Ҳужжат кучини йўқотган " " 06.10.2025
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 626-сонли «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўсиб келаётган авлодни соғломлаштириш комплекс дастурини амалга ошириш, шунингдек, «Соғлом авлод учун» жамғармасининг тиббий-ижтимоий, инвестиция ва хайрия дастурларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Соғлом авлод учун» жамғармасининг республиканинг ҳар бир туманида ва шаҳрида Жамғарманинг таянч пунктларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. Таянч пунктлар тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ маъқуллансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар Жамғармага, унинг бўлимлари ва таянч пунктларига молиявий ҳамда моддий-техник ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини кўрсинлар.
2. «Соғлом авлод учун» жамғармасига Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 1 млрд сўм-купон ажратилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Қурилиш, транспорт, алоқа ҳамда Умумиқтисодиёт мажмуилари (К.Н. Тўлаганов, Б.С. Ҳамидов) Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, манфаатдор вазирликлар ва идоралар иштирокида Жамғарманинг:
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида қурилаётган поликлиника негизида — «Соғлом авлод учун» жамғармасининг Тиббий-ижтимоий Марказини ташкил этиш тўғрисидаги;
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида қурилиши тугалланмаган болаларни соғломлаштириш комплекси негизида — «Соғлом авлод учун» республика даволаш соғломлаштириш комплексини («Артек»ка ўхшаш) барпо этиш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда Тошкент шаҳридаги иккита дорихонани, Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳамда ҳар қайси вилоятдаги биттадан дорихонани «Соғлом авлод учун» жамғармасига унинг уставдаги фаолияти доирасида фойдаланиш учун белгиланган тартибда берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» жамғармаси «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда болаларни уй шароитида тиббий-ижтимоий кузатиб бориш (патронаж) бўйича кадрлар тайёрлаш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳасини икки ой муддатда тайёрласинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, бунда қуйидагиларни ташкил этиш назарда тутилсин:
йирик тиббиёт муассасалари ва билим юртлари ҳузуридаги курсларда болаларни уй шароитида тиббий-ижтимоий кузатиб бориш бўйича кадрлар тайёрлаш;
соғлом турмуш тарзини кенг тушунтириш ва тарғиб қилиш ишларини амалга ошириш, фарзанд кўриш ёшидаги аёлларни ва ўсиб келаётган авлодни соғломлаштириш;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, «Соғлом авлод учун» жамғармаси Молия вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги, Қизил ярим ой жамияти Марказий Қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда соғлиқни сақлаш дастлабки бўғини муассасаларида, ижтимоий ёрдам бўлимларида, «Соғлом авлод учун» жамғармасининг таянч пунктларида, Қизил Ярим ой жамиятида болаларни уй шароитида тиббий-ижтимоий кузатиб бориш бўйича тиббиёт ходимларини ишга жойлаш ва улар фаолиятини маблағ билан таъминлаш масалаларини ҳал этишни таъминлаш.
6. «Соғлом авлод учун» жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда болалар озиқ-овқатлари, вакциналар, дори-дармонлар, тиббиёт буюмлари, она ва бола учун санитария ва гигиена воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун «Тексун» компанияси гуруҳи томонидан Жамғармага берилаётган кредитдан фойдаланиш тўғрисидаги таклифларни бир ой муддатда кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни «Соғлом авлод учун» жамғармаси буюртмасига биноан тарғибот ва ахборот матбаа маҳсулотларини тайёрлашни таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат телевидение ва радиоэшиттириш компанияси ҳар ҳафтада «Соғлом авлод учун» дастурини ташкил этсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари М.Қ. Қорабоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 5 март,
119-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1994 йил 5 мартдаги 119-сон қарорига
ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг таянч пунктлари тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро жамғарманинг таянч пунктлари республиканинг ҳар бир туманида ва шаҳрида (Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 28 октябрдаги 524-сон қарорига) мувофиқ очилади.
Таянч пунктлари давлат, жамоат ва хусусий ташкилотларнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган авлодни интеллектуал ва жисмоний ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги фаолиятини интеграциялаш учун ташкил этилади. Таянч пунктлари соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, Қизил Ярим ой Жамияти органлари ва муассасаларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини соғломлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга дастлабки тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги куч-ғайратларини ва ишларини уйғунлаштиради.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
2. Таянч пункти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, Жамғарма уставига, мазкур Низомга ва «Соғлом авлод учун» жамғармасининг ҳудудий филиаллари қарорларига амал қилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
3. Таянч пункти Фонд ҳудудий филиалининг ижтимоий ишлаб чиқариш бўлинмаси ҳисобланади, унинг номидан тўлиқ хўжалик ҳисоби, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида фаолият кўрсатади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
4. Таянч пункти Давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқини олади, ҳисоб-китоб счётига, юмалоқ муҳрга, уч бурчакли муҳрга эга бўлади ва «Соғлом авлод учун» жамғармаси рамзидан фойдаланишга ҳақлидир.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 январдаги 40-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/40/0609-сон)
II. Таянч пунктини ташкил этиш тартиби
5. Таянч пункти унинг юқори органи ҳисобланадиган Фонд ҳудудий филиали директорининг Фонд марказий аппарати билан келишилган қарорига биноан ташкил этилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
6. Таянч пункти тузилмасини Жамғарма дирекцияси белгилайди ва тасдиқлайди.
7. Таянч пунктига директор раҳбарлик қилади.
Таянч пункти директори Жамғарманинг ҳудудий филиали директори томонидан тасдиқланади ва таянч пунктининг молия-хўжалик ҳамда бошқа фаолияти учун шахсан жавоб беради.
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
8. Штат жадвалини, даромад ва харажатлар сметасини Жамғарма ҳудудий филиали директори тасдиқлайди.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
9. Туман (шаҳар) ҳокимлиги таянч пунктини бино, моддий-техника воситалари билан таъминлайди.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
10. Таянч пункти зарур асбоб-ускуналар, мебель, кўргазмали тарғибот воситалари, она ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, чақалоқни овқатлантириш, йигит ва қизларни жинсий тарбиялаш ва шу каби масалаларга оид тегишли адабиётлар, проспектлар, буклетлар ва рисолалар билан таъминланади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
11. Таянч пункти фаолиятини назорат қилиш ҳокимлик томонидан Фонднинг ҳудудий филиали директори билан биргаликда амалга оширилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
III. Таянч пунктининг асосий мақсадлари ва вазифалари
12. Таянч пунктлари ҳокимликлар билан биргаликда давлат, жамоат ва ишлаб чиқариш тузилмаларининг Ҳукуматнинг ўсиб келаётган авлодни соғломлаштиришга доир ижтимоий сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги сайъи-ҳаракатларини уйғунлаштириб боради.
13. Таянч пункти ўз мақсадларига эришиш ва вазифаларини бажариш учун вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари ва уларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, Қизил Ярим Ой Жамияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 майдаги 270-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 19-сон, 345-модда)
14. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ҳар бир оилага дастлабки тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида таянч пунктлари соғлиқни сақлашнинг дастлабки бўғинлари, Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамширалари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Зарур бўлганда муассасаларга, алоҳида шахсларга хайрия ёрдами кўрсатади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
15. Таянч пунктлари ҳузурида қуйидаги маслаҳат хизматлари очилиши мумкин:
оила ва никоҳ хизмати;
ишонч телефони;
ўсмирлар учун маслаҳатлар;
«Она ва бола» учун маслаҳатлар;
ҳуқуқий маслаҳатлар:
болаларни овқатлантириш бўйича маслаҳатлар ва бошқа хизматлар.
16. Таянч пунктлари манфаатдор соғлиқни сақлаш, халқ таълими ташкилотлари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний, интеллектуал ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил этадилар, таҳлиллар ва тадқиқотларнинг натижалари умумлаштирилади ва кўриб чиқиш учун Фонднинг ҳудудий филиаллари директорларига жўнатилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
IV. Молия-хўжалик фаолияти
17. Таянч пунктлари ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида ташкил этадилар.
18. Қуйидагилар таянч пункти даромадларининг манбалари ҳисобланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(18-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
ҳудудий бўлимларнинг ажратмалари;
хўжалик ташкилотларининг, алоҳида фуқароларнинг пул маблағлари, моддий бойликлар, кўчар ва кўчмас мулк тарзидаги ихтиёрий бадаллари ва хайр-эҳсонлари;
«Соғлом авлод учун» жамғармаси манфаатини кўзлаб хайрия тадбирларини ўтказишдан тушумлар.
19. Таянч пунктларининг устав фонди Фонднинг ҳудудий филиаллари бадалларидан, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия бадаллари ҳисобига шаклланади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
20. Молия-хўжалик фаолияти соҳасида таянч пунктига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
кенг тушунтириш ишлари ёрдамида ватандошлар ва хорижий фуқароларнинг, жамоат ташкилотларининг, давлат муассасалари ва корхоналарининг, банкларнинг ҳамда турли тижорат тузилмаларининг пул, моддий, маданий ва интеллектуал бойликлар тарзидаги ихтиёрий ҳиссаларини жалб этиш;
Жамғарманинг лойиҳа ва дастурларини амалга ошириш;
ўз номидан шартномалар тузиш, мулкий ҳуқуқлар олиш ва улар бўйича мажбуриятлар қабул қилиш;
ишлаб чиқариш корхоналарини, шу жумладан, хорижий шериклар билан биргаликда, ташкил этиш;
аҳолига савдо, савдо-воситачилик ва таъминот хизматлари кўрсатиш;
кўргазмалар, савдо ярмаркалари, товарлар, маҳсулотлар ва хизматлар аукционларини ўтказиш.
21. Таянч пункти ҳар чоракда ҳисоб рақамига тушган маблағларнинг 10 фоизини мажбурий тартибда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунигача Фонднинг ҳудудий филиали ҳисоб рақамига ўтказади. Бунда таянч пункти тушган маблағларнинг 10 фоизидан ортиғини молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий ўзаро муносабатлар тўғрисида тегишли шартнома расмийлаштириш йўли билан Фонднинг ҳудудий филиали ҳисоб рақамига ўтказиш ҳуқуқига эга.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-боби («Шартнома тузиш»).
22. Жамғарманинг таянч пункти Фонднинг ҳудудий филиали директорига ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача ҳар чораклик хўжалик фаолияти балансини тақдим этади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 60-модда)
V. Бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги
23. Жамғарманинг таянч пунктлари, бўлимлари ҳокимликлар билан биргаликда аҳолини комплекс соғломлаштириш ва инсоннинг яшаши учун соғлом муҳит яратиш дастурида қатнашувчи барча органлар ва муассасалар фаолиятини уйғунлаштириб борадилар. Шу мақсадда:
ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича қўшма режа-графиклар тузадилар;
ўтказилаётган тадбирларнинг таъсирчанлиги учун мониторинг тизимини ишлаб чиқадилар ва жорий этадилар;
ишларга тезда тузатишлар киритиш мақсадида Жамғарманинг вилоят бўлимларини ўз вақтида хабардор қиладилар;
ўсиб келаётган авлодни соғломлаштиришга оид чора-тадбирларнинг бажарилишини ҳар чоракда таҳлил қилиб борадилар ва кўрсаткичларни яхшилаганлик учун рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқадилар.
VI. Таянч пункти фаолиятини тўхтатиш
24. Таянч пункти фаолиятининг қониқарли эмаслиги туфайли ёки суд қарорига биноан тугатилиши мумкин.
25. Таянч пунктини тугатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49, 55-моддалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 28 сентябрдаги 542-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат органларини тугатиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.