|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 14.03.2018
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АСОСИЙ ҚИЙМАТ ВА МОДДИЙ БАЛАНСЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 мартдаги 197-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида» 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларини асослаш даражасини ошириш, иқтисодиётнинг мувозанатлилигини кўтариш, моддий, молиявий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Асосий қиймат ва моддий балансларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларини ва республика Давлат бюджетини шакллантиришнинг мажбурий таркибий қисми деб ҳисоблансин.
Белгилансинки, тасдиқланган балансларни бажариш асосий прогноз параметрларига эришишни таъминлаш устидан жорий назорат қилиш ва макроиқтисодий мутаносибликлар ва кўрсаткичлар ўзгариши тамойилларини баҳолашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
2. Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнози таркибида вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, компаниялар ва ҳудудий бошқарув органлари томонидан ишлаб чиқиладиган баланслар ва йиғма макроиқтисодий параметрлар рўйхати, уларни тасдиқлаш тартиби ва муддатлари 1, 1.1 ва 1.2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1, 1.1, 1.2, 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. Асосий қиймат ва моддий балансларни ишлаб чиқиш учун бошланғич материалларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
4. Вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, компаниялар, бирлашмалар ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларга кейинчалик умумлаштириш, ўрганиб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш учун 1, 1.1 ва 1.2-иловаларда кўрсатилган муддатларда балансларнинг тасдиқланган параметрлари бажарилиши тўғрисидаги ахборотни тақдим этсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 19 август,
355-сон