Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
буйруғи
ШНҚ 2.01.02-04 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қўшимча киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 27 мартда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 391]
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПФ-185-сон «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 2.01.02-04 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қуйидаги мазмундаги 6.191-банд билан тўлдирилсин:
«6.191. Биноларнинг фасадлари, хоналари ва эвакуация йўлларида қуйидаги ёнувчанлик даражасига эга қурилиш материалларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди:
YO2-YO4 — баландлиги 28 м гача бўлган биноларнинг фасадларини пардозлаш ва қоплашда;
YO1-YO4 — баландлиги 28 м ва ундан юқори бўлган биноларнинг фасадларини пардозлаш ва қоплашда;
YO1-YO4 — баландлигидан қатъий назар таълим ва тиббиёт ташкилотлари объектларининг фасадларини пардозлаш ҳамда қоплашда;
YO1-YO4 — барча биноларнинг (функционал вазифасидан қатъи назар) эвакуация йўллари, вестибюллари, зинапоя катаклари, лифт холлари, умумий йўлаклари, заллари ва фойелари ҳамда ертўла ва ярим ертўла (сокол) қаватлари хоналари, спорт иншоотлари трибуна остидаги хоналарнинг деворлари ва шифтларини пардозлашда, шунингдек осма шифтларини ўрнатишда.».
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ш. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 18 март,
01/2-11-сон
Келишилди:
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
2026 йил 18 март
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари С. ЭШҚУВВАТОВ
2026 йил 11 март