Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ЖОЙЛАШГАН ДАРЁ ФЛОТИ БЎЛИНМАЛАРИНИ БОШҚАРИШ ТУЗИЛМАСИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ва Вазирлар Маҳкамасининг «Иттифоқ тасарруфида бўлган бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларни Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ва мулкига ўтказишга доир ишларни ташкил этиш тўғрисида» 1992 йил 22 январдаги 25-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Амударёда юк ташишни ташкил этиш, дарё флоти бўлинмалари фаолиятини оператив бошқарувни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси акваторийси ҳамда ҳудудида жойлашган дарё флотининг қуйидаги бўлинмалари «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси ихтиёрига ўтказилсин:
Термиз дарё порти;
Термиз агентлиги;
йўлнинг Термиз участкаси;
Шарлаук пристани ҳамда унга қарашли Беруний ва Тўрткўл пристанлари Тўрткўл — Хонқа, Чалиш — Беруний кемалар тўхташ жойидаги кўприклар билан;
йўлнинг Чалиш участкаси;
Хўжайли кема тузатиш заводи;
Хўжайли пристани ҳамда унга қарашли Қоратоғ, Мўйноқ причаллари Хўжайли — Нукус кемалар тўхташ жойидаги кўприк билан;
йўлнинг Хўжайли участкаси.
2. «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси:
Туркманистон пароходчилиги ҳамда Туркманистон пароходчилиги Ҳавза йўл бошқармаси балансидан сузиш воситаларини 1, 2-иловаларга* мувофиқ қабул қилиб олсин. «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси таркибига киритилаётган дарё флоти корхоналари Уставларини тасдиқласин;
* Иловалар берилмайди.
икки ой муддатда «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси ҳузурида кемачилик регистрини ташкил этиш бўйича таклифлар киритсин;
дарё флоти корхоналари раҳбарлари билан биргаликда 1994 йилнинг 1 июнигача дарё қатнови воситалари, асбоб-ускуналар ва материалларни рўйхатга ҳамда ҳисобга олишни амалга оширишни, шунингдек, амалдаги қоидага мувофиқ асосий фондларни қайта баҳолашни таъминласин;
уч ой муддатда «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасига дарё пароходчилиги корхоналари ҳамда «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси фаолияти тўғрисида статистик ҳисобот бўйича таклифлар киритсин;
Давлат мулки қўмитаси ва дарё флоти корхоналари меҳнат жамоалари билан келишган ҳолда 1994 йилнинг 1 июнигача уларнинг мулкини давлат тасарруфидан чиқариш бўйича таклифлар киритсин;
«Ўзавтотранс» давлат корпорацияси бошқаруви марказий аппарати тузилмасига ва унинг уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси билан биргаликда бир ой муддатда дарё йўлининг Термиз, Чалиш ва Хўжайли техник участкаларини маблағ билан таъминлаш бўйича таклифлар киритсин.
4. «Ўздавнефтмаҳсулот» давлат-акционерлик бирлашмаси «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси таркибига киритилаётган дарё флоти бўлинмаларини 1994 ва ундан кейинги йилларда корпорациянинг ҳисоб-китоблари бўйича ёнилғи-мойлаш материаллари ва ёнилғи билан таъминлаш чораларини кўрсин.
5. «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси «Ўзавтотранс» давлат корпорациясининг дарё флоти бўлинмаларининг бир маромда ишлашларини таъминлаш учун 1994 йилда зарур бўлган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи ва бошқа материалларни етказиб бериш юзасидан талабномаларини қабул қилсин.
6. «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси Туркманистон пароходчилиги билан биргаликда Амударё акваторийсида кемалар қатновини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон кема тузатиш заводларида кемаларни тузатишни ташкил этиш ҳамда аҳдлашувчи томонларнинг ҳудудларидан кемачилик воситаларининг қатнови тўғрисидаги битимни ишлаб чиқсин ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. «Ўзавтотранс» давлат корпорациясига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда амалдаги харажатлардан келиб чиққан ҳолда дарё флотида юк ташиш тарифларини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.
8. «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси Миллий хавфсизлик хизмати билан биргаликда дарё флоти кемаларининг Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларидан ўтиши ва қатнови, шунингдек, уларнинг республика ҳудудида бўлиши тартибини ишлаб чиқсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари дарё флоти бўлинмаларини Термиз, Хўжайли ва Урганч ишчилар таъминоти бўлимлари орқали озиқ-овқат билан таъминлашнинг амалдаги тузилмасини сақлаб қолсинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 11 май,
245-сон