|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 28.11.1997
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ СУҒУРТА ҲИМОЯСИНИ ТАЪМИНЛАШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 ноябрдаги 524-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори асосида ўз кучини йўқотган .
«Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари тўғрисида», «Суғурта тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, «Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ ҳамда ватанимиздаги ва чет эллик мулкчиликнинг барча шаклларидаги инвесторларнинг инвестицияларини, уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳамда турли хил суғуртали воқеа-ҳодисалардан суғурта ҳимоясини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компанияси ташкил қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасига хорижий инвестицияларни фаоллик билан жалб этиш босқичида ватанимиздаги ва чет эллик мулкчиликнинг барча шаклларидаги инвесторлар Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётига қўяётган инвестицияларни, шунингдек, Ўзбекистон инвесторлари ва чет мамлакатлардаги экспортерларнинг иқтисодий манфаатларини суғурта йўли билан ҳимоя қилиш «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компанияси фаолиятининг мақсадидир.
3. «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компаниясининг устав жамғармаси 10 (ўн) миллион АҚШ доллари ва 200 миллион сўм;
(3-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 24 май 191-сонли қарори таҳририда)
суғурта жамғармаси 500 (беш юз) миллион АҚШ доллари ва 500 (беш юз) миллиард миллий валюта миқдорида белгилансин.
Молия вазирлиги бир ой муддатда республика валюта жамғармаси ва бюджетидан устав жамғармасини ҳамда суғурта жамғармасининг 1/5 қисмини тўласин ва суғурта жамғармасининг қолган қисмини тўлаш муддатлари бўйича таклифлар киритсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, директорлар Кенгаши «Ўзбекинвест» суғурта компаниясини бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади ва унга қуйидагилар лавозимига кўра аъзо бўладилар:
Молия вазири — директорлар Кенгашининг раиси;
Ташқи иқтисодий алоқалар вазири;
Марказий банк Бошқаруви раиси;
Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Бошқаруви раиси;
Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раиси;
«Ўзбекинвест» компаниясининг бош директори.
5. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекинвест» суғурта компанияси суғурта жамғармасининг бир қисми ўз зиммасига қабул қилган суғурта мажбуриятларига қараб Кузатувчи Кенгаш кузатуви остида биринчи даражали чет эл банкларида жойлаштирилиши мумкин. Ана шу Кенгашнинг таркибига Ўзбекистон вакилларидан ташқари биринчи даражали чет эл банкларининг, суғурта ва юридик компанияларнинг раҳбариятидан вакиллар киритилади.
Молия вазирлиги бир ой муддатда «Ўзбекинвест» компанияси Кузатувчи Кенгашининг таркиби бўйича таклифлар киритсин.
6. «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компаниясининг Устави тасдиқлансин (илова қилинади).
7. «Ўзбекинвест» компанияси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Адлия вазирлиги билан биргаликда:
икки ой муддатда «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компанияси амалга оширадиган сиёсий ва тижорат соҳасидаги таваккалчиликларни суғурта қилиш асосларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унда хорижий инвесторларга энг кўп қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши назарда тутилсин;
бир ой муддатда сармоя экспорт қилувчи мамлакатлар билан икки томонлама шартномалар тузиш ҳамда халқаро конвенцияларга («Инвестицияларга оид низоларни ҳал қилиш тўғрисида» 1965 йилги Вашингтон конвенцияси, «Чет эл инвестицияларини суғурта қилиш бўйича халқаро агентликни ташкил этиш тўғрисида» 1985 йилги Сеул конвенцияси) қўшилиш ҳақидаги таклифларни киритсин;
Жаҳон банкининг инвестицияларни кафолатлаш бўйича Кўп томонлама агентлиги билан амалий ҳамкорлик ўрнатиш чораларини кўрсин.
8. Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компаниясининг марказий аппаратини Мустақиллик майдонидаги 20 қаватли маъмурий бинода Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбошэкспертиза» эгаллаб турган майдонни бўшатиш ҳисобига жойлаштирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компаниясига зарур миқдордаги телефон алоқа воситаларини жумладан, халқаро ва ҳукумат алоқа воситаларини ажратиб берсин.
10. Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки икки ой муддатда ватанимиздаги ва чет эллик инвесторларни носиёсий тусдаги суғуртали воқеа-ҳодисалардан, шунингдек, шерикларнинг шартнома мажбуриятларини бузишлари билан боғлиқ тижорат соҳасидаги таваккалчиликлардан суғурта йўли билан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун чет эллардаги етакчи суғурта ва молия компанияларининг иштирокида суғурта компаниясини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритсинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 13 апрель,
206-сон
«Ўзбекинвест» Миллий суғурта компаниясининг
УСТАВИ
I. Умумий қоидалар
2. Компания давлат суғурта компанияси бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг мулки ҳисобланади.
3. Компания фаолиятининг асосий вазифаси Ҳукуматнинг инвестицияларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш бўйича сиёсатини амалга ошириш, республиканинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасидаги манфаатларини, ўзбекистонлик инвесторлар ва экспортерларнинг хорижий мамлакатлардаги манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, халқаро суғурта агентликлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдир.
4. Компания ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига, шунингдек, мазкур Уставга амал қилади.
5. Компания юридик шахсдир, алоҳида ажратилган мулкка эгалик қилади, мустақил балансга, банк муассасаларида счётларга эга, ўз номидан шартномалар тузишга, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни харид қилишга ҳамда мажбуриятлар олишга, судларда даъвогар ва жавобгар бўлишга ҳақлидир.
6. Компания Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган, ўз номи ўзбек ва инглиз тилларида қайд этилган муҳрга, бланкларга ва товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)га эга.
7. Компания ўз мажбуриятлари бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра даъво қилиниши мумкин бўлган ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.
8. Компания Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Ўзбекистон Республикаси Компания мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, бундан томонлар битимида белгиланган ҳоллар мустасно.
9. Компания ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик мустақиллиги шартларида амалга оширади.
II. Асосий вазифалари ва хизматлари
10. Компания жалб этилаётган инвестицияларни ҳимоя қилиш ва кафолатларни таъминлаш бўйича Компания зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига мулкчиликнинг барча шаклларидаги мамлакатдаги ва хориждаги инвесторлар томонидан қўйилаётган инвестицияларни сиёсий таваккалчиликлардан суғурта ҳимояси билан таъминлайди. Сиёсий таваккалчиликлар деганда қуйидагилар тушунилади:
а) мулкдан маҳрум қилиш, шунингдек, мамлакат томонидан жорий қилинадиган мулкнинг тортиб олинишига, мулк ёки ундан олинадиган даромадлар устидан назоратнинг йўқотилишига олиб келадиган ҳар қандай қонунчилик ҳужжатлари ва маъмурий чора-тадбирлар; бундан мамлакат ўз ҳудудидаги иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида жорий қиладиган, умумий қўлланиладиган ҳақ-ҳуқуқни чекламайдиган чора-тадбирлар мустаснодир;
б) уруш ёки фуқаролар ғалаёнлари;
в) суғурта ташкилоти ва инвесторнинг контракт муносабатларига мамлакат ҳокимиятининг аралашуви;
г) мамлакат ҳокимияти томонидан миллий валютани бошқа зарур валюталарга айирбошлаш ҳамда уни мамлакат чегарасидан ташқарига юборишларга чеклашларнинг жорий қилиниши;
д) инвесторларнинг айрим гуруҳларига нисбатан ҳақ-ҳуқуқларни чеклаш тусида бўлган янги қонун-қоидаларнинг жорий қилиниши;
ўзбекистонлик инвестор ва экспортёрларга хорижий мамлакатлардаги сиёсий таваккалчиликлар бўйича ҳам, тижорат ва табиий таваккалчиликлар бўйича ҳам суғурта хизматлари кўрсатади;
мамлакатдаги, хориждаги халқаро, давлат ва хусусий суғурта ташкилотлари билан ишга оид алоқаларни ҳамда ҳамкорликни ривожлантиради, улар билан биргаликдаги суғурта фаолиятини ва қайта суғурта қилиш ишларини амалга оширади;
маълумотларнинг суғурта ахборот банкини ташкил қилади, реклама фаолиятини амалга оширади, суғурта соҳасида аудитор ҳамда консалтинг хизматларини кўрсатади;
суғурта захираларини иқтисодиётнинг юқори рентабелли тармоқларига жойлаштириш шаклида, шунингдек, қўшма ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамда тижорат тузилмаларини ташкил этишда қатнашиш йўли билан амалга оширилиши мумкин бўлган инвестиция ва тижорат фаолиятини амалга оширади;
белгиланган тартибга мувофиқ суғурта тўловлари ва суғурта суммалари ҳажмини аниқлайди ва тўлайди;
суғурта қилинадиган ҳолатларнинг олдини олишга йўлланган огоҳлантириш (превент) чора-тадбирларини ўтказади;
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, суғурта ташкилотлари билан ишга оид алоқаларни ҳамда ҳамкорликни ривожлантиради;
суғурта қилиш шартлари ва тартибини аниқлайди, суғуртанинг ихтиёрий турлари тарифларини белгилайди;
шартномалар тузади ва ҳисоб-китоблар қилади, агентларни тайинлайди, ҳамда уларга комиссион тақдирлаш пулларини тўлайди;
фалокат комиссари функциясини бажаради;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида миллий ҳамда хорижий валютадаги счётларни очади ва ёпади ҳамда унинг корреспондентлик счётлари тармоғидан хориждаги банклар ва мижозлар билан ишлашда фойдаланади;
маслаҳат, маркетинг, реклама, аудитор ва траст хизматларини кўрсатади;
оператив ва бухгалтерия ҳисобини юритади. Тегишли ҳисоботни тузади;
зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган ҳамда фаолият мақсадига мувофиқ келувчи бошқа фаолиятни амалга оширади.
III. Маблағлар, мол-мулк ва фойдани тақсимлаш
11. Компаниянинг маблағлари даромаддан, шу жумладан, хорижий валютадаги даромаддан ташкил этилган устав, суғурта ва бошқа жамғармалардан иборат бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Устав жамғармасининг иш фаолиятини таъминлашга мўлжалланган дастлабки ҳажми 10 (ўн) миллион АҚШ доллари ва 200 миллион сўм белгиланади ва Республика валюта фонди ҳамда республика бюджети маблағларидан шакллантирилади. Устав жамғармасининг ҳажми компания директорлар кенгаши тақдими асосида республика Ҳукумати қарорига биноан ўзгартирилиши мумкин.
(банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 24 май 191-сонли қарори таҳририда)
13. Компаниянинг суғурта ишлари бўйича эҳтимол тутилган зарарларини қоплашга мўлжалланган суғурта жамғармаси 500 (беш юз) миллион АҚШ доллари ва 500 (беш юз) миллиард миллий валюта ҳажмида белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан шакллантирилади. Захира жамғарманинг муайян қисми (Компания берадиган суғурта тўловига кўра) биринчи даражали чет эл банкларида) жойлаштирилади ҳамда биринчи даражали чет эл банкларининг суғурта ва юридик компанияларнинг раҳбариятидан вакиллар қатнашадиган Кузатувчи Кенгаш кузатуви ва назорати остида бўлади.
14. Компания бошқа жамғармаларни ҳам ташкил қилади, уларни шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тасдиқлайди.
15. Компания молиявий хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи олинган даромадлар ва қилинган харажатлар (суғурта тўловлари, олдини олиш чора-тадбирлари харажатлари, суғурта ва бошқа захираларга ажратмалар, ишларни юритишга қилинган харажатлар ва бошқа харажатлар) ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган даромад (фойда)дир.
Бюджетга солиқлар тўлангандан сўнг қоладиган даромад (фойда) Компаниянинг даромади (фойдаси) ҳисобланади, ундан махсус мақсадли жамғармалар ва бошқа жамғармалар шакллантирилади.
Хўжалик фаолияти натижасида яратилган ёки қонун билан йўл қўйиладиган бошқа асосларда харид қилинган мол-мулк Компания мулки ҳисобланади.
IV. Компанияни бошқариш
16. Компания Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисоб беради.
17. Компаниянинг юқори бошқарув органи директорлар Кенгаши бўлиб, унинг таркибига лавозимига кўра қуйидагилар кирадилар:
Молия вазири — Кенгаш раиси;
Ташқи иқтисодий алоқалар вазири;
Марказий банк Бошқаруви раиси;
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бошқаруви раиси;
Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раиси;
Компаниянинг Бош директори.
18. Компаниянинг директорлар Кенгаши:
Компания фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
Компания Уставини унга ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;
устав ва суғурта жамғармасини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритади;
Кузатувчи Кенгаш таркиби ва Кузатувчи Кенгаш бошқарувига суғурта жамғармасининг берилаётган қисми бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;
лимитларни ва Компания Бош директори ваколатига берилаётган суғурта қоплашларини тақдим этиш тартибини тасдиқлайди;
Компания Бош директори ваколати лимитидан ортиқ суммада суғурта қоплашларини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
Компания Бош директорининг тақдимига кўра даромадни тақсимлаш, шунингдек, зарарларни қоплаш тартибини тасдиқлайди;
Бош директор ҳисоботларини тинглайди.
19. Компанияга оператив раҳбарликни Молия вазирлигининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тайинлайдиган Бош директор амалга оширади.
Компания Бош директорининг Директорлар Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ўринбосарлари бўлади.
20. Компания тузилмаси ва штати, шунингдек, лавозим ойлик маошлар схемаси, меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби Компания Бош директори томонидан тасдиқланади.
21. Компания Бош директори компания фаолиятига Компания Устави билан унга берилган ваколатга мувофиқ раҳбарлик қилади ва Компания зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
22. Компаниянинг Бош директори:
Компания фаолиятининг барча масалаларини ҳал қилади, бундан мазкур Устав билан Вазирлар Маҳкамаси, Директорлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Компаниянинг Кузатувчи Кенгаши ваколатига киритилган масалалар бундан мустасно;
Компания номидан ишончномасиз иш юритади, республикадаги барча органларда, республика корхоналари ва ташкилотларида, шунингдек, бошқа давлатларда суғурта фаолияти масалалари бўйича Компаниянинг вакили бўлади;
Компания мулкини тасарруф этади;
шартномалар, битимлар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузади;
ишончномалар беради;
Компаниянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;
Компания фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқади ва ҳал этади.
V. Компаниянинг кузатувчи Кенгаши
23. Компаниянинг Кузатувчи Кенгаши Ўзбекистон Республикасининг расмий вакилларидан, шунингдек, биринчи даражали чет эл банклари, суғурта ва юридик компанияларининг раҳбарларидан ташкил этилади.
Компаниянинг Кузатувчи Кенгаши:
Компаниянинг суғурта тўловлари бўйича мажбуриятлари ижросининг кафолатчиси ҳисобланади;
Компания Директорлар Кенгаши топшириғига кўра суғурта жамғармасининг чет элга жойлаштириладиган қисмини бошқаради;
Компания суғурта жамғармасининг чет элга жойлаштириладиган ҳажми тўғрисида Компания Директорлар Кенгашининг кўриб чиқиши учун таклифлар киритади;
Компания суғурта мажбуриятлари шартларига кўра ўзига бошқариш учун берилган маблағлардан суғурта тўловлари бўйича ҳакамлик қарорларини ижро қилади.
Компания Кузатувчи Кенгашини шакллантириш ва унинг ишлаш тартибини, шахсий таркибини Директорлар Кенгаши белгилайди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
VI. Ҳисоб, ҳисобот ва фаолиятни тафтиш қилиш
24. Компания амалга оширилаётган фаолият бўйича ҳисоб ва ҳисоботни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлайди.
25. Компанияда ҳисобот йили 1 январда бошланиб 31 декабрда тугайди. Ҳар бир йил якунида матбуотда эълон қилинадиган фойда ва зарарлар баланси ҳамда счёти тузилади.
26. Компания фаолиятини тафтиш қилиш ва текширишни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бошқармаси, мустақил аудитор ташкилотлари ва қонунчилик ҳужжатларига кўра бундай текширишларни амалга ошириш ваколати берилган бошқа назорат органлари амалга оширадилар.
VII. Фаолиятни тўхтатиш
27. Компаниянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига биноан тўхтатилади.