Ҳужжат кучини йўқотган " " 18.07.2024

«ТАСДИҚЛАНГАН»

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирининг ўринбосари

Э.Ф. ГАДОЕВ

Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш
ўзбекистон республикаси бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти
12-сон бҳмс
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 16 январда 596-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Умумий қоидалар
1. Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.
 LexUZ шарҳи
Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 138-сонли «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (12-сонли БҲМС) «Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш»ни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3531, 18.07.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Мақсад
2. Мазкур стандартнинг мақсади молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш усулини аниқлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботларида инвестициялар бўйича ахборотларни ёритиб бериш ҳисобланади.
Амал қилиш соҳаси
3. Мазкур стандарт хўжалик юритувчи субъектлар томонидан молиявий инвестицияларни бухгалтерия ҳисобида ва улар тўғрисидаги ахборотларни ёритиб бериш учун қўлланилиши лозим.
4. Хўжалик юритувчи субъект молиявий инвестицияларни мазкур стандартнинг 7 — 28-бандларида баён қилинган тартибга мувофиқ юритади ва улар қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:
4.1. Молиявий инвестицияларни (қисқа муддатли ва узоқ муддатли) тоифаларига қараб таснифлаш;
4.2. Молиявий инвестициялар қийматини аниқлаш ва уларни молиявий ҳисоботларда акс эттириш;
4.3. Молиявий инвестицияларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш;
4.4. Молиявий инвестициялар қийматининг қайтарилмайдиган пасайиши.
5. Мазкур стандартда қуйидагилар кўриб чиқилмайди:
5.1. Фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақи шаклидаги инвестициялар бўйича олинган даромадларни тан олиш асослари (БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар» га ва БҲМС «Лизинг ҳисоби» га қаранг);
5.2. Шуъба жамиятларга инвестициялар (БҲМС «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ва шуъба жамиятларга инвестицияларни ҳисобга олиш» га қаранг);
5.3. Биргаликда фаолиятга инвестициялар (БҲМС «Биргаликда фаолиятдаги иштирок улушини молиявий ҳисоботда акс эттиришга» қаранг);
5.4. Гудвилл, патентлар, савдо маркалари ва шунга ўхшаш бошқа номоддий активлар;
5.5. БҲМС «Лизинг ҳисоби» да келтирилган таърифга мос келадиган молиявий лизинг.
Атамалар
6. Мазкур стандартда фойдаланилган атамалар:
Молиявий инвестициялар — хўжалик юритувчи субъект тасарруфидаги (фоиз, роялти, дивиденд ва ижара ҳақи шаклида) даромад олишга мўлжалланган, инвестиция қилинган капитал қийматининг ортиши ёки инвестиция қилувчи компаниянинг бошқа наф олиш учун фойдаланадиган активлар.
Қисқа муддатли (жорий) инвестициялар — муомалада бўлиш муддати 12 ойдан ошмайдиган осон реализация қилинадиган инвестициялар.
Узоқ муддатли инвестициялар — қисқа муддатли (жорий) инвестициядан ташқари барча инвестициялар.
Кўчмас мулкка инвестиция — инвестиция қилувчи субъектнинг ёки инвестиция қилувчи субъект гуруҳига кирувчи бошқа субъектнинг ишлаб чиқариш фаолияти давомида фойдаланилмайдиган ер майдонларига ёки иморатларга инвестициялар.
Жорий қиймат — бир-бирига қарам бўлмаган, лекин сотиб олишни хоҳлаган хабардор харидор билан сотишни хоҳлаётган хабардор сотувчи ўртасида актив алмаштириладиган сумма.
Бозор қиймати — бу инвестицияларнинг актив бозорда аниқланадиган суммаси.
Бозордаги — бозор қиймати(ёки бозор қийматини ҳисоблаш имконини берадиган бошқа бирор кўрсаткич) аниқланадиган актив бозорнинг мавжудлигини билдиради.
Молиявий инвестицияларни таснифлаш
7. Ўзининг молиявий ҳисоботларида айланма маблағлар ва узоқ муддатли активлар ўртасидаги тафовутни кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар эгалик қилиш муддати 1 йилгача бўлган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларни айланма маблағ сифатида, эгалик қилиш муддати 1 йилдан ошадиган узоқ муддатли молиявий инвестицияларни эса узоқ муддатли активлар сифатида кўрсатишлари керак.
8. Ўзининг балансларида қисқа муддатли ва узоқ муддатли инвестицияларни фарқламайдиган хўжалик юритувчи субъектлар мазкур стандартнинг 13 ва 15-бандларига мувофиқ инвестицияларни баҳолаш ва балансдаги қийматини аниқлаш мақсадларида фарқлашлари керак.
Молиявий инвестицияларни баҳолаш
9. Молиявий инвестицияларни харид қилишда сотиб олиш қиймати бўйича баҳоланади ва бу қийматга брокерлар хизмати учун тўланган ҳақ, банк хизмати учун тўловлар, божлар ва бошқа харажатлар киритилади.
10. Агар инвестиция тўлалигича ёки қисман акцияларни эмиссия қилиш ёки бошқа қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан харид қилинаётган бўлса, у ҳолда харид қилиш қиймати чиқарилган қимматли қоғозларнинг номинал қийматига эмас, балки уларни жорий қийматига тенг бўлади. Агар инвестиция тўлалигича ёки қисман бошқа активга алмаштириш йўли харид қилинаётган бўлса, у ҳолда унинг харид қиймати берилаётган активнинг жорий қиймати бўйича аниқланади.
11. Харид қилинган пайтгача бўлган давр учун фоизлар улуши ҳисобланган дивидендларни ўз ичига олган қиймат бўйича харид қилинган молиявий инвестициялар харидор томонидан сотувчига тўланган фоизлар суммасини чиқариб ташлаб, харид қиймати бўйича ҳисобга олинади.
12. Қарз қимматли қоғозларга инвестицияларнинг харид қиймати билан тўлаш қиймати ўртасидаги тафовут (дисконт ёки харид қилишдаги мукофот) инвестициялар бўйича доимий даромад мавжуд бўлиши учун инвестор томонидан харид қилинган пайтдан бошлаб қарз тўлангунга қадар ҳисобдан чиқариб борилади.
Инвестицияларнинг баланс қиймати Қисқа муддатли (жорий) инвестициялар
13. Қисқа муддатли (жорий) активлар сифатида тасниф қилинган инвестициялар бухгалтерия балансида қуйидагича ҳисобга олиниши керак:
13.1. Бозор қиймати;
13.2. Харид қиймати ва бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг кичиги бўйича ҳисобга олиниши керак.
Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар харид қиймати ва бозор қийматларидан энг кичиги баҳоси бўйича ҳисобга олинадиган бўлса, баланс қиймати инвестиция портфелининг умумий қиймати асосида ёки инвестициялар турлари бўйича ёхуд алоҳида инвестициялар асосида аниқланади.
14. Қисқа муддатли инвестициялар бозор қийматининг ўзгаришидан келадиган даромад ёки зарар, содир бўлган ҳисобот даврида тан олинади.
Узоқ муддатли молиявий инвестициялар
15. Узоқ муддатли активлар сифатида тасниф қилинган инвестициялар бухгалтерия балансида қуйидагича ҳисобга олиниши керак:
15.1. Харид қиймати бўйича:
15.2. Қайта баҳолашни ҳисобга олган қиймат бўйича;
15.3. Инвестиция портфели усули бўйича аниқланган, харид қиймати ва бозор қийматидан энг кичиги баҳоси бўйича ҳисобга олинади.
16. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш учун қайта баҳолашни амалга ошириш даврийлигини, шу жумладан узоқ муддатли инвестициялар тоифаларини аниқлаш зарур.
17. Баланс қийматининг вақтинча пасайишини истисно этган ҳолда инвестициялар қиймати пасайганда барча узоқ муддатли инвестицияларнинг баланс қиймати пасайтирилади. Бундай пасайтириш ҳар бир алоҳида молиявий қўйилма бўйича аниқланади ва тайёрланади.
18. Узоқ муддатли инвестициялар харид қиймати бўйича ҳисобга олинади. Узоқ муддатли инвестицияларнинг қиймати қайтарилмайдиган, пасайган, пасайиб борган ҳолларда бу инвестицияларнинг баланс қиймати ҳар бир инвестиция бўйича алоҳида камайтирилиши керак. Бунда хатарнинг турлари, инвестиция қилинаётган субъектда инвесторнинг улуши эътиборга олинади.
19. Узоқ муддатли инвестициялар баланс қийматининг вақтинча пасайиши ҳисобда акс эттирилмайди. Қиймат пасайишининг бошқа ҳоллари 21-бандда кўриб чиқилади.
Молиявий инвестициялар баланс қийматини қайта баҳолаш
20. Қисқа муддатли (жорий) инвестицияларни бозор қиймати бўйича ҳисобга олувчи хўжалик юритувчи субъект ҳисоб сиёсатида инвестициялар баланс қийматининг камайиши ёки кўпайишини қуйидагича акс эттиради:
20.1. Даромад ёки харажат сифатида;
20.2. 21-бандга мувофиқ равишда.
21. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш натижасидаги қўшимча баҳолаш суммаси хусусий капиталга қайта баҳолашдан даромад сифатида қўшилади. Молиявий инвестициялар қиймати пасайганда камайтириш хусусий капиталда акс эттирилган ўша инвестицияларни қўшимча баҳолаш суммаси ҳисобидан амалга оширилади. Агар молиявий инвестициялар қийматини камайтириш суммаси қайта баҳолашдан олинган даромад суммасидан ошса, бу фарқ харажат сифатида тан олиниши керак. Қиймати пасайтирилган инвестицияларни қўшимча баҳолаш миқдори шу инвестициялардан келган зарар қоплангандан сўнг хусусий капитал кўпайишига киритилади.
Молиявий инвестицияларни сотиш ва ўтказиш
22. Инвестицияларни сотишда сотишдан олинган тушум билан баланс қиймати ўртасидаги фарқ тегишли харажатларни (брокер ёки дилер хизмати ҳақи) чиқариб ташлангандан сўнг даромад ёки харажат сифатида тан олинади.
Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар балансда портифел усули бўйича харид қиймати ёки бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг пасти бўйича ҳисобга олинган бўлса, уларни сотишда даромад ёки зарар реализация нархи билан харид нархи ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
Агар инвестиция илгари қайта баҳоланган ёки бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган, баланс қиймати эса қўшимча баҳолаш қийматини ҳисобга олган ҳолда кўпайтирилган бўлса, хўжалик юритувчи субъект ҳисоб сиёсатини тасдиқлаши ёки қўшимча баҳолашни қолдиқ суммасини даромад счётига кредитлаши ёхуд уни тақсимланмаган фойда ҳисобига ўтказиши керак. Бу ҳисоб сиёсати 3-сонли БҲМС «Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот»га мувофиқ қўлланилиши керак.
23. Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар икки қийматнинг: харид қиймати билан бозор қийматининг энг кичиги бўйича ҳисобга олинадиган бўлса, узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қисқа муддатли (жорий) инвестицияларга ўтказиш ҳам икки қиймат: харид қиймати билан баланс қийматининг энг кичиги бўйича амалга оширилади.
24. Агар узоқ муддатли молиявий инвестициялар илгари қайта баҳоланган бўлса, уларни қисқа муддатли (жорий) инвестициялар тоифасига ўтказишда ва бу қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган бўлса, қайта баҳолаш қиймати баланс қийматидан чиқариб ташланиши керак.
Агар қисқа муддатли инвестициялар бозор қийматидаги ўзгариш даромадга киритиладиган бўлса, қўшимча баҳолашнинг қолган ҳар қандай миқдори даромадга ўтказилиши керак.
25. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни узоқ муддатли молиявий инвестициялар тоифасига ўтказиш харид қилиш қиймати ва бозор қийматидан энг кичиги бўйича ёки бозор қиймати бўйича, агар инвестиция илгари шу қиймат бўйича ҳисобга олинган бўлса, амалга оширилади.
Инвестициялар бўйича операциялардан молиявий натижалар
26. Молиявий натижаларга қуйидагилар киритилади:
26.1. Молиявий инвестициялар бўйича қуйидаги кўринишдаги даромадлар/харажатлар:
26.1.1. Узоқ муддатли ва жорий инвестициялар бўйича фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақлари;
26.1.2. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотишдан даромадлар ва зарарлар;
26.1.3. 20-бандга мувофиқ, бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бўйича реализация қилинмаган даромадлар ва зарарлар;
26.1.4. Харид қиймати ва бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг кичиги бўйича баҳоланган қисқа муддатли молиявий инвестицияларни тақдим қилиш учун талаб қилинадиган бозор қийматининг камайтирилиши ва бундай камайтиришнинг қайтадан тикланиши;
26.2. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар қийматининг вақтинча пасайишини истисно қилган ҳолда баланс қийматининг камайиши ва бундай қисқаришларнинг қопланиши;
26.3. 22-бандга мувофиқ ҳисобланган узоқ муддатли молиявий инвестицияларни сотишдан даромадлар ва зарарлар.
Солиқлар
27. Мазкур стандартни қўлланиш натижасида юзага келадиган солиқ оқибатларини ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ амалга оширилади.
Ёритиб бериш
28. Молиявий ҳисоботларда қуйидагилар ёритиб берилиши лозим:
28.1. Ҳисоб сиёсати, қуйидагилар учун:
28.1.1. Молиявий инвестицияларнинг баланс қийматини аниқлаш;
28.1.2. Бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларнинг бозор қийматидаги ўзгаришларни акс эттириш;
28.1.3. Қайта баҳоланган молиявий инвестицияларни сотишда қўшимча баҳолаш суммасини акс эттириш;
28.2. Қуйидаги кўринишда олинган даромадга киритилган катта миқдордаги суммалар:
28.2.1. Узоқ муддатли ва қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бўйича фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақлари;
28.2.2. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотишдаги даромадлар ва зарарлар;
28.2.3. Бундай молиявий инвестициялар қийматидаги ўзгаришлар;
28.3. Реализация қилинаётган инвестицияларнинг бозор қиймати, агар улар балансда бозор қиймати бўйича ҳисобга олинмаган бўлса;
28.4. Кўчмас мулкка молиявий инвестицияларнинг жорий қиймати, агар улар узоқ муддатли инвестиция сифатида ҳисобга олинган бўлса ва жорий қиймати бўйича акс эттирилмаса;
28.5. Инвестицияларга муҳим чеклашлар ёки инвестицияларни реализациясидан даромад ва тушумни ўтказиш;
28.6. Қайта баҳолаш суммаси бўйича ҳисобга олинган узоқ муддатли инвестициялар учун:
28.6.1. Қайта баҳолаш ўтказилишини даврийлигини аниқлаш сиёсати;
28.6.2. Сўнгги марта қайта баҳоланган сана;
28.6.3. Қайта баҳолаш асоси ва ташқи баҳоловчини жалб этиш факти;
28.7. Давр ичида баҳосининг оширилиши суммасидаги ўзгаришлар ҳамда бу ўзгаришларнинг тавсифи;
28.8. Асосий фаолияти инвестиция фаолиятидан иборат бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун инвестиция портфелини таҳлил қилиш.