга кўра аттестацияга жалб қилинган педагог кадрларнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигини баҳолаш натижаларини ўрганади;
Давлат аттестация комиссияси ва қабул комиссияси ҳисоботини муҳокама қилади.
68. Педагогик кенгаш мажлислари, қоида тариқасида, икки ойда камида бир марта ўтказилади. Педагогик кенгаш қарори умумий, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
Педагогик кенгаш қарорлари директорнинг буйруғи билан кучга киради.
69. Касбий таълим ташкилотларида тармоқ вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини ўз ичига оладиган васийлик кенгашлари тузилиши мумкин.
Васийлик кенгаши таркиби ва унинг фаолият тартиби Агентлик томонидан тасдиқланади.
6-боб. Касбий таълим жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмуни
70. Ўқувчилар ўқитиш курслари бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналиши бўйича эса — бўлимларга ҳамда кафедраларга бирлаштирилади.
Касбий таълим ташкилоти ўқув машғулотлари маърузалар шаклида ўтказилганда, ўқувчилар гуруҳларини бирлаштириши мумкин.
71. Касбий таълим ташкилотларида, қоида тариқасида, гуруҳларни тўлдириш камида 26 нафар ва энг кўпи билан 30 нафар ўқувчи доирасида белгиланади.
Бунда:
бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида шакллантирилган гуруҳлардаги ўқувчилар сони 26 — 30 нафар;
ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус техникумларда ўқувчилар сони ҳар бир гуруҳга 15 — 20 нафар;
маданият ва санъат соҳасида кадрлар тайёрловчи техникумларда касб ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, 6 — 30 нафар этиб белгиланади.
Зарур ҳолларда буюртмачиларнинг таклифлари асосида касб ва мутахассисликлар бўйича битта гуруҳнинг ўқитиш харажатларининг қопланишидан келиб чиқиб, гуруҳдаги ўқувчилар сони 26 нафардан кам бўлиши мумкин.
72. Касбий таълим ташкилотларида гуруҳдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрлардан камайган тақдирда ёки ўқувчилар қабули натижасида шаклланмай қолган гуруҳлардаги ўқувчилар уларнинг хоҳишларига кўра бошқа гуруҳларга бирлаштирилади ва бунда давлат гранти ўринларига ўқишга қабул қилинган ўқувчининг бепул ўқишга бўлган ҳуқуқи сақлаб қолинади.
73. Ўқувчиларнинг ўқув юкламаси, амалиётлар ҳажми, семестрлар сони, бериладиган таътиллар ва ўқув жараёнини ташкил этишнинг бошқа масалалари таълим дастурларига мувофиқ белгиланади.
Айрим касблар ва мутахассисликлар бўйича танланган касбий таълим ташкилотларида давлат таълим стандарти, таълим дастурлари ёки таълим бериш методикалари тажриба-синовдан ўтказилиши ҳамда натижалар бўйича тегишли хулосалар қабул қилиниши мумкин.
74. Ўқув машғулотларини ўтказиш учун касбий таълим ташкилотларида гуруҳларда ўқувчилар сони 26 нафар (илғор касбий маҳорат техникумларида 20 нафар) ва ундан ортиқ бўлганда иккита кичик гуруҳга бўлган ҳолда қуйидаги тартибда ўқитишга рухсат этилади:
ўзбек тили (таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган гуруҳлар учун);
рус тили (таълим рус тилида олиб борилмайдиган гуруҳлар учун);
чет тили;
информатика ва ахборот технологиялари фанининг амалий машғулотлари;
жисмоний тарбия машғулотлари (ҳар бир гуруҳда йигитлар ёки қизлар сони камида 13 нафарни, илғор касбий маҳорат техникумларида камида 10 нафарни ташкил этган ҳолларда);
Қорақалпоғистон Республикасидаги таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган гуруҳларда қорақалпоқ тили ўқув режасидаги она тили ва адабиёти фанига ажратилган соатлар ҳисобидан, таълим рус тилида олиб бориладиган гуруҳларга ўзбек тили учун ажратилган соатлар ҳажмида ўзбек тилига қўшимча соат ажратилган ҳолда ўқитилади.
Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига ривожланган давлатлар илғор тажрибалари ва методикалари асосида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган ўқув дастурлари (Бизнес асослари фани (модул) ўқитилади. Бизнес асослари фани (модул) ишчи ўқув режасига мувофиқ, ўқувчилар кичик гуруҳларга бўлиб ўқитилади.
75. Агентлик томонидан тасдиқланган таълим дастури асосида касбий таълимнинг тиббиёт, таълим (мусиқа ходими), маданият ва санъат, спорт йўналишлари бўйича махсус мутахассислик фан (модул)ларининг амалий машғулотлари кичик гуруҳларга бўлиб ҳамда якка тартибда ўқитилади.
Таълим (мусиқа ходими), маданият ва санъат йўналишлари бўйича якка тартибдаги ўқув машғулотлари тайёрлов йўналишларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тасдиқланган таълим дастурларига мувофиқ амалга оширилади.
Айрим касбий фанларни ўзлаштириш мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда кичик гуруҳларга бўлиб ўқитиш касблар ва мутахассисликлар бўйича ишлаб чиқиладиган таълим дастурида белгиланади.
Ўқув режасидаги бошқа фан (модул)лар бўйича гуруҳларни кичик гуруҳларга бўлиб ҳамда якка тартибда ўқитиш кадрлар тайёрлаш бўйича буюртмачиларнинг қўшимча ажратилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилишига рухсат этилади.
76. Касбий таълим ташкилотида таълим дастурларини муваффақиятли битирган ўқувчига давлат намунасидаги диплом берилади.
Ушбу диплом олинган билим, кўникма ва малакаларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.
77. Якуний давлат аттестациясидан ўтмаган битирувчиларга 3 йил давомида, якуний давлат аттестацияси фаолият кўрсатаётган даврда қайта давлат аттестациясидан ўтишига рухсат этилади.
3 йил давомида якуний давлат аттестациясидан ўтмаган битирувчилар якуний курснинг бошидан белгиланган фан (модул)ларни қайта ўқийди.
78. Касбий таълим фаолиятини давлат таълим стандарти асосида ташкил қилган касбий таълим ташкилотлари ўқув курслари битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжат (диплом, сертификат) Агентлик томонидан берилади.
Бунда касбий таълим ташкилотлари учун тайёрланадиган таълим олганлик тўғрисидаги диплом бланкалари муқоваларини харид қилиш Агентлик томонидан ташкил этилган тендер савдолари асосида амалга оширилиши мумкин.
79. Касбий таълим ташкилотларида бериладиган давлат намунасидаги диплом, сертификат, гувоҳнома намуналари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
80. Касбий таълим ташкилотларида бериладиган академик маълумотнома намунаси Агентлик томонидан тасдиқланади.
81. Касбий таълим ташкилоти халқаро стандартларга жавоб берса ёки халқаро ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлса, уларнинг рухсати асосида битирувчиларга бериладиган давлат намунасидаги диплом ва сертификатларга қўшимча маълумотлар киритилиши мумкин.
82. Давлат намунасидаги ҳужжатларни тўлдириш, сақлаш, битирувчиларга бериш ва ҳисобини юритиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.
83. Касбий таълим ташкилотларида таълим жараёни касбий таълим ташкилоти томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув жараёни жадвали ҳамда дарс жадвалига мувофиқ ташкил этилади.
Касбий таълим ташкилотларида ўқув йили давомида ўқувчиларга бериладиган таътиллар ўқув жараёни графигига мувофиқ берилади.
Бунда қишки таътил — камида 1-2 ҳафта, ёзги таътил — 6 — 10 ҳафтани ташкил этади.
Агентлик томонидан ўқувчиларга қўшимча таътиллар берилиши мумкин.
84. Ўқув машғулотлари учун икки академик ўқув соати давомийлиги узлуксиз 80 дақиқани ташкил этади.
Бунда ишчи ўқув режага мувофиқ 40 дақиқадан иборат бир академик ўқув соати жорий этилиши мумкин.
Модулли таълим дастурларидаги ўқув машғулотлари 2 — 6 академик ўқув соатида ташкил этилишига рухсат этилади.
Касбий таълимда ўқув йили икки семестрдан иборат бўлиб, семестрнинг давомийлиги 18 — 20 ҳафтани ташкил этади.
Бунда умумий ҳафталик юкламалари 54 соат, шундан аудитория машғулотлари кўпи билан 42 соатни ташкил этиб, қолган соатлар мустақил таълимга ажратилади.
Амалиёт машғулотлари ҳафтасига 36 — 40 академик соатгача ҳажмда белгиланади. Ўқитишнинг кредит-модуль тизими жорий қилинган таълим дастурларида мазкур ҳажмлар Агентлик томонидан ўзгартирилиши мумкин.
Ўқувчиларга берилган таътиллар ва ўқув юкламаларининг ўз вақтида бажарилиши ҳамда ҳафталик ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда ўқув йили учун ўқув соатларини тиғизлаштириш Агентлик рухсати асосида амалга оширилади.
85. Касб ва мутахассисликларнинг хусусиятлари ҳамда уларни ўқитиш учун белгиланган соатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича ўқувчиларни бир ёки бир нечта квалификацияларга ўқитиш йўлга қўйилади.
86. Касбий таълим ташкилотларида умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда бошланғич касбий таълим дастурлари умумтаълим ва мутахассислик фан (модул)лари билан интеграциялашган дастурлар асосида амалга оширилади.
Бошланғич касбий таълимнинг умумтаълим фанлари ва мутахассислик фан (модул)лари интеграциялашган дастурларининг давомийлиги 2 йилдан иборат бўлади.
87. Умумтаълим фанлари, қоидага кўра, касбларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, касбга мос танлов фанлари орқали ўқитилади.
Бошланғич касбий таълим дастурларида киритиладиган умумтаълим фанлари рўйхати ва соатлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади.
88. Касбий таълим дастурларида ўқув юкламалари тақсимланиши Агентлик томонидан тасдиқланган таълим дастурларига мувофиқ белгиланади.
89. Касбий таълим ташкилотларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади ва тасдиқланган ўқув жараёни графигига мувофиқ якунланади:
а) Бошланғич касбий таълим даражасининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларида ўқув даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий ва амалий таълим — 80 — 85 фоиз;
якуний давлат аттестацияси — 2 — 4 фоиз;
таътиллар — 13 — 16 фоиз.
Ўқишнинг норматив муддати икки йил бўлгани ҳолда ўқув жараёни жами 94 ҳафта давом этади.
Кадрлар тайёрлаш кундузги ва дуал таълим шаклларида олиб борилади.
Бошланғич касбий таълимнинг умумтаълим ва мутахассислик фанларини муваффақиятли тамомлаган ва давлат намунасидаги диплом олган битирувчилар мазкур диплом асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари ёки олий таълим ташкилотларида таълимни давом эттириш учун ҳужжат топширишлари мумкин;
б) Бошланғич касбий таълим даражасининг камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслардан шакллантирилган гуруҳларида ўқув даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий ва амалий таълим — 75 — 95 фоиз;
якуний давлат аттестацияси — 1 — 5 фоиз;
таътиллар — 4 — 20 фоиз.
Ўқишнинг норматив муддати икки йилгача бўлгани ҳолда ўқув жараёни 22 — 94 ҳафта давом этиши зарур. Ушбу таълим дастурида умумтаълим фанлари ўқитилмайди.
Кадрлар тайёрлаш кундузги, дуал, масофавий ва кечки таълим шаклларида олиб борилади. Мазкур таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин бўлади;
в) Ўрта касбий таълим даражасида кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган ёки умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда ташкил этилади ҳамда ўқув даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий ва амалий таълим — 75 — 95 фоиз;
якуний давлат аттестацияси — 1 — 5 фоиз;
таътиллар — 4 — 20 фоиз.
Ўқишнинг норматив муддати икки йилгача бўлгани ҳолда ўқув жараёни 22 — 94 ҳафта давом этиши зарур.
Кадрлар тайёрлаш кундузги, дуал, масофавий ва кечки таълим шаклларида олиб борилади.
Мазкур таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин бўлади;
г) Ўрта махсус касбий таълим даражасида кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган ёки умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда камида 2 йил муддатда ташкил этилади ҳамда ўқув даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий ва амалий таълим — 80 — 85 фоиз;
якуний давлат аттестацияси — 1 — 3 фоиз;
таътиллар — 14 — 18 фоиз.
Ўқишнинг норматив муддати камида 2 йил бўлгани ҳолда ўқув жараёни камида 94 ҳафта давом этиши зарур.
Ўрта махсус касбий таълим дастурлари ва олий таълимнинг тегишли бакалавриат таълим йўналишларининг таълим дастурлари ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Миллий малака рамкаси 5-даражасига қўйилган талаблар ҳамда тегишли касбий стандартларда белгиланган билим ва кўникмалар инобатга олинган ҳолда узвийлик таъминланади.
Кадрлар тайёрлаш кундузги, дуал, масофавий ва кечки таълим шаклларида олиб борилади.
Ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчиларига ўзлаштирган модуллари, тўплаган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган балларнинг ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат этилади.
Кредит-модуль тизими жорий этилмаган ўрта махсус касбий таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим ташкилотларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган ўрта махсус касбий таълим дастурлари битирувчилари Олий таълим фан ва инновациялар вазирлигининг ахборот тизими орқали электрон ариза топширади;
д) Агентлик томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, айрим мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш олий таълимнинг бакалавриат йўналишлари билан интеграция қилинмаган ҳолда, бевосита меҳнат бозори учун ўрта махсус касбий таълим даражасида амалга оширилади.
Бунда кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган ёки умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда камида 2 йил муддатда ташкил этилади ҳамда ўқув даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий ва амалий таълим — 75 — 95 фоиз;
якуний давлат аттестацияси — 1 — 5 фоиз;
таътиллар — 4 — 20 фоиз.
Ўқишнинг норматив муддати камида 2 йил бўлгани ҳолда ўқув жараёни камида 94 ҳафта давом этиши зарур.
Кадрлар тайёрлаш кундузги, дуал, масофавий ва кечки таълим шаклларида олиб борилади.
Мазкур таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар мос соҳаси бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин бўлади.
90. Дуал таълим шаклида йил давомида ўқишга қабул қилинган гуруҳлар учун ўқиш гуруҳлар шакллантирилган даврдан сўнг тасдиқланган ўқув жараёни графигига мувофиқ бошланади ва якунланади.
91. Кечки таълим шаклида ўқув жараёни кундузги таълим учун тасдиқланган касб ва мутахассисликларнинг таълим дастурлари асосида касбий таълим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган таълим дастурларига мувофиқ ташкил этилади.
Кечки таълим шаклининг ўқитиш давомийлиги кундузги таълим шаклидаги муддатлардан фарқланиши мумкин.
92. Касб ёки мутахассислик доирасида қўшимча квалификацияларни ўзлаштириш истагидаги шахсларни ўқитиш муддатлари олдинги таълим олган таълим дастурларининг тегишли фан (модул)лари ёки кредитларини ўзлаштирганидан келиб чиқиб, мазкур квалификацияларни ўзлаштириш учун ажратилган соатлар асосида белгиланади.
93. Вазирликлар, идоралар ва иш берувчиларнинг буюртмалари ёки ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари асосида ўқув режаларига қўшимча фанлар киритилиши мумкин.
Қўшимча фанларни ўқитиш харажатлари буюртмачиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7-боб. Илғор касбий маҳорат техникумлари фаолиятини ташкил этиш
94. Халқаро стандартлар ва замонавий технологиялар асосида ички ҳамда ташқи меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, шунингдек, буюртмачи техникум ўқувчилари учун етакчи амалиёт базасини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш таълим усталари малакасини ошириш мақсадида Илғор касбий маҳорат техникумлари (кейинги ўринларда — илғор техникумлар) фаолияти йўлга қўйилади.
95. Илғор техникумларда мос касб ва мутахассисликлар бўйича буюртмачи техникум ўқувчиларининг амалиётлари ташкил этилади.
96. Ҳудудий бошқармалар томонидан тасдиқлаган режа-график асосида буюртмачи техникум ўқувчилари учун илғор техникумларда амалий машғулотлар олиб борилади.
97. Илғор техникумда буюртмачи техникумлар ўқувчилари учун амалий машғулотлар муддатлари уларнинг давомийлиги касб ва мутахассисликлар хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади.
Бунда буюртмачи техникумлар ўқувчиларининг амалиёти мазкур техникумлар ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан амалга оширилади.
98. Илғор техникум ихтисослашуви бўйича буюртмачи техникум ўқувчилари амалиётларини ташкил қилиш режа-графиги ҳудудий бошқармалар томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда ҳар йили ўқув йили бошлангунига қадар тасдиқланади.
99. Буюртмачи техникумлар билан касбий таълим дастурлари ҳамкорликнинг тармоқ шакли орқали амалга оширилади. Бунда буюртмачи техникум ва илғор техникум ўртасида амалиёт бошлангунга қадар шартнома тузилади.
Буюртмачи техникум амалиёт дастурининг илғор техникумда ўтайдиган тегишли қисмини белгилайди.
100. Илғор техникумда буюртмачи техникум ўқувчилари амалиётини ташкил қилиш бўйича шартнома намунаси Агентлик томонидан тасдиқланади.
101. Илғор техникум:
буюртмачи техникум ўқувчилари учун таълим ва тарбия жараёнларини ташкил этишда хавфсиз шароитлар яратишни;
буюртмачи техникум ўқувчиларини овқатланиш меъёрлари санитария қоидалари бўйича овқатлантириш ва ётоқхона (зарурат бўлганда) билан таъминлайди.
102. Амалиёт якуни бўйича буюртмачи техникум ва илғор техникум бажарилган ишлар далолатномасини имзолайди. Далолатнома икки нусхада тузилиб, буюртмачи техникум ва илғор техникумда сақланади.
103. Амалий машғулотларни илғор техникумларда ўтайдиган буюртмачи техникум ўқувчилари бепул ётоқхона, озиқ-овқат ва транспорт билан таъминланади.
Бунда ўқувчиларни бир кунлик озиқ-овқат билан таъминлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида маблағ ажратилади, транспорт хизмати аутсорсинг асосида кўрсатилади.
104. Илғор техникумларга буюртмачи техникумлар ўқувчилари амалиётлари учун зарур хомашё материаллари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади.
105. Буюртмачи техникумлар ўқувчиларининг илғор техникумларда амалиёт ўташ тартиби Агентлик томонидан тасдиқланади.
106. Илғор техникумларда мавжуд йўналишлар бўйича ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш курслари ташкил этилади. Бунда малака ошириш курслари Агентлик ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш институти томонидан мувофиқлаштирилади.
107. Илғор техникумларда ҳар бир гуруҳда ўқувчилар сони 20 нафар этиб белгиланади.
108. Илғор техникумларда халқаро таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш давлат гранти асосида амалга оширилади.
109. Илғор техникумлар фаолиятини молиялаштириш ҳамда ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари учун белгиланган шартларда амалга оширилади.
Бунда илғор техникумлар раҳбар ва ходимлари Агентлик томонидан белгиланган тартиб асосида рағбатлантирилади.
110. Илғор техникумларнинг моддий-техник базаси иқтисодиёт тармоқларидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, ҳар уч йилда бир марта янгилаб борилади.
Бунда илғор техникумларнинг фойдаланишдан чиқарилган моддий-техник ресурслари кейинчалик таълим жараёнида фойдаланиш учун турдош йўналишда кадрлар тайёрлайдиган Агентлик тасарруфидаги техникумларга бепул берилади.
8-боб. Ўқувчилар билими, кўникма ва малакаларини баҳолаш, таълим сифати назорати
111. Касбий таълим ташкилотларида таълим сифатини ташқи баҳолаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш;
таълим ташкилотлари фаолиятини хавфларни таҳлил қилиш асосида ўрганиш;
касбий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш;
умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказиш;
умуммиллий ўқувчилар ва битирувчилар сўровномаларини ўтказиш.
112. Таълим сифатини ички баҳолаш доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
давлат таълим стандарти ва таълим дастурлари талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш;
таълим жараёнининг белгиланган талаблар асосида ташкил этилганлигини ўрганиш;
таълим ташкилотининг малакали педагог кадрлар билан таъминланганлик даражасини баҳолаш;
моддий-техник база ва ўқув-амалий инфратузилма ҳолатини ўрганиш;
ўқувчиларнинг таълим ва тарбия олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигини баҳолаш;
битирувчиларнинг бандлиги ва иш берувчилар қаноатланиши даражасини мониторинг қилиш;
таълим сифатини таъминлашга оид жараёнларни мувофиқлаштириш;
касбий таълим ташкилотида ички (ўзини ўзи) баҳолаш жараёнининг даврий равишда ўтказилишини таъминлаш;
касбий таълим ташкилотини ташқи баҳолаш жараёнларига тайёрлаш.
113. Таълим стандарти талабларининг бузилгани учун жавобгарлик касбий таълим ташкилоти раҳбарияти зиммасига юкланади.
114. Касбий таълим дастурлари доирасида касбий таълим ташкилоти ўқувчиларининг билими, кўникма ва малакаларини баҳолаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
115. Касбий таълим сифатини назорат қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
ички назорат — белгиланган тартибда тасдиқланадиган низом асосида ҳудудий бошқарма ёки касбий таълим ташкилоти томонидан ўтказилади. Бунда касбий таълим ташкилотларида Таълим сифати назорати бўлими бош мутахассиси лавозимини ташкил этиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан штат бирликлари ажратилади;
ташқи назорат — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида;
давлат-жамоат назорати — Агентлик ва у билан келишган ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кадрларга талабгорлар томонидан;
якуний давлат аттестацияси — касбий таълим ташкилотларида ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссиялари томонидан.
Касбий таълим ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
116. Битирувчиларни якуний баҳолаш соҳа экспертлари, касбий малакаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари, баҳолаш ташкилотлари, иш берувчилар, уюшмалар ва тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари вакиллари иштирокида кўргазмали-амалий имтиҳонлар шаклида амалга оширилади.
117. Халқаро ва қўшма таълим дастурлари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси касбий таълим ташкилоти ва хорижий ташкилот келишувига мувофиқ белгиланган давлатда ташкил қилинади. Бунда иккинчи томон вакиллари офлайн ёки онлайн шаклда иштирок этишлари мумкин.
9-боб. Касбий таълим ташкилотлари педагог кадрлари
118. Касбий таълим ташкилотларида Вазирлик томонидан тасдиқланадиган касбий стандартлар асосида тегишли маълумотга ва белгиланган талабларга жавоб берадиган педагог кадрлар ишлаш ҳуқуқига эга. Педагогик фаолият билан шуғулланиш амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган шахслар бундан мустасно.
119. Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрлар касбий таълим ташкилотлари томонидан ишга қабул қилинади.
Касбий таълим ташкилотларида педагог кадрларни ишга қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
120. Касбий таълим ташкилоти педагог кадрларининг ўқув юкламалари тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади.
Педагог кадрларнинг (ўқув фанлари ва соатлар бўйича) бошқа педагог кадрлар ўрнида ишлаш тартиби тегишли норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.
121. Касбий таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
122. Касбий таълим ташкилоти директори педагог кадрларнинг педагогик, касбий ва психологик маҳоратини ҳамда малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун жавоб беради.
123. Касбий таълим ташкилоти педагог кадрларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш белгиланган муддатларда ва тартибда амалга оширилади.
Касбий таълим ташкилоти раҳбар ва педагог кадрларининг малака оширишга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида уларнинг мустақил иш натижалари, ўз устида ишлаши, турли танловларда иштирок этиши ва бошқа касбий фаолиятида эришган ютуқларига оид маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиш учун электрон портфолио тизимидан фойдаланилади.
124. Зарурат бўлганда касбий таълим ташкилоти ишлаб чиқариш таълими усталарини, шунингдек, тегишли билим ҳамда амалий кўникмаларга эга бўлган, олий маълумоти бўлмаган бошқа мутахассисларни амалий ва қўшимча машғулотлар ўтказиш учун жалб этиши мумкин.
Олий маълумотга эга бўлмаган шахслар томонидан ўтиладиган амалий ва қўшимча машғулотлар рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланади.
Ишлаб чиқариш таълими усталари педагогик қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан касбий таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.
125. Маданият, мусиқа ва санъат йўналишларидаги касбий таълим ташкилотларида тайёрланадиган касб ва мутахассисликлар таълим дастурларига мувофиқ концертмейстер (жўрнавоз, иллюстратор) иштироки талаб этиладиган фанлар соатлар фонди доирасида концертмейстер (жўрнавоз, иллюстратор) лавозимлари жорий этилади ва уларнинг йиллик ўқув юкламаси 960 соат этиб белгиланади.
126. Касбий таълим ташкилотлари педагог кадрларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.
127. Касбий таълим ташкилотлари раҳбарияти педагог кадрларнинг касбий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш соҳасидаги таклифлар ва ўқув-методик материалларини, шунингдек, илмий изланишлар олиб боришини ўз ваколатлари доирасида қўллаб-қувватлайди.
Педагог кадрларнинг таклифларини ва ўқув-методик материалларини касбий таълим тизимида оммалаштириш таълим ташкилоти раҳбарияти томонидан амалга оширилади.
10-боб. Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари
128. Ўқувчилар касбий таълим ташкилотига ўқишга директорнинг буйруғи билан қабул қилинади.
129. Ўқувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат таълим стандартига мувофиқ касбий таълим олиш, қўшимча (шу жумладан, тўлов асосида) таълим хизматларини олиш;
касбий таълим ташкилоти фаолиятига доир масалаларни муҳокама ва ҳал этишда бевосита ёки билвосита (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали) иштирок этиш;
белгиланган тартибда касбий таълим ташкилоти маъмуриятининг буйруқлари устидан шикоят қилиш;
касбий компетенциялар ва умумтаълим фанларини ўзлаштиришни ривожлантиришга қаратилган турли кўрик-танловларда белгиланган тартибда иштирок этиш;
ахборот — кутубхоналар, касбий таълим ташкилотининг ўқув, ижтимоий, даволаш ва бошқа бўлинмалари хизматларидан таълим ташкилоти уставида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш.
Ўқувчилар касбий таълим дастурида, касбий таълим ташкилотининг уставида, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
130. Касбий таълим ташкилотида ўқувчиларнинг вазифалари ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ касбий таълим ташкилотининг уставида белгиланади.
131. Таълим дастурларини ўзлаштиришдаги ютуқлари, тажриба-конструкторлик, дизайн ва бошқа ишларни ривожлантиришда муваффақиятга эришгани учун ўқувчиларни рағбатлантиришнинг турли шакллари қўлланиши мумкин.
11-боб. Касбий таълим ташкилотларининг молиявий таъминоти
132. Касбий таълимни молиялаштириш манбалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
133. Етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг (ўқувчилар) моддий таъминоти амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ давлат таъминотида бўлади.
134. Касбий таълим ташкилотларига ўқув амалиёти жараёнида ва дарсдан бўш вақтда ўқувчилар иштирокида ишлаб чиқарилган яримтайёр ва тайёр маҳсулотларни (товар, иш ва хизматларни) савдо шохобчаларини ташкил қилган ҳолда намойиш қилиш ва сотишга рухсат берилади.
Бунда давлат техникумлари, истисно тариқасида, буюртмачилар билан тўғридан-тўғри шартнома тузади.
135. Касбий таълим ташкилоти ишлаб топилган маблағларни педагог кадрлар ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ташкилотнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтиради.
136. Касбий таълим ташкилотига педагог кадрлар учун таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан (тўлов-контракт маблағлари бундан мустасно) лавозим маошининг 200 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устама белгилаш ва тўлашга рухсат берилади.
Педагог кадрларнинг лавозим маошига ҳар ойлик устамалар белгилаш тартиби Агентлик томонидан тасдиқланади.
137. Вазирлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда давлат касбий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилайди.
Нодавлат касбий таълим ташкилотларида ўқитишнинг тўлов-контракт қиймати миқдорлари нодавлат касбий таълим ташкилоти томонидан муассислар билан келишган ҳолда белгиланади.
138. Касбий таълим ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, самарали фаолиятини рағбатлантириш миқдори ва иш ҳақига бошқа қўшимча тўловлар қонунчилик ҳужжатларига ва касбий таълим ташкилотининг уставига мувофиқ белгиланади.
139. Касбий таълим ташкилотининг мол-мулки унинг тезкор бошқарувида бўлади ва улардан фақат ушбу Низом ҳамда касбий таълим ташкилоти уставида қайд этилган вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.
140. Касбий таълим ташкилоти Агентлик томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган жиҳозлашнинг намунавий меъёрлари асосида жиҳозланади.
141. Нодавлат касбий таълим ташкилоти давлат таълим ташкилоти учун амалдаги намунавий меъёрлардан паст бўлмаган даражада моддий-техник жиҳатдан таъминланади.
142. Давлат касбий таълим ташкилотининг ер майдонлари, бино ва иншоотлари ҳамда бошқа кўчмас мулк объектларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатисиз бошқа ташкилотларга ўтказиш тақиқланади.
Касбий таълим ташкилотининг мол-мулкидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши учун касбий таълим ташкилоти директори тўлиқ жавоб беради.
143. Касбий таълим ташкилоти молия ва статистика ҳисоботини юритади ҳамда уни белгиланган муддатларда тегишли органларга тақдим этади.
144. Касбий таълим ташкилотининг молия-хўжалик фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан назорат қилинади.
145. Касбий таълим дастурлари асосида кадрларни мақсадли тайёрлашни молиялаштиришда, касбий таълим ташкилотининг моддий-техник ва ресурс базасини мустаҳкамлашда ташкилотлар ва бошқа иш берувчилар ихтиёрий (ёки тузилган шартномалар асосида) қатнашиши мумкин.
146. Касбий таълим ташкилоти белгиланган тартибда мулкни ижарага олувчи ва ижарага берувчи сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга.
Касбий таълим ташкилоти бўш турган мулкини Агентлик рухсати асосида ижарага бериши мумкин.
147. Касбий таълим ташкилоти томонидан қўшимча маблағлар жалб қилиниши Давлат бюджети томонидан уни молиялаштириш миқдорини камайтиришга олиб келмайди.
148. Касбий таълим ташкилотининг тадбиркорлик ва бошқа фаолиятдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига мувофиқ ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сарфланади.
12-боб. Халқаро ҳамкорлик
149. Касбий таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ таълим, илмий ва бошқа фаолият соҳаларида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Касбий таълим ташкилотининг халқаро ҳамкорлиги хорижий жисмоний ва (ёки) юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ҳам амалга оширилади.
150. Хорижий фуқаролар белгиланган тартибда касбий таълим ташкилотида таълим олишлари мумкин. Хорижий фуқароларни ўқитиш муддати ва давомийлиги касбий таълим ташкилоти томонидан ҳудудий бошқармалар орқали Агентлик билан келишилган ҳолда белгиланади.
«IT-виза»га эга бўлган хорижий фуқаролар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида таълим олиш ва ўқишга кириш ҳуқуқига эга.
Хорижий фуқаролар билан касбий таълим ташкилоти ўртасида Агентлик томонидан тасдиқланган намуна асосидаги шартнома имзоланади ва рўйхатга олинади. Хорижий фуқаро билан шартнома имзолангандан сўнг ўн кун муддат ичида Агентликка ахборот киритилади.
151. Касбий таълим ташкилотида етакчи хорижий таълим ташкилоти иштирокида белгиланган тартибда қўшма ва халқаро таълим дастурлари амалга оширилиши ҳамда ҳамкорликда қўшма бўлимлар (факультетлар) ташкил этилиши мумкин.
152. Халқаро ва қўшма таълим дастури асосида касбий таълим ташкилотларида таълим жараёнини ташкил этиш — касбий таълим ташкилоти ва хорижий таълим ташкилоти томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган таълим дастурлари асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, ўқув жараёнига халқаро стандартлар ва илғор таълим технологияларини жорий этиш ҳамда битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси давлат намунасидаги диплом ва тегишли хорижий давлатда тан олинадиган квалификацияни тасдиқловчи ҳужжат (диплом, сертификат) беришни назарда тутувчи таълим фаолияти ҳисобланади.
Агентлик томонидан экспертизадан ўтказилган ҳамда тасдиқланган халқаро ва қўшма таълим дастурлари жорий этилган касбий таълим ташкилотлари «халқаро таълим дастурлари жорий этилган касбий таълим ташкилоти» ҳисобланади.
153. Халқаро таълим дастурларини муваффақиятли якунлаган ўқувчиларга халқаро таълим дастурлари бўйича диплом (сертификат) ҳамда давлат намунасидаги диплом (сертификат) берилади.
154. Касбий таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
155. Касбий таълим ташкилоти ходимлари белгиланган тартибда халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларга малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига жалб этилади.
156. Касбий таълим ташкилоти хорижий давлатларнинг фуқароларига таълим хизматларини кўрсатишни ташкил этиш ва ривожлантириш учун белгиланган тартибда мазкур давлатлар фуқаролари ўртасида касбга йўналтириш тадбирларини ташкил этади.
157. Касбий таълим ташкилотига хорижий «тил эгалари» бўлган мутахассисларни жалб қилиш мақсадида уларни излаш ва танлаш бўйича хизматлар (рекрутинг хизматлари) кўрсатувчи маҳаллий ва хорижий компаниялар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.
158. Давлат касбий таълим ташкилотининг ўқув жараёнига хорижий «тил эгалари» бўлган чет эллик мутахассислар меҳнат бозорида шаклланган иш ҳақи миқдорларидан келиб чиқиб, томонларнинг ўзаро келишувига асосан белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари асосида жалб этилади.
Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори хорижий мутахассисларнинг малакаси ва тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, шу билан бирга, мукофотнинг чегараланган суммаси ойига 5000 (беш минг) АҚШ доллари (ёки эквивалент)дан ошмаслиги лозим.
159. Хорижий «тил эгалари» бўлган чет эллик мутахассислар билан тузилган шартномада хорижий мутахассисларни ва уларнинг оила аъзоларини (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) турар жой билан таъминлаш (камида бир йиллик меҳнат шартномаси тузилганда), икки томонга авиачипталарни сотиб олиш, тиббий хизмат кўрсатиш (тиббий суғурта) харажатларини касбий таълим ташкилоти томонидан қоплаш тўғрисида (қисқа муддатли хорижий мутахассислар бундан мустасно) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шартлар назарда тутилади.
Бунда ушбу бандда келтирилган ва хорижий «тил эгалари» бўлган чет эллик мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатлар Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
13-боб. Якунловчи қоидалар
160. Касбий таълим ташкилотида ўқув юкламаларининг ҳажми ва тақсимоти бўйича бошқа меъёрлар давлат таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастурлари ва малака талабларида белгиланади.
161. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча касбий таълим ташкилотлари ҳар чорак якуни бўйича ўқувчилар ҳаракати ва фаолият кўрсатаётган раҳбар ҳамда педагог кадрлар тўғрисида статистик маълумотларни ҳудудий бошқармаларга, ҳудудий бошқармалар Агентликка тақдим этади.
162. Касбий таълим ташкилотларини қайта ташкил этиш ёки тугатишда мазкур касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларини Агентлик томонидан бошқа касбий таълим ташкилотларига ўтказиш ва уларга амалдаги таълим дастурлари асосида ўқишни тамомлашга шароит яратиш чоралари кўрилади.
163. Мазкур Низом билан белгиланмаган касбий таълим соҳасидаги муносабатлар Агентлик томонидан тартибга солинади.
164. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарорига
2-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом касбий таълим ташкилотларига қабул параметрларини шакллантириш ва абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
абитуриент — касбий таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган жисмоний шахс;
абитуриент рухсатномаси — паспорт ёки ID карта (у бўлмаганда шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) иштирок этишига рухсат берадиган ҳужжат;
бино раҳбари — белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарлик қилувчи, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;
гуруҳ назоратчиси — кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарликни амалга ошириш, кириш имтиҳонлари ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга кириш имтиҳонлари тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган шахс;
жавоблар варақаси — тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танланган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат;
имтиҳон комиссияси — касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон ўтказадиган ва жавобларни холис текширадиган ҳамда баҳолайдиган ваколатли орган;
тест топшириқлари китоби — белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;
эксперт гуруҳи — касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон саволларини тузиш мақсадида ташкил этиладиган гуруҳ;
қабул комиссияси — ҳар ўқув йили қабули учун ташкил этиладиган, касбий таълим ташкилотига ўқишга қабул қилишни ва қабул билан боғлиқ жараёнларни ташкил этадиган ваколатли тузилма;
ҳужжатлар йиғмажилди — абитуриент касбий таълим ташкилотига ўқишга тавсия этилгандан сўнг қабул комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами.
3. Ушбу Низом нодавлат ва хорижий касбий таълим ташкилотлари ҳамда давлат касбий таълим ташкилотларидаги қўшма ва халқаро таълим дастурларига ўқувчиларни қабул қилишга татбиқ этилмайди.
4. Касбий таълим ташкилотига ўқишга қабул қилишнинг қабул параметрлари (давлат гранти) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тасдиқланади.
5. Касбий таълим ташкилотларига ўқувчиларни қабул қилиш белгиланган қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.
Қабул жараёнлари Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.
6. Касбий таълим ташкилотларига қабул параметрлари бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кундузги ва дуал, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кундузги, кечки, дуал ва масофавий таълим шаклларида белгиланади.
Абитуриентлар кундузги ва дуал таълим шакллари бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида, кечки таълим шакллари бўйича тўлиқ тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар бошланғич касбий таълим дастурларига давлат гранти асосида қабул қилинади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар ҳамда касбий таълим ташкилотларининг инклюзив таълим гуруҳларига қабул давлат гранти асосида амалга оширилади.
Кундузги, кечки таълим шакли бўйича қабул параметрларидан ортиқ ҳужжатлар тушган тақдирда, Агентлик томонидан айрим касбий таълим ташкилотларида кириш имтиҳонлари шаклларини белгилаш ёки Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда тегишли касбий таълим ташкилотлари қабул параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш асосида абитуриентларни касбий таълим ташкилотларига тўғридан-тўғри қабул қилишга рухсат берилиши мумкин.
Кириш имтиҳонлари натижаларига кўра қабул параметрлари доирасида абитуриентларни қабул қилиш тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.
Бунда энг юқори балл тўплаган абитуриентлар белгиланган давлат грантлари бўйича биринчи навбатда, қолган абитуриентлар тўлов-контракт асосида белгиланган қабул параметрлари доирасида қабул қилинади.
7. Агентлик имтиҳон якунларидан келиб чиқиб, касбий таълим ташкилотларига ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича абитуриентларни тўлов-контракт асосида қўшимча қабул қилиш параметрларини белгилаши мумкин.
Касбий таълим ташкилотларига қўшимча қабул параметрларини белгилашда касбий таълим ташкилотидаги ўқувчилар ўрни инобатга олинади.
8. Касбий таълим ташкилотларига дуал таълим шаклида абитуриентларни қабул қилиш иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида тўғридан-тўғри амалга оширилади.
Бунда абитуриентлар дуал таълим шаклида тўлов-контракт асосида касбий таълим ташкилотларига йил давомида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
9. Маданият, мусиқа ва санъат йўналишларидаги касбий таълим ташкилотларида тайёрланадиган касб ва мутахассисликлар бўйича ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш мақсадида ўтказиладиган ижодий имтиҳон талаблари ва баҳолаш мезонлари Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади.
10. Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумларга абитуриентларни қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади.
2-боб. Касбий таълим ташкилотларига қабул параметрларини шакллантириш ва касбга йўналтириш ишларини ташкиллаштириш
11. Касбий таълим ташкилотларига қабул параметрлари ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ шакллантирилади.
12. Касбий таълим ташкилотларининг ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёж Агентликнинг «Касбий таълим» платформаси орқали шакллантирилади.
13. Касбий таълим ташкилотларининг ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёж қуйидаги асослардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади:
Ўзбекистон Республикасининг демографик таҳлили ва демографик ривожланиш прогнозларидан;
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари асосида маҳаллий меҳнат бозорининг уч йиллик талабидан;
иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган талабидан;
тармоқларда ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжнинг соҳалар, касб ва мутахассисликлар кесимидаги талабидан;
тадбиркорлик субъектларининг ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжнинг соҳалар, касб ва мутахассисликлар кесимида талабидан;
умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-синф ва 11-синф битирувчилари сонидан;
умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчиларининг касб ўрганишга бўлган қизиқишларидан;
меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлардан;
хорижий иш берувчилар ва рекрутинг компанияларининг ишчи кучига бўлган эҳтиёжидан.
Ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни шакллантиришда ногиронлиги бўлган шахслар учун мос касблар ва уларнинг бандлик имкониятлари алоҳида инобатга олинади.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раислигида ташкил этилган Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари (кейинги ўринларда — Кенгашлар) ҳар йили 1 февралга қадар ҳудуднинг ривожлантириш дастурлари бўйича ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёж асосида касбий таълим ташкилотлари кесимида қабул параметрларини шакллантиради.
Бунда таълим шакллари белгиланади, касб ва мутахассисликларга тайёрлашда шарт-шароитлар ўрганилади ҳамда касбий таълим даражалари бўйича Агентлик томонидан тасдиқланган мезонлар асосида таҳлил қилинади.
Таҳлил натижасига кўра ҳудудлар, туманлар ва таълим ташкилотлари ҳамда касб ва мутахассисликлар кесимида қабул параметрлари шакллантирилади.
15. Кенгашлар қабул параметрларини касб ва мутахассисликлар бўйича шакллантириб, ҳар йили 10 февралга қадар Агентликка тақдим этади.
Агентлик ҳудудий ҳокимликларнинг таклифларини кўриб чиқади ва зарур ҳолларда Касбий малакаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.
16. Агентлик ҳудудий ҳокимликларнинг таклифлари асосида қабул параметрларини шакллантириб, ҳар йили 15 февралга қадар ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари (давлат гранти)ни келишиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.
17. Агентлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари (давлат гранти)ни ҳар йили 1 мартга қадар тасдиқлайди.
18. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари «Касбий таълим» платформасига зарур маълумотларни тўлиқ ва ўз вақтида киритиш бўйича шахсан жавобгар этиб белгиланади.
19. Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) ҳар йили 1 октябрга қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда умумий ўрта таълим ташкилотларида касбга йўналтириш ишларини ташкил этиш мақсадида сўровнома ўтказади.
Тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, иш берувчилар, бошқа манфаатдор ташкилотлар кўмагида касбий таълим ташкилотларидаги касб ва мутахассисликларнинг хусусиятлари, ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши ва битирувчиларни кейинчалик ишга жойлашиш имкониятлари бўйича касбга йўналтириш ишларини олиб боради.
20. Касбий таълим ташкилотларида 5 май куни «Касб ва меҳнат куни» сифатида ҳар йили кенг нишонланади ҳамда унинг доирасида жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида касблар жозибадорлигини ошириш ва касбий таълимни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар тизимли равишда ўтказилади.
Мазкур тадбирларга бевосита умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9 — 11-синф ўқувчилари ҳамда ишсиз фуқаролар жалб қилинади.
3-боб. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш
21. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 2-иловадаги схема асосида амалга оширилади.
22. Касбий таълим ташкилотларида ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш мақсадида ҳар йили 15 майга қадар қабул комиссиялари ташкил этилади.
Касбий таълим ташкилоти директори қабул комиссияси раиси ҳисобланади.
Қабул комиссиясининг масъул котиби ва аъзолари ҳудудий бошқармалар томонидан тасдиқланади.
Қабул комиссиялари аъзоларининг вазифалари қабул комиссияси раиси томонидан белгиланади.
23. Касбий таълим ташкилотларига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш қуйидаги вақтларда амалга оширилади:
абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади;
ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича абитуриентларни қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади;
Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган баллидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг касбий таълим ташкилотларининг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади;
касбий таълим ташкилотларининг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича абитуриентлар касб ва мутахассисликни олий таълим ташкилотларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди;
бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни ҳар йили 1 июлдан 30 июлга (шу куни ҳам) қадар;
ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларига ҳамда ушбу касбий таълим дастурлари бўйича касбий таълим ташкилотларининг тўлмай қолган бўш вакант ўринларига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳар йили 5 августдан 25 августга қадар (шу куни ҳам) амалга оширилади.
24. Камида умумий ўрта маълумотли шахслар учун тўлов-контракт асосида бошланғич ва ўрта касбий таълим дастурларига абитуриентларни йил давомида ўқишга қабул қилиш мумкин.
Бунда иш берувчиларнинг эҳтиёжлари, касбга ўқиш истагини билдирган шахслар таклифлари асосида касбий таълим ташкилотлари томонидан қўшимча қабул параметрлари шакллантирилади ва Агентликка тақдим этилади.
Агентлик қўшимча қабул параметрларини кўриб чиқади ва ўқишга қабул қилишга рухсат бериш ёки бермаслик бўйича 10 кун муддатда касбий таълим ташкилотига муносабат билдиради.
Йил давомида ўқишга қабул қилишга рухсат берилган ҳолларда касбий таълим ташкилоти 20 кун муддатда ўқувчилар қабулини ташкил этади ва буюртмачилар билан келишган ҳолда таълим жараёнларини бошлайди.
25. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун абитуриентлар ушбу Низомда белгиланган муддатларда Агентликнинг махсус электрон платформаси орқали онлайн тарзда қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:
паспорт (ID-карта) ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома тўғрисида маълумотлар;
бошланғич касбий таълим дастурлари учун умумий ўрта таълимни (9-синф негизида), ўрта ва ўрта махсус касбий таълим (11-синф негизида) ёки бошланғич касбий таълимни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат тўғрисида маълумот;
бошланғич касбий таълим дастури бўйича умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари учун 3,5 x 4,5 ўлчамли рангли фотосурат.
Абитуриент тўғрисидаги қолган барча маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформалари орқали онлайн шакллантирилади.
26. Абитуриентлар электрон платформада касбий таълим ташкилоти, таълим шакли, касб ва мутахассислик, ўқитиш тилини мустақил ўзлари танлайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг касб ва мутахассисликни мустақил танлаш ҳуқуқи чекланмаслиги кафолатланади.
27. Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугаганидан сўнг уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.
28. Абитуриентлар ўқишга тавсия этилганда, электрон платформага киритган ҳужжатларининг аслини касбий таълим ташкилотига беш иш кунида тақдим этади.
29. Абитуриентлар таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхасини касбий таълим ташкилотига топширади.
30. Абитуриентларнинг ҳужжатлари қалбакилиги ёки сохталиги аниқланса, касбий таълим ташкилоти томонидан қабулдан четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
31. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризанинг намунавий шакли Агентлик томонидан тасдиқланади.
32. Касбий таълим ташкилотларига бошланғич касбий таълим дастури бўйича, биринчи навбатда, «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари (умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синф битирувчилари), шунингдек, тақдим этилган рўйхатдан ташқари қабул параметрлари доирасидаги ўринларга бошланғич касбий таълим дастури доирасида ўқиш истагида бўлган умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-синф битирувчилари қабул қилинади.
Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар ҳамда касбий таълим ташкилотларининг инклюзив таълим гуруҳларига абитуриентлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими билан интеграция орқали қабул қилинади.
Бунда «енгил даражада ақлий заиф» ташхиси қўйилган ўқувчилар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларининг инклюзив синфларининг 9-синф битирувчилари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги психологик-тиббий-педагогик комиссия йўлланмаси асосида қабул қилинади.
Шунингдек, камида умумий ўрта маълумотга эга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳужжатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан шакллантирилган ногиронлиги бўлган шахслар базасидаги рақамли тасдиқланган маълумотлар асосида қабул қилинади.
33. Касбий таълим ташкилотларига бошланғич касбий таълим дастури бўйича жорий йилда умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини битирган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
34. Касбий таълим ташкилоти жорий йилда олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун тест синовларида иштирок этиб, мажбурий учта фандан балл тўплаган абитуриентларга касбий таълим ташкилотларидаги касб ва мутахассисликлар бўйича танловда тўплаган балли билан иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
35. Касбий таълим ташкилотларига бошланғич касбий таълим дастури бўйича абитуриентлар томонидан тушган аризалар сони давлат буюртмаси параметрлари билан тенг бўлганда, абитуриентлар танловсиз тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади.
36. Давлат гранти ажратилмаган касб ва мутахассисликлар бўйича абитуриентлар томонидан тушган аризалар сони белгиланган қабул квоталари билан тенг ёки ундан кам бўлганда, ушбу абитуриентлар мазкур касб ва мутахассисликларга тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади.
37. Касбий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (ўқувчилар), ногиронлиги бўлган шахслар (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар) ҳамда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандлари қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
38. Етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (ўқувчилар), ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан шакллантирилади.
39. Касбий таълим ташкилотларида бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар учун — давлат гранти асосида, камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган бошқа талабгорлар учун — тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
40. Касбий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар Агентликнинг электрон платформаси орқали тўлов-контракт шартномасини юклаб олади.
41. Давлат касбий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентлик томонидан белгиланади.
42. Касбий таълим ташкилотларига белгиланган давлат буюртмаси параметрларидан ортиқ ҳужжатлар тушганда уч иш кунида касбий таълим ташкилоти директори томонидан ҳудудий бошқармаларга маълумот киритилади.
43. Агентлик беш иш кунида давлат буюртмаси параметрларидан ортиқ ҳужжатлар тушган касбий таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқади ва тегишли абитуриентларни техникумларга тўғридан-тўғри қабул қилиш ёки кириш имтиҳони (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)ни ўтказиш бўйича хулоса беради.
44. Бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича танловдан ўтмаган абитуриентлар (9-синф битирувчилари) тўғрисида маълумотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан беш иш кунида тақдим этилади ҳамда ўқувчи ўзи ўқиган умумий ўрта таълим ташкилотида таълим олишни давом эттириши таъминланади.
45. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган абитуриентлар тўғрисидаги якуний ҳисоботлар ҳар йили 15 сентябрга қадар ҳудудий бошқармалар томонидан Агентликка тақдим этилади.
46. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) ушбу Низомга 3-иловада келтирилган тартибга мувофиқ ўтказилади.
4-боб. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш
47. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни (кейинги ўринларда — хорижий абитуриентлар) касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш Агентлик билан келишилган ҳолда касбий таълим ташкилоти томонидан амалга оширилади.
48. Хорижий абитуриентлар касбий таълим давлат буюртмаси параметрларидан ташқари, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
49. Касбий таълим ташкилотларига умумий ўрта таълим маълумотига мувофиқ бўлган маълумотга эга бўлган хорижий абитуриентлар қабул қилинади.
50. Касбий таълим ташкилотига ўқишга кириш истагида бўлган хорижий абитуриентлар ҳар йили 5 июндан — 25 августга қадар касбий таълим ташкилотига ариза билан мурожаат қилади.
Хорижий абитуриентлар касбий таълим ташкилотларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ўқишга қабул қилиш ҳақида ариза;
ўқиган фанлар ва улар бўйича имтиҳонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари;
соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
миллий паспорт (амалдаги визаси билан) ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
4 х 6 ўлчамли 6 та рангли фотосурат.
51. Касбий таълим ташкилоти мурожаат келиб тушган кундан бошлаб беш кун муддат ичида хорижий абитуриентга тегишли бўлган ҳужжатларни ўрганиб чиқади.
Хорижий абитуриент томонидан ариза ва маълумотлар ушбу Низом талабларига мувофиқ тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, касбий таълим ташкилоти хорижий абитуриентни камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида хабардор қилади.
52. Касбий таълим ташкилоти ушбу Низом талабларига мувофиқ қабул қилинган ва ўрганиб чиқилган хорижий абитуриентга тегишли бўлган ҳужжатларни уч кун муддат ичида Агентликка тақдим этади.
Ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигига касбий таълим ташкилоти директори шахсан масъул ҳисобланади.
53. Агентлик хорижий абитуриентга тегишли бўлган ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн кун муддат ичида хорижий абитуриентга тегишли бўлган ҳужжатларни ўрганиб чиқади ҳамда у билан суҳбат ўтказиш якунига кўра хорижий абитуриентни ўқишга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида хулоса қабул қилади.
Хорижий абитуриент билан суҳбат жараёни унинг таълим йўналишини танлашдаги мотивацияси, шахсий-касбий хусусиятлари ҳамда танланган таълим йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Суҳбатни ўтказиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.
54. Агентлик томонидан хорижий абитуриентни ўқишга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги хулосаси беш кун муддат ичида касбий таълим ташкилотига юборилади.
Касбий таълим ташкилоти хулосани олган кундан бошлаб уч кун муддат ичида бу ҳақда хорижий абитуриентни хабардор қилади.
55. Касбий таълим ташкилоти хорижий абитуриентни ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги хулосани олган кундан бошлаб беш кун муддатда хорижий абитуриентни ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Хорижий абитуриент ва касбий таълим ташкилоти ўртасида белгиланган тартибда шартнома тузилади.
56. Хорижий абитуриентлар ўқиш учун тўловни ҳар йили шартнома шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширади.
Бунда ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори бир ўқувчини ўқитиш учун кетадиган сарф-харажатлардан кам бўлмаган миқдорда, Агентлик билан келишган ҳолда касбий таълим ташкилоти томонидан белгиланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
57. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлган абитуриентлар Агентлик ёки судга белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
58. Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларидан тегишли кўчирмалар уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.
Ўқишга тавсия этилмаган абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижалари олти ой давомида сақланади, сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.
59. Касбий таълим ташкилотларида кириш имтиҳонларини (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
60. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларига қабул параметрларини шакллантириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари

Маҳаллий иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган талабидан келиб чиққан ҳолда касбий таълим ташкилотлари кесимида қабул параметрларини шакллантиради.

Ҳар йили

1 февралга қадар

2-босқич

Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари

Қабул параметрларини касб ва мутахассисликлар бўйича шакллантириб, Касбий таълим агентлигига тақдим этади.

Ҳар йили

10 февралга қадар

3-босқич

Касбий таълим агентлиги

Ҳудудий ҳокимликларнинг таклифлари асосида қабул параметрларини шакллантириб, келишиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.

Ҳар йили

15 февралга қадар

4-босқич

Касбий таълим агентлиги
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари (давлат гранти)ни тасдиқлайди.

Ҳар йили

1 мартга қадар

5-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармалари

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда умумтаълим мактабларида касбга йўналтириш бўйича сўровнома ўтказади.

Ҳар йили

1 октябрга қадар

Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларига қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Касбий таълим ташкилотлари

Ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш бўйича қабул комиссияларини ташкил этади.

Ҳар йили

15 майга қадар

2-босқич

Абитуриент

Тест синови топшириш учун электрон платформа орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.

Ҳар йили

5 июндан

25 июнга қадар

3-босқич

Абитуриент

Ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастури бўйича «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда имтиҳондан ўтади.

Тўплаган баллидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг касбий таълим ташкилотига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Белгиланган муддатда

4-босқич

Абитуриент

Касб ва мутахассисликни олий таълим ташкилотларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг танлайди.

10 кун муддатда

5-босқич

Умумий ўрта таълим ташкилоти
9-синф битирувчилари

Бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича ҳужжат топширади.

Ҳар йили

1 июлдан

30 июлга
(шу куни ҳам)
қадар

6-босқич

Абитуриент

Касбий таълим ташкилотларининг бўш қолган (вакант) ўринлари учун ҳужжат топширади.

Ҳар йили

5 августдан

25 августга
 
(шу куни ҳам) қадар

7-босқич

Касбий таълим агентлиги

Қўшимча қабул параметрларини кўриб чиқади ва ўқишга қабул қилишга рухсат бериш ёки бермаслик бўйича хулоса қабул қилади.

10 кун муддатда

Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонларини (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) ўтказиш
ТАРТИБИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан ортиқча абитуриентлар томонидан ўқиш истаги билдирилганда, ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонларини (кейинги ўринларда — кириш имтиҳонлари) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Кириш имтиҳонлари Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тест синови, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон шаклида учта тилда — ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида ўтказилади.
2-боб. Тест синовларини ўтказиш
1-§. Тест синовларини ташкил этиш
3. Тест синовларини адолатли ва холисона ўтказиш ушбу Тартибга мувофиқ касбий таълим ташкилотларининг қабул комиссиялари, бино раҳбарлари ҳамда гуруҳ кузатувчилари томонидан амалга оширилади.
4. Тест синовларини ўтказиш бўйича ташкилий ишлар ҳудудий ҳокимликлар ва касбий таълим ташкилотларининг қабул комиссиялари томонидан амалга оширилади.
5. Тест синовларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
6. Тест синовлари уч тилда — ўзбек тили, рус тили ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги касбий таълим ташкилотлари учун қорақалпоқ тилида ўтказилади.
7. Касб ва мутахассисликларга мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси Агентлик томонидан белгиланади.
8. Тест синовлари ўтказиладиган муддатлар Агентлик томонидан белгиланади ҳамда, қоида тариқасида, соат 9:00 да бошланади.
9. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш муддати якунлагандан сўнг, абитуриентлар рухсатномасини уч кун муддат ичида касбий таълим ташкилотидан олади.
Абитуриентлар рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишга рухсат берилмайди.
10. Тест саволлари умумий ўрта, бошланғич, ўрта ва касбий таълимнинг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.
11. Касб ва мутахассисликларга мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказиш муддатлари Агентлик томонидан белгиланади.
12. Абитуриентга тест саволларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) ҳар 30 та тест топшириғи учун 1 соат вақт берилади.
13. Абитуриентларнинг тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган кундан кейинги кун касбий таълим ташкилоти томонидан эълон қилинади.
2-§. Тест синовлари ўтказиладиган жойларга қўйиладиган умумий талаблар
14. Тест синовлари умутаълим мактаблари, касбий таълим ва олий таълим ташкилотлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.
15. Биноларни тайёрлашда, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шунингдек, абитуриентлар ота-оналарининг тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш имконияти яратилади.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармаларида (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) тест жараёнларини ташкил этиш бўйича штаб ташкил этилади.
Штабда, тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинода тест материалларини сақлаш, тарқатиш ва йиғиб олиш учун мўлжалланган етарли миқдорда стол, стуллар, компьютер, сканер, телефон алоқаси, доимий видеокузатув ва сейф билан таъминланган махсус хона (штаб) тайёрланади. Бунда бинонинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига тўлиқ жавоб бериши лозим.
17. Бинода тест синовларини тўлиқ назорат қилиш мақсадида, қоида тариқасида, бино электрон соат, 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими, жараённи абитуриентларнинг ота-оналари онлайн тарзда кузатиши учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши шарт.
18. Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30 тадан стол ва стул билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши лозим.
Гуруҳ назоратчиси учун тест материалларини тарқатиш ва қабул қилишга алоҳида стол ва стул ажратилиб, стол узлуксиз видеокузатув билан таъминланади.
19. Бинога тегишли ҳудудда ва бинога кириш жойларида гуруҳ ва абитуриентлар сони ёзилган кўрсаткичлар илиб қўйилган бўлиши шарт.
20. Тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир ҳудудда тест жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилган бўлиши лозим.
3-§. Тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда қабул комиссияларининг вазифалари
21. Қабул комиссияси тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:
қабул комиссиясининг эълонлар тахтасига ҳамда техникумларнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қабул жараёни бошланадиган кунга қадар касб ва мутахассисликлар бўйича давлат буюртмаси параметрларини, уларга мувофиқ тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуаси ҳамда касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган касб ва мутахассисликлар рўйхатини жойлаштириш;
қабул жараёнини шаффофлик билан, тартибли ташкил этиш, абитуриентларга уларнинг тест синовлари жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовлари жараёни бўйича маслаҳатлар, кўрсатмалар бериб бориш.
22. Қабул комиссияси томонидан ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун жавобгарлик қабул комиссиясига юкланади.
4-§. Тест синовларини ўтказишда бино раҳбари, гуруҳ назоратчиси ва абитуриентларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
23. Қуйидагилар бино раҳбарининг мажбуриятлари ҳисобланади:
белгиланган саналарда эрталаб соат 08:00 дан кечикмасдан ўзига тегишли бинога етиб келиш;
гуруҳ назоратчиларига уларнинг рухсатномаларини тарқатиш ва тақсимотини расмийлаштириш;
абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини ва тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш баённомасини расмийлаштириш;
тест материаллари солинган захира қутиларини сейфга жойлаштириб, муҳрлаш;
абитуриент тест материалида типографик хатолик борлиги ҳақида мурожаат қилса, зудлик билан захира қутиларидан касб ва мутахассислиги тилига мос тест материалларини гуруҳ назоратчисига бериш ва захира тест материалларини тарқатиш баённомасини расмийлаштириш;
гуруҳларда тест синови тартибини бузган абитуриентларнинг тест синовларидан четлаштирилишини назорат қилиш;
тест синовининг тугаш вақтига қатъий амал қилиш;
тест синовлари учун белгиланган вақт тугагандан сўнг 20 дақиқа ичида жавоблар варақаси пакети, тест топшириқлари китоби қутиси гуруҳларда муҳрланишини назорат қилиш ҳамда гуруҳ назоратчиларидан муҳрланган жавоблар варақаси пакети ва тест материаллари қутиларини қабул қилиб олиш;
абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати солинган ва муҳрланган пакетни, тест материаллари ҳамда бино бўйича тўпланган жавоб варақалари пакетлари солинган ва муҳрланган қутиларни қабул комиссиясига топшириш.
24. Тест синови ўтказилаётган гуруҳда ушбу Тартиб талабларига қатъий риоя қилиш ва тест синовининг адолатли ўтказилишини таъминлаш гуруҳ назоратчисининг вазифаси ҳисобланади.
25. Гуруҳ назоратчиси ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун бино раҳбаридан амалий ёрдам олиш, ушбу Тартиб талабларига амал қилмаган абитуриентларни тест синови жараёнларидан четлатиш ҳуқуқига эга.
26. Қуйидагилар гуруҳ назоратчисининг мажбуриятлари ҳисобланади:
тест синови ўтказиладиган куни бириктирилган бинога соат 08:30 дан кечикмасдан ортиқча буюмларсиз (телефон, калькулятор ва шу кабилар) паспорти билан етиб келиш ва ўзга тегишли рухсатномани олиш ва ўзига бириктирилган гуруҳнинг тест синовларига тайёрлигини текшириш, жараёнга салбий таъсир этувчи омиллар аниқланганда, уларни бартараф этиш;
гуруҳдаги столларнинг кетма-кетликда рақамланганлигини текшириш;
белгиланган вақтда бино раҳбаридан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини ҳамда тест материаллари қутисини қабул қилиб олиш;
абитуриентни рухсатномаси ва паспорти (туғилганлик ҳақида гувоҳнома) асосида текшириб уларни гуруҳ рўйхати бўйича белгиланган жойга ўтиришини таъминлаш ҳамда тест синовларига келмаган абитуриентларнинг ўрнини бўш қолдириш;
тест материаллари қутисида абитуриентлар сонига мос тест топшириқлари китоби, жавоблар варақаси, ишлатилмаган тест топшириқлари китоблари, жавоблар варақаси учун бўш пакетлар ва муҳрлар мавжудлигини текшириш;
абитуриентларга тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақаларини тарқатиш;
тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасининг нуқсонсизлигини текшириб чиқиш ҳамда уларнинг тегишли бўлимларини расмийлаштириш бўйича абитуриентларга кўрсатма бериш;
тест топшириқлари китобида нуқсон мавжудлиги аниқланса, унинг биринчи бетига «нуқсонли» деб ёзиш, алмаштирилган вақтини кўрсатиш ҳамда абитуриентнинг фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзолаш ва ушбу ҳолат ҳақида далолатнома тузиш;
тест синовларига келмаган абитуриентнинг тест топшириқлари китобини тест синовлари бошланганидан сўнг 15 дақиқа ўтгач, ишлатилмаган тест топшириқлари китоби пакетига солиб муҳрлаш, абитуриентларнинг гуруҳ бўйича рўйхатига тест синовларига келмаган абитуриент исми ва фамилияси тўғрисига «қатнашмади» деган ёзув киритиш ҳамда унинг жавоблар варақасини жавоблар варақаси пакетига солиб қўйиш;
абитуриентлар билан тест топшириқлари бўйича савол-жавоб қилмаслик;
тест топшириқлари учун ажратилган вақт тугаганлигини эълон қилиш, абитуриентларнинг ўринларидан туришларини талаб қилиш;
абитуриентларга тест материалларини топшириш бўйича кўрсатма бериш;
тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасига шикаст етмаганлигини текшириб қабул қилиб олиш;
барча жавоблар варақаларини жавоблар варақалари пакетига солиш;
тест синовларида қатнашган абитуриентларнинг жавоблар варақаларини, «нуқсонли» деб топилган тест топшириқлари китобини, абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатининг иккинчи нусхасини жавоблар варақаси пакетига солиб, пакетни муҳрлаш;
ишлатилмаган тест топшириқлари китоби пакети ҳамда ишлатилган тест топшириқлари китобларини тест материаллари қутисига солиб муҳрлаш;
тест синовлари тугагандан сўнг гуруҳда абитуриентлар бўлса, уларни ташқарига чиқариш;
тест материалларини бино раҳбарига белгиланган вақтларда топшириш ва топширганлигини тасдиқлаш.
27. Тест синовларини ўтказишда гуруҳ назоратчилари томонидан абитуриентларга калькулятор, луғат, жадвал, китоб, телефон, компьютер, шпаргалкалар ва шу кабиларни ишлатишга рухсат берилмайди.
28. Тест синовлари жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш;
тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.
29. Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 08:30 да абитуриент рухсатномаси ва ID — карта ёки паспорти (туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси) билан келиши лозим.
30. Абитуриент тест синовларига кирганда қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;
жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш.
31. Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:
жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;
жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;
жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;
белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.
32. Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан («А», «B», «С», «D») муқобил жавоблар берилади.
33. Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).
Агар жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу тест топшириғига балл берилмайди.
34. Абитуриентнинг тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди.
Тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.
35. Қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:
тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда калькулятор, луғат, жадвал, китоб, телефон, компьютер ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;
тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.
5-§. Тест синовлари натижаси бўйича берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
36. Касбий таълим ташкилотларида абитуриентлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилади.
37. Апелляция комиссияси таркибига касбий таълим ташкилотининг фанлар бўйича экспертлари киритилади. Апелляция комиссияси таркибига касбий таълим ташкилоти қабул комиссиясининг аъзолари киритилмайди.
38. Апелляция комиссиясининг таркиби ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан тасдиқланади ва касбий таълим ташкилоти қабул комиссияси таркибига кирмаган директор ўринбосари апелляция комиссияси раиси ҳисобланади.
39. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар тест синовлари тўлиқ якунланиб, танлов натижаси эълон қилингандан сўнг икки кун давомида касбий таълим ташкилотида ташкил этилган апелляция комиссиясига мурожаат қилади.
40. Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.
41. Апелляция шикоятини берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти (туғилганлик ҳақида гувоҳнома) ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.
42. Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китобининг электрон варианти асосида чоп этилгани берилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.
43. Апелляция шикояти икки иш кунида апелляция комиссияси томонидан абитуриентнинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топган тақдирда, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилади. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича баённома апелляция комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
Абитуриент мурожаат қилганда, унга апелляция шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.
44. Апелляция комиссияси қарори ҳудудий бошқармаларга тақдим этилади.
45. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси қарори юзасидан абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.
3-боб. Касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш
1-§. Касбий (ижодий) имтиҳонларини ташкил этиш
46. Касбий таълим ташкилотларининг алоҳида иқтидор талаб этиладиган касб ва мутахассисликларига абитуриентлар Агентлик томонидан давлат буюртмаси параметрларига мувофиқ касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали қабул қилинади.
47. Алоҳида иқтидор талаб этиладиган касб ва мутахассисликларга қабул қилиш тегишли касбий таълим ташкилоти томонидан касбий (ижодий) имтиҳонлар натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.
48. Касбий таълим ташкилотларининг алоҳида иқтидор талаб этиладиган касб ва мутахассисликларига қабул барча учун (ҳам давлат гранти, ҳам тўлов-контракт бўйича) ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, касбий (ижодий) имтиҳонларда энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниши таъминланади.
Қолган абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳонлар рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт параметрлари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.
49. Касбий (ижодий) имтиҳон ҳар бир касбий таълим ташкилоти бўйича касб ва мутахассисликлар, ўқитиш тиллари ва таълим шаклларига кўра алоҳида ўтказилади.
50. Агентлик жойларда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди.
51. Касбий (ижодий) имтиҳонлар қабул параметрларига мувофиқ касбий таълим ташкилотида таълим олиш тилида ўтказилади.
2-§. Касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш
52. Касбий (ижодий) имтиҳон бошланишидан бир ҳафта олдин абитуриентларга касбий таълим ташкилотининг қабул комиссияси раиси ва масъул котиби имзолаган ҳамда касбий таълим ташкилотининг муҳри қўйилган рухсатнома берилади. Рухсатнома намунаси Агентлик томонидан тасдиқланади.
53. Касбий (ижодий) имтиҳонлар абитуриентларнинг танланган касб ёки мутахассислик бўйича ўқиш ва кейинчалик ишлаши имкониятларини аниқлаш, уларнинг фанлар бўйича билим, малака, касбий кўникма, ижодий қобилиятларини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
54. Ҳудудий бошқармаларнинг қатъий назоратида касбий (ижодий) имтиҳонлар топшириқлари бошланғич касбий таълим дастурлари умумий ўрта (9-синф негизида), ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бошланғич касбий таълим, умумий ўрта (11-синф негизида), шу жумладан, маданият, санъат, мусиқа, спорт ва жисмоний тарбияга ихтисослаштирилган фанларнинг ўқув дастурларига мувофиқ касбий таълим ташкилотларида ташкил этилган қабул комиссиялари томонидан тузилади.
55. Касбий таълим ташкилотлари фан бўйича имтиҳон комиссиялари раислигига номзодларни тасдиқлаш учун ҳудудий бошқармаларга тақдим этади.
56. Касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланишидан бир ҳафта олдин касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан тегишли фанлар бўйича имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш учун 3 нафардан кам бўлмаган тажрибали, малакали ва масъулиятли ўқитувчилардан шакллантирилган фанлар бўйича имтиҳон комиссиялари таркиби тасдиқланади.
57. Касбий (ижодий) имтиҳон ҳар бир гуруҳда, қоида тариқасида, 2 нафар гуруҳ назоратчиси кузатувида, қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган жадвалга қатъий риоя этган ҳолда ўтказилади.
58. Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари касбий таълим ташкилотлари қабул комиссияларининг таклифлари асосида имтиҳон дастурларига мувофиқ касбий (ижодий) имтиҳонларга ажратиладиган вақт меъёрини белгилайди.
59. Фан бўйича имтиҳон комиссияси таркибига соҳанинг етук мутахассислари ва бошқа касбий таълим ташкилотлари ўқитувчилари ҳам киритилиши мумкин.
60. Касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган фанлар бўйича имтиҳон дастурлари ва ҳар бир фан хусусияти ҳисобга олинган ҳолда баҳолаш мезонлари, шунингдек, тегишли касб ва мутахассисликларга мувофиқ келувчи фан мажмуалари касбий таълим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тасдиқланади.
61. Касбий таълим ташкилотининг қабул комиссияси имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин имтиҳон дастурлари, баҳолаш мезонлари, маслаҳатлар ва имтиҳонлар жадвалини эълон қилади.
62. Касбий (ижодий) имтиҳонлар, тегишли касб ва мутахассисликлар рўйхати ва уларга мувофиқ келувчи 3 та фан бўйича тўпланиши мумкин бўлган максимал 150 баллдан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизигача бўлган оралиқда баҳоланади.
63. Касбий (ижодий) имтиҳонлар (спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишлари бундан мустасно) коллегиал тартибда қабул қилинади ва баҳоланади.
64. Фан бўйича имтиҳон комиссияси аъзоларининг ҳар бири ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентни алоҳида-алоҳида баҳолайди ва унинг якуний баҳоси фан бўйича имтиҳон комиссияси аъзолари томонидан қўйилган баҳоларнинг ўртача қийматига тенг бўлади.
65. Гуруҳ назоратчиси касбий (ижодий) имтиҳон тугаганидан сўнг абитуриентларнинг амалий ишларини қабул қилиб, ҳар бир ишни рақамлаб, имтиҳон комиссияси раисига ушбу имтиҳон ишларини текширишга бериш учун масъул ҳисобланади.
Гуруҳ назоратчиси имтиҳон ишига қўйилган шифрнинг махфийлигини таъминлашга шахсан жавобгардир.
66. Касбий (ижодий) имтиҳон ишларини холисона текшириш, баҳолаш ҳамда абитуриент томонидан тўпланган балларни қайд варақаларида акс эттириш учун масъулият фан бўйича имтиҳон комиссияси раиси ва аъзолари зиммасига юкланади.
67. Жадвал бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларга (имтиҳон босқичи ёки турига) келмаган абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлар қайта ўтказилмайди ва улар ўқишга қабул қилинмайди.
68. Тегишли касб ва мутахассисликларнинг фанлари мажмуасидаги ҳар бир фан бўйича имтиҳон натижалари касбий (ижодий) имтиҳон хусусиятига қараб, имтиҳон ўтказилганидан сўнг уч кун муддат ичида касбий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3-§. Касбий (ижодий) имтиҳон натижалари бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
69. Ҳудудий бошқармалар томонидан касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиши даврида касбий таълим ташкилотларида апелляция шикоятларини кўриб чиқиш бўйича соҳа мутахассислари ва бошқа ташкилот ўқитувчиларидан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси таркибига фан бўйича имтиҳон комиссияси аъзоларининг киритилиши тақиқланади.
Касбий (ижодий) имтиҳонни қабул қилган фан бўйича комиссия аъзоси апелляция жараёнида қатнашиб, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.
Апелляция аризалари имтиҳон натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб икки кун давомида қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан уч кун муддатда кўриб чиқилади.
Апелляция комиссиясига, зарурат бўлганда, фан бўйича имтиҳон комиссияси баҳоларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
70. Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари фанлар бўйича алоҳида имтиҳон қайдномаларига киритилади.
Ушбу имтиҳон қайдномаларининг ҳар бири фан бўйича имтиҳон комиссияси раиси ва касбий таълим ташкилоти қабул комиссиясининг масъул котиби томонидан имзоланади ҳамда муҳрланади.
71. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси қарори юзасидан абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.
4-боб. Ёзма имтиҳонларни ўтказиш
1-§. Ёзма имтиҳонларни ташкил этиш
72. Агентлик томонидан белгиланган кунларда ёзма имтиҳонлар ўтказилади. Ёзма имтиҳон касб ва мутахассисликларга тегишли фанлардан ўтказилади.
73. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган куни тегишли касбий таълим ташкилоти томонидан бериладиган абитуриент рухсатномасига эга бўлмаган шахсларнинг имтиҳон ўтказиладиган бинога кириши тақиқланади.
Касбий таълим ташкилотларининг ёзма имтиҳонларида иштирок этиш учун абитуриент рухсатномасининг намунаси Агентлик томонидан тасдиқланади.
74. Ёзма имтиҳонларда умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқитувчилари ва ота-оналарнинг 3 нафар вакили кузатувчи сифатида иштирок этади.
75. Ёзма имтиҳон «Она тили ва адабиёти» фани ҳамда абитуриент ўқишга кириш истагида бўлган касб ва мутахассисликка мос келувчи шу ўқув йили қабулидаги бакалавриат таълим йўналиши тест синови топшириладиган фанлар мажмуасининг 2-бўлимидаги 1-фанидан ўтказилади.
76. Ёзма имтиҳон олинадиган фанлар рўйхати, қоида тариқасида, имтиҳон бошланишидан бир ҳафта олдин қабул комиссиясининг ахборот стендлари ва касбий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
77. Ёзма имтиҳон саволлари қабул комиссияси томонидан ёзма имтиҳоннинг тегишли фанлари бўйича малакали мутахассислар таркибидан шакллантириладиган эксперт гуруҳи томонидан тузилади. Ҳудудий бошқарма назоратида эксперт гуруҳи фаолияти қабул комиссияси раиси томонидан бошқарилади.
78. Экспертлар гуруҳи қуйидаги вазифаларни бажаради:
ёзма имтиҳон саволларини амалдаги умумий ўрта таълим мактабларининг фан дастурлари асосида ишлаб чиқиб, саволларга жавоб ёзиш учун сарфланадиган вақтнинг имтиҳонга ажратилган вақтга мувофиқлигини ўрганади;
саволлар кўп вариантли бўлишини ва махфийлиги сақланишини таъминлайди;
ишлаб чиқилган саволларнинг тўғри жавобларини тайёрлайди ва касбий таълим ташкилотига имтиҳонлар якунлангунга қадар алоҳида сақланиши учун конвертда ҳар бир эксперт имзоси билан муҳрланган ҳолда тақдим этади.
79. Ёзма имтиҳонни ушбу Тартиб талабларига мувофиқ ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъулият қабул комиссияси, бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари, имтиҳон комиссияси аъзолари зиммасига юкланади.
80. Ёзма имтиҳонни ўтказиш жадвали касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Буйруққа абитуриентлар рўйхати илова қилинади.
81. Ёзма имтиҳон жараёни видеотасвирга туширилади.
82. Ёзма имтиҳонлар видеокузатув остида жамоатчилик ҳамда абитуриентларнинг ота-оналари томонидан реал вақт режимида кузатиб борилиши таъминланган катта сиғимдаги биноларда ўтказилади.
83. Бинода имтиҳон материалларини тарқатиш ва тўплаш учун сейфлар (материалларни сақлаш учун) ва алоқа воситалари билан таъминланган махсус хона (штаб) тайёрланади.
84. Ҳудудий бошқармалар томонидан биноларда ёзма имтиҳонни ўтказиш учун зарур бўлган техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилади. Бинолар санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб бериши шарт.
85. Бинода ёзма имтиҳон жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида, қоида тариқасида, 30 нафар абитуриент ҳисобидан гуруҳлар ташкил этилади.
Бино ва гуруҳлар алоҳида тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда рақамланган бўлиши лозим.
Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30 тадан стол ва стул билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланади. Ҳар бир гуруҳга, қоида тариқасида, икки нафар гуруҳ назоратчиси бириктирилади.
Ёзма имтиҳонлар очиқ ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун тегишли ўқитувчиларини гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этишга рухсат берилади. Ўқитувчиларни жалб қилиш унинг розилигига кўра, у билан тузилган шартномага асосан, қўшимча ҳақ тўлаш эвазига, ишдан бўш вақтида ёки иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда амалга оширилади.
Бунда ўқитувчиларни жалб этганлик учун тўланадиган қўшимча иш ҳақи маблағлари Агентлик ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
86. Бинода ёзма имтиҳонларни ўтказиш талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари зиммасига юкланади.
Бино раҳбари ҳудудий бошқарма томонидан, гуруҳ назоратчилари касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан тайинланади.
87. Ёзма имтиҳон натижалари касбий таълим ташкилотининг ахборот стендида ҳамда расмий веб-сайтида эълон қилинади.
2-§. Ёзма имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш
88. Ёзма имтиҳон соат 09:00 да бошланади ва 2 соат давом этади. Ёзма имтиҳон ҳар бир фан бўйича алоҳида кунларда ўтказилиши мумкин.
89. Абитуриентлар бинога абитуриент рухсатномаси ва паспорт (паспорт ёшига етмаганларга касбий таълим ташкилоти томонидан шахсини тасдиқлаш мақсадида берилган, расми мавжуд бўлган маълумотнома) билан видеокузатув орқали навбат бўйича соат 08:30 гача киритилади. Соат 08:30 дан сўнг абитуриентлар бинога киритилмайди.
90. Гуруҳ назоратчилари соат 08:30 гача бино раҳбаридан гуруҳ рўйхатини, имтиҳон билетлари жойлаштирилган конвертларни, саволларга жавоб ёзиш учун мўлжалланган қатъий ҳисобда турувчи варақлари рақамланиб муҳрланган дафтарларни (кейинги ўринларда — дафтарлар) олади, шунингдек, абитуриентларни рухсатномаси билан текшириб киритади ва ўзига тегишли жойга ўтиришини таъминлайди.
Имтиҳонга келмаган абитуриентлар ўринлари бўш қолади.
91. Гуруҳ назоратчилари икки нафар абитуриент гувоҳлигида имтиҳон билетлари жойлаштирилган конвертларнинг муҳрланганлигига ишонч ҳосил қилиб, конвертни очади.
Гуруҳ назоратчилари имтиҳон билетлари ҳамда дафтарларни абитуриентларга тарқатади.
92. Бино раҳбари абитуриентларга дафтарнинг муқовасига ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини ёзиш, шунингдек, дафтар варақларини букмаслик, унга ҳар хил белгилар қўймаслик, ёзувларнинг устига ёки остига чизмаслик, жавобларни кўк шарикли ручкада тушунарли ҳуснихат билан ёзиш, бошқа рангдаги ручкада ёзмаслик кераклигини тушунтиради ҳамда ушбу талабларга риоя қилмаслик ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиради.
93. Гуруҳ назоратчиси соат 09:00 гача абитуриентларга дафтар олганлигини тасдиқлаш учун гуруҳ рўйхатига имзо қўйдиради ва имзо ёнига абитуриент олган дафтарнинг тартиб рақамини ёзиб қўяди.
Абитуриент ёзма имтиҳонга келмаган тақдирда, гуруҳ назоратчиси томонидан гуруҳ рўйхатига «қатнашмади» деган ёзув киритилади.
94. Бино раҳбари соат 09:00 да ёзма имтиҳон бошланганлигини эълон қилади ҳамда имтиҳоннинг бошланиш ва тугаш вақтини доскага ёзиб қўяди.
95. Абитуриент томонидан имтиҳон билетларига жавоблар дафтарга кўк шарикли ручкада тушунарли ҳуснихат билан ёзилиши лозим.
96. Абитуриентларга ёзишда қисқартма сўзлардан фойдаланиш, сўзларнинг ости ёки устига чизиш, дафтарнинг турли нуқталарига, хусусан, ҳошия қисмига тушунарсиз белгилар қўйиш, шунингдек, берилган саволларнинг жавоби билан боғлиқ бўлмаган сўзларни ёзиш, ёзма имтиҳон материалларини бошқа абитуриентга узатиш, бошқа абитуриентларга ёрдам бериш тақиқланади.
97. Абитуриентнинг ёзма имтиҳонларни топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан имтиҳонларга қўйилмайди. Материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида гуруҳдан чиқиш бундан мустасно. Ушбу абитуриентларга қўшимча вақт берилмайди.
98. Ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузганлар имтиҳондан четлаштирилади, четлаштириш бўйича бино раҳбари ва гуруҳ назоратчиси томонидан далолатнома расмийлаштирилади.
99. Ёзма имтиҳондан четлаштирилган абитуриентларнинг ишлари баҳоланмайди.
100. Бино раҳбари соат 11:00 да ёзма имтиҳон вақти тугаганлигини эълон қилади ва гуруҳ назоратчиларига жавоблар ёзилган дафтарларни йиғишга кўрсатма беради.
101. Ёзма имтиҳон учун ажратилган вақт тугагандан сўнг абитуриентлар имтиҳон материалларини топширади. Белгиланган муддатдан олдин жавоб ёзишни тугатган абитуриентлар имтиҳон материалларини муддатидан олдин топширишлари мумкин.
102. Барча дафтарлар, шу жумладан, имтиҳон вақтида ишлатилмаган дафтарлар ҳамда ёзма имтиҳондан далолатнома тузилиб четлаштирилган абитуриентларнинг дафтарлари алоҳида тегишли қутиларга жойлаштирилади.
103. Бино раҳбари ёзма имтиҳон саволларига жавоблар ёзилган дафтарлар солинган қутиларни гуруҳ назоратчиларидан қабул қилиб, дафтарларнинг муқоваси ва биринчи варағига махсус шифрлар қўяди, дафтар муқовасини бошқа варақларига шикаст етказмаган ҳолда ажратиб олади.
Шифрланган дафтар муқоваси сир сақланиши учун бино раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.
104. Имтиҳон комиссияси аъзолари ёзма имтиҳон ўтказиладиган куни соат 11:00 дан кечикмай ёзма имтиҳон натижаларини текшириш ва баҳолаш учун ажратилган ва видеокузатув қурилмалари билан жиҳозланган хонага ўз паспортлари билан етиб келишлари шарт.
105. Имтиҳон комиссияси раиси имтиҳон жавоблари ёзилган муқоваси олинган ва шифрларган дафтарлар солинган қутиларни бино раҳбаридан қабул қилиб олади. Имтиҳон комиссиясига шифр қўйилмаган дафтарларни топширишга йўл қўйилмайди.
106. Имтиҳон комиссияси раиси абитуриентларнинг жавоблари ёзилган дафтарлар солинган қутиларни имтиҳон комиссияси аъзолари иштирокида очиб, дафтарларнинг биринчи варағи шифрланганлигини текширади.
Муқоваси ажратилмаган, шифрланмаган ёки абитуриентнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи бошқа белгилари мавжуд бўлган дафтарлар аниқланган тақдирда, далолатнома тузилади ва бундай ишлар текширилмайди.
107. Имтиҳон комиссияси раиси имтиҳон жавоблари ёзилган дафтарларни комиссия аъзоларига тақсимлаб беради.
108. Ёзма имтиҳон жавоблари тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ имтиҳон комиссияси аъзолари томонидан текширилиб, баҳоланади ва хулоса ёзилади.
109. Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон бўйича олган баллари имтиҳон комиссияси томонидан тегишли шифрланган қайдномага киритилади.
Ёзма имтиҳоннинг ҳар бир фани учун қайднома алоҳида тузилади.
110. Ёзма имтиҳон жавоблари ёзилган дафтарлар ва қайднома қутиларга солинади ҳамда имтиҳон комиссияси раиси томонидан бино раҳбарига топширилади. Бино раҳбари ушбу қутиларни шифрланган дафтарларнинг муқовалари билан бирга қабул комиссияси раисига йиғмақайдномага киритиш учун топширади.
111. Ёзма имтиҳон баллари белгиланган фанлар бўйича алоҳида қайдномаларга абитуриентнинг исми, отасининг исми ва фамилияси ҳамда дафтарлар муқовасидаги шифр рақамлари кўрсатилган ҳолда киритилади.
Ёзма имтиҳон натижалари ҳар бир фан бўйича қабул комиссияси томонидан йиғмақайдномага киритилади ва шу асосида умумий баллар чиқарилади.
112. Абитуриентнинг ёзма имтиҳондаги энг юқори балли 150 баллни ташкил қилади. Ушбу баллар қуйидагича шаклланади:
«касб ёки мутахассисликка мос келувчи бакалавриат таълим йўналишига тест синовлари топшириладиган фанлар мажмуасининг 2-бўлимидаги 1-фани» бўйича — 0 дан 100 баллгача;
«Она тили ва адабиёти» фани бўйича — 0 дан 50 баллгача.
113. Белгиланган вақтда ёзма имтиҳонга келмаган абитуриентлар касбий таълим ташкилотларига қабул қилинмайди.
114. Умумлашган натижалар қайдномасида абитуриентлар рўйхати ҳар бир касб ва мутахассислик бўйича тўпланган энг юқори баллдан бошлаб камайиб бориш тартибида жойлаштирилади.
115. Ёзма имтиҳон натижалари имтиҳон ўтказилган кундан кейинги иш кунида қабул комиссиясининг ахборот стендлари ва касбий таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3-§. Ёзма имтиҳон натижалари бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
116. Ёзма имтиҳон натижалари юзасидан касбий таълим ташкилотларида ҳудудий бошқармалар буйруғи асосида апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси аъзолари камида 5 нафардан кам бўлмаган таркибда тузилади, апелляция комиссияси аъзолигига ҳудуддаги бошқа касбий таълим ташкилотларининг ўқитувчилари жалб қилинади.
Апелляция шикояти ёзма имтиҳонлар натижаси эълон қилинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида апелляция комиссиясига берилади. Апелляция шикояти қабул қилинганлиги тўғрисида абитуриентга хабарнома юборилади.
117. Зарур ҳолларда, апелляцияни кўриб чиқиш жараёнига имтиҳон комиссияси аъзолари, шунингдек, тегишли бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари жалб қилиниши мумкин.
118. Апелляция шикояти тушган куни мурожаат қилган абитуриентнинг ёзма имтиҳон материаллари масъул котиб томонидан апелляция комиссиясига топширилади.
119. Апелляция шикояти берган абитуриент хабарномада белгиланган кун ва вақтда апелляция комиссиясига паспорти билан келиши шарт.
120. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш вақтида абитуриентнинг фақат ўзига ёзма имтиҳон саволларига жавоблар ёзган дафтари берилади. Апелляция шикояти берган абитуриент ўз эътирозларини ёзиб, унга берилган материаллар билан бирга апелляция комиссиясига топширади.
121. Апелляция комиссияси томонидан шикоятларни кўриб чиқиш бир иш кунидан ошмаслиги ва натижаси бўйича қарор қабул қилиниши шарт.
122. Апелляция шикоятида кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса, апелляция комиссияси имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда тегишли тартибда расмийлаштиради.
123. Апелляция шикоятида кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топган тақдирда, абитуриентнинг ёзма имтиҳон ишига апелляция комиссияси томонидан тегишли балл қўшилиб, якуний балл қўйилади.
124. Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида апелляция шикояти берган абитуриентга маълумот тақдим этилади.
125. Умумлашган натижалар қайдномалар, апелляция комиссиясининг қарорлари асосида касбий таълим ташкилотининг қабулининг якуний натижаси аниқланади ва ёзма имтиҳон қайдномасига киритилади.
126. Ёзма имтиҳон қайдномалари касбий таълим ташкилоти директори томонидан тасдиқланади ва нусхаси ҳудудий бошқармаларга тақдим этилади.
127. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси қарори юзасидан абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.
128. Ушбу Тартиб талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарорига
3-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом касбий таълим ташкилотларига ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарини (кейинги ўринда — педагог) танлов асосида ишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Танловнинг мақсади касбий таълим ташкилотларига касбий компетенцияси, педагогик маҳорати, рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари, меҳнат бозори талабларига мос амалий тажрибаси, юқори ахлоқий фазилатлари ҳамда инклюзив таълим муҳитида самарали фаолият юритиш компетенцияларига эга бўлган малакали педагогларни танлашдан иборатдир.
3. Танлов адолатлилик, холислик, очиқлик, шаффофлик ва тенглик тамойиллари асосида амалга оширилади.
4. Касбий таълим ташкилотларига асосий, соатбай ҳақ тўлаш ёки ўриндошлик асосида ишга қабул қилинаётган шахслар ушбу Низомга мувофиқ танлов орқали ишга қабул қилинади.
Қуйидагилар танловсиз педагог лавозимига ишга қабул қилинади (Илғор касбий маҳорат техникумлари ва Халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар бундан мустасно):
ўриндошлик ёки соатбай асосида ишга жалб этиладиган олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари;
ишлаб чиқариш таълими устаси лавозимига ишга қабул қилинаётган корхона (ташкилот)ларнинг малакали мутахассислари;
хорижий мутахассислар.
5. Ушбу Низом нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланади.
2-боб. Танловни ташкил этиш тартиби
6. Танлов уч босқичда — саралаш, тест синови ва суҳбат (амалий синов) шаклида касбий таълим ташкилоти томонидан ўтказилади. Бунда танлов ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схема асосида ташкил этилади.
7. Касбий таълим ташкилотидаги вакант лавозим ҳақида ташкилотнинг расмий веб сайти ва оммавий ахборот воситалари орқали, шунингдек, Бандликка кўмаклашиш марказлари орқали эълон берилади.
Эълонда қуйидагилар кўрсатилади:
танлов ўтказилаётган касбий таълим ташкилоти манзили, алоқа учун телефон рақами, электрон почта ва бошқа қўшимча маълумотлар;
фан (модуль) ёки амалиёт номи;
иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар;
номзодлардан талаб этиладиган малака ёки маълумот даражаси;
номзодлардан аризаларни қабул қилиш муддатлари.
Эълонда вакант лавозимга доир қўшимча маълумотлар ёки тушунтиришлар берилиши мумкин;
мурожаат қилиш тартиби.
8. Танловда иштирок этиш истагидаги номзодлар танлов эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида рақамли платформа (кейинги ўринларда — платформа) орқали ариза қолдиради.
Танловда қуйидаги номзодлар иштирок этишлари мумкин:
умумтаълим фанлари, умумкасбий ва махсус фан (модуль), амалиётлар бўйича тегишли малака ёки маълумот даражасига эга мутахассислар;
камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тил фани ўқитувчилари;
ишлаб чиқариш таълими устаси лавозими учун танловда олий маълумотга эга бўлмаган номзодлар ҳам иштирок этишлари мумкин.
Инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун ихтисослаштирилган техникумларда фаолият юритувчи педагог кадрларга қуйидаги қўшимча талаблар қўйилади:
ногиронлиги бўлган ўқувчилар билан ишлаш бўйича базавий педагогик ва психологик компетенцияларга эга бўлиш;
адаптив ўқитиш методикалари ва индивидуал ёндашув асосида таълим жараёнини ташкил эта олиш;
инклюзив таълим тамойиллари, махсус педагогика ҳамда ўқувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб мослаштирилган баҳолаш усулларини қўллай олиш.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан айрим касб ва мутахассисликларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, олий маълумот талаб этилмайдиган умумкасбий ва махсус фан (модуль) ҳамда амалиётлар рўйхати, шунингдек, ушбу лавозимларга ишга олинадиган педагоглар учун малака талаблари тасдиқланади.
Ушбу рўйхатга киритилмаган умумкасбий ва махсус фан (модуль), амалиётлар бўйича номзодлар камида бакалавр даражасига эга бўлишлари талаб этилади.
9. Қуйидаги шахсларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди:
қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар;
қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар.
10. Ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатиб ўтилган талабларга кўра қонун бузилиш ҳолатларини содир этганлиги ёки касаллиги тўғрисидаги маълумотлар аниқланганда, номзодлар танловдан четлаштирилади. Номзод танловдан ўтиб, ишга қабул қилинган тақдирда ҳам, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.
11. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг касбий таълим ташкилоти тест синовларини ўтказиш куни ва жойи ҳақида номзодларни тест синовларидан камида уч кун олдин платформа орқали хабардор қилади.
12. Номзодлардан платформа орқали келиб тушган аризаларга қўшимча ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
13. Танловда иштирок этмаган номзодлар учун қўшимча танлов ўтказилмайди.
14. Номзодларга танловга тақдим этилган ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугагунга қадар рухсат берилади.
15. Танловни ўтказиш ва мувофиқлаштириш учун касбий таълим ташкилоти томонидан камида беш кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ва апелляция комиссияси ташкил этилади.
Бунда ишчи гуруҳ раҳбари касбий таълим ташкилотининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, апелляция комиссияси раиси этиб мазкур касбий таълим ташкилоти касаба уюшмаси қўмитаси раиси белгиланади.
Илғор касбий маҳорат техникумлари ва Халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникумларда танловни ўтказиш ва мувофиқлаштириш учун камида беш кишидан иборат таркибда намунавий ишчи гуруҳ ва апелляция комиссияси Агентлик директорининг буйруғи билан ташкил этилади.
Бунда ишчи гуруҳ раҳбари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқарма) бошлиқлари, апелляция комиссияси раиси этиб тегишли ҳудудий бошқарманинг касаба уюшмаси қўмитаси раиси белгиланади.
Апелляция комиссиялари таркибига ишчи гуруҳлар таркибидан аъзо киритилмайди.
Ишчи гуруҳлар уч иш кунида номзодларнинг маълумотлари ушбу Низом ва лавозимга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Ишчи гуруҳлар суҳбат (амалий синов) жараёнида номзодларнинг билими (амалий кўникмаси)ни баҳолаш учун эксперт сифатида соҳа мутахассислари ва корхона (ташкилотлар)нинг вакилларини жалб этишига рухсат этилади.
Номзодларнинг билими (амалий кўникмаси) бўйича экспертларнинг баҳоси (хулосаси) ишчи гуруҳлар томонидан инобатга олинади.
16. Қуйидаги ҳолларда номзоднинг аризаси платформа орқали рад этилади:
номзоднинг маълумотлари ушбу Низомга ҳамда лавозимга қўйиладиган малака талабларига мос келмаганда;
номзод томонидан қалбаки ҳужжатлар ёки ёлғон маълумотлар тақдим этилганда;
ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган чекловлар аниқланганда.
17. Тест саволлари, суҳбат ва амалий синов учун савол ва топшириқлар тўплами Агентлик тизимидаги Касбий таълимни ривожлантириш институти томонидан ишлаб чиқилади.
Бунда Касбий таълимни ривожлантириш институтига тест саволлари, суҳбат ва амалий синов учун савол ва топшириқлар тўпламини аутсорсинг асосида ишлаб чиқишига рухсат этилади.
3-боб. Тест синовларини ўтказиш қоидалари
18. Танлов номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин ўн иш куни ичида ўтказилади.
19. Тест синовларида номзодларнинг касбий таълим тизими, ўқув меъёрий ҳужжатлар ва педагогик фаолиятга оид билими баҳоланади.
20. Тест синовлари компьютерлар орқали топширилади. Касбий таълим ташкилотлари томонидан тест синовларини ўтказиш ва назорат қилиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилади ва тест синовларини адолатли ўтказиш чора-тадбирлари белгиланади.
21. Тест синови 40 та саволдан иборат бўлади.
22. Тест саволларига жавоб бериш учун 60 дақиқа ажратилади ва ҳар бир тўғри жавоб учун 2,5 баллдан берилади. Тест синовларида 60 балл ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовидан ўтган ҳисобланади.
23. Тест синовига номзодни киритишда унинг шахсига аниқлик киритилади.
24. Қуйидаги ҳолатлар номзоднинг тест жараёнидан четлаштирилишига асос бўлади:
қонунчилик ҳужжатлари, маълумот берувчи ва махсус адабиётлар, ҳар қандай турдаги техник воситалар ёки бошқа материал (маълумот)ларни олиб кирганда ёки улардан фойдаланганда;
бошқа шахслар (номзодлар) билан суҳбатлашганда;
экранда тест жавоби акс этгунга қадар тест саволлари ўтказилаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиққан ҳолларда.
Юқоридаги ҳолатларда далолатнома расмийлаштирилади ва номзод тест синовидан четлаштирилади.
25. Тест синови натижаларига кўра тест синовидан ўтган номзодлар танловнинг иккинчи босқичига ўтказилади.
4-боб. Суҳбат ва амалий синовни ўтказиш қоидалари
26. Тест синовидан сўнг, уч иш кунида ишчи гуруҳ раҳбари томонидан суҳбат ва амалий синов ўтказиш жадвали тасдиқланади ва тегишли номзодлар платформа орқали хабардор қилинади.
27. Ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган жадвал асосида ўқитувчи лавозими учун суҳбат ва ишлаб чиқариш таълими устаси лавозими учун амалий синов ўтказилади.
28. Суҳбат жараёнида номзодларга тегишли ўқув фани бўйича 5 та савол берилади ва унинг билими баҳоланади.
29. Суҳбат жараёнида номзодлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ мезонлар асосида максимал 30 баллгача баҳоланади.
30. Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси номзод суҳбатда берган жавобларидан келиб чиқиб, алоҳида баҳолаш қайдномасини юритади.
Якуний балл комиссия аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртача арифметик қиймати асосида ҳисобланади.
Инклюзив таълим ташкил этилган техникумларда номзодларни баҳолашда уларнинг ногиронлиги бўлган ўқувчилар билан ишлаш бўйича амалий кўникмалари ва индивидуал ёндашувни қўллаш компетенцияларига алоҳида эътибор қаратилади.
31. Амалий синов жараёнида номзодлар амалий топшириқни бажаришдан олдин топшириқ мазмуни, техник шартлар, баҳолаш мезонлари, ажратилган вақт меъёри ҳамда техника хавфсизлиги қоидалари билан таништирилади.
Амалий синов учун барча номзодларга тенг шароитлар яратилиши шарт.
32. Амалий синов жараёнида номзодлар ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ мезонлар асосида максимал 70 баллгача баҳоланади.
33. Суҳбат ва амалий синов натижаси ҳар бир номзодга суҳбат ва амалий синов ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади.
Номзодга қўйилган баллар ва комиссиянинг қисқача хулосаси рақамли платформа орқали юборилади.
34. Суҳбат ва амалий синов жараёни видеотасвирга олинади ҳамда ушбу видеотасвир камида 6 ой сақланади.
5-боб. Танлов натижалари
35. Тест синовлари ва суҳбат (амалий синов) натижалари йиғиндисига кўра баллар кетма-кетлиги бўйича энг юқори натижа қайд этган номзод танловдан ўтган ҳисобланади.
Танлов натижаларига кўра номзодларнинг кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган тақдирда, ҳар бир номзодга қўшимча иккита савол ёки битта амалий синов топшириғи берилади.
36. Танлов натижаси ишчи гуруҳнинг тегишли баённомаси билан расмийлаштирилади ҳамда икки иш кунида платформа орқали маълум қилинади.
37. Танлов натижаси эълон қилингандан сўнг Апелляция комиссиясига уч иш куни ичида мурожаат келиб тушмаган бўлса, танловдан ўтган номзод билан касбий таълим ташкилоти директори ўртасида меҳнат шартномаси тузилади ва буйруқ билан расмийлаштиради.
Танлов натижаси бўйича Апелляция комиссиясига мурожаат келиб тушган ҳолларда, ушбу мурожаат уч иш кунида кўриб чиқилади.
Апелляция комиссияси хулосасига кўра танлов натижаси ўзгартирилиши мумкин.
38. Танловдан ўтган номзодлар касбий таълим ташкилоти билан меҳнат шартномасини тузишдан воз кечса, танлов натижаларига кўра кейинги ўриндаги номзод ишга қабул қилинади.
6-боб. Танлов натижалари юзасидан мурожаат қилиш
39. Апелляция комиссиясига мурожаат қилиш оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда амалга оширилади.
Бунда танлов натижаларидан норози бўлган номзодлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб, уч иш кунида ариза (шикоят) беришлари мумкин.
40. Апелляция комиссиясига муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш учун жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни эксперт сифатида жалб этишига рухсат этилади. Экспертларнинг хулосаси апелляция комиссиялари томонидан инобатга олинади.
41. Апелляция комиссияси йиғилиши комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарори аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
42. Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб, беш иш кунида кўриб чиқилади.
43. Мурожаат этувчи номзодга апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этишига рухсат этилади.
44. Апелляция комиссияси номзоднинг танлов жараёнларига оид мурожаатини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
номзоднинг тўғри баҳоланганлиги, тест ва суҳбат (амалий синов) материалларида хато ва камчиликлар, шунингдек, суҳбат (амалий синов)ни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, танлов натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;
номзоднинг тест ёки суҳбат (амалий синов) жараёнларида нотўғри баҳоланганлиги, тест ёки суҳбат (амалий синов) материалларида хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, танлов натижаларини ўзгартириш.
45. Апелляция комиссияси қарори нусхаси мурожаат этувчи номзодга апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан, уч иш кунида юборилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
46. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар тегишлиги бўйича ҳудудий бошқарма ва касбий таълим ташкилотларида олти ой сақланади.
47. Эксперт сифатида жалб этилган соҳа мутахассислари ва ташкилотлар вакилларининг асосий иш жойларидаги иш ҳақлари сақлаб қолинади.
48. Низомда назарда тутилмаган ҳолатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
49. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни ишга қабул қилишда танлов жараёнларини ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Касбий таълим ташкилоти

Вакант лавозим ҳақида оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш марказлари орқали эълон беради.

Доимий

2-босқич

Номзодлар

Танловда иштирок этиш учун рақамли платформа орқали ариза қолдиради.

Танлов эълон қилингандан кейин 10 кун ичида

3-босқич

Ишчи гуруҳ

Номзодларнинг маълумотлари ушбу Низом ва лавозимга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

Ҳужжатларни қабул қилиш муддати якунлангандан сўнг 3 кун ичида

4-босқич

Касбий таълим ташкилоти

Тест синовларини ўтказиш куни ва жойи ҳақида номзодларни платформа орқали хабардор қилади.

Тест синовлари ўтказилишидан камида
3 кун олдин

5-босқич

Касбий таълим ташкилоти

Танлов номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин ўтказилади.

Ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг
10 иш кунида

Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларининг ўқитувчи лавозимига номзодларни суҳбат синов жараёнида
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш объекти

Балл*

1.

Фанга оид назарий билимларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги

2 балл

саволга тўлиқ, аниқ ва илмий асосланган жавоб берди

2 балл

саволнинг асосий мазмунини ёритди, аммо айрим ноаниқлик ёки камчиликларга йўл қўйди

1 балл

жавоб нотўғри

0 балл

2.

Билимларни амалиёт билан боғлай олиши

2 балл

назарий билимларни амалий мисоллар, ишлаб чиқариш жараёнлари ёки таълим жараёнида қўллаш усуллари билан асослаб берди

2 балл

амалий боғлиқликни қисман ёритди ёки мисоллар етарли даражада келтирилмади

1 балл

билимларни амалиёт билан боғлай олмади

0 балл

3.

Фикрни баён қилиш ва мулоқот кўникмаси

2 балл

фикрларини мантиқий кетма-кетликда, равон ва тушунарли баён қилди

2 балл

фикрларини тушунарли баён қилди, аммо жавобда мантиқий изчиллик ёки аниқлик етарли даражада таъминланмади

1 балл

жавоб ноаниқ, тартибсиз ёки тушуниш қийин бўлган шаклда тақдим этилди

0 балл

* Суҳбат жараёнида номзодларга тегишли ўқув фани (модули) бўйича 5 та савол берилади ва ҳар бир саволга берилган жавоб максимал 6 балл билан баҳоланади.
Касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларининг ишлаб чиқариш таълими устаси лавозимига номзодларни амалий синов жараёнида
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш объекти

Балл

1.

Топшириқни бажаришда хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилиш

10 балл

топшириқни хавфсизлик техникаси, электр ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда бажарди

6 — 10 балл

топшириқни инсон ҳаёти ёки соғлигига хавф солмайдиган хатоликларга йўл қўйган ҳолда бажарди

1 — 5 балл

топшириқни бажаришда инсон ҳаёти ёки соғлигига хавф соладиган хатоликка йўл қўйди*

0 балл

2.

Топшириқни бажаришда жиҳозлардан фойдаланиш

5 балл

жиҳозлардан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари ва техник талабларга тўлиқ амал қилди

4-5 балл

жиҳозлардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилди, лекин техник талабларга амал қилмади

1 — 3 балл

жиҳозлардан фойдаланишни билмади

0 балл

3.

Топшириқни бажаришда асбоб-ускуналардан фойдаланиш

5 балл

асбоб-ускуналардан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари ва техник талабларга тўлиқ амал қилди

4-5 балл

асбоб-ускуналардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилди, лекин техник талабларга амал қилмади

1 — 3 балл

асбоб-ускуналардан фойдаланишни билмади

0 балл

4.

Топшириқни бажаришда ўлчаш ва назорат асбоблари ҳамда воситаларидан тўғри фойдаланиш

5 балл

ўлчаш ва назорат асбобларини тўғри танлади, улардан талабга мувофиқ ўлчашларни амалга оширди ва сақлаш қоидаларига риоя қилди

4-5 балл

ўлчаш ва назорат асбобларини тўғри танлади, улардан талабга мувофиқ фойдаланди, лекин сақлаш қоидаларига риоя қилмади

1 — 3 балл

ўлчаш ва назорат асбобларини тўғри танламади ёки улардан фойдалана олмади

0 балл

5.

Топшириқни бажариш технологиясига риоя қилиш

5 балл

технологияга риоя қилиб, ҳар бир ҳаракатни тўлиқ изоҳлаб берди

4-5 балл

технологияга риоя қилди, лекин ҳаракатларни изоҳлай олмади

1 — 3 балл

технологияга риоя қилмади

0 балл

6.

Топшириқни бажаришда вақт меъёрларига риоя қилиш

10 балл

белгиланган вақт ичида топшириқни якунлади

10 балл

белгиланган вақт ичида топшириқни якунламади

0 балл

7.

Бажарилган топшириқ сифати

30 балл

берилган топшириқ техник ҳужжатлар талабига тўлиқ жавоб беради ва эстетик кўринишига эътироз мавжуд эмас

21 — 30 балл

берилган топшириқ техник ҳужжатлар талабига мувофиқ битта хато билан бажарилди

16 — 20 балл

берилган топшириқ техник ҳужжатлар талабига мувофиқ иккита хато билан бажарилди

11 — 15 балл

берилган топшириқ техник ҳужжатлар талабига мувофиқ учта хато билан бажарилди

6 — 10 балл

берилган топшириқ техник ҳужжатлар талабига мувофиқ тўрт ва ундан ортиқ хатолар билан бажарилди

1 — 5 балл

топшириқ бажарилмади

0 балл

* Номзодлар амалий топшириқни бажариш жараёнида инсон ҳаёти ёки соғлиғига хавф соладиган хатоликка йўл қўйганда, амалий синов жараёнидан четлаштирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарорига
4-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари билимини баҳолаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг (кейинги ўринларда — ўқувчилар) билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш ҳамда назорат қилиш тартибини белгилайди.
2. Ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакалари ўқув режасида кўзда тутилган фан (модул) ва амалиёт дастурларини (кейинги ўринларда — дастурлар) ўзлаштиришнинг ҳақиқий даражасини аниқлаш мақсадида баҳоланади.
3. Ушбу Низом нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади.
4. Ўқувчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш (кейинги ўринларда — ўқувчилар билимини баҳолаш) ва назорат қилишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
фан (модул) ва амалиёт дастурларида белгиланган ўқитиш натижалари бўйича ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини аниқлаш;
ўқув материаллари, амалий топшириқларнинг ўқувчилар томонидан тизимли равишда ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини назорат қилиш ва мониторингини юритиш;
ўқувчиларни мустақил ишлаш, таҳлилий ва ижодий фикрлашга рағбатлантириш;
ўқувчилар билимини таққослаш орқали таълим жараёнида ўзаро рақобат муҳитини яратиш.
5. Ўқувчиларнинг барча турдаги ўқув машғулотлари (назарий, амалий, лаборатория иши ва бошқалар), мустақил таълим топшириқлари, якуний давлат аттестацияси, ўқув ҳамда ишлаб чиқариш ва дипломолди (квалификация) амалиётлари бўйича билими ушбу Низомга мувофиқ баҳоланади.
6. Ўқувчилар билимини баҳолашда адолатлилик, ҳолислик, аниқлик, ҳаққонийлик, ишончлилик тамойилларига асосланади.
7. Ўқув йилининг бошида касбий таълим ташкилоти ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталари (кейинги ўринларда — педагог) томонидан ўқувчилар ушбу Низом талаблари билан таништирилиши лозим.
2-боб. Назорат турлари ва баҳолаш мезонлари
8. Касбий таълим ташкилотларида ўқувчилар билимини баҳолаш ва назорат қилиш қуйидагиларни ўтказиш орқали амалга оширилади:
жорий баҳолаш — ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан ўтказилаётган машғулотлар давомида ўқувчилар билимини турли усуллар — фан (модул) ва амалий машғулотлар бўйича ёзма иш, оғзаки сўров, тест, мунозаралар ўтказиш, мустақил ва амалий топшириқларни текшириш орқали баҳолаш;
оралиқ назорат — семестр давомида фан (модул) дастурининг муайян бир бўлими (қисми) тугаллангандан кейин ўқувчининг билим ва кўникмаларини баҳолаш;
якуний назорат — семестр якунида, фан (модул) ёки амалиёт дастури бўйича ўқувчининг ўқитиш натижаларига эришиш даражасини аниқлаш.
Жорий баҳолаш, оралиқ ва якуний назоратларнинг топшириқлари тегишли дастурлар талабларидан келиб чиқиб тузилади.
Назорат топшириқлари ўтилган мавзулар доирасида бўлиши ва жараёнларнинг давомийлиги топшириқларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб 2 — 12 академик соатни ташкил этиши мумкин.
9. Ўқувчиларнинг билими қуйидаги мезонлар асосида 5 балли баҳолаш тизимида баҳоланади:
а) умумтаълим, табиий ва гуманитар фанлар бўйича:
ўқувчи мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 5 балл;
ўқувчи мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 4 балл;
ўқувчи олган билимини амалда қўллай олади, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 3 балл;
ўқувчи фан дастурини ўзлаштирмаган, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунмайди ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда — 2 балл;
б) касбий фан (модул)лар бўйича:
ўқувчи касбий вазиятни комплекс баҳолайди, муқобил ечимларни солиштиради ва уларнинг самарадорлигини асослайди, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник талаблар ҳамда амалий шароитларни инобатга олган ҳолда оптимал ечимни мустақил ишлаб чиқади ёки мавжуд ечимни такомиллаштиради — 5 балл;
ўқувчи берилган касбий вазиятни таҳлил қила олади, ундаги элементлар ва жараёнлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлайди ҳамда меъёрий талаблар асосида асосланган хулоса чиқаради. Топшириқларни мустақил бажаради, техник жиҳатдан тўғри ва мантиқан изчил ечим таклиф этади — 4 балл;
ўқувчи касбий фаолиятга оид тушунча, меъёр ва усулларнинг мазмунини англайди ҳамда уларни стандарт вазиятларда амалиётда қўллай олади. Топшириқларни намунавий кўрсатмалар асосида бажаради, бироқ мураккаб ёки ностандарт вазиятларда мустақил қарор қабул қилишда етарли даражада барқарорлик намоён эта олмайди — 3 балл;
касбий фаолиятга оид асосий тушунчалар, турлар, меъёрлар, усуллар ва техник ҳужжатларни санаб бера олади (ёки таърифлай олади), бироқ уларнинг мазмуни, қўлланиши ва амалий аҳамиятини тушунтириб бера олмайди ҳамда мустақил қўллай олмайди — 2 балл.
10. Ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш (квалификация) амалиётлари бўйича билими қуйидаги мезонлар асосида 5 балли тизимида баҳоланади:
ўқувчи белгиланган топшириқни назарий билади, иш ўринларини тўғри ташкил қила олади, иш ўринларини ташкил қилишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ўлчов ва ишлов бериш асбоб-ускуналаридан тўғри фойдалана олади, вақт меъёрларига амал қилган ҳолда сифатли ва мустақил бажара олади деб топилганда — 5 балл;
ўқувчи белгиланган топшириқни назарий билади, иш ўринларини тўғри ташкил қила олади, иш ўринларини ташкил қилишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда бажара олади, аммо ўлчов ва ишлов бериш асбоб-ускуналаридан фойдаланишда, вақт меъёрларида хатоликларга йўл қўйган ҳолда бажарди деб топилганда — 4 балл;
ўқувчи белгиланган топшириқни назарий билади, аммо иш ўринларини тўғри ташкил қилишда, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилишда, ўлчов ва ишлов бериш асбоб-ускуналаридан фойдаланишда хатоликларга йўл қўйди, вақт меъёрларига амал қилмади деб топилганда — 3 балл;
ўқувчи ўқув амалиёти дастурини ўзлаштирмаган, амалиёт машғулотининг 40 фоизи ёки ундан кўп қисмида иштирок этмаган, амалиёт ҳисоботларини топширмаган ҳамда амалиёт (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда — 2 балл.
3-боб. Ўқувчилар билимини баҳолаш тартиби
11. Жорий баҳолашда ўқув машғулотлари жараёнида ўқувчининг амалий, лаборатория машғулотлари ва мустақил таълим топшириқларини бажариши, шунингдек, унинг ушбу машғулотлардаги фаоллиги педагог томонидан баҳолаб борилади.
Ўқувчининг машғулот давомидаги ижодий фаоллиги (танқидий ва конструктив фикрлаш, масала ечимига креатив ёндашуви ва бошқалар) педагог томонидан ўқувчининг жорий баҳосига қўшимча балл беришига асос бўлади.
Педагог машғулот жараёнида баҳоланувчи ўқувчилар сонини, баҳолаш шаклларини ва даврийлигини мустақил равишда ёки таълим дастурларига мувофиқ белгилайди.
12. Оралиқ назорат семестр давомида ҳар бир фан (модул)нинг хусусияти ва ҳажмидан келиб чиқиб, дарс жараёнлари давомида ўтказилиши мумкин.
Бунда семестр давомида ҳафтасига 2 академик соатдан кам бўлган фан (модул)лар бўйича оралиқ назорат ўтказилмайди. Оралиқ назоратни ўтказиш шакли ва муддати фан (модул)нинг хусусияти ва ажратилган соатлардан келиб чиқиб, касбий таълим ташкилоти томонидан белгиланади.
13. Оралиқ назоратни ўтказиш ва мазкур назорат бўйича ўқувчининг билимини баҳолаш тегишли фан (модул)лар бўйича ўқув машғулотларини олиб борган педагог томонидан амалга оширилади.
14. Якуний назорат семестр якунида ўтказилади, унинг ўтказиш шакли (ёзма иш, тест, амалий топшириқ, кейс, лойиҳа ёки бошқа баҳолаш шакллар) ва муддати касбий таълим ташкилоти директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан белгиланади.
15. Якуний назоратда ўқувчининг билими ўқув машғулотларини олиб бормаган педагоглар томонидан баҳоланади.
Якуний назорат махсус компьютер дастурий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин. Тегишли фан (модул)лар бўйича ўқув машғулотларини олиб борган педагог якуний назоратни ўтказишда иштирок этмайди.
Якуний назоратни ўтказган педагог баҳолаш натижалари юзасидан маълумотнома тайёрлаб, тасдиқлаган ҳолда директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарига тақдим этади.
16. Касбий таълим ташкилотида фан (модул)лар бўйича 1 нафар педагог мавжуд бўлганда, якуний назорат турдош фан (модул)лар педагоги томонидан ўтказилади.
17. Тегишли фанлар бўйича белгиланган минимал даражадаги (чет тилидан камида B2 ва бошқа фанлардан унга тенглаштирилган даражадаги) миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган, шунингдек, республика ёхуд халқаро миқёсидаги касбий танлов ва олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар якуний назорат синовларидан озод этилади ҳамда уларга мазкур назорат тури бўйича энг юқори балл қўйилади.
18. Оралиқ ва якуний назоратни ўтказиш муддатлари назорат бошланишидан камида бир ҳафта олдин касбий таълим ташкилотининг веб-сайтида ёки бинонинг алоҳида ажратилган жойларида эълон қилинади.
Назорат топшириқлари тўплами (қайта топшириш учун ҳам) олдиндан ўқувчиларга етказилади (тест топшириқлари бундан мустасно).
19. Оралиқ ва якуний назорат топшириқлари педагоглар томонидан ишлаб чиқилади ва касбий таълим ташкилоти директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланади.
20. Оралиқ ва якуний назорати жараёнида ўқувчи томонидан уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу каби воситалардан фойдаланилаётгани аниқланса, у синовдан четлаштирилади ҳамда мазкур назорат тури бўйича 2 балл билан баҳоланади.
21. Касбий таълим ташкилотида оралиқ ва якуний назоратни ўтказиш жараёни директорнинг ўқув ишлари бўйича ҳамда ишлаб чиқариш таълим бўйича ўринбосарлари томонидан доимий равишда ўрганиб борилади.
Бунда назорат турларини ўтказиш тартиби бузилгани аниқланган ҳолларда, ўтказилган назорат турларининг натижалари бекор қилиниши ҳамда тегишли назорат тури қайтадан ўтказилиши мумкин.
22. Якуний назоратдан умумий ҳисобда ўқувчиларнинг 40 фоизидан кўпи 3 баллдан паст натижа кўрсатганда, касбий таълим ташкилоти томонидан педагогнинг ўқувчилар билан ишлаш фаолиятининг самарадорлиги ўрганиб чиқилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
23. Ўқувчи тегишли фан (модул)лар бўйича якуний назорат ўтказиладиган муддатга қадар оралиқ назоратни топширган бўлиши шарт.
Оралиқ назорат натижаси бўйича 3 баллдан кам баҳоланган ўқувчига якуний назорат ўтказиладиган муддатга қадар оралиқ назоратни қайта топширишга рухсат берилади.
Оралиқ назоратни топширмаган ёки ушбу назоратни қайта топшириш натижасига кўра 3 баллдан кам баҳоланган ўқувчи якуний назоратга қўйилмайди.
Якуний назоратга кирмаган ёки қўйилмаган, шунингдек, ушбу назорат бўйича 3 баллдан кам баҳоланган ўқувчи академик қарздор ҳисобланади.
24. Ўқувчи узрли сабабларга кўра оралиқ ва (ёки) якуний назоратда қатнашмаган тақдирда, касбий таълим ташкилоти буйруғи билан ушбу ўқувчига тегишли назоратни 5 иш куни муддатда қайта топширишга рухсат берилади.
25. Бир кунда биттадан ортиқ фан (модул)лар бўйича якуний назорат ўтказилишига йўл қўйилмайди. Фан (модул)лар бўйича якуний назоратларни ўтказиш камида бир кун оралиғида белгиланиши лозим.
26. Таълим дастурлари бўйича камида 3 та фан (модул)дан академик қарздорликка эга ўқувчиларга тасдиқланган жадвал асосида семестр якунида ўн беш кун муддатда қайта топшириш имконияти берилади.
27. Битирувчи курс ўқувчиларига ўқув йилининг сўнгги семестр натижалари бўйича ўзлаштирмаган фан (модул)лардан қайта топшириш учун якуний давлат аттестацияси бошлангунга қадар рухсат берилади.
28. Ўқувчига оралиқ ва(ёки) якуний назоратни қайта топшириш учун берилган муддат давомида ўқувчи томонидан қайта топширишлар сони икки мартадан кўп бўлмаслиги керак.
29. Иккинчи марта оралиқ ва(ёки) якуний назорат турини ўтказиш ва ўқувчини баҳолаш касбий таълим ташкилоти томонидан ташкил қилинган комиссия томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркиби фан (модул), амалиёт бўйича ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими устаси ҳамда соҳа мутахассислари орасидан шакллантирилади.
30. Таълим дастурлари бўйича академик қарздорликка эга, шунингдек, ишлаб чиқариш ёки квалификация амалиётидан ўтмаган ўқувчиларни курсда қолдириш ёки ўқишдан четлаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
31. Якуний назорат натижасидан норози бўлган ўқувчилар касбий таълим ташкилоти буйруғи асосида ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.
32. Апелляция комиссияси таркибига ўқувчини баҳолашда иштирок этмаган тегишли фан (модул) ва амалиётлар ўқитувчилари ёки ишлаб чиқариш таълими усталари орасидан комиссия раиси ва камида тўрт нафар аъзо киритилади. Апелляция комиссияси таркибига ўқувчини баҳолашда иштирок этган педагоглар киритилмайди.
33. Ўқувчи (вояга етмаган ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан апелляция шикояти баҳолаш натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб уч иш куни давомида берилиши мумкин.
Апелляция шикояти Апелляция комиссияси томонидан уч иш кун ичида кўриб чиқилиши лозим.
34. Ўқувчининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида ўқувчи (вояга етмаган ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) иштирок этиш ҳуқуқига эга.
35. Апелляция комиссияси ўқувчининг апелляция шикоятини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади. Қарорда ўқувчининг тегишли фан (модул)ларни ўзлаштиргани ёки ўзлаштира олмагани кўрсатилади.
Апелляция комиссиясининг қарори уч иш куни ичида ўқувчига юборилади.
4-боб. Баҳолаш натижаларини қайд қилиш
36. Ҳар бир баҳолаш ва назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, 5 балли («5», «4», «3», «2») тизимда бутун сонлар орқали баҳоланади.
37. Муайян фан (модул) бўйича ўқувчининг семестр мобайнида тўплаши мумкин бўлган умумий балли (Усем) қуйидагича ҳисобланади ва бутун сонга яхлитланади:
Усем = (ЖБ+ОН+ЯН) / 3,
бунда:
ЖБ — ўқувчининг семестр давомидаги жорий баҳолашда тўплаган балларининг бутун сонга яхлитланган ўртача қиймати;
ОН — ўқувчининг семестр давомида оралиқ назоратларда тўплаган балларининг бутун сонга яхлитланган ўртача қиймати;
ЯН — ўқувчининг якуний назоратда олган балли.
Агар муайян фан (модул) бўйича семестр мобайнида оралиқ назорат ўтказилмаса, у ҳолда Усем қуйидагича аниқланади:
Усем = (ЖБ+ЯН) / 2.
38. Муайян фан (модул) ёки амалиёт бўйича ўқувчининг умумий балли (У) сифатида унинг семестрларда тўпланган умумий балларининг бутун сонга яхлитланган ўртача қиймати олинади:
У = (У1-сем + ... + Ун-сем) / н,
бунда н — фан (модул) бўйича машғулотлар олиб борилган семестрлар сони.
Тегишли фан (модул) бўйича машғулотлар фақат бир семестрга мўлжалланган бўлса, у ҳолда умумий балл (У) сифатида Усем қабул қилинади.
39. Ўқувчилар билимини баҳолаш натижалари тегишли фан (модул)лар бўйича педагоглар томонидан ўқув (электрон) журналида (кейинги ўринларда — электрон журнал) қайд этиб борилади.
Педагоглар электрон журналда ўқувчига қўйилган балларни шу куннинг ўзида қайд этиб боради.
Агар ўқувчининг билимини баҳолаш ёзма шаклда ўтказилган бўлса, бунда педагог ўқувчиларнинг натижаларини уч кундан кўп бўлмаган муддатда электрон журналда қайд этиши лозим.
Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари фан (модул)лар бўйича ўқувчиларнинг якуний назорат баҳоларини электрон журналга киритиш учун фан (модул) бўйича ўқув машғулотларини олиб борган педагогларга тақдим этади.
40. Ўқувчи назорат ўтказилган вақтда узрли сабабларсиз қатнашмаган, шунингдек, назорат синовидан четлаштирилган ҳолларда электрон журналга «0» белгиси ёзиб қўйилади.
«0» белгиси баҳо ҳисобланмайди ва ўқувчининг тегишли назорат турида иштирок этмаганлигини билдиради.
41. Электрон журналнинг ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ юритилиши, шунингдек, ундаги баҳо ва бошқа маълумотларга асоссиз ўзгартиришлар киритилмаслиги учун касбий таълим ташкилоти директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари масъул ҳисобланади.
42. Семестр якуни бўйича ўқувчилар билимини баҳолаш натижалари касбий таълим ташкилоти педагогик кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама этилади ва тегишли қарорлар қабул қилинади.
Ўқувчиларнинг фан (модул)лардан семестр якуни бўйича баҳолаш натижалари касбий таълим ташкилотининг веб-сайтида ёки таълим ташкилотида ажратилган алоҳида жойларда ёритиб борилади.
43. Ўзбекистон Республикасининг касбий таълим ташкилотларидаги ўқувчилар билимини баҳолаш тизимини илғор хорижий давлатлар касбий таълим тизимида қўлланадиган баҳолаш тизимига қиёслаш ушбу Низомга иловага мувофиқ амалга оширилади.
44. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг касбий таълим ташкилотида амалга ошириладиган ўқув машғулотлари қисми ушбу Низом талабларига мувофиқ баҳоланади ҳамда электрон журналда қайд этилади.
Таълим жараёнининг ишлаб чиқариш ташкилотида амалга ошириладиган амалий қисми бўйича баҳолаш натижалари иш берувчи томонидан белгиланган масъул шахс иштирокида дуал таълим ўқувчиси кундалигида қайд этилади.
Дуал таълим ўқувчисининг кундалигидаги баҳолаш натижалари тегишли фан (модул) ёки амалиёт бўйича якуний баҳони шакллантиришда инобатга олиниши мумкин.
45. Касбий таълим ташкилотларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизими жорий этилган ҳолларда ҳар бир фан (модул) бўйича ўқувчининг эришган умумий балли ўқувчининг касбий таълим дастури бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати (GPА)ни ҳисоблашда, шунингдек, транскриптни шакллантиришда қўлланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
46. Якуний назорат бўйича баҳолашга тегишли ҳужжатлар касбий таълим ташкилотларида сақланади ва таълим дастури тўлиқ якунлангандан уч йил ўтиб белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
47. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари билимини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Касбий таълимда ўқувчилар ўзлаштиришини баҳолаш тизимларини қиёсий таққослаш
ЖАДВАЛИ

Ўзбекистон тизими (балл)

Россия тизими (MDU)

Европа кредит трансфер тизими (ECTS — European Credit Transfer System)

Америка тизими (A — F)

Британия тизими (%)

Япония тизими (%)

Корея тизими (%)

Германия тизими

100 балли

6 балли

«5»

«5»

«A»

«A+»

70 — 100

80 — 100

90 — 100

92 — 100

1

«A»

«A-»

65 — 69

«4»

«4»

«B»

«B+»

60 — 64

70 — 79

80 — 89

81 —  91

2

«C»

«B»

50 — 59

«B-»

«3»

«3»

«D»

«C+»

45 — 49

60 — 69

70 — 79

67 — 80

3

«E»

«C»

40 — 44

«C-»

«D+»

60 — 69

50 — 66

4

«D»

«D-»

30 — 49

5

«2»

«2»

«FX»

«F»

0 — 39

0 — 59

0 — 59

«F»

0 — 29

6

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 декабрдаги 836-сон қарори билан тасдиқланган Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Халқаро ва қўшма таълим дастурлари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси техникум ва хорижий ташкилот келишувига мувофиқ белгиланган давлатда ташкил қилинади. Бунда иккинчи томон вакиллари якуний давлат аттестациясига офлайн ёки онлайн шаклда иштирок этишлари мумкин.».
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарори билан тасдиқланган «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 3-банд иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«амалиёт устози — танлов иштирокчиларини танловда иштирок этишга тайёрлаш учун бириктирилган устоз;».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 апрелдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тўғрисидаги низомнинг 11-банди 4-кичик бандида:
а) иккинчи хатбошидаги «барча техникумлар учун мажбурий бўлган» сўзларидан кейин «давлат таълим стандарти,» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«давлат таълим стандартларининг ишлаб чиқилишини таъминлайди ва уларни тасдиқлайди, шунингдек, малака талаблари ҳамда улар асосида таълимнинг барча турлари бўйича ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурларини экспертизадан ўтказади;».
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 7 августдаги 466-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 11 ноябрдаги 715-сон қарори.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 июндаги 345-сон қарорига 3-илованинг 52-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сон қарорига 3-илованинг 21-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 505, 873 ва 942-бандлари.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида «IT-visa» жорий этилганлиги ҳамда алоқа объектлари давлат кадастрини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 15 апрелдаги 191-сон қарорига илованинг 6-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2022 йил 9 августдаги 438-сон қарорига 1-илованинг 54-банди.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 декабрдаги 731-сон қарорига 8-илованинг 11-банди.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Профессионал таълим муассасаларига йил давомида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2023 йил 7 декабрдаги 647-сон қарорига илованинг 1-банди.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Профессионал таълимда кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 7 декабрдаги 648-сон қарорига 2-илованинг 1-банди.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига 5-илованинг 4-банди.
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сон қарорига 1-илованинг 38-банди.
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 29 январдаги 35-сон қарорига 8-илованинг 28-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2026 й., 09/26/526/0994-сон)