1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.19.00.00 Банк тизими / 07.19.02.00 Тижорат банклари. Хусусий банклар. Хорижий банклар]
[ТСЗ:
1.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар]
Ўзбекистон Республикаси Марказий
банки Бошқаруви томонидан
1998 йил 9 ноябрда 426-сон билан
(19/7-сон баённома)
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Банкнинг устав фонди миқдорини, акциядорлари таркибини, номланиши ва жойлашган жойини ўзгартириш, уставига ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида
Низом
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 19 декабрда 573-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
LexUZ шарҳи
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/5-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3253, 30.06.2020 й.) асосан 2020 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотади.
LexUZ шарҳи
Мазкур низомга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 14 апрелдаги 14/20-сонли «Банк устав капитали миқдорини, акциядорлар таркибини, банк номи ва манзилини ўзгартириш, уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 573-7, 02.05.2018 й.) асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
1.1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
устав капитали ― акциядорлар томонидан тўланган барча акцияларнинг номинал қиймати;
эълон қилинган акциялар ― банк томонидан устав капиталига қўшимча равишда чиқарилиши мумкин бўлган акциялар умумий суммаси, уларнинг номинал қиймати банк устав капиталига киритилмайди.
1.2. Тижорат банки уставига киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида (кейинги ўринларда — Марказий банк) рўйхатга олиниши лозим.
1.3. Банк уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан умумий йиғилишда иштирок этувчи овозга эга акциялар эгалари бўлган акциядорларнинг кўпчилик тўртдан уч қисми овоз берган ҳолда қабул қилинади. Овоз бериш «битта акция ― бир овоз» тамойили бўйича амалга оширилади.
Банкнинг ягона муассиси бўлиб давлат ҳисобланган ҳолларда банкнинг уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор Ҳуқумат томонидан қабул қилинади.
1.4. Уставга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш учун банк акциядорлар умумий йиғилиши тегишли қарор қабул қилган кундан бошлаб бир ой мобайнида Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари пруденциал назорати департаментига (кейинги ўринларда ― Пруденциал назорати департаменти) қуйидаги ҳужжатларни уч нусхада тақдим этади:
Банк кенгаши раиси имзолаган банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимоснома (давлат ягона муассиси ҳисобланган банклар илтимосномасини Бошқарув раиси имзолайди);
уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган банк акциядорлари умумий йиғилишининг баённомаси;
Банк кенгаши раиси имзолаган банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар матни.
1.5. Тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик ва мазкур Низом талабларига мос келган ҳолларда Пруденциал назорати департаменти Банк назорати қўмитасига (кейинги ўринларда ― Қўмита) банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун киритади, акс ҳолда ҳужжатлар банкка қайта ишлаш учун қайтарилади.
Уставга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни кўриб чиқиш ва рўйхатга олиш 30 кун муддат ичида амалга оширилади.
1.6. Қўмита томонидан банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин Пруденциал назорати департаменти томонидан банк уставининг титул варағига ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатга олинганлиги тўғрисида ёзиб қўйилади, тақдим этилган ҳужжатларнинг бир нусхаси Марказий банкда сақланадиган банкнинг юридик йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Рўйхатга олинган ҳужжатлар бир нусхадан банкнинг бош офиси жойлашган ердаги тегишли Марказий банк Бош бошқармасига ва банкка банк юридик йиғмажилдига тикиб қўйиш учун топширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Бош бошқармалари ва банк банк уставининг титул варағига ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатга олинганлигини қайд этади.
1.7. Банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳажми катта бўлиб, улар устав билан ишлашни мураккаблаштирган ёки бошқа ҳолларда Марказий банк ушбу банкдан мазкур Низомнинг 1.4-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда уставнинг янги таҳририни (уч нусхада) тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Бу ҳолда Қўмита банкнинг янги таҳрирдаги уставини рўйхатга олади.
1.8. Банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар улар Марказий банкда рўйхатга олинган санадан бошлаб кучга киради. Банк уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатдан ўтказилгач унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик ҳамда мазкур Низом талабларига мос келмаган ҳолларда ҳужжатлар банкка қайта ишлаш учун қайтарилади.
2. БАНК УСТАВ КАПИТАЛИ МИҚДОРИНИНГ ЎЗГАРИШИ ВА ЎЗГАРИШНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ
2.1. Банк устав капитали миқдорининг ўзгариши устав капитали миқдорининг оширилиши ёки камайтирилиши шаклларида амалга оширилиши мумкин.
Устав капитали миқдорининг оширилиши
2.2. Банк устав капитали қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
2.3. Акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан банк устав капиталини ошириш қуйидаги усуллар билан амалга оширилиши мумкин:
молиявий йил якуни бўйича кўрилган фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини акциялар номинал қийматини оширишга йўналтириш;
акциядорлар томонидан акциялар номинал қиймати оширилган қисмининг тўланиши;
молиявий йил якуни бўйича кўрилган банк фойдасини акциялар номинал қийматини оширишга йўналтириш ва акциядорлар томонидан акциялар оширилган номинал қийматининг етишмайдиган қисмининг тўланиши.
Номинал қиймати оширилиши туфайли иштирок этишдан бош тортган акциядорга тегишли номинал қиймати оширилган акциялар амалдаги қонунчиликка биноан потенциал акциядорлар ўртасида жойлаштирилиши мумкин.
2.4. Устав капиталини ошириш учун мазкур Низомнинг 1.3-бандига мувофиқ белгиланган банкнинг ваколатли органи эълон қилинган акциялар, шу жумладан уларнинг миқдори, номинал қиймати, тоифаси, турлари, улар берадиган ҳуқуқлар тўғрисидаги ўзгартириш ва қўшимчаларни банк уставига киритиш ҳақида қарор қабул қилади (1-илова).
Банкнинг ягона муассиси бўлиб давлат ҳисобланган ҳолларда банкнинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисидаги қарор Ҳуқумат томонидан қабул қилинади.
2.5. Эълон қилинган акцияларга оид ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш мазкур Низомнинг 1.5 — 1.7-бандларида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
2.6. Қўшимча акциялар чиқариш ёки акциялар номинал қийматини эълон қилинган акциялар умумий сони доирасида ошириш йўли билан устав капиталини кўпайтириш учун Лицензиялаш департаментига қуйидагилар топширилади:
қонунчилик билан белгиланган банк ваколатли органининг қўшимча акцияларни жойлаштириш ёки акциялар номинал қийматини эълон қилинган устав капитали доирасида ошириш йўли билан устав капиталини ошириш тўғрисидаги қарори;
банкнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган эмиссия проспекти, агар акцияларнинг очиқ обуна йўли билан тарқатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;
акциялар ёпиқ ҳолда тақсимланганда банк ваколатли органи томонидан тасдиқланган акцияларни чиқариш тўғрисидаги ахборот;
Банк кенгаши раиси имзолаган устав капиталини ошириш ва акциялар эмиссиясига розилик бериш тўғрисида Марказий банк номига берилган илтимоснома;
изоҳлар берилган акцияларни жойлаштириш режаси (2-илова).
2.7. Тақдим этилган ҳужжатлар Қимматли қоғозлар департаменти томонидан кўриб чиқилади ва улар қонунчилик ҳамда мазкур Низом талабларига мос келган тақдирда, Марказий банкнинг кўзда тутилган устав капиталини оширишга розилиги берилади.
Амалга оширишга розилик берилганда эмиссия проспектига ёки акцияларни чиқариш тўғрисидаги ахборотга белги қўйилади.
Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва розилик бериш бир ой муддат ичида амалга оширилади.
2.8. Банк устав капиталини оширишга розилик бермаслик учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
устав капиталини ошириш режаси иқтисодий меъёрлар ва банк устав капитали миқдорини Марказий банк талаблари билан мувофиқлаштира олмаслиги ёки ҳар қандай акциядор иштироки улушини қонунчилик талаблари билан мувофиқлаштира олмаслиги;
тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ва Марказий банк меъёрий ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги;
устав капиталини ошириш бўйича кўзда тутилган режанинг тузилиши ёки услуби банк омонатчилари манфаатларига ёхуд банк молиявий аҳволига хавф солиши мумкинлиги.
Марказий банкнинг қўшимча акциялар чиқарилишига розилик бермаслиги асосланган бўлиши ва бир ой муддат ичида ёзма равишда банкка юборилиши лозим.
2.9. Акциялар очиқ усулда жойлаштирилганда банк қуйидагиларни бажариши лозим:
2.9.4. Устав капитали миқдорининг оширилиши туфайли банк уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан бирга амалдаги қонунчиликка мувофиқ банкнинг ваколатли органи билан акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунини тасдиқлаши;
2.9.5. Қимматли қоғозларни рўйхатга олувчи органга акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши;
2.9.6. Акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунларини матбуотда эълон қилиши;
2.9.7. Марказий банкка устав капитали миқдорининг оширилиши муносабати билан банк уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимосномани тақдим этиш билан бирга акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунлари тўғрисида маълумот бериши;
2.9.8. Лицензиялаш департаментига акцияларни жойлаштириш якунлари бўйича акциядорлар реестридаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этиши.
2.10. Акциялар ёпиқ тарзда жойлаштирилганда эмитент банк қуйидагиларни бажариши лозим:
2.10.3. Акцияларни чиқариш якунлари бўйича устав капитали миқдорининг оширилиши муносабати билан банк уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан бирга амалдаги қонунчиликка мувофиқ ваколатга эга бўлган орган билан акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунини тасдиқлаши;
2.10.4. Қимматли қоғозларни рўйхатга олувчи органга акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши;
2.10.5. Марказий банкка банк устав капитали миқдорининг оширилиши муносабати билан банк уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни рўйхатга олиши тўғрисидаги илтимосномани тақдим этиш билан бирга акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунлари тўғрисида маълумот бериши;
2.10.6. Лицензиялаш департаментига акцияларни жойлаштириш якунлари бўйича акциядорлар реестридаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этиши.
2.11. Акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан устав капитали оширилганда банк қуйидагиларни бажариши лозим:
2.11.1. Банкнинг барча акцияларини уларни номинал қиймати оширилган акциялар билан алмаштириш учун йиғиб олиши;
2.11.4. Устав капиталини мазкур Низомнинг 2.3-бандига мувофиқ равишда шакллантириши;
2.11.5. Устав фонди миқдорини ошириш ва уни Марказий банкда қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан бирга амалдаги қонунчиликка мувофиқ ваколатга эга бўлган орган билан акцияларни чиқариш ва уларни жойлаштириш якунини тасдиқлаши;
2.11.6. Қимматли қоғозларни рўйхатга олувчи органга акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши;
2.11.7. Акцияларни чиқариш ва уларни жойлаштириш якунларини матбуотда эълон қилиши (очиқ акциядорлик банклари учун);
2.11.8. Марказий банкка банк устав капитали миқдорининг оширилиши муносабати билан банк уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимосномани тақдим этиш билан бирга акцияларни чиқариш ва жойлаштириш якунлари тўғрисида маълумот бериши лозим.
2.12. Қайд этилган талаблар билан бирга эмитент банклар қимматли қоғозларни рўйхатга олувчи органнинг қимматли қоғозларни чиқариш ва рўйхатдан ўтказишга доир меъёрий ҳужжатлари талабларини бажарадилар.
УСТАВ КАПИТАЛИ МИҚДОРИНИНГ КАМАЙТИРИЛИШИ
2.13. Акциялар номинал қийматини пасайтириш ёки акциялар умумий сонини қисқартириш, жумладан, кейинчалик уларни бекор қилиш шарти билан сотиб олиш орқали Банк устав капитали камайтирилиши мумкин.
Агарда банк уставида кўзда тутилган бўлса, акцияларнинг бир қисмини сотиб олиш ва уларни бекор қилиш йўли билан банк устав капиталини камайтиришга рухсат этилади.
Банклар томонидан ўз акцияларини сотиб олишда банклар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олишлари лозим.
2.14. Агар устав капитали камайтирилиши натижасида унинг ҳажми банк уставидаги тегишли ўзгаришларни қайд қилиш санасида аниқланадиган, Марказий банк томонидан белгиланган устав капиталининг энг кам миқдоридан камайиб кетса, банк устав капитали миқдорини камайтиришга рухсат берилмайди.
2.15. Устав капиталини камайтириш ҳамда банк уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади (давлат ягона муассиси ҳисобланган банкда қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади). Қарорда устав капиталининг камайтирилиши сабаблари кўрсатилади ва уни камайтириш тартиби белгиланилади.
Жойлаштирилган акцияларни сотиб олиш йўли билан устав капиталини камайтиришда акциядорлар умумий йиғилишининг устав капиталини камайтириш тўғрисидаги қарорида сотиб олинадиган акциялар турлари, банк томонидан сотиб олинадигаи ҳар бир турдаги акциялар сони, сотиб олиш нархи, тўлов шакли ва муддати, шунингдек акцияларни харид қилиш муддати белгиланиши лозим.
Акциялар номинал қийматини пасайтириш йўли билан устав капиталини камайтиришда акциядорлар умумий йиғилишинииг устав капиталини камайтириш тўғрисидаги қарорида акциянинг янги номинал қиймати, акция нархи ҳамда акциялар янги номинал қиймати ўртасидаги фарқни акциядорларга қайтариш шакли ва муддати, шунингдек ушбу фарқни қайтариш муддати белгиланиши зарур.
2.16. Акцияларни сотиб олиш (акция нархи ва янги номинал қиймати ўртасидаги фарқни қайтариш) 30 кундан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Банк томонидан оддий акцияларни сотиб олиш (акция нархи ва янги номинал қиймати ўртасидаги фарқни қайтариш) бозор нархига мувофиқ равишда, имтиёзли акциялар эса - жамият уставида кўзда тутилган нархда амалга оширилади.
2.17. Устав капиталини камайтириш учун Лицензиялаш департаментига қуйидагилар топширилади:
банк устав капиталини камайтириш учун розилик бериш тўғрисида илтимоснома;
мазкур Низомнинг 2.15-бандига мувофиқ банк акциядорлари умумий йиғилишининг устав капиталини камайтириш тўғрисидаги қарори (давлат ягона муассиси ҳисобланган банк учун ҳукумат қарори).
2.18. Тақдим этилган ҳужжатлар Лицензиялаш департаменти томонидан кўриб чиқилади, улар қонунчилик ва мазкур Низом талабларига мос келган ҳолларда Банкларни рўйхатга олиш комиссиясига устав капиталини камайтиришга розилик бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқиш учун киритилади.
Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва розилик бериш бир ой муддат ичида амалга оширилади.
2.19. Банк устав капиталининг камайтирилишига розилик берилмаслиги учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
устав капиталининг камайтирилиши натижасида Марказий банк томонидан белгиланган иқтисодий меъёрлар ҳамда банк устав капитали энг кам миқдорига қўйиладиган талабларнинг бузилиши эҳтимоли ёки ҳар қандай акциядор иштироки улуши устав капиталининг қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган миқдордан ошиши;
тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ва Марказий банк меъёрий ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги;
устав капиталининг камайтирилиши омонатчилар манфаатларига ва банк молиявий аҳволига аниқ хавф солиши мумкинлиги.
Марказий банкнинг устав капиталини камайтиришга розилик бермаслиги асосланган бўлиши ва охирги зарур ҳужжат олинганидан кейин бир ой муддат ичида ёзма равишда банкка юборилиши лозим.
2.20. Акциялар номинал қийматини пасайтириш йўли билан устав капиталини камайтиришда банк қуйидагиларни бажариши зарур:
2.20.1. Банкнинг барча акцияларини номинал қиймати камайтирилган акциялар билан алмаштириш учун йиғиб олиши;
2.20.2. Акциядорларга акция нархи ва акциялар янги номинал қиймати ўртасидаги фарқни тўлаши;
2.20.3. Акцияларни рўйхатга олувчи орган талабларини бажариши.
3. БАНК АКЦИЯДОРЛАРИ ТАРКИБИНИ ЎЗГАРТИРИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
3.1. Банклар Марказий банкка бир йилда бир марта календарь йили тугаган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмасдан ўз акциядорлари рўйхатини, ҳар чоракда бир марта ҳисобот чораги тугаган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмасдан акциядорлар реестридаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этишлари шарт.
Бир юридик ёки жисмоний шахс ёхуд ўзаро келишув билан боғлиқ бўлган ёки бир-бирининг мулкини назорат қилувчи юридик ва жисмоний шахслар гуруҳи томонидан бир ёки бир неча битимлар натижасида банк акцияларининг беш фоизидан ортиқ қисми сотиб олинганда Марказий банкни хабардор қилиш, йигирма фоизидан ортиқ қисми сотиб олинганда эса Марказий банкнинг олдиндан розилиги талаб этилади.
Банк акцияларининг йигирма фоиздан ортиқ қисмини харид қилишга Марказий банкнинг дастлабки розилигини бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
3.2. Юридик шахсни бошқаришга ёки унинг сиёсатига катта таъсир кўрсата оладиган шахс юридик шахс мулкини назорат қилувчи ҳисобланади. Бунда шахс қуйидагиларни бажара олса, жиддий таъсир кўрсатувчи ҳисобланади:
у юридик шахснинг йирик акциядори ҳисобланса; ёки
акциядорлар, раҳбарият ёки иштирокчилар билан расмий келишувлар воситасида ёхуд исталган бошқа тарзда шахс фаолиятига раҳбарлик қилиш ёки уни бошқариш имкониятига эга бўлса.
3.3. Юридик шахснинг йирик акциядори ёки иштирокчиси деб, бир шахс ёки бир-бири билан ўзаро келишув асосида боғлиқ бўлган ва мазкур юридик шахс устав капитали ёхуд овозга эга акцияларнинг 10 фоизи ёки ундан ортиқ миқдорига тўғридан-тўғри ёхуд билвосита эга бўлган бир неча шахс ҳисобланади.
Тўғридан-тўғри эгалик қилиш деганда акциядор томонидан банкнинг овоз берувчи акцияларига бевосита эгалик қилиш тушунилади.
Билвосита эгалик қилиш деганда банкнинг овоз берувчи акцияларига шуъба жамиятлар ва корхоналар орқали эгалик қилиш тушунилади.
3.4. Агарда икки ва ундан ортиқ шахслар расмий битим асосида ҳаракат қилса ёки банк акцияларига жамоа бўлиб тўғридан-тўғри ёхуд билвосита эгалик қилиш мақсадида онгли равишда параллел биргаликда фаолиятни олиб бориш ҳоллари мавжуд бўлса, улар банк акцияларига эгалик қилиш мақсадида битим билан ўзаро боғланган шахслар ҳисобланади.
3.5. Агар бир шахс ва бошқа юридик шахс банк акцияларига тўғридан-тўғри ёки билвосита эгалик қилсалар ҳамда мазкур шахс ушбу юридик шахснинг йирик иштирокчиси ёки бундай шахснинг бошқаруви, кузатув кенгаши аъзоси ёхуд вакили бўлса, мазкур шахс юридик шахс билан келишув асосида фаолият юритувчи ҳисобланади.
3.6. Икки ёки ундан ортиқ шахслар қуйидаги ҳолларда бир-бири билан келишув асосида амал қилувчи ҳисобланадилар:
агар уларнинг барчаси ушбу шахсларнинг йирик иштирокчиси, аъзоси (шериги) ёки юридик вакили ҳисобланган камида бир шахс билан боғлиқ бўлсалар;
агар уларнинг барчаси банк акцияларининг эгалари бўлиб, бир вақтнинг ўзида айнан бир юридик шахснинг (мазкур банк бундан мустасно) бошқаруви, кузатувчи кенгаши аъзолари, йирик иштирокчилари (шериклари) ёки юридик вакиллари ҳисобланса ёхуд бу шахслар яқин қариндош бўлсалар. Шахснинг умр йўлдоши (эри ёки хотини), ота-онаси, фарзандлари (шу жумладан, ўгай фарзандлари), ака-укалари, опа-сингиллари шахснинг яқин қариндошлари ҳисобланади.
3.7. Мазкур Низомнинг 3.4, 3.6-бандларида қайд этилган жамоа бўлиб банк акцияларининг 20 фоиздан ортиғига эгалик қилувчи шахслар Марказий банкка улар бир-бири билан келишув асосида амал қилмаётганлиги ва шу муносабат билан уларнинг жамоа бўлиб мулкка эгалик қилиши учун Марказий банк дастлабки розилиги талаб қилинмаслиги тўғрисидаги далилни тақдим этишлари мумкин. Бундай далиллар ушбу шахслар томонидан шунча миқдордаги акцияларнинг сотиб олинишидан олдин тақдим этилиши зарур, бундай мулкнинг ушбу шахслар томонидан бир бирига боғлиқ бўлмаган ва харид тўғрисида бир-бирига хабар қилмаган ҳолда сотиб олиниши бундан мустасно.
Бундай гувоҳномалар топширилганидан кейин 30 кун ичида Марказий банк ушбу шахслар банк акцияларини сотиб олиш мақсадида бир-бири билан келишув асосида амал қилувчилар сифатида тан олиниши мумкин ёки мумкин эмаслигини ҳал қилади. Марказий банк тақдим этилган ахборотни кўриб чиқиш учун зарур бўлган исталган қўшимча маълумотни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
3.8. Банк акцияларининг 20 фоизидан ортиғини сотиб олишга Марказий банкдан рухсат олиш учун харид қилувчи шахс Марказий банкка рухсатнома олишга ариза бериши ва аризада қуйидаги маълумотларни кўрсатиши лозим:
а) банк устав капиталидаги иштирокининг суммаси ва сотиб олинадиган акциялар суммаси, шу жумладан устав капитали умумий суммасига нисбатан фоиз ҳисобида;
касб фаолияти ва ихтисослиги тўғрисида батафсил маълумот, шу жумладан, мазкур шахс ишлаган (ишлаётган) ёки йирик акциядори (иштирокчиси) бўлган барча корхона ва ташкилотларнинг номи ҳамда у амалга оширган (ошираётган) фаолият, хусусан унинг ваколатига кирадиган масалалар, корхонада (ташкилотда) у раҳбарлик қилган (қилаётган) фаолият соҳаси тўғрисида ахборот;
сўнгги икки йиллик солиқ декларацияси (хусусий банклар устав капиталида иштирок этувчи жисмоний шахс-резидентлар бундан мустасно);
ўзаро боғланган шахслар ҳақида қуйидагиларни ўз ичига олувчи маълумотлар:
2) юридик шахсларнинг устав фондидаги иштироки муносабати билан ёки бошқа усуллар билан уларнинг фаолиятига мазкур жисмоний шахс таъсир кўрсатиши мумкин бўлган юридик шахслар тўғрисида маълумотлар, жумладан:
номи, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома, почта манзили, телефон рақами ва тўлов реквизитлари, СТИР;
муассислар ҳақида маълумотлар;
молиявий ҳолати тўғрисида маълумотлар (жумладан чиқарилган облигациялар, олинган кредитлар ва банк кафолатлари тўғрисидаги маълумотлар);
бошқарув органлари шахсий таркиби;
3) юридик шахсларнинг устав фондидаги иштироки муносабати билан ёки бошқа усуллар билан уларнинг фаолиятига мазкур жисмоний шахснинг қариндошлари таъсир кўрсатиши мумкин бўлган юридик шахслар тўғрисида маълумотлар, жумладан:
номи, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома, почта манзили, телефон рақами ва тўлов реквизитлари, СТИР;
номи, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида маълумотлар, қайси идорага мансублиги, почта манзили, телефон рақами, устав капиталида иштирок этувчи ҳар бир иштирокчининг тўлов реквизитлари ва СТИР, фоиз ҳисобида ушбу шахс эгалик қилаётган улуш;
агар йирик иштирокчи жисмоний шахс бўлса, у ҳолда мазкур банднинг б) кичик бандида кўрсатилган маълумотлар тақдим этилади;
юридик шахс кенгаши ва бошқаруви аъзолари учун мазкур банднинг б) кичик бандида кўрсатилган маълумотлар;
юридик шахслар учун сўнгги икки йил учун, шу жумладан, солиқ органлари ва аудиторлик фирмалари томонидан тасдиқланган сўнгги икки ҳисобот санаси учун баланс ҳисоботлари;
г) мазкур банкнинг акцияларига эга бўлган ва у билан келишув асосида боғланган ёки унинг мулкини назорат қилувчи ёки у томондан назорат қилинувчи бошқа шахслар тўғрисида ушбу банднинг а), б), в) кичик бандларида кўрсатилган маълумотлар.
д) ўзаро боғланган шахслар ҳақида қуйидагиларни ўз ичига олувчи маълумотлар:
1) бошқарув органлари шахсий таркиби, жумладан:
паспорт маълумотлари, СТИР (мавжуд бўлса);
яшаш жойи;
машғулот тури;
мазкур юридик шахснинг устав фондидаги иштироки улуши (мавжуд бўлса);
2) юридик шахсларнинг устав фондидаги иштироки муносабати билан ёки бошқа усуллар билан уларнинг фаолиятига мазкур жисмоний шахс таъсир кўрсатиши мумкин бўлган юридик шахслар тўғрисида маълумотлар, жумладан:
номи, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома, почта манзили, телефон рақами ва тўлов реквизитлари, СТИР;
муассислар ҳақида маълумотлар;
молиявий ҳолати тўғрисида маълумотлар (жумладан чиқарилган облигациялар, олинган кредитлар ва банк кафолатлари тўғрисидаги маълумотлар);
бошқарув органлари шахсий таркиби.
3.9. Марказий банк банк акцияларининг 20 фоизидан ортиғини сотиб олишга розилик бериш тўғрисидаги масалани мазкур Низомнинг 3.1-бандида кўзда тутилган ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами тақдим этилган вақтдан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқади.
3.10. Сотиб олувчининг ёки мазкур банкнинг акцияларига эга бўлган ва у билан келишув асосида боғланган ёки унинг мулкини назорат қилувчи ёки у томонидан назорат қилинувчи бошқа шахснинг молиявий аҳволи қониқарсиз бўлса, Марказий банк акцияларнинг 20 фоизидан ортиғини сотиб олишга розилик бермаслиги мумкин.
3.11. Агар қуйидаги ҳолларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси аниқланса, банк акцияларининг 20 фоизидан ортиғини сотиб олувчининг молиявий аҳволи қониқарсиз деб белгиланиши мумкин:
а) сотиб олувчининг ёки мазкур банкнинг акцияларига эга бўлган ва у билан келишув асосида боғланган ёки унинг мулкини назорат қилувчи ёки у томонидан назорат қилинувчи бошқа шахснинг пассивлари уларнинг активларидан ортиқ бўлса;
б) сотиб олувчи ёки мазкур банкнинг акцияларига эга бўлган ва у билан келишув асосида боғланган ёки унинг мулкини назорат қилувчи ёки у томонидан назорат қилинувчи бошқа шахснинг пассивлари банк барқарорлигига жиддий хавф туғдирган ҳолда;
в) сотиб олувчи томонидан тақдим этилган молиявий маълумотлар, зарур ҳолларда бу шахс банк устав капиталида ўз улушини ошира олмаслиги кўрсатилган ҳолда;
г) ушбу шахс томонидан акцияларнинг мўлжалланаётган хариди натижасида банк учун молиявий хатарлар юзага келиши эҳтимолини кўрсатувчи исталган бошқа далиллар маълум бўлса.
3.12. Банк акцияларининг 20 фоизидан ортиғини сотиб олувчи шахслар (алоҳида ёки мазкур Низомнинг 3.1-бандида кўзда тутилган вазиятларда) бенуқсон ишбилармонлик ва касбий обрўга эга бўлиши лозим. Агар қуйидаги далиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси маълум бўлса, шахс ишонч қозонмаган ҳисобланади:
а) шахс илгари банкротликка учраган юридик шахснинг раҳбари, кенгаши аъзоси ёки йирик акциядори бўлган ва мазкур шахснинг хатти-ҳаракати банкротликка олиб келишда муҳим омил бўлганлиги ҳақида далиллар маълум бўлса;
б) шахс ўз фаолиятида ва шахсий ҳулқида ишларни нотўғри бошқарган ва виждонсиз иш юритиш ҳолларига йўл қўйганлиги аниқланса.
Агар сотиб олувчи юридик шахс ҳисобланса, ушбу бандда юқорида кўрсатилган талаблар сотиб олувчи кенгашининг, бошқарувининг ҳар бир аъзосига ёки йирик иштирокчиси бўлган жисмоний шахсга нисбатан қўлланилади.
3.13. Устав капиталининг беш фоизидан ортиғи миқдоридаги акциялар эгалари алмашуви натижасида акциядорлар таркибида содир бўлган ва банк устав капитали миқдори ўзгариши билан боғлиқ бўлмаган ўзгаришлар юз берган ҳолларда Марказий банкка акциядорлар таркибида ўзгаришлар содир бўлган вақтдан бошлаб ўн кундан кечикмаган муддатда акциядорлар рўйхати (уч нусхада) уларнинг устав капиталидаги улушлари қиймат ва фоиз кўринишида кўрсатилган ҳолда топширилади. Рўйхат Банк кенгаши раиси томонидан имзоланади ва илова хати билан бирга олиб борилади.
Марказий банк овоз берувчи акцияларининг 5 фоизидан кам миқдорига эгалик қилувчи акциядорлар тўғрисидаги маълумотларни сўраб олишга ҳақли.
3.14. Барча хорижий инвесторларнинг банк устав капиталидаги улушлари умумий суммаси устав капиталининг 10, 20 ва 30 фоизига тенг миқдорга етганда банк Марказий банкка ҳар бир хорижий инвесторнинг банк устав капиталидаги иштироки тўғрисидаги унга тегишли улуш миқдори, келиб чиқиш мамлакати, юридик шахслар учун қўшимча равишда — мулкчилик шакли, асосий фаолияти, раҳбарияти ва асосий эгалари кўрсатилган маълумотларни тақдим этади.
Барча хорижий инвесторларнинг банк устав капиталидаги улушлари умумий суммаси устав капиталининг 30 фоизи миқдорига етганда банк чет эл капитали иштирокидаги банкка айланади, бу вақтда у қонун ҳужжатлари ва Марказий банк меъёрий ҳужжатлари талабларига мувофиқ келиши лозим. Бунда хорижий инвесторларнинг бири юридик шахс бўлиши керак.
4. БАНК НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ ВА НОМ ЎЗГАРИШИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ
4.1. Банкнинг кўзда тутилган янги номи Марказий банк билан келишилиши лозим.
4.2. Банк Марказий банкка банк номини ўзгартириш истаги тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади, аризада қуйидагилар кўрсатилади:
мўлжалланаётган тўлиқ ва қисқартирилган номи;
ташкилий-ҳуқуқий шакли;
янги ном кучга кириши мўлжалланган сана;
банк уставига киритилиши мўлжалланган матн билан бирга янги номни акс эттириш мақсадида банк уставини ўзгартириш бўйича таклиф.
4.3. Марказий банк номни ўзгартириш истаги тўғрисидаги аризани олганидан сўнг икки ҳафта муддат ичида банкка унинг янги номига доир келишув натижалари тўғрисида хабар қилади.
4.4. Агар янги ном фаолият тури ёки банк томонидан кўзда тутилган хизматларни нотўғри ифодаласа, ёхуд банк мижозлари ёки потенциал мижозларини чалғитса, Марказий банк мўлжалланаётган ўзгаришни рад этиш ҳуқуқига эга.
4.5. Банкни қайта номлаш учун банк акциядорлари умумий йиғилиши томонидан банк номини ўзгартириш ва шу муносабат билан уставга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Давлат ягона муассиси ҳисобланган банкнинг номини ўзгартириш тўғрисидаги қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади.
4.6. Банк номини ўзгартириш ва уставга ўзгартиришларни киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг банк бир ойдан кечиктирилмаган муддатда Пруденциал назорати департаментига банк номини ўзгартириш тўғрисидаги қарор билан бирга уч нусхада акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасини ва унинг номи ўзгаришига тааллуқли бўлган банк уставига киритилган ўзгартиришлар матнини тақдим этади. Банк ноаниқ ахборот тақдим этилган ҳолда жавобгардир.
Агар янги ном банк фаолияти ёки у таклиф этадиган хизматлар турини нотўғри ифодаласа ёхуд банкнинг мижозларини ёки потенциал мижозларини чалғитса, Марказий банк мўлжалланаётган ўзгаришни рад этиш ҳуқуқига эга.
4.7. Пруденциал назорати департаменти тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва Қўмитага банкнинг янги номини тасдиқлаш, банк уставига бу билан боғлиқ киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда янги ном билан банк операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни қайта расмийлаштириб бериш масаласини киритади.
Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва уставга киритиладиган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш бир ой муддат ичида амалга оширилади.
4.8. Тасдиқлангандан сўнг Пруденциал назорати департаменти банк устави сарварағига, Банкларни рўйхатга олиш республика дафтарига тегишли ёзувларни киритади ва янги ном билан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилади.
Қўмитанинг банк уставига киритилган ўзгаришларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарори, банк номини ўзгартириш тўғрисидаги қабул қилинган акциядорлар умумий йиғилиши баённомаси ва банк уставига киритилган ўзгартиришлар матни ҳамда лицензиянинг биттадан нусхаси банкнинг Марказий банкда сақланадиган юридик йиғмажилдига тикиб қўйилади. Мазкур ҳужжатларнинг биттадан нусхаси банк жойлашган ердаги Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармасига ва банкка уларда сақланадиган банк юридик йиғмажилдига тикиб қўйиш учун юборилади (банкка лицензиянинг асл нусхаси топширилади). Марказий банк ҳудудий Бош бошқармаси ва банк уларда сақланадиган банк устави сарварағига ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатга олинганлиги тўғрисида ёзиб қўяди.
4.9. Банкнинг янги номи Марказий банкда банк янги номининг Банкларни рўйхатга олиш республика дафтарида рўйхатга олинган кундан бошлаб кучга киради.
4.10. Агар банк чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун бош лицензияга эга бўлса, Лицензиялаш департаменти Марказий банкнинг Валютани тартибга солиш ва ташқи алоқалар департаментига банк номи ўзгарганлиги муносабати билан лицензиясининг алмаштирилиши тўғрисида хабар қилади. Комиссия томонидан ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб алоҳида банк операцияларини амалга оширишга доир лицензиялар алмаштирилгунига қадар 30 кун муддат ичида алоҳида банк операцияларини амалга ошириш учун берилган эски лицензиялар ҳақиқий ҳисобланади.
4.11. Банк ўзининг корпоратив веб-сайтида банкнинг номи ўзгартирилганлиги тўғрисида ахборотни жойлаштириши шарт. Бундай ахборотни жойлаштириш банк уставига ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб икки иш куни давомида амалга оширилади.
5. БАНК МАНЗИЛИ ЎЗГАРГАНЛИГИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ
5.1. Банк манзилининг ўзгариши банк операцияларини бажариш учун лицензия ва алоҳида банк операцияларини амалга ошириш учун лицензияларнинг алмаштирилишини талаб қилмайди.
5.2. Банк манзили (почта манзили)нинг ўзгариши қуйидагилар билан бирга амалга оширилади:
Марказий банк ҳудудий Бош бошқармасининг ҳисоб-китоб-касса марказидаги вакиллик ҳисобрақами сақланиб қолгани ҳолда почта манзилининг ўзгариши;
ҳисоб-китоб-касса маркази ва почта манзилининг ўзгариши билан.
5.3. Ҳисоб-китоб-касса хизмати кўрсатишнинг бошқа ҳисоб-китоб-касса марказига ўтказилганлиги билан боғлиқ бўлган манзил (почта манзили) ўзгаришидан олдин банк ва Марказий банк ўртасидаги кредит-ҳисоб-китоб муносабатлари билан боғлиқ масалалар бартараф этилиши лозим.
5.4. Банк манзили (почта манзили) ўзгарганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан Пруденциал назорати департаментига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
банк манзили (почта манзили) ўзгарганлиги муносабати билан банк уставига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома;
манзилни ўзгартириш тўғрисида Банк кенгашининг асосланган қарори (давлат ягона муассиси ҳисобланган банк учун ҳукумат қарори);
хизмат кўрсатиш кўзда тутилаётган жойдаги ҳудудий Бош бошқарманинг мўлжалланаётган бино, жиҳоз, касса тармоғининг тайёрлиги ва Марказий банк талабларига мувофиқ дастурий-техник воситалар билан жиҳозланганлиги тўғрисидаги хулосаси;
мўлжалланган ўзгаришнинг банк депозиторларига таъсир этиши эҳтимоли тўғрисида ва бундай ўзгариш натижасида банк фаолияти стратегиясининг исталган кўзда тутилган ўзгаришлари тўғрисида ахборот (аҳоли яшайдиган пункт ўзгарган ҳолларда).
5.5. Ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг Марказий банк икки ҳафта муддат ичида банкка унинг янги манзилига доир келишув натижалари тўғрисида хабар қилади.
5.6 Марказий банк қуйидаги сабабларнинг бири бўйича манзилни ўзгартиришни рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши мумкин:
мўлжалланаётган янги манзил биноси ва жиҳозлари банк фаолиятини юритиш учун, хусусан, омонатчилар маблағларини хавфсиз сақлаш учун етарли бўлмаса;
5.7. Марказий банк жойларда назорат қилиш йўли билан ёки исталган бошқа тарзда янги манзилда бино ва жиҳозларнинг Марказий банк талабларига мос келишини текшириш ҳуқуқига эга.
5.8. Банк манзили (почта манзили)ни ўзгартириш учун рухсат олинганидан кейин бир ой муддатдан кечикмаган ҳолда Марказий банкка мазкур Низомнинг 1.5-бандига мувофиқ манзил (почта манзили)нинг ўзгариши билан боғлиқ банк уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилади.
5.9. Банк ўзининг корпоратив веб-сайтида банкнинг жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганлиги тўғрисида ахборотни жойлаштириши шарт. Бундай ахборотни жойлаштириш банк уставига ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилгандан санадан бошлаб икки иш куни давомида амалга оширилади.
6. БАНК ФИЛИАЛИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ
6.1. Филиал томонидан банк лицензиясида кўзда тутилган банк операциялари амалга оширилиши қонунийлигини назорат қилиш учун банк Марказий банкка унинг филиали тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг ўн кун муддат ичида хабар қилади. Пруденциал назорати департаментига филиал тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимоснома билан бирга янги таҳрирдаги низом, филиал тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисида Банк кенгаши қарорининг баённомаси (давлат ягона муассиси ҳисобланган банк учун Бошқарув қарорининг баённомаси) ҳамда киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг матни уч нусхада тақдим этилади.
6.2. Филиал манзили у жойлашган туман миқёсидаги маъмурий-ҳудудий бўлинма чегарасида ўзгариши мумкин (вилоят филиаллари учун - вилоят чегарасида).
Банк кенгаши раиси имзолаган банк бўлими манзилини ўзгартириш учун ариза;
банк филиали манзилини ўзгартириш тўғрисида Банк кенгашининг қарори;
филиал манзили ўзгариши муносабати билан банк филиали тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар матни;
филиал жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий Бош бошқармасининг янги бино, жиҳоз, касса тармоғи ҳамда дастурий-техник воситалар билан жиҳозланганлигининг Марказий банк талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
филиаллар манзилининг ўзгариши омонатчиларга таъсир этиши эҳтимоли тўғрисида ахборот;
филиал манзилининг ўзгариши натижасида банк стратегиясининг исталган кўзда тутилган ўзгаришлари тўғрисида ахборот.
6.4. Пруденциал назорати департаменти тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар мазкур Низом талабларига мос келса, Банк назорати қўмитасига банк филиали тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш масаласини киритади.
Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва банк филиали манзилини ўзгартиришга рухсат бериш бир ой муддат ичида амалга оширилади.
6.5. Марказий банкнинг банк филиали манзили ўзгариши учун қарор беришдан бош тортишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
а) филиал учун мўлжалланаётган манзил биноси ва жиҳозлари банк фаолиятини юритиш учун, хусусан, омонатчилар маблағларини хавфсиз сақлаш учун етарли бўлмаса;
6.6. Марказий банк кўзда тутилган манзил биноси ва жиҳозлари мувофиқлигини жойларда назорат қилиш ёки исталган бошқа тарзда текшириш ҳуқуқига эга.
6.7. Қўмита томонидан банк филиали тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг Пруденциал назорати департаменти томонидан филиал тўғрисидаги низомнинг титул варағига ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида ёзиб қўйилади, Қўмита баённомаси ва тақдим этилган ҳужжатларнинг биттадан нусхаси банк филиалининг Марказий банкда сақланадиган юридик йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг биттадан нусхаси ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор, Банкларни рўйхатга олиш Қўмитаси баённомасидан кўчирма билан бирга бош банк офиси жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий Бош бошқармасига ва банк филиалига уларда сақланадиган филиал юридик йиғмажилдига тикиб қўйиш учун юборилади.
Марказий банк ҳудудий Бош бошқармаси ва банк филиали филиал тўғрисидаги низомнинг сарварағига ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатга олинганлиги тўғрисида ёзиб қўяди.
6.8. Мазкур Низом амалиётга жорий этилиши билан 1996 йил 4 майдаги 58-сонли «Банк устав капитали ва акциядорлар таркибини ўзгартириш тартиби» ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари А. ЭРДОНАЕВ
1-ИЛОВА
Эълон қилинган акциялар умумий сони доирасида қўшимча акциялар чиқариш йўли билан устав капиталининг оширилиши муносабати билан банк устави матнини баён этишга доир
ТАВСИЯЛАР
Эълон қилинган акциялар умумий суммаси чегарасида қўшимча акциялар чиқариш ҳисобидан банк устав капиталини ошириш учун банк уставига тахминан қуйидагича баён этилган қоидаларни киритиш лозим:
«Банк устав капитали 100 миллион сўмни ташкил этиб, қуйидаги акцияларга тақсимланган:
оддий акциялар ― 90000 дона, ҳар бирининг номинал қмймати минг сўм, жами суммаси 90 миллион сўм;
имтиёзли акциялар ― 10000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 10 миллион сўм.
Устав капиталини ошириш мақсадида банк чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялар суммаси 100 миллион сўмни ташкил этади, шу жумладан:
оддий акциялар — 90000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 90 миллион сўм;
имтиёзли акциялар — 10000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 10 миллион сўм».
Акциялар умумий сони доирасида акциялар чиқариш ва уларни жойлаштиришда тўланган акциялар банк устав капиталига ўтказилади.
Масалан, қиймати 100 миллион бўлган эълон қилинган акциялар умумий сони доирасида банк 50 миллион сўмлик эмиссияни амалга оширди, бунда уставга қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:
«Банк устав капитали 150 миллион сўмни ташкил этиб, қуйидаги акцияларга тақсимланган:
оддий акциялар — 135000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 135 миллион сўм;
имтиёзли акциялар — 15000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 15 миллион сўм.
Устав капиталини ошириш мақсадида банк чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялар суммаси 50 миллион сўмни ташкил этади, шу жумладан:
оддий акциялар — 45000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 45 миллион сўм;
имтиёзли акциялар — 5000 дона, ҳар бирининг номинал қиймати минг сўм, жами суммаси 5 миллион сўм».
2-ИЛОВА
Акциядорлик тижорат «___________________» банки томонидан чиқарилган акцияларни жойлаштириш