Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.09.2020

Ўзбекистон Республикаси Марказий

банки Бошқаруви томонидан

1998 йил 5 сентябрь, 231-сон

«ТАСДИҚЛАНГАН»

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН НОРЕЗИДЕНТЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ВАЛЮТАСИДАГИ ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ ЮРИТИШ
тартиби
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 22 октябрда 510-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
 LexUZ шарҳи
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сонли «Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.) асосан 2020 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
1. Умумий қоидалар
1.1. Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари томонидан норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақларини юритишнинг қуйидаги тартибини белгилайди. Норезидентларга ҳисобварақларни очиш Марказий банкнинг «Ўзбекистон Республикасининг банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида»ги йўриқномаси билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
1.2. Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги ҳисобварақлари юридик ва жисмоний шахслар ― норезидентларга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари билан тегишли битимларни тузган хорижий банкларга очилади.
2. Юридик шахслар ― норезидентларнинг миллий валютадаги ҳисобварақлари
2.1. Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги ҳисобварақлар қуйидаги юридик шахслар ― норезидентларга очилади:
Ўзбекистон Республикасида турган, иммунитет ҳамда дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган чет эл дипломатик ва бошқа расмий ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ҳамда уларнинг филиаллари, шунингдек хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналарига;
товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчиларга;
ташкил этилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб олишни (сотишни) амалга оширувчиларга;
Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширадиганларга.
2.2. Юридик шахслар ― норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги ҳисобварақларига қуйидагилар ўтказилиши мумкин:
қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ички валюта бозорида хорижий валютани сотишдан олинган тушум;
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний асосларда олинган консуллик йиғимлари ва бошқа суммалар;
хориждаги бош ташкилотдан Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги хорижий банкларнинг «лоро» ҳисобварақларидан келиб тушган суммалар;
хайрия ва молиявий ёрдам тарзида тушадиган суммалар;
ваколатхона ташкил этган юридик шахс ― норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари ва бошқа даромадлари;
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгилаб берилган бошқа ҳолатларда.
2.3. Норезидентларнинг ҳисобварақларидаги Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг фармойишига кўра уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаб туриш учун жорий харажатларни (ижара тўловларини; коммунал ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар учун тўловларни тўлашда; кундалик фаолиятни таъминлаш учун товар-моддий бойликларни сотиб олишни; алоқа каналлари ижара ҳақини тўлашни; юкларни, почта жўнатмаларини ва даврий нашрларни жўнатиш ва етказиб бериш харажатларини тўлашни; меҳнат шартномалари бўйича ходимларга иш ҳақи ва бошқа мукофот пулларини тўлашни; ходимларнинг хизмат сафари харажатларини; суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий турлари бўйича суғурта бадалларини ўтказишни; бахтсиз ҳодисалар юз берганда ёки касаллик ҳолатларида ходимларни даволаниш харажатларини тўлашни) тўлашда, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
2.4. Юридик шахслар ― норезидентларнинг ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги нақд пул маблағлари меҳнат шартномалари бўйича ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш, ходимларнинг хизмат сафари харажатларини тўлаш учун зарур миқдорда, шунингдек, юридик шахслар ― норезидентлар учун белгиланган тартибда бошқа мақсадларда олиниши мумкин. Норезидентнинг касса лимити хизмат кўрсатаётган тижорат банки томонидан ҳисобварақ эгасининг розилиги билан белгиланади. Норезидентнинг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун белгиланган касса операцияларини юритиш тартибига риоя қилиши шарт.
3. Жисмоний шахслар ― норезидентларнинг миллий валютадаги ҳисобварақлари
3.1. Жисмоний шахслар ― норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги ҳисобварақлари Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган хорижий фуқаролар учун очилади.
Ушбу ҳисобварақларга улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига олиб кирган, амалдаги тартибга мувофиқ чет эл валютасини айирбошлаш шахобчалари орқали миллий валютага айирбошланган маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда олинган бошқа суммалар киритилиши мумкин.
3.2. Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги маблағлар жисмоний шахс ― норезидентнинг республика ҳудудида яшаб турган вақтидаги жорий харажатларини тўлаш учун сарфланиши мумкин.
4. Хорижий банкларнинг «лоро» вакиллик миллий валютадаги ҳисобварақлари
4.1. Хорижий валютада операцияларни ўтказиш учун тегишли лицензияга эга бўлган хорижий банклар Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида «лоро» вакиллик ҳисобварақларини очишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари вакиллик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тузиладиган битимлар асосида хорижий банкларга Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги вакиллик ҳисобварақларини очадилар.
4.2. Вакиллик ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш тижорат банклари томонидан мустақил равишда, чет эл банклари билан тузилган битимларнинг шартларида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.
4.3. Чет эл банкларининг вакиллик ҳисобварақларига Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги қуйидаги маблағлар ўтказилиши мумкин:
Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали ва Ўзбекистон республика валюта биржасида хорижий валютани сотишдан тушган маблағлар;
агар контрактларнинг шартларида ҳисоб-китобларни сўмда амалга ошириш кўзда тутилган бўлса, товарлар етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш учун импорт контрактлари бўйича олинган маблағлар (бунда Ўзбекистон Республикасининг импортчи ― резидентига хизмат кўрсатаётган банк хорижий банкнинг вакиллик ҳисобварағига маблағларни ўтказиш учун тўлов ҳужжатида тўловнинг мақсадини, тузилган контрактнинг рақамини кўрсатади);
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа жорий халқаро операциялардан олинган маблағлар.
4.4. Хорижий банкларнинг вакиллик ҳисобварақларига ўтказилган Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги маблағлардан қуйидаги тарзда фойдаланилиши мумкин:
товар-хом ашё ва агросаноат биржаларида тузиладиган экспорт контрактлари бўйича олиб чиқиладиган товарлар ҳақини тўлаш тарзида;
норезидентлар томонидан пул жўнатмалари, ижтимоий аҳамиятдаги тўловлар ва трансфертлар тарзида белгиланган тартибда тушган маблағлар тарзида;
корхонанинг устав сармоясини шакллантириш учун;
юридик шахслар ― норезидентларнинг ваколатхоналари ва филиаллари ҳисобварағига кейинчалик ушбу Тартибнинг 2.3 ва 2.4-бандларига мувофиқ фойдаланиш билан ўтказиш учун;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун.
4.5. Ўзбекистон Республикаси резидентларининг топшириғига кўра хорижий банкларнинг вакиллик ҳисобварақларидан маблағларни олиш тақиқланади.
4.6. Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида хорижий банкларнинг «лоро» ҳисобварақлари ўртасида ҳаракат қилиш, кўрсатилган ҳисобварақлардан маблағларни депозитга ўтказиш, шунингдек, кредитлар бериш ва олиш тақиқланади.
4.7. Хорижий банкка вакиллик ҳисобварағини очган тижорат банки уч кун ичида Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига вакиллик банк тўғрисидаги маълумотларни хабар қилиши шарт.
4.8. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида «лоро» ҳисобварақларини очган хорижий банкларга нисбатан талабларни белгилашга ҳақлидир.
4.9. Тижорат банклари хорижий банклар томонидан очилган вакиллик ҳисобварақлари бўйича маблағларнинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган шакл ва муддатларда тақдим этадилар.
5. Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентларнинг миллий валютадаги ҳисобварақлари
5.1. Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентларнинг миллий валютадаги маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тижорат банкларида очилган ҳисобварақларда сақланади ҳамда улар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлатилади.
5.2. Мазкур ҳисобварақларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин:
товарларни реализация қилиш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)дан ва доимий муассасанинг Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолият юритишдан олган маблағлари;
доимий муассасанинг Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларидан ўтказилган суммалар;
тижорат банкларига чет эл валютасини сотишдан олинган суммалар;
доимий муассасани ташкил қилган норезидентнинг товар-хом ашё биржалари ҳисоб-клиринг палаталаридаги ҳисобварақларидаги маблағлар;
доимий муассаса ташкил этган юридик шахс ― норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари ва бошқа даромадлари.
5.3. Мазкур ҳисобварақларда ҳисобда турган маблағлар ҳисобварақ эгасининг фармойишига биноан:
қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ишлатилиши;
ҳисобварақ эгасининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши;
чет эл валютасини харид қилиш учун;
харажатларни тўлашга ишлатилиши, шунингдек мазкур Тартибнинг 2.3-бандида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
6. Товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи ва уюшган савдоларда жамият акцияларини сотиб олишни (сотишни) амалга оширувчи норезидент юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақлари
6.1. Товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи ва уюшган савдоларда жамият акцияларни сотиб олишни (сотишни) амалга оширувчи юридик шахслар ― норезидентларнинг миллий валютасидаги маблағлари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида очилган ҳисобварақларда сақланади.
6.2. Мазкур ҳисобварақларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин:
Товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар;
уюшган савдоларда акцияларни сотиб олишдан (сотишдан) тушган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
6.3. Мазкур ҳисобварақларда ҳисобда турган маблағлар ҳисобварақ эгасининг фармойишига биноан:
чет эл валютасини харид қилиш учун ишлатилиши;
товар-хом ашё биржалари ҳисоб-клиринг палаталарида очилган ҳисобварақларига қайа ўтказилиши мумкин.
6.4. Амалга оширилаётган операцияларни тижорат банклари мазкур Тартиб талабларига мувофиқ келиши устидан назорат қиладилар.