ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
Сув хўжалиги соҳасида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Сув фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, тенглик, шаффофлик ҳамда бозор тамойилларига асосланган илғор хорижий тажрибани жорий этган ҳолда сув фонди ерларидан қўшимча иқтисодий самара олиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар Сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари ҳисобидаги сув фонди ерларидан (кейинги ўринларда — сув фонди ерлари) оқилона фойдаланишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгилансин:
(а) 2026-2027 йилларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган 268 минг гектар сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини якунлаш;
(б) 2026-2027 йилларда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 30 минг гектар сув фонди ерларини шаффоф ҳамда бозор тамойилларига асосланган ҳолда ижарага беришни ташкил этиш;
(в) сув фонди ерлари участкаларини сув хўжалиги ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш;
(г) 2027 йил якунига қадар сув фонди ерларида 100 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларга 220 миллиард сўм қўшимча даромад олиш манбаини яратиш.
II. Соҳага бозор механизмларини кенг жорий қилиш
2. Сув фонди ерларини ижарага беришда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Давлат муассасаси) ягона буюртмачи этиб белгилансин. Бунда Давлат муассасаси томонидан сув фонди ерлари қуйидаги йўналишларда ижарага берилади:
(а) сув фонди ерларининг соҳилбўйи минтақаларидан туристик хизматлар ва сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш;
(б) сув фонди ерларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш.
3. Белгилансинки:
(а) тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектлари рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари асосида шакллантирилади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори билан тасдиқланади;
(б) дарё ва сув хўжалиги объектлари ўзанларини тозалашда қирғоқларнинг ювилишига ва яқин ҳудудларнинг сув босишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳамда сув оқимига тўсқинлик қилаётган қум-шағал материаллари қазиб олинишига рухсат этилади;
(в) сув омборлари ва сел-сув омборлари, каналлар, коллекторлар, табиий кўллар ва гидротехника иншоотларини тупроқ материалларидан тозалаш тадбирларига ташаббускор тадбиркорлик субъектларини энг яхши таклифлари асосида тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб қилишга рухсат этилади;
(г) сув омборлари ва сел-сув омборларининг сувдан бўшаган ҳамда тупроқ намлиги сақланган ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида ушбу ерлар ташаббускорларга қисқа муддатга экин экишга Давлат муассасаси томонидан электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилади;
(д) тозаланиши лозим бўлган сув хўжалиги объектининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ушбу соҳадаги ихтисослашган нуфузли лойиҳа ташкилотлари жалб этилади.
III. Давлат назоратини такомиллаштириш
4. Сув хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар сув фонди ерларини ижарага бериш, мониторинг қилиш, шартномалар тузиш ва ҳисоботини онлайн юритиш имконини берувчи «Suv-yer-ijara» ахборот тизими ишга туширилиши ва Сув хўжалиги вазирлигининг «Raqamli suv xoʻjaligi» ягона ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда балансдаги сув омборлари атрофидаги ижарага берилган сув фонди ерларида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда халқаро сертификатлар талабларига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
6. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига қуйидаги йўналишларда давлат назоратини амалга ошириш бўйича вазифалар юклансин:
(а) сув фонди ерларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни назорат қилиш;
(б) сув фонди ерлари ўзбошимчалик билан эгалланишининг олди олинишини назорат қилиш.
IV. Сув хўжалиги объектлари ер участкаларига доир ташкилий масалалар
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда:
(а) 2026 йил якунига қадар бегоналаштирилган ҳамда жисмоний ва юридик шахслар номига тегишлилиги бўйича мулк ва ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилмаган сув фонди ерларини хатловдан ўтказиб, уларга бўлган ҳуқуқлар қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинишини ҳамда ушбу ерлар сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Сув кодексининг 13-моддаси.
(б) сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиладиган сув фонди ерларидан тадбиркорлик субъектлари томонидан вақтинча фойдаланиш мақсадида тузилган ижара шартномалари Давлат муассасаси ҳамда сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотлар томонидан қайта рўйхатга олинишини таъминласин.
8. Белгилансинки, дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларидан қазиб олинадиган қум-шағал материаллари ҳажми Сув хўжалиги вазирлиги маблағлари ҳисобидан ва вазирликнинг сўровига асосан Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан техник имкониятлардан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бунда ушбу ҳисоб дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларининг экологик экспертиза хулосасидаги ҳисобдан ижобий фарқ қилган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган тўловларни ҳисоблашда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг ҳисоб-китоблари қўлланади.
9. Қуйидагилар Давлат муассасасини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
(а) тадбиркорлик субъектлари томонидан дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларини тозалаш натижасида олинган қум-шағал материалларининг (ишлов берилмаган) ҳар бир метр кубига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи ва республиканинг бошқа ҳудудлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи миқдорида ундириладиган тўлов;
(б) сув фонди ерларини реализация қилиш ва ижарага беришдан тушган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасасининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11. Сув хўжалиги вазирлиги сув фонди ер участкаларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган ишларни Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси билан шартнома асосида сифатли амалга оширишни таъминласин.
Бунда хатлов ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар Сув хўжалиги вазирлигига республика бюджетидан ажратилган ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
V. Қонунчиликни мувофиқлаштириш
12. Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) уч ой муддатда қуйидаги ваколатларни Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига ҳам беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини:
(i) сув фонди ерларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишни;
(ii) дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш ҳамда ушбу тартибни бузганлик ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишни;
(б) ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув фонди ерлари ҳамда уларда ноқонуний қурилган бино ва иншоотларни бартараф этиш бўйича судларга киритилган даъволарни кўриб чиқиш юзасидан давлат божи тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини;
(в) бир ой муддатда Давлат муассасаси фаолиятини самарали ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Сув хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
VI. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
16. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) Бош вазир ўринбосари Ж. Ходжаев, сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев — белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга;
(б) сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари З. Ишпулатов — сув фонди ерларини ижарага беришни рақамлаштириш ва улардан фойдаланишни доимий мониторинг қилишга;
(в) сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р. Қаршиев, Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси раиси М. Валиев — сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга;
(г) Бош прокурор ўринбосари Ш. Тўхтабоев — Фармонда белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатишга.
17. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Т.Н. Бутунбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 май,
ПФ-99-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ-99-сон Фармонига
1-ИЛОВА
«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасасининг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш, бўш турган ерларни аниқлаш ва сув хўжалиги объектига зарар етказмайдиган фаолият турлари бўйича ижарага бериш учун электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш.
2. Сув хўжалиги объектлари (сув ҳавзалари)нинг сувни муҳофаза қилиш зоналарида экотуризмни ташкил этиш мақсадида замонавий енгил конструкцияли туризм инфратузилма объектларини қуриш учун сув фонди ерларини юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдоларини ташкил этиш.
3. Сув хўжалиги объектлари ҳудудида жойлашган бўш бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш.
4. Дарё ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали жалб қилиш.
5. Сув омборлари ва сел-сув омборларининг лойқа ва норуда материаллари билан қопланган қисмини тозалаш.
6. Сув хўжалиги ташкилотлари фойдаланишидаги сув фонди ерларида ер тузиш, лойиҳа, геодезия, хатлов ва маркшейдерлик ишларини бажаришда салоҳиятли лойиҳа ташкилотларини жалб қилиш.
7. Дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишларини амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртма бериш ҳамда давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш.
8. Шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материаллари ҳажмининг ҳисобини юритиш.
9. Тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганиш.
10. Микро ва кичик гидроэлектрстанцияларни қуриш ва улардан фойдаланиш.
11. Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ-99-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги ПФ-74-сон Фармонида:
(а) 3-банднинг «б» кичик банди бешинчи хатбошиси «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси ташкил этилсин» сўзларидан кейин «ва Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 1-А уйнинг А-блок 4-қаватига жойлаштирилсин» сўзлари билан тўлдирилсин;
(б) 6-илованинг 7-позицияси «Масъул ижрочилар» устунидаги «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари» сўзлари «Вилоятлар ҳокимликлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
(в) 7-илованинг 12-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3286-сон қарорининг 1-банди саккизинчи хатбошисидаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 981-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Дарёлар ўзанларини тозалаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда:
(а) 4-банднинг биринчи хатбошисидаги «Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — «Хавфсиз дарё бошқармаси») сўзлари «Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ)» сўзлари билан алмаштирилсин;
(i) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанларининг рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари бўйича шакллантирилади»;
(ii) қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхати Сув хўжалиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг қўшма қарори билан тасдиқланади»;
(iii) иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
(в) 7-банддаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(г) 9 ва 10-бандлардаги «Табиат ресурслари вазирлигининг» сўзлари «Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(д) 9 — 11-бандлардаги, 12-банднинг учинчи хатбошисидаги, 14-банднинг биринчи хатбошисидаги, 15 ва 16-бандлардаги, 17-банднинг «а» ва «г» кичик бандларидаги, 18-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги, 19-банднинг биринчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари тегишли келишикдаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ж) 19-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи аукционга қўйилиши ҳақидаги ахборотни Сув хўжалиги вазирлигига юборади»;
(з) 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«20. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тадбиркорлик субъектларини аукционда иштирок этишга кенг жалб қилишга доир чораларни кўради, шу жумладан, «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМдан олинган ҳужжатлар ва ахборотни аукционда иштирок этиш учун буюртма жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манзилига таянган ҳолда, ўз расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштиради»;
(и) 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Дарёлар ўзанларини тозалаш учун ер участкасига бўлган ҳуқуқни электрон савдо платформасида реализация қилиш, тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари бўйича шакллантирилади.
Тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори билан тасдиқланади»;
(i) биринчи хатбошидаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Сув хўжалиги вазирлигига аукцион ғолиби тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади»;
(л) 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМдан олинган аукцион ғолиби тўғрисидаги маълумотларни уч иш куни мобайнида ўз расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштиради»;
(i) биринчи хатбошидаги «Хавфсиз дарё бошқармасининг» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМнинг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(н) 29-банддаги «Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(i) биринчи хатбошидаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) иккинчи хатбошидаги «Табиат ресурслари вазирлиги» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
(i) «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлигига» сўзлари билан алмаштирилсин;
(р) 1 ва 2-иловалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Дарёлар ўзанларини тозалаш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Дарёлар ўзанларини тозалаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материалларни тайёрлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Муддатлар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Сув хўжалиги вазирлиги,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг вилоят бошқармалари

 

Дарёлар ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхатини (кейинги ўринларда — участкалар рўйхати) шакллантиради.

 

Заруратга кўра

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Сув хўжалиги вазирлиги,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

 

Тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхатини қўшма қарори билан тасдиқлайди.

 

5 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Сув хўжалиги вазирлиги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ

 

Тасдиқланган участкалар рўйхати бўйича босқичма-босқич ҳар бир участкага лойиҳа ҳужжатларини «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ томонидан заруратга кўра бошқа лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқади.

 

5 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Лойиҳа ташкилотлари

 

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади.

 

Шартномага мувофиқ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ

 

Давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органларига лойиҳа ҳужжатларини тақдим этади.

 

2 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари

 

Ҳар бир лойиҳа ҳужжатлари бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасини тайёрлайди ва «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ вакилига ишончнома асосида топширади.

 

20 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

7-босқич

 

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ

 

Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини аукционда реализация қилиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖга (кейинги ўринларда — оператор) электрон буюртма беради.

 

2 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

8-босқич

 

Оператор

 

Ўтказилган аукцион натижалари ҳақидаги баённомани «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМга тақдим этади ва тегишли маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради.

 

1 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

9-босқич

 

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ

 

Аукцион ғолиби билан шартнома тузади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги аукцион ғолиблари тўғрисида маълумотлар тақдим этади.

 

3 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

10-босқич

 

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ

 

Аукцион ғолиблари тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштиради.

 

3 иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

11-босқич

 

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

«Сувхўжаликназорат» инспекцияси

 

Жойларга чиққан ҳолда, дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари амалга оширилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганади.

 

Доимий равишда

 

 

 

 

 

 

 

12-босқич

 

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ

 

Шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материалларининг ҳисобини юритади.

 

Доимий равишда

Дарёлар ўзанларини тозалаш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукцион ташкил қилиш ҳақида

ЭЛЕКТРОН БУЮРТМА
 

20___ йил «____» __________да ________ «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ ва «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ ўртасида тузилган ____-сон шартномага мувофиқ, шунингдек, «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ бошлиғининг 20___ йил «_____» ____________ даги буйруғига биноан «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ қуйидаги лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш учун ушбу буюртмани тақдим этади:

1. Лойиҳанинг ўзига хос рақами _______________________________________________________.

2. Лойиҳани амалга ошириш жойи _____________________________________________________.

3. Белгиланган мақсад _______________________________________________________________.

4. Лойиҳа бўйича қум-шағал захирасининг ҳажми ________________________________________.

5. Лойиҳанинг минимал қиймати (бошланғич нархи) (сўмда) ______________________________.

6. Электрон онлайн-аукцион ғолибининг мажбуриятлари:

6.1. Лойиҳани амалга ошириш муддати _________________________________________________;

6.2. Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи эгасига давлат экологик экспертизаси хулосасига мувофиқ қўйиладиган талаблар: _____________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________________;

6.3. Шартнома шартлари ва тартибига тааллуқли бошқа талаблар ___________________________

_________________________________________________________________________________________.

7. Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини реализация қилишдан тушган маблағлар ўтказилиши мумкин бўлган банк реквизитлари:

Банк номи _________________________________________________________________________;

Банк МФО _________________________________________________________________________;

Банк ҳисобварағи ___________________________________________________________________.

8. «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМнинг манзили ва боғланиш учун маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқалар) ________________________

_________________________________________________________________________________________.

Буюртма 20 ___ йил «____» _______________ да тақдим этилди.

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ бошлиғи

__________________________________

(Ф.И.О.)

ЭРИ

».

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомда:
(а) 30-банд қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ер тузиш лойиҳаси бўйича дарё ва қуримайдиган сойлар эгаллаган ерлар ва уларнинг соҳилбўйи минтақалари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 20-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори асосида тегишлича сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади»;
(б) 38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«38. Каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларининг соҳилбўйи минтақаларини белгилаш бўйича лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 20-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори асосида тегишлича улардан фойдаланувчи сув хўжалиги ва бошқа ташкилотларга ажратиб берилади».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ-99-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармонига 2-илованинг 12-банди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-106-сон Фармонига 7-илованинг 8-банди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3841-сон қарори.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги «Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-426-сон қарорига 3-илованинг 2-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2026 й., 06/26/99/0545-сон)