ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича тегишли маъмурий чоралар кўриш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида» 2025 йил 20 февралдаги ЎРҚ-1033-сон Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 25 октябрдаги 676-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 апрелдан бошлаб:
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси (кейинги ўринларда — мобил илова) орқали хабардор қилиш имконияти яратилади;
ЯИДХП ёки мобил илова орқали транспорт воситасини бошқариш учун электрон ишончномани расмийлаштириш ҳамда нотариуслар томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини олиш бўйича нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бошқа шахсга ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини композит тарзда хабардор қилиш йўлга қўйилади;
бошқариш ҳуқуқини олган шахс ўз мажбуриятларини электрон рақамли имзо ёки «Mobile-ID» ёхуд «Face-ID» орқали тасдиқлаши талаб этилади.
2. Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
а) 2026 йил 31 мартга қадар:
Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда мулкдорлар томонидан ўзларига тегишли транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсларга ўтказилгани тўғрисидаги маълумотларни ўзаро тезкор равишда алмашишни таъминлаш бўйича ахборот тизимларини интеграция қилиш чораларини кўрсин;
Транспорт вазирлиги билан биргаликда «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимининг «Электрон йўл варақа» автоматлаштирилган ахборот тизимининг «Маъмурий амалиёт» ва «E-jarimaball» модулларига интеграция қилинишини таъминласин;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мувофиқлик сертификатлари, шу жумладан, рўйхатдан ўтказилмаган янги автотранспорт воситаларига расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш бўйича ахборот тизимларини интеграция қилсин;
б) ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтда кенг ёритилиши юзасидан медиа-режа тасдиқласин ҳамда аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 март,
125-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги 125-сон қарорига
1-ИЛОВА
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш (кейинги ўринларда — хабардор қилиш хизмати), шунингдек, ушбу шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш тартибини белгилайди.
Хабардор қилиш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси (кейинги ўринларда — мобил илова) орқали амалга оширилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланади:
бошқариш ҳуқуқини олган шахс — фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, жумладан, ишончнома, суғурта полиси, электрон йўл варақаси (қоғоз шаклидаги йўл варақаси) орқали юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахс.
Бунда бошқариш ҳуқуқини олган шахс ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш давомида йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
ишончнома ва транспорт воситасини бошқаришга доир бошқа ҳужжатлар (кейинги ўринларда — ишончнома) — Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ нотариал шаклда расмийлаштирилган ёки юридик шахс номидан бериладиган ва мазкур юридик шахс раҳбари томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланадиган ишончномалар, транспорт воситаси электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра ижарага берилганлигини тасдиқловчи баённомалар, каршеринг ташкилотлари томонидан транспорт воситасини ижарага берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, нотариал тасдиқлашни талаб этмайдиган, электрон шаклда расмийлаштирилган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномалар, электрон, қоғоз шаклдаги йўл варақалари ва суғурта полислари;
«Маъмурий амалиёт» модули — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг таркибий ахборот тизими;
суғурта полиси — мажбурий суғурта қилинганини тасдиқловчи белгиланган намунадаги ҳужжат бўлиб, транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари суғурта полиси асосида транспорт воситасидан фойдаланиши ва уни бошқариши учун нотариал тасдиқланадиган ишончноманинг расмийлаштирилиши талаб қилинмайди, бунда транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари ҳақидаги, уларнинг қариндошлик даражаси (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ва ҳайдовчилик гувоҳномалари тўғрисидаги маълумотлар суғурта полисида кўрсатилиши ёки ҳайдовчилар сони чекланмаган бўлиши лозим;
транспорт воситасининг эгаси — транспорт воситасига мулк ҳуқуқи ёхуд бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;
хабарнома — хабардор қилиш хизматини кўрсатиш давомида ваколатли органга юбориладиган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини олган ҳамда ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш давомида йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарликни ўз зиммасига олган шахс тўғрисидаги маълумотлар;
ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизими — йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва мазкур қоидабузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарорни шакллантириш ва унга юбориш имконини яратувчи «Маъмурий амалиёт» модули таркибидаги махсус ахборот тизими;
электрон журнал — хабардор қилиш хизматини кўрсатиш тўғрисидаги хабарномалар қайд этиладиган ва «Маъмурий амалиёт» модулида юритиладиган электрон шаклдаги ҳужжат;
электрон йўл варақаси — ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлган, электрон йўл варақаси тизими орқали юритиладиган транспорт воситаларининг ҳаракатини ҳисобга олувчи QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган асосий ҳужжат.
3. Ушбу Низом қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
содир этилган қоидабузарлик бевосита йўл-патруль хизмати инспектори томонидан аниқланиб, электрон ёки қоғоз шаклидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган ҳолатларда;
тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигналлар билан ҳаракатланиб келаётган транспорт воситалари ҳайдовчиларига.
4. Хабардор қилиш хизматини кўрсатиш натижаларига кўра шакллантирилган хабарномалар реестри ва уларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар «Маъмурий амалиёт» модулида юритилади.
5. Хабардор қилиш хизмати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан кўрсатилади.
2-боб. Бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахслар тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш тартиби
6. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс тўғрисида ваколатли орган ЯИДХП ёки мобил илова орқали хабардор қилинади.
7. Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун транспорт воситасининг эгаси ЯИДХП ёки мобил иловада шахсий кабинет очган ҳолда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ сўровномани электрон шаклда тўлдиради ва унда бошқариш ҳуқуқини бериш муддатини кўрсатиб ўтади.
Сўровномага транспорт воситасини бошқариш учун асос бўлган ҳужжатларнинг электрон нусхалари илова қилинади.
Ишончнома бир нечта шахсларга берилган бўлса, сўровномага улар орасидан транспорт воситасини доимий бошқарадиган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарликни ўз зиммасига олган шахснинг Ф.И.О., ЖШШИР ва транспорт воситасини бошқаришга доир ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Агар бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган бўлса, унинг яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган жойи тўғрисида маълумотлар ҳам киритилади.
Зарур ҳолларда ишончномада кўрсатилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва манфаатдор вазирлик ва идораларнинг тегишли маълумотлар базаларидан, шунингдек, «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан текширилади.
8. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс маълумотларни кўриб чиқиб, сўровномада кўрсатилган транспорт воситасида фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олишини қайси тизимдан сўров юборилган бўлса, айнан ўша тизим орқали тасдиқлайди ёки тасдиқлашни рад этади.
Бунда бошқариш ҳуқуқини олган шахс сўровномани тасдиқлаш орқали келгусида унга нисбатан жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштирилиб борилишига розилигини электрон рақамли имзо ёки «Mobile-ID» ёхуд «Face-ID» орқали тасдиқлайди.
9. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс сўровномадаги маълумотларни тасдиқлаганидан сўнг, автоматик равишда тўлов варақаси шакллантирилади ва тўлов амалга оширилгандан кейин сўровномадаги маълумотлар автоматик тарзда ваколатли органнинг ахборот тизимига юборилиб, автоматик равишда QR-кодли (матрик штрихли код) хабарнома шакллантирилади ва электрон шаклда «Маъмурий амалиёт» модулига юборилади.
10. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс сўровномадаги маълумотларни тасдиқлашни рад этган тақдирда, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик транспорт воситаси эгаси зиммасида қолади.
Хабардор қилиш электрон журналда рўйхатга олинганидан сўнг хабарнома бекор қилинганда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
11. Сўровномада нотўғри ёки ёлғон маълумотлар кўрсатилган ёхуд маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган тақдирда, шунингдек, тўлов амалга оширилмаганда, хабардор қилиш хизматини кўрсатиш рад этилади, бу ҳақда транспорт воситасининг эгасига онлайн режимида автоматик тарзда электрон шаклда жавоб қайтарилади.
Транспорт воситасининг эгаси сўровномасидаги камчиликлар тўғрисидаги хабарномани олганидан сўнг 5 иш куни давомида ҳужжатлардаги камчиликларни тўғрилаб, дастлабки йўллаган сўровномасини таҳрирлаш ҳуқуқига эга.
5 иш куни давомида ҳужжатлардаги камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, ушбу сўровнома автоматик тарзда бекор қилинади.
Хабардор қилиш хизматининг кўрсатилиши бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.
12. «Маъмурий амалиёт» модулига келиб тушган хабарнома электрон журналда автоматик тарзда қайд этилади ва ундаги маълумотлар асосида ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
13. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи нотариал тасдиқлашни талаб этмайдиган электрон ишончномани расмийлаштириш ҳаракатини амалга ошириш жараёнида хабардор қилиш хизмати композит тартибда кўрсатилиши мумкин.
Бунда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи икки ва ундан ортиқ шахсга берилганда, жавобгарликни олувчи шахс алоҳида белгиланади, унинг шахсий маълумотлари (Ф.И.О., шахсини тасдиқловчи ҳужжат тури, серия ва рақами, ЖШШИР, телефон рақами ва транспорт воситасини бошқаришга доир ҳужжатлар) сўровномага киритилади.
3-боб. Тўловларни амалга ошириш ва тақсимлаш тартиби
15. Хабардор қилиш хизмати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ташкилотлари, шунингдек, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар бевосита ўзларининг ходимларига (ҳайдовчиларига) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берганда, ваколатли органни хабардор қилиш учун тўлов ундирилмайди.
Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Транспорт воситасининг эгаси ёки бошқариш ҳуқуқини олган шахс «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида рўйхатга олинганда, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганда, мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланади.
16. Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) ЯИДХП орқали мурожаат этганда:
10 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;
11,75 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг махсус ҳисобрақамига;
30 фоизи — Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига;
30 фоизи — «Ўзбектелеком» АКга;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади;
б) мобил илова орқали мурожаат этганда:
10 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ҳисобварағига;
30 фоизи — «Ўзбектелеком» АКга;
қолган маблағлар — Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига ўтказилади.
4-боб. Хабарномани бекор қилиш тартиби
17. Хабарнома қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:
транспорт воситаси эгасининг сўровига мувофиқ;
бошқариш ҳуқуқини олган шахснинг транспорт воситаси эгасини хабардор қилган ҳолдаги сўровига мувофиқ;
транспорт воситасини бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат бекор бўлганда ёки белгиланган муддат тугаганда;
бошқариш ҳуқуқини олган шахс вафот этганда;
транспорт воситаси эгаси ўзгарганда ёки эгалик ҳуқуқи бекор бўлганда;
сўровномада кўрсатилган муддат тугаганда.
Ушбу банднинг бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошиларидаги ҳолатларда хабарнома автоматик равишда бекор қилинади.
18. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс хабарномани бекор қилиш юзасидан сўровнома юборганда, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ўз кучини йўқотганлиги ахборот тизими ёрдамида автоматик равишда текширилиб, транспорт воситаси эгасининг розилигисиз бекор қилинади.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома амалда бўлган тақдирда, транспорт воситаси эгасининг розилиги талаб этилади.
19. Транспорт воситаси эгаси хабарномани бекор қилиш ҳақидаги сўровномани шахсий кабинети орқали ёки нотариусга келган ҳолда тасдиқлаши мумкин.
5-боб. Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик бошқариш ҳуқуқини олган шахсга ўтказилгани тўғрисида ваколатли орган хабардор қилингандан кейин ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш тартиби
20. Хабарномалар «Маъмурий амалиёт» модулига келиб тушгандан кейин ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Бунда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарорлар автоматик тарзда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини олган шахс номига шакллантирилади.
Бошқариш ҳуқуқини олган шахсга жарима солиш тўғрисидаги қарор почта хизмати орқали унинг яшаш манзилига ва бу ҳақидаги «СМС» хабар мобил алоқа воситасига юборилади.
21. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс хабарномада кўрсатилган транспорт воситасида содир этган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 171 ва 3091-моддаларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
22. Агар бошқариш ҳуқуқини олган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида маълумот ахборот тизимининг «Чет эл фуқароси» позициясига киритилган бўлса, жарима солиш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ушбу позицияда кўрсатилган манзилга юборилади.
6-боб. Бошқариш ҳуқуқини олган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби
23. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ишончнома орқали олган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда — чет эл фуқаролари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмаган бўлиб, улар йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганда, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 3091-моддасига асосан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади ва бу ҳақида онлайн режимда божхона органларига интеграция қилинган махсус ахборот тизими орқали маълумотлар юборилади.
24. Божхона органларига чет эл фуқароларидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни ундириш учун «Маъмурий амалиёт» модули орқали Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (кейинги ўринларда — Божхона қўмитаси) маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарорлар асос бўлади.
25. Чет эл фуқароларига нисбатан чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарорларда кўрсатилган жарималар Божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган ва ушбу қарорларда қайд этилган миқдорларда ундирилади.
26. Чет эл фуқаролари республика ҳудудидан чиқиш учун давлат божхона органига мурожаат қилганда, божхона хизмати органи ходими ушбу чет эл фуқаролари иштирокида республика ҳудудида содир этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари мавжудлигини «Маъмурий амалиёт» модули томонидан тақдим этилган маълумотлар орқали текширади.
27. Божхона хизмати органи ходими республика ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган чет эл фуқароларини, уларга нисбатан чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарорларда белгиланган жарима суммасини тўлагандан сўнг республикадан чиқиб кетишига йўл қўйилиши тўғрисида огоҳлантиради.
28. «Маъмурий амалиёт» модулидан Божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқиш божхона пости ходими томонидан икки нусхада чоп этилади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг биринчи нусхаси тўлов амалга оширилган квитанция билан биргаликда чиқиш божхона пости иш юритувида қолади, иккинчи нусхаси эса ишончнома берилган чет эл фуқароларига берилади.
29. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган чет эл фуқаролари жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган жаримани чегара божхона постидаги банк кассалари ёки электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлайди.
30. Чегара божхона постларидаги банк кассалари:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган чет эл фуқароларидан жарима суммасини қабул қилади;
жарима суммаси қабул қилингани ҳақида квитанция расмийлаштиради ва унинг бир нусхасини чет эл фуқароларига беради.
Банк кассаси ходими жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг патта ва хазиначи қисмларини ўз имзоси ва муҳри билан тасдиқлайди, патта қисми иш юритувида қолади, қолган қисми эса чет эл фуқароларига қайтарилади.
31. Жарима электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўланганда, буни божхона пости ходими электрон тўлов тизимлари орқали текширади ва жарима тўланган тақдирда, бу ҳақда тегишли маълумотларни Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида шакллантирган ҳолда чет эл фуқароларига республика ҳудудидан чиқишга рухсат беради.
32. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган, ишончнома берилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслардан божхона органлари томонидан ундирилган жарима суммасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига ажратилиши белгиланган қисмининг 50 фоизи Божхона қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ўтказилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
33. Ҳужжатлар алмашинувида иштирок этувчи органлар ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
34. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги ушбу Низом талабларининг бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назорат ва мониторингни амалга оширади.
35. Ваколатли орган ёки бошқа давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жавобгарлик ўтказилганлиги ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга хабардор қилиш хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Транспорт воситасининг эгаси

Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки мобил илова орқали сўровномани электрон шаклда тўлдирилади.

Хоҳишига кўра

2-босқич

Бошқариш ҳуқуқини олган шахс

Сўровномадаги маълумотлар ва келгусида жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштириб борилишига розилиги электрон рақамли имзо ёки «Mobile-ID» ёхуд «Face-ID» орқали тасдиқланади.

Автоматик равишда

3-босқич

Транспорт воситасининг эгаси ёки бошқариш ҳуқуқини олган шахс

Хабардор қилиш хизмати учун тўловни амалга оширади.

Сўровномадаги маълумотлар тасдиқлангандан сўнг

4-босқич

ЯИДХП ёки мобил илова орқали

Хабарнома ваколатли органга йўналтирилади.

Автоматик равишда

5-босқич

Ваколатли орган

1. Келиб тушган хабарномадаги маълумотлар алоҳида электрон журналга қайд этилади ва ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилади, агар хабарномада чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисида маълумот мавжудлиги аниқланса, бу ҳақда махсус интеграция қилинган ахборот тизими орқали божхона органларига ўзгартиришлар ҳақида хабарнома юборади.

2. Кўриб чиқиш натижалари бўйича хабарнома шакллантирилиб, уни QR-код билан тасдиқланган ҳолда транспорт воситасининг эгасига ва бошқариш ҳуқуқини олган шахсга ЯИДХП орқали юборади.

5 кун ичида

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жавобгарлик ўтказилганлиги ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун
СЎРОВНОМА

I. Транспорт воситаси эгаси тўғрисида маълумот

Жисмоний шахс:

1. Ф.И.О.

2. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат тури, серияси ва рақами

3. Фуқаролиги

4. ЖШШИР

5. Телефон рақами

Юридик шахс:

1. Юридик шахс номи

2. СТИР

3. Юридик шахснинг ишончли вакили Ф.И.О.

4. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат тури, серияси ва рақами

5. ЖШШИР

6. Телефон рақами

II. Транспорт воситаси тўғрисида маълумот

1. Русуми

2. Тури

3. Ишлаб чиқарилган йили

4. Давлат рақами белгиси

5. Транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серияси ва рақами

III. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс тўғрисида маълумот

1. Ф.И.О.

2. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат тури, серияси ва рақами

3. ЖШШИР

4. Рўйхатдан ўтган манзили

5. Телефон рақами

IV. Бошқариш ҳуқуқини олган шахснинг ҳайдовчилик гувоҳномаси тўғрисида маълумот

1. Ф.И.О.

2. Ҳайдовчилик гувоҳномаси маълумотлари (серияси ва рақами)

3. Категорияси

4. Амал қилиш муддати

V. Умумий маълумотлар

1. Транспорт воситасини бошқариш учун асос бўлган ҳужжат тури

Нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома

Нотариал тартибда тасдиқланган ижара шартномаси

Электрон ишончнома

Солиқ қўмитасида рўйхатдан ўтган ижара шартномаси

Суғурта полиси (яқин қариндошлар бўлганда)

Каршеринг ташкилотларининг транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси

Электрон, қоғоз шаклдаги йўл варақалари

Суғурта полислари

2. Транспорт воситасини бошқариш учун асос бўлган ҳужжат реквизитлари

3. Транспорт воситасини бошқариш учун асос бўлган ҳужжатнинг амал қилиш муддати

4. Хабарноманинг амал қилиш муддати

Изоҳ. Муддат асос ҳужжатнинг амал қилиш муддатидан кўп бўлмаслиги лозим

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги 125-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига 1-иловада:
а) 2-банд қуйидаги мазмундаги ўн тўққизинчи — йигирма иккинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:
«Oq yoʻl» платформаси — ЙҲХХнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги Ўзбекистон ҳудудидаги автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи (кейинги ўринларда — ишлаб чиқарувчи), дистрибютор ёки дилер ташкилоти ва ЙҲХХ ўртасида маълумотлар алмашинувини таъминловчи ахборот тизими;
«Ҳисоб-маълумотномалари» модули — «Oq yoʻl» платформаси орқали берилган электрон ҳисоб-маълумотномалари тўғрисидаги маълумотлар жамланган ахборот тизими;
электрон ҳисоб-маълумотнома — автомототранспорт воситаси қонуний сотиб олинганлигини тасдиқловчи, уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи қатъий ҳисобда турувчи, ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан бериладиган электрон расмий ҳужжат;
логин-пароль — электрон ҳисоб-маълумотномани бериш учун «Oq yoʻl» платформасида автомототранспорт воситаларини сотиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар номига расмийлаштирилган ва келгусида ушбу дистрибютор ёки дилер ташкилотини аниқлашда фойдаланиладиган махсус жумлалар, код ёки рақамлар комбинациялари»;
б) 5-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см3 гача бўлган ички ёнув двигателига эга ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари»;
олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
в) 118-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«118. Автомототранспорт воситасининг маълумотлари тақдим этилган ҳужжатлар билан мос келган тақдирда, автомототранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилади ва рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома беш йил муддатга расмийлаштирилиб, РЎДРБ билан бирга автомототранспорт воситаси эгаси ёки вакилига тақдим этилади.
Бунда автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг 6-бандига берилган санаси ҳамда амал қилиш муддати киритилади»;
г) қуйидаги мазмундаги 12-боб билан тўлдирилсин:
«12-боб. Автомототранспорт воситаларини сотиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга логин-паролларни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун электрон шаклдаги ҳисоб-маълумотномаларини бериш тартиби
1111. Сотилаётган автомототранспорт воситаларига электрон ҳисоб-маълумотномаларни бериш учун ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ва дилер ташкилотларига ЙҲХХ томонидан логин-пароллар расмийлаштирилади.
Бунда ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ва дилер ташкилотлари логин-паролларни расмийлаштириш учун ЙҲХХга мурожаат қилади.
1112. Логин-паролларни расмийлаштириш учун ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ва дилер ташкилотлари ўз мурожаатларига қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
а) ишлаб чиқарувчилар учун:
таъсис ҳужжатлари (устав, гувоҳнома ва бошқалар);
автомототранспорт воситаларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш фаолияти амалга оширилишини тасдиқловчи ҳужжатлар;
автомототранспорт воситаларининг мувофиқлик сертификатлари (ҳар бир русуми бўйича);
солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
б) ишлаб чиқарувчиларнинг вакиллари ёки воситачилари (дилер, дистрибютор) учун:
таъсис ҳужжатлари (устав, гувоҳнома ва бошқалар);
ишлаб чиқарувчи билан тузилган тегишли дилерлик (дистрибюторлик) келишув ҳужжатлари (шартномалар);
давлат божхона хизмати органи томонидан берилган юк божхона декларациялари (эркин муомалага олиб кирган чет элда ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситалари учун);
автомототранспорт воситаларининг мувофиқлик сертификатлари (ҳар бир русуми бўйича);
солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
в) «TRADE-IN» дастури асосида автомототранспорт воситаларини сотувчи юридик шахслар учун:
таъсис ҳужжатлари (устав, гувоҳнома ва бошқалар);
«TRADE-IN» дастури асосида автомототранспорт воситаларини сотишни тасдиқловчи ҳужжатлар;
солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчиси билан тузилган тегишли дилерлик (дистрибюторлик) келишув ҳужжатлари (шартномалар).
1113. ЙҲХХнинг масъул ходими ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан келиб тушган мурожаатни беш иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқади.
1114. Ўрганиш натижаларига кўра, масъул ходим ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилотига логин-паролни расмийлаштириш ёки рад этиш тўғрисида асослантирилган жавоб хати беради.
1115. Ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилотига логин-пароль қуйидаги ҳолларда тақдим этилмайди:
мазкур Низомнинг 1112-бандида назарда тутилган мурожаатга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланганда;
транспорт воситасининг мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ҳолларда.
1116. Ушбу Низомнинг 1112-бандидаги «а», «б» ва «в» кичик бандларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича алоҳида электрон логин-пароллар берилади.
1117. Мурожаатни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича камчиликлар аниқланмаган тақдирда, масъул ходим томонидан ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилотига логин-пароль расмийлаштирилади.
Бунда масъул ходим томонидан ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилотининг масъул раҳбар ва ходимларига логин-паролдан фойдаланиш тартиби тушунтирилади ва ундан ноқонуний фойдаланган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантириб, улардан тилхат олади.
1118. Ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилоти «Oq yoʻl» платформасига ЙҲХХ томонидан берилган логин-пароль орқали киради.
1119. «Oq yoʻl» платформасидаги «Ҳисоб маълумотномалари» модулига ўтиб, автомототранспорт воситаси ва харидор тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни киритади:
а) харидор тўғрисидаги маълумотлар:
юридик шахслар учун:
юридик шахснинг номи, СТИР, манзили;
жисмоний шахслар учун:
харидорнинг Ф.И.О., паспорт (ID карта) серияси ва рақами, ЖШШИР рақами ҳамда манзили;
б) автомототранспорт воситасининг сотилган санаси;
в) автомототранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар:
русуми;
модели;
тури;
кузов тури;
VIN-коди;
двигатель рақами;
двигатель қуввати (от кучи, ватт)
кузов рақами;
шасси рақами;
ранги;
ёнилғи тури;
тўла вазни;
юксиз вазни;
г) экологик синфи;
д) ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар:
номи;
СТИР;
фаолият тури;
манзили;
раҳбарининг Ф.И.О.;
телефон рақами;
е) божхона органлари томонидан берилган юк божхона декларациялари тартиб рақамини (чет элда ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситалари учун).
1120. Ушбу Низомнинг 1119-бандида кўрсатилган маълумотлар «Ҳисоб маълумотномалари» модулига киритилгандан сўнг, электрон ҳисоб-маълумотнома реал вақт режимида, ушбу Низомга иловага мувофиқ намунада автоматик тарзда шакллантирилади ва харидорларга тақдим этилади.
Шакллантирилган электрон ҳисоб-маълумотноманинг ҳақиқийлигини текшириш учун «QR-код» билан таъминланади.
1121. Ушбу Низомнинг 1119-бандида кўрсатилган маълумотлар «Ҳисоб маълумотномалари» модулига нотўғри киритилганда, электрон ҳисоб-маълумотноманинг шакллантирилиши автоматик тарзда тўхтатилади.
1122. Ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан нотўғри киритилган маълумотлар 24 соат ичида «Ҳисоб маълумотномалари» модулида тўғирланган тақдирда, электрон ҳисоб-маълумотнома қайта шакллантирилади ва харидорларга тақдим этилади.
1123. Нотўғри киритилган маълумотлар 24 соат ичида ишлаб чиқарувчи, дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан тўғирланмаган тақдирда, шакллантирилаётган электрон ҳисоб-маълумотнома автоматик тарзда бекор қилинади.
1124. Электрон ҳисоб-маълумотномаларнинг сарфланиши тўғрисида ҳисоботлар электрон тарзда «Ҳисоб маълумотномалари» модулида юритилади ва ЙҲХХ томонидан назорат қилинади.
1125. Ҳисоб-маълумотномалардаги маълумотларнинг бошқа шахсларга очиқланишига йўл қўйилмайди»;
д) 16-банднинг ўн учинчи хатбошисидаги «электрон ҳисоб-маълумотлар» сўзлари «электрон ҳисоб-маълумотномалар» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 18-банднинг бешинчи хатбошисидаги «электрон ҳисоб-маълумот» сўзлари «электрон ҳисоб-маълумотнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) 23-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Автомототранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг эгаларига ҳудудий бошқармалари томонидан РЎДРБ ва автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисида гувоҳнома беш йил муддатга берилади. Илгари берилган автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва РЎДРБ, шунингдек чет эл ҳужжатлари ва рўйхатдан ўтиш рақамли белгилари олиб қўйилади (улар мавжуд бўлганда).
Бунда автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг 5-банди (манзили) тўлдирилмайди, шунингдек 6-бандига берилган санаси ҳамда амал қилиш муддати киритилади»;
з) 36-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «электрон ҳисоб-маълумот» сўзлари «электрон ҳисоб-маълумотнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
и) 54-55-бандларнинг учинчи хатбошиларидаги «электрон счёт-маълумотнома» сўзлари «электрон ҳисоб-маълумотнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
к) 55-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Автотранспорт воситаси қайта жиҳозланганда, жумладан, газ баллон ускуналари ўрнатилганда, автомототранспорт воситасининг рўйхатга олиш электрон картасига тегишли ўзгартиришлар киритилади, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида илгари берилган гувоҳнома эса транспорт воситасининг янги рақам агрегати кўрсатилган, шунингдек, газ баллон ускуналари ўрнатилганлиги тўғрисидаги белги қўйилган ҳолда янгисига алмаштирилади. Бунда, автотранспорт воситасига газ баллон ускуналари ўрнатилганлиги тўғрисидаги далолатнома ва газ баллонларининг мувофиқлик сертификатлари нусхалари тақдим этилади»;
л) 67-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
м) қуйидаги мазмундаги илова билан тўлдирилсин:
«Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Автомототранспорт воситалари учун шакллантирилган электрон ҳисоб-маълумотноманинг
НАМУНАСИ
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорида:
8-позиция учинчи устунининг 2-бўлимидаги жадвалда:
1-позиция «Бажарилиши лозим бўлган кўрсаткичлар» устунининг учинчи хатбошиси «**» белгилари билан тўлдирилсин;
6-позиция «Бажарилиши лозим бўлган кўрсаткичлар» устунининг еттинчи хатбошиси «**» белгилари билан тўлдирилсин;
11-позициянинг учинчи устуни қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«** Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида 2029 йил 1 январга қадар босқичма-босқич янги автотранспорт воситалари сотиб олиниши ҳамда ўқув автодромлари қайта жиҳозланишини инобатга олган ҳолда ушбу кўрсаткичлар талаб этилмайди»;
2-банднинг «а» кичик бандидаги «А» тоифаси» сўзлари «А1» ва «А» тоифалари» сўзлари билан алмаштирилсин;
биринчи хатбоши «етарли миқдорда» сўзларидан кейин «А1» сўзлари билан тўлдирилсин;
иккинчи хатбоши «транспорт воситаларида» сўзларидан кейин «(«А1» ва «А» тоифалар бундан мустасно)» сўзлари билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«А1» тоифа учун — икки ғилдиракли мопед ёки скутерларда»;
иккинчи — еттинчи хатбошилар тегишлича учинчи — саккизинчи хатбошлар деб ҳисоблансин;
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«А» тоифа учун — икки ғилдиракли мотоцикл ёки электромотоциклда;
2-банди «бошқариш хусусиятларига кўра» сўзларидан кейин «А1» сўзлари билан тўлдирилсин;
биринчи хатбошидаги «Ҳайдовчилик гувоҳномасининг» сўзларидан кейин «А1» сўзлари билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«А1» — мопед ва скутерлар, шунингдек, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см3 гача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари (индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно)»;
иккинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишлича учинчи — ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«А» — мотоцикллар, электромотоцикллар»;
қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«А», «В», «С», «D» тоифадаги автомототранспорт воситаларидан бирини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлади»;
қуйидаги мазмундаги 91 — 93-бандлар билан тўлдирилсин:
«91. «А» ва «В» тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув гуруҳлари (давлат таълим муассасаларининг ўқув гуруҳлари бундан мустасно) Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олинмайди.
92. «А» ва «В» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштиришлари мумкин.
Бунда талабгорлар ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув ташкилотларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил равишда тайёрланади.
93. Талабгорлар «А» ва «В» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг амалий қисмини ўташ юзасидан ўқув ташкилотларига мурожаат қилганда, талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар электрон кўринишда шакллантирилади ва ЙҲХБларга юборилади.
Бунда:
талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларга тўлиқ қатнашадилар;
талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларни тўлиқ ўтагандан кейин, ўқув ташкилотлари томонидан транспорт воситаларини бошқариш кўникмаларини баҳолашнинг ижобий натижаларига асосан ягона намунадаги электрон тасдиқнома шакллантирилади ва ушбу тасдиқнома ЙҲХБларга ҳамда имтиҳон марказларига электрон шаклда юборилади;
ягона намунадаги электрон тасдиқнома ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширишга асос бўлиб хизмат қилади».
20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«20. «А1», «А», «B», «C» ва «D» тоифаларидаги автомототранспорт воситаларини ва трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга берилади»;
қуйидаги мазмундаги 241-банд билан тўлдирилсин:
«241. «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан туриб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топширишга рухсат этилади.
Бунда:
талабгорлар ўзларининг ихтиёрига кўра ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқиши ёхуд мустақил тайёрланиши мумкин бўлади;
миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорлардан ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастури бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги ягона намунадаги электрон тасдиқнома талаб этилмайди»;
37-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«37. Ҳайдовчиларни автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар, ушбу ҳуқуқини тиклаш учун, маҳрум қилиш муддатидан қатъи назар, маъмурий жазо муддати тугагандан кейин:
мажбурий тиббий кўрикдан ўтади;
ўқув ташкилотларида тегишли тоифадаги автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ўқув дастурининг (назарий ва амалий) тўлиқ курси бўйича ўқийди;
ўқув дастури бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги ягона намунадаги электрон тасдиқнома асосида назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширишга рухсат берилади.
Бу ҳолда имтиҳон комиссиясининг қарорига мувофиқ бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бирор тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш бўйича, «D» тоифаси мавжуд бўлган ҳолатларда «D» тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича амалий имтиҳонлар олинади»;
39-бандда «Имтиҳонларни қабул қилиш ва» сўзларидан кейин «А1» сўзи билан тўлдирилсин;
43-бандда «электрон гувоҳнома» сўзлари «электрон тасдиқнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
44-банднинг «д» кичик бандидаги «ушбу Низомнинг 24-бандида» сўзлари «ушбу Низомнинг 24 ва 241-бандларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
46-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«46. Ҳайдовчиликка номзодлар, шунингдек, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тугагандан сўнг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган ҳайдовчилар учун такрорий амалий имтиҳонлар олдинги имтиҳонлардан сўнг камида етти кун ўтгандан кейин, назарий имтиҳонлар эса кейинги иш куни ўтказилади.»;
50-банднинг иккинчи хатбошисидаги «электрон гувоҳномасига» сўзлари «электрон тасдиқномасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
51-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг «А» тоифаси 12-графасига «А1» белгисини қўйиш орқали амалга оширилади»;
3-банд «Тадбиркорлик субъектларида» сўзларидан кейин «А1» сўзлари билан тўлдирилсин;
биринчи ва саккизинчи хатбошилардаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида» сўзлари «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасида» сўзлари билан алмаштирилсин;
«д» кичик банддаги «ушбу банднинг «г» кичик бандида назарда тутилган шахслардан ташқари» сўзлари чиқариб ташлансин;
16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16. Назарий имтиҳонни топшира олмаган шахс амалий имтиҳонга қўйилмайди, назарий имтиҳон ўтказилиши назарда тутилмаган ҳолатлар бундан мустасно. Такрорий амалий имтиҳонлар олдинги имтиҳонлардан сўнг камида етти кун ўтгандан кейин, назарий имтиҳонлар эса кейинги иш кунида ўтказилиши мумкин»;
31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Назарий имтиҳон натижалари АИТ томонидан автоматик тарзда баҳоланади. Бунда ҳайдовчиликка номзод имтиҳон учун ажратилган вақтда имтиҳон саволларининг:
18 та («А1» тоифа учун 16 та) ва ундан кўпига тўғри жавоб берса — «топширди»;
18 тадан («А1» тоифа учун 16 тадан) камига тўғри жавоб берса — «топширмади» якуний баҳоси АИТ томонидан автоматик тарзда қўйилади»;
қуйидаги мазмундаги 311-банд билан тўлдирилсин:
«311. Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар учун, маъмурий жазо муддати тугагандан кейин:
назарий имтиҳон саволлари 50 та этиб белгиланади;
имтиҳон саволларига жавоб бериш (тўғри жавоб вариантини танлаш) учун 45 дақиқа вақт берилади;
ушбу вақтда саволларнинг:
46 та ва ундан кўпига тўғри жавоб берса — «топширди»;
46 тадан камига тўғри жавоб берса — «топширмади» якуний баҳоси АИТ томонидан автоматик тарзда қўйилади»;
231-бандда «электрон гувоҳнома» сўзлари «электрон тасдиқнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
29-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«29. Ўқув ташкилотида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни тугатиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларга ўқув ташкилоти томонидан имтиҳон комиссияси баённомасига асосан таълимни битирганлик ҳақидаги ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ ягона намунадаги электрон тасдиқнома шакллантирилади.
Ўқув ташкилотини автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш дастури бўйича тугатиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларга имтиҳон комиссияси баённомасига асосан ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намунадаги «Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширгани тўғрисида»ги сертификат ўқув ташкилоти томонидан электрон шаклда берилади»;
учинчи хатбошидаги «электрон гувоҳномалар» сўзлари «электрон тасдиқномалар» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошидаги «электрон гувоҳномаларнинг» сўзлари «электрон тасдиқномалар» сўзлари билан алмаштирилсин;
31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Ўқув гуруҳларининг ҳужжатлари ва имтиҳон комиссияси баённомаси белгиланган муддатгача ўқув ташкилотида сақланади»;
1-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ягона намунадаги электрон тасдиқноманинг
НАМУНАСИ
қуйидаги мазмундаги 2-илова билан тўлдирилсин:
«Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширгани тўғрисидаги сертификатнинг
НАМУНАСИ
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида:
қуйидаги мазмундаги ўттиз тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари — энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см3 гача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттгача бўлган (индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно) ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситалари»;
ўттиз тўртинчи — саксон еттинчи хатбошилар тегишинча ўттиз бешинчи — саксон саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қирқ биринчи хатбошида «электромотоцикл, скутер,» сўзларидан кейин «кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 8-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«А1» — мопед ва скутерлар, шунингдек, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см3 гача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари (индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно)»;
иккинчи — ўн биринчи хатбошилари тегишинча учинчи — ўн иккинчи хатбошилари деб ҳисоблансин;
учинчи хатбошисидаги «мопедлар, скутерлар» сўзлари чиқариб ташлансин;
в) 9-банднинг еттинчи хатбошиси, 11-банднинг «д» кичик банди учинчи хатбошиси, 12-банднинг тўққизинчи хатбошиси, 23-банднинг учинчи хатбошисидаги «мопед ва скутерда» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларида» сўзлари билан тўлдирилсин;
г) 15-банднинг учинчи хатбошиси, 145-банднинг олтинчи хатбошиси «мопед, скутер» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари» сўзлари билан тўлдирилсин;
д) 89-банднинг учинчи хатбошиси, 121-банднинг иккинчи хатбошиси, 179-банди иккинчи хатбошиси «мопедлар, скутерлар» сўзларидан кейин «кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари» сўзлари билан тўлдирилсин;
е) 92-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбошиси билан тўлдирилсин:
«юк автомобилларининг тунги вақтларда йўл четида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда тўхтаб туриши, ёхуд ташлаб кетилиши»;
олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
тўртинчи хатбошиси «мопедлар ва скутерлар» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
бешинчи хатбошиси «мопедлар ва скутерларнинг» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
олтинчи хатбошисидаги «мопед ва скутернинг» сўзлари «мопед, скутер ва кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
з) 165-бандда «мопед ва скутерни» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини» сўзлари билан тўлдирилсин;
и) 176-банднинг ўн олтинчи хатбошиси «мопедлар ва скутерлардан» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларидан» сўзлари билан тўлдирилсин;
3. Тақиқловчи белгиларида:
3.5.1. йўл белгиси таърифидаги «Скутер ва мопедлар» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
3.27. йўл белгиси таърифининг иккинчи хатбошисидаги «мопедлар ва скутерларни» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини» сўзлари билан тўлдирилсин;
4. Буюрувчи белгиларида:
4.4. йўл белгиси таърифидаги «мопедлар, скутерлар» сўзларидан кейин «кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари» сўзлари билан тўлдирилсин;
5. Ахборот-кўрсатгич белгиларида:
5.3. йўл белгиси таърифидаги «мопедлар ва скутерларнинг» сўзларидан кейин «кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
7. Қўшимча ахборот белгиларида:
7.6.1 — 7.6.9. йўл белгиларининг таърифидаги «мопедлар ва скутерларни» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини» сўзлари билан тўлдирилсин;
Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартларида:
5.1-банднинг тўртинчи хатбошиси «мопед ва скутерлар» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари» сўзлари билан тўлдирилсин;
7.6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7.6. Спидометр қурилмаси носоз ва тамғаланмаган (шахсий транспорт воситалари, мотоцикл, электромотоцикл, скутер, мопедлар, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларидан ташқари) бўлса»;
7.12-бандда «мопед ва скутерларда» сўзларидан кейин «шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларида» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2026 й., 09/26/125/0297-сон)