Ҳужжат кучини йўқотган " " 08.08.2021
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 10 декабрда 1290-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 2 апрелдаги 5/10-сонли «Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 3300, 07.05.2021 й.) асосан 2021 йил 8 августдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 50-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 17 сентябрдаги 402-сон «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ломбардларни рўйхатдан ўтказиш ва улар фаолиятини лицензиялаш масалалари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси вазифасини вақтинча бажарувчи М.Р. ЖУМАГАЛДИЕВ
Тошкент ш.,
2003 йил 22 сентябрь,
23/4-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан 2003 йил 22 сентябрдаги 23/4-сон қарор билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 17 сентябрдаги 402-сон «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ломбардларни рўйхатдан ўтказиш ва улар фаолиятини лицензиялаш масалалари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, фуқароларга қисқа муддатли кредитлар бериш ва мол-мулкни сақлашга қабул қилиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ломбардлар шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни заклад шаклида гаровга қабул қилиб, фуқароларга қисқа муддатли (уч ойдан ошмаган муддатга) кредитлар беради.
Ломбардлар тижорат банкларидан кредитлар, юридик шахслардан ва жисмоний шахс-таъсисчилардан қарз маблағларини жалб этишга ҳақли. Бунда, жами жалб этилган маблағлар ҳажми (қолдиқ) ҳақиқатда шакллантирилган Устав фонди миқдоридан ошмаслиги керак.
2. Ломбардлар шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни сақлашга қабул қилишга ҳақли.
3. Ломбард ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган ломбард фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширишга ҳақли.
Ломбард қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни қонунчиликда белгиланган тартибда бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси асосида амалга оширишга ҳақли.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 14 сентябрдаги 22/8-сонли қарори (рўйхат рақами 1290-3, 03.10.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.10.2019 й., 10/19/1290-3/3853-сон)
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан амалга ошириладиган ишларнинг хусусиятлари қонунчилик билан белгиланади.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 14 сентябрдаги 22/8-сонли қарори (рўйхат рақами 1290-3, 03.10.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.10.2019 й., 10/19/1290-3/3853-сон)
4. Ломбард, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат тақдим этилганда, фуқаролар билан шартномалар тузади.
Ломбард, зарур бўлган ҳолларда, гаровга ёки сақлашга топширилаётган мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки бошқа далилларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
5. Ломбард томонидан гаровга ёки сақлаш учун мол-мулкни қабул қилиш, шунингдек, гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратиш Фуқаролик кодекси ва «Гаров тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади.
Ломбард томонидан қабул қилинган мол-мулк, ломбардга тегишли бўлган барча тўловлар қопланганидан сўнг эгасига қайтарилиши мумкин.
6. Ломбарддан ашёларни олиш ҳуқуқини бошқа шахсларга топшириш, фақат мулк эгасининг ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ишончномасидан бошқасига рухсат этилмайди.
7. Ломбард гаровга ёки сақловга қўйилган ашёлардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга ҳақли эмас.
Гаровга ёки сақлаш учун топширилган мол-мулк йўқолганда, агар йўқотиш енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, ломбард гаров паттаси ёки сақлаш паттасида кўрсатилган нарх бўйича унинг қийматини мол-мулк эгасига қайтариши шарт.
Гаровга ёки сақлаш учун топширилган мол-мулкка зарар етказилган ҳолда, агар етказилган зарар енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, ломбард мол-мулк эгасига, томонлар келишувига кўра, мулкий зарарни гаров паттаси ёки сақлаш паттасида кўрсатилган мол-мулк нархидан ошмаган қийматда тўлаши шарт.
8. Ломбард операцияларни ушбу Қоидалар, операцияларни ўтказиш умумий шартлари тўғрисидаги қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ амалга оширади.
Операциялар ўтказилишининг умумий шартлари тўғрисидаги қоидалар ломбарднинг юқори бошқарув органи томонидан ушбу Қоидалар асосида тасдиқланган бўлиши ва қуйидаги маълумот ҳамда тартибларни ўз ичига олиши керак:
бериладиган кредитларнинг чегараланган суммаси ва муддатлари;
бериладиган кредитлар бўйича ҳақ ставкаларининг чегараланган миқдори;
кредитлар бўйича ҳақ олиш шартлари;
ломбард томонидан олинадиган таъминотга талаблар;
мол-мулкни сақлашга қабул қилиш қоидалари;
кўрсатиладиган хизматлар учун ставкалар ва тарифлар;
ломбард ва унинг мижозларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги вужудга келиши шартлари;
гаровга берувчи гаров паттасини йўқотганида, дубликат бериш тартиби;
ломбарднинг юқори бошқарув органи операциялар ўтказиш умумий шартларига киритилиши зарур деб ҳисоблаган бошқа шартлар, талаблар ва чеклашлар.
81. Ломбард томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тариф ва нархлар фақат миллий валютада белгиланади.
9. Операцияларни ўтказишнинг умумий шартлари очиқ маълумотлар ҳисобланади ва улар тижорат сири предмети бўлиши мумкин эмас. Операциялар ўтказишнинг умумий шартлари тўғрисидаги қоидалар ломбарднинг мижозлари учун қулай ва кўринарли жойга ўрнатилиши керак.
10. Ломбарднинг ички қоидалари ломбарднинг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланиши ва қуйидагилар белгиланиши лозим:
ломбарднинг тузилиши, унинг вазифалари, функциялари ва ваколатлари;
раҳбар ва бош бухгалтернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
ломбарднинг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ломбард номидан ва унинг ҳисобидан битимларни амалга оширишдаги ваколатлари.
II. Кредитларни расмийлаштириш ва бериш тартиби
11. Гаров асосида кредитнинг берилиши ломбард билан фуқаро ўртасида тузиладиган кредит шартномаси ва гаров шартномаси асосида амалга оширилади.
Ломбардда мол-мулклар гаровга қўйилиши тўғрисидаги шартнома ломбард томонидан 1-иловада келтирилган шакл бўйича гаров паттасининг берилиши билан расмийлаштирилади.
12. Ломбард ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулкни гаровга қабул қилишга ҳақли эмас.
13. Бир шахсга берилиши мумкин бўлган кредитлар суммаси ва сони, уларнинг бериладиган муддатлари, шунингдек, кредитлардан фойдаланиш учун тўловлар ҳажми томонларнинг келишувига асосан белгиланади.
14. Кредит олиш учун ломбардга гаровга топшириладиган мол-мулк томонлар келишувига асосан баҳоланади.
15. Ломбард қуйидагиларни бажариши шарт:
гаров нарсасини сақлаш учун чоралар кўриши;
гаров нарсаси йўқолиши хавф-хатари пайдо бўлганлиги ёки шикаст етказилганлиги тўғрисида гаровга қўювчига дарҳол хабар бериши;
кредит шартномасининг шартлари гаровга қўювчи ёки учинчи шахс томонидан бажарилганида, гаров нарсасини дарҳол қайтариши;
гаровга қабул қилинган ашёларни гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёларнинг нархларига мос баҳодаги тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан гаровга қўювчи фойдасига суғурталаши;
гаровга қўювчининг талабига асосан кредит шартномасидан келиб чиққан мажбуриятларнинг гаровга қўювчи ёки учинчи шахс томонидан қисман ёки тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи маълумотнома бериши.
16. Ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммаси белгиланган муддатда қайтариб берилмаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзуви асосида имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш учун белгилаб қўйилган тартибда ушбу мол-мулкни сотишга ҳақли.
Шундан кейин ҳатто гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма талабларни тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса ҳам, ломбарднинг гаровга қўювчига (қарздорга) талаблари бекор бўлади.
17. Гаровга қўйилган ашёларни сотишдан тушган сумма, агар шартномада бошқа ҳоллар кўзда тутилмаган бўлса, кредит, кредит бўйича фоизлар, неустойка, ижро муддати ўтганлиги натижасидаги зарарларни қоплаш, шунингдек, сақлаш ва суғурта учун тўлов, гаровга олинган мол-мулкнинг сотилиши бўйича харажатларни қоплашга қаратилади.
18. Агар гаровга қўйилган мол-мулкнинг сотилишидан тушган сумма ломбарднинг талаблари миқдоридан ошса, тафовути гаровга берувчига тўланади.
19. Ломбарднинг талаблари меъёридан ошган ва гаровга қўйилган мол-мулкнинг сотилиш кунидан уч йил давомида талаб қилиб олинмаган сумма, ломбарднинг ихтиёрида қолади.
III. Ломбард томонидан мол-мулкларни сақлаш учун қабул қилиш тартиби
20. Ломбардга сақлаш учун фуқаролардан шахсий истеъмол учун мўлжалланган кўчар мол-мулклар (ашёлар) қабул қилиниши мумкин. Ломбардда ашёларни сақлаш шартномаси ломбард томонидан юк топширувчи (мижоз)га 2-сон иловага мувофиқ шакл бўйича эгасининг номи ёзилган сақлов паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.
21. Ломбардга топшириладиган ашё тарафларнинг келишуви билан сақлаш учун қабул қилиш пайтида ва жойида одатда савдода шу турдаги ва сифатдаги ашёга белгиланадиган нархларга мувофиқ баҳоланиши керак.
Ломбард сақлашга қабул қилган ашёларни уларнинг тўлиқ баҳоланадиган суммасида мижоз фойдасига ўз ҳисобидан суғурталаши шарт.
22. Агар, мижоз тез алангаланадиган, портлаш хавфи бўлган ёки ўзи табиатан хавфли ашёларни сақлашга топшириш вақтида уларнинг хусусиятлари тўғрисида ломбардни огоҳлантирмаган бўлса, ломбард ашёларни топширган мижозга кўрилган зарарларини қопламаган ҳолда, уларни хоҳлаган вақтда хавфсизлантириш ёки йўқ қилиши мумкин. Мижоз ломбардга ва учинчи шахсларга ушбу ашёларни сақлаш натижасида етказилган зарарларни қоплашга жавобгардир.
23. Мижоз ашёни қайтариб олишдан бош тортган ҳолатда, ломбард ушбу ашёларни уч ой муддат ичида сақлаши керак. Уч ой ўтгандан сўнг талаб қилиб олинмаган ашёларни ломбард мазкур Қоидаларнинг 16- бандида ўрнатилган тартибда сотиши мумкин.
Ашёлар сотувидан тушган суммадан сақлаш бўйича ва ломбардга тегишли бошқа тўловлар қопланади. Қолган сумма сақлов паттасини эгасига, уни тақдим қилганда, ломбард томонидан қайтариб берилади.
IV. Ломбарднинг қонунчилик талабларини бузганлиги учун жавобгарлиги
24. Марказий банк ломбардлар фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартиб ва асосларга кўра текшириши мумкин. Ломбардлар Марказий банк ваколатли вакилларининг қонуний талабига кўра текшириш учун зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиши, уларни текширув объектларига кириб-чиқишларини таъминлаши, уларнинг мажбуриятлари ижросида амалий ёрдам кўрсатиши шарт.
Марказий банкнинг ваколатли вакиллари текшириш жараёнида олинган ломбард фаолиятига оид тижорат сири ва бошқа сир бўлган маълумотларини ошкор этганлиги учун жавобгар бўлади.
25. Ломбардлар ушбу Қоидалар талабларини бажармаганликлари учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларига
1-сонли ИЛОВА

____________________________
‎(ломбарднинг номи)

‎‎____________________________
‎(ломбарднинг манзили)

____- сонли гаров паттаси

1. Гаров берувчининг Ф.И.Ш, ________________________________________________________________________‎‎
2. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ______________________________________‎_________________________________
3. Турар жойи ____________________________________________________________________________________
4. Ломбард кредит берган сана _______________________________________‎________________________________
‎‎5. Кредитнинг суммаси _____________________________________________________________________________
‎‎6. Кредитни қайтариш санаси_________________________________________________________________________
‎‎7. Гаровга қўйилган мулк номи ва тавсифи _____________________________________________________________
‎‎8. Гаровнинг баҳоланган суммаси ____________________________________________________________________

‎‎(сўз ва рақамлар билан)

9. Гаровнинг муддати ___________________________________________‎‎___________________________________

‎‎Гаров мол-мулки ломбардга эгалик қилиш учун топширилади.
‎Ломбард гаров мол-мулкидан фойдаланиш, бошқа шахсга беришга, учинчи шахсларга ижарага ёки текинга фойдаланишга бериш, ёки, гаров мол-мулкини бошқа кўринишда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмас.
‎Гаровнинг мол-мулкини навбатдаги гаровга қўйиш тақиқланади.
‎Гаровнинг мол-мулки гаровга қўювчининг ва/ёки унинг оила аъзоларининг нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган мол-мулк бўла олмайди.
‎Ломбардда гаров мол-мулки билан таъминланган кредит суммаси белгиланган вақтда қопланмаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзувига асосан ушбу мол-мулкни мустақил равишда ундиришга қаратиш ҳуқуқига эга.

Бошқа шартлар ___________________________________________________________________________________
‎________________________________________________________________________________________________
‎________________________________________________________________________________________________
‎‎Ушбу гаров паттаси 2-нусхада тузилган
Қабул қилувчи ____________________‎‎______ Гаров паттаси шартлари билан танишдим ва

(фамилия, имзо)

бир нусхасини олдим.
‎‎Гаровга қўювчи ________________________
‎‎Ломбарднинг муҳри

‎‎(имзо)

Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларига
2-сонли ИЛОВА

______________________________________(ломбарднинг номи)

______________________________________(ломбарднинг манзили)

____-сонли сақлов паттаси

1. Юк қўювчининг Ф.И.Ш.___________________________________________________________________________
2. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат _______________________________________________________________________
‎‎3. Турар жойи ____________________________________________________________________________________
4. Ашё номи ва унинг тавсифи _______________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________________
‎‎5. Ашёнинг баҳоланган суммаси ______________________________________________________________________

(сўз ва рақамлар билан)

6. Сақлаш жойи ва усули ____________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________________
7. Сақлашга қабул қилинган сана ______________________________________________________________________
8. Сақлаш муддати _________________________________________________________________________________
‎9. Сақлаш учун ҳақ суммаси _________________________________________________________________________

Сақлаш учун топширилган ашёдан уни эгасининг розилигисиз фойдаланишга ва уни тасарруф этишга ломбард ҳақли эмас (ашёнинг сақланишини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳоллари, бундан мустасно).
‎Ломбард сақлаш учун қабул қилинган ашёлар йўқолишига, етишмаслигига ёки ашёнинг зарарланишига жавобгардир.
‎Ломбард сақлаш учун қабул қилинган ашёларни уларнинг тўлиқ баҳоланган нархида ўз ҳисобидан юк қўювчининг фойдасига суғурталаши шарт.
‎Ломбард, юк қўювчининг талабига кўра, сақлашга қўйилган ашёни зудлик билан қайтариши шарт.
‎Бундай ҳолда, мажбурият олдиндан тўхтатилиши муносабати билан, ломбардга етказилган зарарларни юк қўювчи қоплаши шарт.
‎Юк қўювчи ашёни олишдан бош тортса, агар сақлаш шартномасида бошқача тартиб кўзда тутилган бўлмаса, ломбард ашёни мустақил равишда сотиш ҳуқуқига эга, ашёнинг қиймати белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридан ошган ҳолда эса, қонунчиликда белгиланган тартибда сотишга ҳақли.

Бошқа шартлар: ___________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________________

Ушбу сақлов паттаси 2-нусхада тузилган

Қабул қилувчи__________________________ Юк қўювчи ___________________________

(фамилияси , имзоси)‎‎

(имзоси)‎

‎‎Ломбарднинг муҳри
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 14 сентябрдаги 22/8-сонли қарори (рўйхат рақами 1290-3, 03.10.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.10.2019 й., 10/19/1290-3/3853-сон)