Ҳужжат 14.02.2027 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 7 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3746]
Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августдаги ПФ-137-сон «Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ 2026 йил 26 февралдан кучга киради.
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 декабрь,
27-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 7 декабрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 5 декабрь
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 22 декабрдаги 27-сон буйруғига
ИЛОВА
Тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини (бундан буён матнда клиник тадқиқотлар деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасига (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва гувоҳнома олиш учун мурожаат қилувчи ишлаб чиқувчи, ишлаб чиқарувчи, давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномасининг эгаси ёки улар номидан ишончнома асосида ҳаракат қилувчи юридик шахс;
аудит — клиник тадқиқотларнинг клиник тадқиқот баённомаси техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳолда ўтказилаётганлигини аниқлаш учун ариза берувчи томонидан ўтказиладиган комплекс ва мустақил текширув;
клиник база — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган, клиник тадқиқотларни ўтказиши мумкин бўлган даволаш-профилактика муассасалари;
клиник тадқиқот — тиббий жиҳозларнинг хавфсизлиги, самарадорлиги, уларнинг ножўя таъсирлари, фойда-хавф нисбати ва ишлаш кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида клиник тадқиқот субъекти иштирокида ўтказиладиган тадқиқот;
клиник тадқиқот субъекти — тиббий жиҳозни клиник тадқиқ этишда ўзининг ёзма равишдаги розилиги билан ихтиёрий асосда иштирок этувчи жисмоний шахс;
клиник тадқиқот баённомаси — ариза берувчи томонидан тиббий жиҳозларнинг Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандартига мувофиқ тайёрланадиган, клиник тадқиқотнинг мақсади, вазифалари, дизайни, методологияси, клиник тадқиқот субъектларини танлаб олиш мезонлари, тадқиқот ўтказилаётган тиббий жиҳозларнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолаш усуллари, шунингдек ўтказилаётган клиник тадқиқотга оид бошқа статистик маълумотларни акс эттирувчи ҳужжат;
клиник тадқиқот раҳбари — клиник базада клиник тадқиқотни ўтказишга масъул бўлган, барча шифокор-тадқиқотчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи шифокор;
клиник тадқиқот ҳисоботи — клиник база томонидан ариза берувчига тақдим қилинадиган ёзма шаклдаги клиник тадқиқот натижаларини акс эттирувчи ҳужжат;
кўп марказли клиник тадқиқот — биттадан ортиқ клиник базада ягона клиник тадқиқот баённомаси бўйича ўтказиладиган клиник тадқиқот;
мониторинг — клиник тадқиқотни ўтказиш ҳамда унинг натижаларини расмийлаштириш жараёнининг клиник тадқиқот баённомаси ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳолда ўтказилаётганлигини назорат қилиш мақсадида ариза берувчи томонидан бутун клиник тадқиқот давомида доимий равишда ўтказиладиган текширув;
тиббий жиҳозлар — касалликлар профилактикаси, ташхис қўйиш, даволаш, беморларни реабилитация қилиш ва (ёки) санаб ўтилган жараёнларни таъминлаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини аниқлаш, тиклаш, алмаштириш ҳамда ўзгартириш, мониторинг қилиш, ҳомиладорликнинг олдини олиш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган, қўлланилиши натижасида одам организмига фармакологик, иммунологик ёки метаболик таъсир кўрсатмайдиган, айрим ҳолда, мажмуа ёки тизимлар сифатида қўлланиладиган жиҳозлар, аппаратлар, ускуналар, приборлар, асбоблар, қурилмалар, мажмуалар ва дастурий таъминотлар;
шифокор-тадқиқотчи — клиник базада клиник тадқиқотни ўтказувчи мутахассис;
Этика қўмитаси — клиник тадқиқотларни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги юзасидан этика экспертизасини ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларидан иборат таркибда тасдиқланадиган, жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи коллегиал орган;
қонуний вакил — клиник тадқиқот субъекти номидан клиник тадқиқотда ихтиёрий иштирок этишга розилик бериш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар).
2. Қуйидаги тиббий жиҳозлар клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказилади:
хавфсизлик классификацияси бўйича I синфга мансуб тиббий жиҳозлар;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланган (prequalification), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда рўйхатдан ўтказиладиган «in vitro» ташхис тиббий жиҳозлари;
Ўзбекистон Республикасида клиник тадқиқотлари олдин ўтказилган тиббий жиҳозлар;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 5-майдаги ПФ-6221-сон «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ тан олиш йўли билан рўйхатдан ўтказиладиган тиббий жиҳозлар;
клиник хавфсизлиги ва самарадорлиги исботланган маҳаллий, хорижий давлатларда муомалада бўлган давлат рўйхатидан ўтказилган тиббий жиҳозлар (мазкур тиббий жиҳозларнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини акс эттирувчи тан олинган илмий нашрлардан тайёрланган адабиётлар шарҳи тўлиқ ҳажмда тақдим этилиши лозим).
3. Клиник тадқиқотларни ўтказиш тўғрисидаги қарор Марказ тавсияси асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Экспертлар кенгаши (бундан буён матнда Экспертлар кенгаши деб юритилади) томонидан қабул қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Клиник тадқиқот ўтказиладиган клиник база:
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ стационар тиббий ёрдам кўрсатиш шаклида тиббий фаолият учун лицензияга;
Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандарти талабларига мувофиқ сертификатга эга бўлиши лозим.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 13 октябрдаги 27-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3973, 12.11.2026 й.) асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.11.2026 й., 10/26/3973/1126-сон. Кучга кириш санаси — 2027 йил 14 февраль)
2-боб. Клиник тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 24-ноябрдаги 738-сон қарори билан тасдиқланган Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан тиббий жиҳознинг бирламчи экспертизасидан ижобий хулоса олингандан сўнг, тиббий жиҳознинг лаборатория синовлари, ихтисослаштирилган экспертизаси бир вақтнинг ўзида олиб борилади.
5. Тиббий жиҳознинг лаборатория синовлари, ихтисослаштирилган экспертизаси натижалари ижобий бўлганда, Марказ мазкур натижалар олинган вақтдан бошлаб ўн беш кун ичида тиббий жиҳозларни клиник тадқиқотлар ёки клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш мумкинлиги тўғрисида Экспертлар кенгашига тавсиялар киритади.
6. Клиник тадқиқотлар мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича ўтказилади.
7. Марказ томонидан клиник тадқиқотлар асосида давлат рўйхатидан ўтказиш мумкинлиги тўғрисида тавсия берилганда, Экспертлар кенгаши ушбу тавсия олинган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида клиник тадқиқотларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.
8. Экспертлар кенгашининг қарори қабул қилинган вақтдан бошлаб бир иш кун ичида Марказнинг томонидан ариза берувчига электрон тизим орқали клиник тадқиқотларни ўтказиш мумкинлиги, клиник тадқиқот учун тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларни тақдим этиш муддати, шунингдек ўтказиладиган клиник тадқиқотларнинг тури, дизайни ҳамда ушбу тадқиқотлар ўтказилиши мумкин бўлган клиник базалар рўйхати кўрсатилган хабарнома юборилади.
Бунда хабарномага лаборатория синовларининг натижалари илова қилинади.
9. Ариза берувчи хабарномани олган кундан эътиборан қирқ беш кун ичида Марказга қуйидаги ҳужжатларни электрон тизим орқали тақдим этади:
Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандартига мувофиқ тузилган клиник тадқиқот баённомасининг лойиҳаси;
мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги индивидуал қайд қилиш шакли;
ушбу Низомнинг 3-иловасида назарда тутилган маълумотларни ўзида акс эттирган клиник тадқиқот субъекти учун маълумотнома;
мазкур Низомнинг 4-иловасида назарда тутилган маълумотларни ўзида акс эттирган клиник тадқиқот субъектининг клиник тадқиқотларда ихтиёрий иштирок этиши учун розилик шакли;
шифокор-тадқиқотчи учун брошюра;
мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклдаги клиник тадқиқот раҳбари билан клиник тадқиқотни ўтказиш юзасидан келишув;
клиник тадқиқот раҳбарининг тиббий фаолияти тўғрисидаги маълумот;
клиник тадқиқот субъектининг ҳаётига, соғлиғига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасининг нусхаси (суғурта полиси).
10. Ариза берувчи томонидан мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳужжатлар (бундан буён матнда клиник тадқиқот ҳужжатлари деб юритилади) тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан икки иш куни ичида Марказ томонидан ушбу ҳужжатлар бирламчи (дастлабки) экспертизадан ўтказилади.
11. Клиник тадқиқот ҳужжатлари қирқ беш кун ичида ариза берувчи томонидан тақдим этилмаса, Марказ томонидан Экспертлар кенгашига тиббий жиҳознинг клиник тадқиқоти бўйича иш юритилишини тўхтатиш масаласи киритилади ҳамда Экспертлар кенгаши томонидан клиник тадқиқот бўйича иш юритилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
12. Бирламчи (дастлабки) экспертиза натижасида ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда қуйидаги камчиликлар аниқланган ҳолларда, Марказ ушбу камчиликларни бартараф этиш муддатини кўрсатган ҳолда ариза берувчига электрон тизим орқали хабарнома юборади:
клиник тадқиқот субъекти учун маълумотномада тиббий жиҳознинг хусусиятлари, қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар, юзага келиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар тўлиқ акс эттирилмаганлиги;
клиник тадқиқот баённомасида келтирилган текширув усулларининг илмий жиҳатдан асосланмаганлиги;
клиник тадқиқот баённомасида тиббий жиҳознинг хавфсизлиги ва самарадорлиги мезонларининг тўлиқ акс эттирилмаганлиги.
Бунда, хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, бироқ ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
13. Ариза берувчи хабарномада кўрсатилган камчиликларни ушбу хабарномада белгиланган муддатда бартараф этган ҳолда клиник тадқиқот ҳужжатларини электрон тизим орқали Марказга такроран тақдим этади.
14. Клиник тадқиқот ҳужжатларининг бирламчи (дастлабки) экспертизаси ўтказилганидан сўнг, ўн беш кун ичида ушбу ҳужжатлар Марказ томонидан мустақил эксперт жалб этилган ҳолда ихтисослаштирилган экспертизадан ўтказилади.
Бунда, мустақил эксперт сифатида клиник тадқиқотлар соҳасида зарур билим ва кўникмага эга бўлган мутахассислар жалб этилади.
Ихтисослаштирилган экспертиза жараёнида мустақил эксперт томонидан:
клиник тадқиқот ўтказиладиган клиник база, клиник тадқиқот дизайни тўғри танланганлиги;
текширилаётган тиббий жиҳознинг самарадорлиги ва хавфсизлигини ўрганишда илғор замонавий текшириш усуллари танланганлиги текширилади.
15. Клиник тадқиқот ҳужжатлари мазкур Низомнинг 14-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида келтирилган талабларга мувофиқ бўлганда, мустақил эксперт томонидан ихтисослаштирилган экспертиза натижалари бўйича ижобий хулоса берилади.
Мустақил эксперт томонидан ихтисослаштирилган экспертиза натижалари бўйича ижобий хулоса берилганда, Марказ томонидан ариза берувчига клиник тадқиқот ҳужжатларини ҳамда ихтисослаштирилган экспертизанинг ижобий хулосасини Этика қўмитасига тақдим этиш мумкинлиги тўғрисида икки иш куни ичида электрон тизим орқали хабарнома юборилади.
16. Клиник тадқиқот ҳужжатларида мазкур Низомнинг 14-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида келтирилган талабларга номувофиқликлар аниқланган тақдирда, мустақил эксперт томонидан салбий хулоса берилади ҳамда Марказ томонидан ариза берувчига аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш муддати кўрсатилган ҳолда электрон тизим орқали хабарнома юборилади.
Бунда хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, бироқ ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ариза берувчи хабарномада кўрсатилган камчиликларни ушбу хабарномада белгиланган муддатда бартараф этган ҳолда клиник тадқиқот ҳужжатларини электрон тизим орқали Марказга такроран тақдим этади.
Ариза берувчи томонидан такроран тақдим этилган клиник тадқиқот ҳужжатлари улар электрон тизим орқали келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида мазкур Низомнинг 14 ва 15-бандларида келтирилган тартибда кўриб чиқилади.
17. Ариза берувчи томонидан клиник тадқиқот ҳужжатлари Этика қўмитасига икки иш куни ичида тақдим этилади.
Этика қўмитасида клиник тадқиқотларни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида хулоса бериш мақсадида этика экспертизаси ўтказилади.
Клиник тадқиқотларни ўтказишга мазкур тадқиқотларни ўтказиш этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисидаги этика экспертизасининг хулосасисиз йўл қўйилмайди.
18. Этика қўмитасининг мажлиси бир ойда камида бир марта ўтказилади. Этика қўмитасига тақдим этилган ҳужжатлар унинг мажлисида муҳокама қилинади.
Этика қўмитаси муҳокама натижалари асосида:
клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида;
клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланмаганлиги тўғрисида хулоса беради.
Этика қўмитасининг хулосаси Этика қўмитаси мажлисининг баённомаси кўринишида расмийлаштирилади ҳамда унинг раиси томонидан тасдиқланади.
19. Этика қўмитаси томонидан клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида хулоса берилганда, Этика қўмитаси мазкур хулосани беш иш куни ичида ариза берувчига юборади.
Этика қўмитасининг клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида хулосаси ариза берувчи томонидан Марказга дарҳол юборилади.
20. Этика қўмитаси томонидан қуйидаги ҳолларда клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланмаганлиги тўғрисида хулоса берилади:
клиник тадқиқотни ўтказиш учун тиббий жиҳознинг қўлланилиш соҳасига номувофиқ клиник база танланганда;
клиник тадқиқот баённомасидаги клиник тадқиқот дизайни ва статистик таҳлил усули Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандарти талабларига мувофиқ келмаганда;
клиник тадқиқот субъекти учун маълумотнома матни мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ келмаганда.
21. Этика қўмитаси томонидан клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланмаганлиги тўғрисида хулоса берилганда, Этика қўмитаси томонидан бир иш куни ичида ариза берувчига мазкур хулоса берилиши учун асос бўлган, ушбу Низомнинг 22-бандида назарда тутилган камчиликларни бартараф этиш муддати кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.
Бунда, хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, бироқ ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ариза берувчи хабарномада кўрсатилган камчиликларни ушбу хабарномада белгиланган муддатда бартараф этган ҳолда клиник тадқиқот ҳужжатларини Этика қўмитасига юборади.
Ариза берувчи томонидан такроран тақдим этилган клиник тадқиқот ҳужжатлари Этика қўмитаси томонидан мазкур Низомнинг 18 — 20-бандларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.
22. Этика қўмитасининг клиник тадқиқотни ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисидаги хулосаси Марказга келиб тушгандан сўнг ўн беш кун ичида клиник тадқиқот ҳужжатлари ва ариза берувчи томонидан танланган клиник база Марказнинг навбатдаги мажлисида маъқулланади ҳамда клиник тадқиқотни ўтказишни бошлаш мумкинлиги тўғрисида ариза берувчига ва клиник тадқиқотни ўтказувчи клиник база раҳбарига электрон тизим орқали хабарнома юборилади.
Марказ мажлислари ўн беш кунда бир марта ўтказилади.
3-боб. Клиник базада клиник тадқиқотларни ўтказиш
23. Марказнинг клиник тадқиқотни ўтказишни бошлаш мумкинлиги тўғрисидаги хабарномаси олингандан сўнг, ўн беш кун ичида ариза берувчи клиник база раҳбари билан клиник тадқиқотни ўтказиш тўғрисида шартнома тузади.
Клиник база раҳбари ариза берувчидан тадқиқ этилаётган тиббий жиҳозни ва унинг сифат сертификатини (агар клиник тадқиқот баённомасида кўзда тутилган бўлса), Марказнинг лабораторияларида ўтказилган лаборатория синови натижаларини ва клиник тадқиқот ҳужжатларини далолатнома асосида қабул қилиб олади.
Далолатнома ариза берувчи ва клиник база раҳбари томонидан имзоланади.
24. Клиник тадқиқотлар тиббий жиҳознинг хавфсизлик даражасига кўра камида 20 нафар клиник тадқиқот субъекти жалб этилган ҳолда ўтказилади.
Клиник тадқиқотлар тиббий жиҳознинг хавфсизлик даражасига кўра кўп марказли клиник тадқиқот тарзида ягона клиник тадқиқот баённомаси бўйича икки ва ундан ортиқ клиник базада ўтказилиши мумкин.
25. Клиник тадқиқотда клиник тадқиқот субъектининг иштироки унинг ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган ёзма розилиги асосида амалга оширилади.
Клиник тадқиқот вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз субъект иштирокида ўтказилган ҳолларда, тадқиқот бошланишидан олдин унинг қонуний вакилидан мазкур Низомнинг 4а-иловасига мувофиқ шаклда ёзма равишда розилик олиниши лозим.
26. Клиник тадқиқот раҳбари клиник тадқиқот субъектига ушбу тадқиқот усулининг аҳамияти, тадқиқотнинг моҳияти ва эҳтимол тутилган хавфи ҳақида батафсил тушунтириб бериши шарт. Клиник тадқиқот субъекти тадқиқотнинг исталган босқичида унда иштирок этишни рад қилишга ҳақли.
Клиник тадқиқот субъекти тиббий жиҳоздан фойдаланилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган, клиник тадқиқот субъекти учун маълумотномада келтирилган барча ножўя таъсирларга тўлиқ текширувлардан ўтказилгандан сўнг, клиник тадқиқот раҳбари (шифокор-тадқиқотчи) томонидан клиник тадқиқотга жалб қилинади.
27. Клиник тадқиқотнинг сифатли ўтказилишини назорат қилиш ариза берувчи томонидан мониторинг ва аудит ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Мониторинг ва аудит ариза берувчи томонидан мустақил ёки клиник тадқиқотлар соҳасида зарур билим ва кўникмага эга бўлган мутахассислар жалб этилган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўтказилади.
28. Клиник база раҳбари клиник тадқиқот вақтида пайдо бўлган барча ножўя таъсирлар ва ҳолатлар юзасидан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёзма шаклда хабар бериши лозим.
Клиник тадқиқот субъектининг ҳаёти, соғлиғи учун таҳдид пайдо бўлган тақдирда, клиник база раҳбари клиник тадқиқотни тўхтатиб туриши ҳамда тадқиқотни давом эттириш ёки тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини бир иш куни ичида ёзма шаклда хабардор қилиши керак.
29. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан клиник база раҳбарининг хабарномаси мазкур хабарнома келиб тушган кундан эътиборан бир иш куни ичида кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидаги ҳолларда клиник тадқиқотни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда мазкур қарорнинг нусхасини Марказга ва клиник база раҳбарига юборади:
камида бир нафар клиник тадқиқот субъектида ножўя таъсир (анафилактик шок) юз берганида (тадқиқот субъекти реанимация бўлимига оғир аҳволда тушганида);
ножўя таъсир оқибатида клиник тадқиқот субъектида ногиронлик ёки ўлим ҳолати юз берганда;
клиник тадқиқот субъектларининг камида ўттиз фоиз қисмида ножўя таъсир юз берганда;
клиник тадқиқот жараёнида клиник тадқиқот субъектларининг камида ўттиз фоиз қисмида тиббий жиҳознинг самарасиз эканлиги аниқланган ҳолларда.
30. Клиник тадқиқот муддатидан олдин тўхтатилган ҳолларда, клиник тадқиқот ҳисоботи клиник тадқиқотни тўхтатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори қабул қилингунига қадар амалга оширилган ишлар ҳолати бўйича тайёрланади ҳамда клиник база раҳбари томонидан тасдиқланган ҳолда Марказга юборилади.
Клиник база раҳбари томонидан тақдим этилган клиник тадқиқот ҳисоботи Экспертлар кенгашига киритилади.
Экспертлар кенгаши ўзининг мажлисида тиббий жиҳозни тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Экспертлар кенгашининг мажлиси ўн беш кунда бир марта ўтказилади.
31. Клиник тадқиқот якунлангандан сўнг клиник тадқиқот раҳбари ва шифокор-тадқиқотчилар томонидан имзоланган индивидуал қайд қилиш шакллари ва клиник тадқиқот субъектларининг розилик бланклари ариза берувчига тақдим этилади.
32. Ўтказилган клиник тадқиқот якунлари бўйича клиник тадқиқот ҳисоботи тузилади ҳамда клиник тадқиқот раҳбари ва шифокор-тадқиқотчилар томонидан имзоланади.
Клиник тадқиқот ҳисоботи клиник база раҳбари томонидан тасдиқланиб, ариза берувчига ўн кун ичида тақдим этилади.
33. Ариза берувчи клиник тадқиқот ҳисоботини олган вақтдан бошлаб бир ой ичида Марказга тақдим этади.
34. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган клиник тадқиқот ҳисоботи ўн беш кун ичида Марказ томонидан клиник тадқиқот баённомасига амал қилинган ҳолда ўтказилганлиги юзасидан якуний экспертизадан ўтказилади.
Бунда шу муддат давомида клиник тадқиқот ўтказилган клиник базада Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандарти талабларига мувофиқ клиник тадқиқот ҳужжатларининг (касаллик тарихи, амбулатор карта, индивидуал қайд этиш шакли) ўзаро мувофиқлиги ўрганилади ҳамда натижаларига кўра далолатнома тузилади.
35. Якуний экспертиза натижасида клиник тадқиқот ҳисоботи ва клиник тадқиқот баённомаси ўртасида номувофиқликлар аниқланмаганда, клиник тадқиқот ҳисоботининг якуний экспертизаси натижалари Экспертлар кенгашига киритилади.
36. Клиник тадқиқот ҳисоботининг якуний экспертизаси натижасида мазкур ҳисобот ва клиник тадқиқот баённомаси ўртасида номувофиқликлар аниқланган ҳолларда, Марказ ариза берувчига мазкур номувофиқликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида ушбу номувофиқликларни бартараф этиш муддатини кўрсатган ҳолда электрон тизим орқали хабарнома юборади.
Бунда, хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, бироқ ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
37. Ариза берувчи хабарномада кўрсатилган номувофиқликларни ушбу хабарномада белгиланган муддатда бартараф этади ҳамда клиник тадқиқот ҳисоботини Марказга такроран тақдим этади.
Ариза берувчи томонидан такроран тақдим этилган клиник тадқиқот ҳисоботи Марказ ва Экспертлар кенгаши томонидан мазкур Низомнинг 34 ва 36-бандларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
38. Экспертлар кенгаши ўзининг навбатдаги мажлисида тиббий жиҳозни тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
4-боб. Клиник тадқиқотларни ўтказиш жараёнида томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
39. Клиник тадқиқотларни ўтказиш жараёнида Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
клиник тадқиқотлар турларини (кўп марказли клиник тадқиқот, чекланган ва чекланган қиёсий клиник тадқиқот) белгилаш;
ариза берувчидан клиник тадқиқотга оид ҳужжатларнинг пухта ва сифатли тайёрланишини талаб қилиш;
клиник тадқиқотга оид ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнига тегишли мутахассисларни жалб этиш.
40. Марказ:
ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низом талабларига амал қилган ҳолда экспертизадан ўтказиши;
клиник тадқиқот натижаларини учинчи шахсларга ва ушбу клиник тадқиқотга алоқаси бўлмаган бошқа шахсларга бермаслиги лозим.
41. Клиник тадқиқот раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ариза берувчи томонидан тақдим этилаётган тиббий жиҳозни қабул қилиш;
клиник тадқиқот вақтида клиник тадқиқот субъектининг саломатлигини таъминлаш мақсадида уни клиник тадқиқотдан чиқариб, муқобил даволашга ўтказиш юзасидан қарор қабул қилиш;
ариза берувчи билан келишган ҳолда клиник тадқиқот натижалари асосида илмий мақолалар чоп эттириш.
42. Клиник тадқиқот раҳбари:
клиник тадқиқот бошланишидан олдин клиник тадқиқот субъектларининг клиник тадқиқотда ихтиёрий иштирок этиш юзасидан ёзма розилигини олиши;
текширилаётган тиббий жиҳозларнинг ариза берувчининг йўриқномаларига мувофиқ сақлаши;
клиник тадқиқотларни ўтказишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиши;
индивидуал қайд қилиш шаклидаги маълумотларнинг тўғри, тўлиқ ва тушунарли тўлдирилишини, сақланишини ҳамда ариза берувчига ўз вақтида тақдим қилинишини таъминлаши;
ариза берувчи томонидан мониторинг ва аудит ўтказилишига шароит яратиб бериши лозим.
43. Клиник тадқиқот раҳбари клиник тадқиқот доирасида клиник тадқиқот субъектларига тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан тиббий хусусиятга эга бўлган барча қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгардир.
Клиник базада текширилаётган тиббий жиҳознинг ҳисобини юритиш юзасидан жавобгарлик клиник тадқиқот раҳбари зиммасига юкланади.
44. Клиник тадқиқот муддатидан олдин тўхтатилган ҳолларда шифокор-тадқиқотчи мазкур ҳолат тўғрисида дарҳол клиник тадқиқотга жалб этилган клиник тадқиқот субъектларини хабардор қилиши, уларни мувофиқ равишда даволашни ва кузатувини таъминлаши лозим.
45. Ариза берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
клиник тадқиқот ўтказишнинг барча босқичларида малакали мутахассисларни жалб қилиш;
клиник тадқиқотнинг сифат назоратини таъминлаш мақсадида клиник тадқиқот мониторинги ва аудитини ўтказиш;
Марказ мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш.
46. Ариза берувчи:
клиник тадқиқот билан боғлиқ барча харажатларни қоплаши;
клиник тадқиқот бошланишидан олдин суғурта ташкилоти билан клиник тадқиқот субъектининг ҳаётига, соғлиғига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасини тузиши;
клиник базага тиббий жиҳозларнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаши;
тиббий жиҳозларнинг олиб келиниши, қабул қилиниши, клиник базага берилиши, клиник база томонидан қайтарилиши, шунингдек йўқ қилинишини ўрнатилган тартибда расмийлаштириши лозим.
5-боб. Ариза берувчиларнинг шикоятини кўриб чиқиш
47. Ариза берувчи мазкур Низом талабларининг бузилиши, клиник тадқиқотларни ўтказиш бўйича мансабдор шахслар ёки ходимларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.
48. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган шикоят Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур шикоят келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
49. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги шикоятни кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:
эътироз асоссиз бўлса, шикоятни қаноатлантиришни рад этиш;
эътироз асосли бўлса, қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш ёки унинг мансабдор шахси зиммасига берилган шикоят моҳияти бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш.
6-боб. Якуний қоида
50. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Клиник тадқиқотларни ўтказиш схемаси

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва намуналарни Марказга тақдим этади.

Ариза берувчининг хоҳишига кўра

2-босқич

Рўйхатдан ўтказиш бўлими

Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар бирламчи экспертизасини ўтказади ва тиббий жиҳозларнинг намуналарни қабул қилади ва кўриб чиқади.

Мазкур ҳужжатларни Марказнинг таркибий бўлинмаларига юборади.

10 иш куни ичида

3-босқич

Марказ лабораториялари

Лаборатория синовларини ўтказади:

тиббий жиҳозлар хавфсизлик даражасига кўра IIа синф

тиббий жиҳозлар хавфсизлик даражасига кўра IIб ва III синфлар

45 иш куни

Марказнинг бошқа таркибий бўлинмаларига хулосалар тақдим этади

65 иш кунигача

Тақдим этилган ҳужжатларни ихтисослаштирилган экспертизадан ўтказади:

Марказ

тиббий жиҳозлар хавфсизлик даражасига кўра IIа синф

33 иш куни

тиббий жиҳозлар хавфсизлик даражасига кўра IIб ва III синфлар

43 иш куни

4-босқич

Марказ

Тиббий жиҳозни клиник тадқиқотлар ўтказилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш мумкинлиги тўғрисида Экспертлар кенгашига тавсиялар киритади

15 куни ичида

Экспертлар кенгаши

Клиник тадқиқот ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади

1 иш куни ичида

Марказ

Ариза берувчига клиник тадқиқот ҳужжатларини тақдим этиш тўғрисида ёзма хабарнома юборади

1 иш куни ичида

5-босқич

Ариза берувчи

Клиник тадқиқот ҳужжатларини электрон тизим орқали Марказга тақдим этади

45 кун ичида

6-босқич

Марказ

Клиник тадқиқот ҳужжатларини қабул қилади ва дастлабки экспертизадан ўтказади

Марказ

Ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, уларни бартараф этиш тўғрисида ариза берувчига электрон тизим орқали хабарнома юборади

5 кун ичида

Ариза берувчи

Хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этади

Хабарномада кўрсатилган муддатда

Марказ

Клиник тадқиқот ҳужжатларида камчиликлар аниқланмаганда, мустақил экспертлар жалб этилган ҳолда ушбу ҳужжатлар ихтисослаштирилган экспертизадан ўтказилади

15 кун ичида

Марказ

Ихтисослаштирилган экспертиза натижалари ижобий бўлганда, клиник тадқиқот ҳужжатларини электрон тизим орқали Этика қўмитасига тақдим этиш мумкинлиги тўғрисида икки иш куни ичида электрон тизим орқали ариза берувчига хабарнома юборилади

2 иш куни ичида

7-босқич

Ариза берувчи

Клиник тадқиқот ҳужжатларини Этика қўмитасига тақдим этади

2 иш куни ичида

Этика қўмитаси

Тақдим этилган клиник тадқиқот ҳужжатларини мажлисида кўриб чиқиб:

клиник тадқиқотларни ўтказиш этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида;

ёки

клиник тадқиқотларни ўтказиш этика жиҳатидан асосланмаганлиги тўғрисида хулоса беради

Этика қўмитасининг мажлисида

(бир ойда бир марта ўтказилади)

8-босқич

Этика қўмитаси

Ўзининг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида хулосасини ариза берувчига юборади

5 иш куни ичида

Этика қўмитаси

Клиник тадқиқотларни ўтказиш этика жиҳатидан асосланмаганлиги тўғрисида хулоса берганда Ариза берувчига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборади

1 иш куни ичида

9-босқич

Ариза берувчи

Хабарномада кўрсатилган камчиликларни электрон тизим орқали бартараф этади

Хабарномада кўрсатилган муддатда

10-босқич

Ариза берувчи

Камчиликларни бартараф этган ҳолда клиник тадқиқот ҳужжатларини Этика қўмитасига такроран тақдим этади

Хабарномада кўрсатилган муддатда

11-босқич

Марказ

Этика қўмитасининг клиник тадқиқотларни ўтказиш этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисида хулосаси асосида клиник тадқиқот ҳужжатлари ва танланган клиник базани маъқуллайди.

Клиник тадқиқотни ўтказиш мумкинлиги тўғрисида ариза берувчига ва клиник тадқиқотни ўтказувчи клиник база раҳбарига ёзма шаклдаги хабарнома юборади

15 кун ичида

12-босқич

Ариза берувчи

Клиник база раҳбари билан клиник тадқиқотни ўтказиш тўғрисида шартнома тузади

Хабарнома олингандан сўнг 15 кун ичида

13-босқич

Клиник база

Клиник тадқиқотни ўтказади

Тиббий жиҳознинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда

Клиник тадқиқот натижалари асосида клиник тадқиқот ҳисоботини тайёрлайди.

Клиник тадқиқот тугаганидан кейин

Ҳисобот клиник база раҳбари томонидан тасдиқланиб, ариза берувчига тақдим этилади

10 кун ичида

14-босқич

Ариза берувчи

Клиник тадқиқот ҳисоботини Марказга тақдим этади

Клиник тадқиқот ҳисоботини олган вақтдан бошлаб 1 ой ичида

15-босқич

Марказ

Клиник тадқиқот ҳисоботини якуний экспертизадан ўтказади

15 кун

Якуний экспертиза натижасида мазкур ҳисобот ва клиник тадқиқот баённомаси ўртасида номувофиқликлар аниқланган ҳолларда, ариза берувчига мазкур номувофиқликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида хабарнома юборади

Якуний экспертиза натижасида номувофиқликлар аниқланмаса, клиник тадқиқот ҳисоботини Экспертлар кенгашига киритади

16-босқич

Ариза берувчи

Хабарномада кўрсатилган номувофиқликларни бартараф этади ва клиник тадқиқот ҳисоботини Марказга такроран тақдим этади.

Хабарномада кўрсатилган муддатда

Марказ

Такроран тақдим этилган клиник тадқиқот ҳисоботини кўриб чиқади

15 кун ичида

17-босқич

Экспертлар кенгаши

Тиббий жиҳозни тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади

Экспертлар кенгашининг мажлисида

(ўн беш кунда бир марта ўтказилади)

Тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

ИНДИВИДУАЛ ҚАЙД ҚИЛИШ ШАКЛИ

Клиник тадқиқот номи

«______________________________» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган

«____________________________________» тиббий жиҳознинг

КЛИНИК ТАДҚИҚОТИ

1. Умумий маълумотлар

1.1. Клиник тадқиқот субъекти ID:

1.2. Клиник тадқиқот коди (ID):

1.3. Клиник тадқиқот маркази:

1.4. Клиник тадқиқотчи Ф.И.О:

1.5. Клиник тадқиқотда иштирок этиш санаси:

1.6. Розилик олинган сана:

1.7. Клиник тадқиқот субъектига берилган код:

2. Демографик маълумотлар

2.1. Ф.И.О:

2.2. Туғилган сана:

2.3. Ёши:

2.4. Жинси:

• □ Эркак

• □ Аёл

2.5. Миллати:

2.6. Манзили:

2.7. Телефон рақами:

3. Тиббий ташхис

3.1. Асосий касалликлар:

3.2. Ҳозирги даволаш (дор-у/усуллар):

3.3. Ёндош касалликлар:

3.4. Аллергиялар:

• □ Йўқ

• □ Бор (кўрсатилсин):

4. Тиббий жиҳоз бўйича маълумотлар

4.1. Тиббий жиҳоз номи:

4.2. Модели / серияси:

4.3. Қўллаш мақсади:

4.4. Синов тури:

• □ Клиник тадқиқот

• □ Клинико-лаборатория тадқиқот

5. Бошланғич кўрсаткичлар (Baseline data)

5.1. Қон босими:

5.2. Юрак уриши:

5.3. Нафас олиш частотаси:

5.4. Ҳарорат:

5.5. Лаборатория натижалари:

• Гемоглобин:

• Глюкоза:

• Хусусий кўрсаткичлар:

6. Тиббий жиҳоз қўлланилиши

6.1. Қўллаш санаси:

6.2. Қўллаш муддати:

6.3. Қўллаш услуби:

6.4. Қўллаш пайтидаги техник ҳолат:

7. Кузатув натижалари

7.1. Клиник самарадорлик белгилари:

7.2. Субъект ҳолатининг динамикаси:

7.3. Кузатув санаси:

8. Ножўя ҳодисалар (Adverse Events)

8.1. Ножўя ҳодиса аниқландими?

• □ Йўқ

• □ Ҳа (тафсилоти):

8.2. Жиддий ножўя ҳодиса:

• □ Йўқ

• □ Ҳа

8.3. Сабабли алоқадорлик:

• □ Аниқ боғлиқлик

• □ Эҳтимол боғлиқлик

• □ Номувофиқ

9. Якуний баҳолаш

9.1. Тадқиқотчи хулосаси:

9.2. Фойда-хавф нисбати:

9.3. Субъектда клиник ўзига хос ўзгаришлар:

10. Имзолар

Тадқиқотчи: ___________________ (имзо, сана)

Субъект: ___________________ (имзо, сана)

Кузатувчи: ___________________

Тиббий жиҳозларнинг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Клиник тадқиқот субъекти учун маълумотнома

Клиник тадқиқот номи

«______________________________» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган

«____________________________________» тиббий жиҳознинг

КЛИНИК ТАДҚИҚОТИ

Клиник база: _______________________________________________________________

Тадқиқотнинг (ўрганишнинг) моҳияти, мазмуни:

Сизга «__________________________________________________________________» корхонасининг _____________________________________ тиббий жиҳозни қўлланилиши, унинг клиник самарадорлиги ва хавфсизлигини ўрганиш бўйича тиббий ва илмий тадқиқотда иштирок этиш таклиф этилади.

Илтимос, ушбу ахборотни диққат билан ўқиб чиқинг!

Сизга тиббий жиҳознинг клиник тадқиқотида иштирок этиш таклиф этилмоқда. Мазкур тадқиқотда иштирок этиш ихтиёрийдир. Иштирок этиш ҳақида қарор қабул қилишингиздан олдин, Сиз ушбу клиник тадқиқотнинг мақсадлари билан, Сизнинг маълумотларингиздан қандай фойдаланилиши, тадқиқотнинг процедуралари ва тадқиқотдаги иштирокингиз билан боғлиқ фойда, хавф-хатар ва ноқулайликлар эҳтимоли билан танишиб чиқишингиз зарур. Қарор чиқаришга шошилманг.

Мазкур ҳужжатни диққат билан ўқиб чиқинг. Агар истасангиз, тадқиқотда иштирок этиш масаласини даволовчи шифокорингиз билан муҳокама қилинг. Агар Сиз учун нимадир тушунарсиз бўлиб қолса ёки кўпроқ маълумот олмоқчи бўлсангиз, Сизни қизиқтирадиган саволларни тадқиқотчи-шифокорга беринг. Шошилманг, қарор чиқаришдан олдин ўйлаб кўринг, ўз оилангиз ва дўстларингиз билан муҳокама қилинг. Клиник тадқиқотда иштирок этиш стандарт тиббий ёрдамнинг қисми эмас.

Клиник тадқиқотда иштирок этиш ихтиёрийдир. Тадқиқотда иштирок этишга розилик билдириш ёки рад қилиш ҳақидаги қарорни фақат ўзингиз қабул қиласиз. Агар Сиз иштирок этишга қарор қилсангиз, Сиз клиник тадқиқот субъекти учун маълумотнома нусхасини оласиз ва Сиздан клиник тадқиқотда иштирок этишга ихтиёрий розилик шаклини имзолашингиз сўралади. Агар Сиз клиник тадқиқотда иштирок этмасликка қарор қилсангиз, истаган вақтингизда сабабини тушунтирмасдан клиник тадқиқотдан чиқиб кетиш ҳуқуқига эгасиз.

Сизнинг тадқиқотдан чиқиб кетиш ҳақидаги қарорингиз ёки тадқиқотда иштирок этмаслик ҳақидаги қарорингиз Сизга кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг сифатига таъсир кўрсатмайди.

Тадқиқотни ўтказиш пайтида тиббий жиҳознинг одам организмига қандай таъсир қилиши ҳақидаги янги маълумотлар, хусусан аввал маълум бўлмаган ножўя таъсирлари ҳақидаги маълумотлар аниқланиши мумкин. Бундай вазиятда Сизга янгиланган ахборот тақдим этилади ва унинг асосида Сиз тадқиқотдаги иштирокингизни давом эттириш тўғрисидаги қарорингизни ўзгартиришингиз мумкин

Тиббий жиҳознинг хусусиятлари:

Текширилаётган тиббий жиҳознинг хусусиятлари клиник тадқиқот субъектига тушунарли тарзда қисқа, бироқ батафсил ёритиб берилади.

Қўлланилиши:

Мазкур клиник тадқиқотда тиббий жиҳознинг нима мақсадда қўлланилишига таъриф берилади.

Қўллаш усули ва тавсифи:

Мазкур клиник тадқиқотда тиббий жиҳознинг ишлаш механизми, техник хусусиятлари, қўллаш усули, кузатув даври.

Ножўя таъсирлари:

Текширилаётган тиббий жиҳознинг барча ножўя таъсирлари тўғрисида батафсил маълумот берилади, масалан:

Юрак-қон томир тизими томонидан: тахикардия, артериал босимни ўзгариши;

Марказий нерв тизими томонидан: психомотор қўзғалиш;

Овқат-ҳазм қилиш тизими томонидан: диспептик ҳолатлар;

Аллергик реакциялар: терини қичишиши, қизариш, тошма, шиш;

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар:

Барча «Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар» бирма-бир санаб ўтилади.

Шунингдек, қуйидаги ҳолатлар келтирилади:

ҳомиладорлик, лактация даври;

тиббий жиҳозга юқори сезувчанлик мавжудлиги;

18 ёшгача бўлган субъектларда қўллаш мумкин эмас.

Клиник тадқиқотнинг бориши:

Шифокор кўриги ва текширувлардан сўнг, Сиз ушбу клиник дастурда қатнашиш имкониятига эга бўлиб, қўшимча равишда «________________________________» корхонасининг _____________________________ ____________________________ тиббий жиҳозини қўллаш имкониятига эга бўласиз.

Клиник тадқиқотнинг самарадорлиги:

Сизнинг бу клиник тадқиқотларда иштирокингиз давомида Сизга тиббий жиҳозни қабул қилиш шароити яратилади. Агар шифокорингиз бу тиббий жиҳознинг таъсирини кам деб ҳисобласа, Сиз бошқа маълум тиббий жиҳоз ёрдамида стандарт даволашга ўтказиласиз.

Қўшимча даволаш: «__________________________________________________» корхонасининг _____________________________ тиббий жиҳозини қўллаш билан бирга Сиздаги касалликни даволаш учун зарур бўлган даво муолажаларини оласиз.

Сизни назорат қилувчи шифокор Сизга барча зарур маълумотларни тақдим этади.

Таъсири ва ноқулайликларни баҳолаш:

Даволаш давомида Сиз шифокорнинг доимий назоратида бўласиз, агар Сизнинг соғлиғингизга таъсир қилувчи ёки ножўя таъсирини кузатилиши билан тиббий жиҳоз қўлланилиши бекор қилинади.

Изланишларнинг олиб борилиши:

Сиздан клиник тадқиқотларда ихтиёрий иштирок этиш учун розилик олингандан сўнг, шифокор-тадқиқотчи Сизга ҳозирги касаллигингиз ҳақида бир нечта саволлар беради, текширишлар олиб боради. Агар шифокор бу клиник тадқиқотда Сизнинг иштирокингизни лозим деб топса, Сизга клиник тадқиқот баённомасига биноан тиббий жиҳозни қўллаш тавсия этилади. Сизнинг соғлиғингиз тўғрисидаги ҳамма ўзгаришларни, ушбу ўзгаришлар тиббий жиҳоз билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан қатъи назар шифокорга дарҳол хабар беринг.

Махфийлиги (Конфиденциаллиги):

Сизнинг бу клиник тадқиқотда иштирокингиз қатъий равишда сир бўлиб қолади.

Ҳуқуқлар:

Агар Сизда клиник тадқиқотда иштирок этиш ва Сизнинг ҳуқуқларингиз юзасидан саволлар туғилса, шифокорингизга ____________ телефон рақами орқали қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Тиббий жиҳозларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
Клиник тадқиқот субъектининг клиник тадқиқотда ихтиёрий иштирок этишга ёзма розилиги шакли

Клиник тадқиқот номи:

«______________________________» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган

«____________________________________» тиббий жиҳознинг

КЛИНИК ТАДҚИҚОТИ

Клиник база:___________________________________________________________________________________________________________________________________________________________

Мен, ________________________________________________________________________________________________________________________________________________

(Ф.И.О)

_________________________________________________________________________________________

(паспорт серияси ва рақами ёки идентификация ID-карта маълумотлари)

манзилда истиқомат қиламан ва клиник тадқиқот субъекти учун маълумотнома матнидан ва даволовчи шифокордан олинган маълумотларга асосланиб, ушбу тадқиқотда иштирок этишга ўз хоҳишим билан розилик бераман. Мен шифокорга тадқиқотнинг барча аспектлари юзасидан саволлар бериш имконига эга бўлдим. Барчасига аниқлик киритилгандан сўнг, мен даволовчи шифокор билан ҳамкорлик қилишга, аҳволим ва кайфиятимдаги ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида унга хабар беришга розиман. Мен ўзимнинг ҳуқуқларим ва мажбуриятларим тўғрисида батафсил маълумот олдим ва ушбу тадқиқотда иштирок этишдан сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда воз кечиш ҳуқуқига эгаман ва бу менга кейинги тиббий хизмат кўрсатилишига таъсир кўрсатмайди. Менинг клиник тадқиқотдаги иштироким мутлақо махфий эканлигини биламан. Мен, клиник тадқиқот натижаларини, клиник тадқиқот ўтказаётган клиник тадқиқот раҳбари томонидан клиник тадқиқотга масъул шахсларга ҳамда давлат органлари вакилларидан иборат текширувчиларга берилишига розиман.

___________________________________

_________________________________

Тадқиқот олиб борувчи шифокор

Ф.И.О

___________________________________

_________________________________

Гувоҳ имзоси

Ф.И.О

«Ўқидим ва розиман»

____________________________

Клиник тадқиқот субъектининг имзоси

Сана «_______ «____________ 20__ й

Тиббий жиҳозларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
4а-ИЛОВА

Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз клиник тадқиқот субъекти қонуний вакилининг ихтиёрий ёзма розилиги шакли

Клиник тадқиқот номи:

«______________________________» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган

«____________________________________» тиббий жиҳознинг

КЛИНИК ТАДҚИҚОТИ

Клиник база: ______________________________________________________

Мен, __________________________________________________________________________________________________________________________________________

қонуний вакилнинг Ф.И.О

_________________________________________________________________________________________

(паспорт серияси ва рақами ёки идентификация ID-карта маълумотлари)

манзилда истиқомат қиламан ва клиник тадқиқот субъекти учун маълумотнома матнидан ва даволовчи шифокордан олинган маълумотларга асосланиб, фарзандим (вакиллигим остидаги) __________________________________

________________________________________________________________________________________________________________________________________

клиник тадқиқот субъекти (Ф.И.О)

ушбу клиник тадқиқотда иштирок этишига ўз хоҳишим билан розилик бераман. Мен шифокорга тадқиқотнинг барча аспектлари юзасидан саволлар бериш имконига эга бўлдим. Барчасига аниқлик киритилгандан сўнг, мен даволовчи шифокор билан ҳамкорлик қилишга ва фарзандим (ёки вакиллигим остидаги шахс)нинг аҳволи ва кайфиятидаги хар қандай ўзгаришлар тўғрисида шифокорга хабар беришга розиман. Мен ўзимнинг ва фарзандим (ёки вакиллигим остидаги шахс)нинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида батафсил маълумот олдим ва ушбу тадқиқотда иштирок этишдан сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда воз кечиш ҳуқуқига эгаман ва бу фарзандим (ёки вакиллигим остидаги шахс)га кейинги тиббий хизмат кўрсатилишида акс этмайди. Менинг фарзандим (ёки вакиллигим остидаги шахс)нинг клиник тадқиқотдаги иштироки мутлақо махфий эканлигини биламан. Мен, клиник тадқиқот натижаларини, клиник тадқиқот ўтказаётган клиник тадқиқот раҳбари томонидан клиник тадқиқотга масъул шахсларга ҳамда давлат органлари вакилларидан иборат текширувчиларга берилишига розиман.

___________________________________

_________________________________

Тадқиқот олиб борувчи шифокор

Ф.И.О

___________________________________

_________________________________

Гувоҳ имзоси

Ф.И.О

«Ўқидим ва розиман»

____________________________

Қонуний вакилнинг имзоси

Сана «_______» ____________ 20__ й

Тиббий жиҳозларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
5-ИЛОВА

Клиник тадқиқот раҳбари билан клиник тадқиқотни ўтказиш юзасидан келишув

 

Мен мазкур клиник тадқиқот баённомасини, тадқиқотчи учун брошюрани, шу жумладан тиббий жиҳознинг мумкин бўлган хавфлари ва ножўя таъсирини, шунингдек, ариза берувчи томонидан тақдим этилган тиббий жиҳознинг клиник тадқиқоти ҳақидаги бошқа маълумотларни ўқиб чиққанлигим ва тушунганлигимни тасдиқлайман. Мен мазкур тадқиқотни ушбу клиник тадқиқот баённомаси талабларига мувофиқ ўтказишга, шунингдек Жаҳон тиббиёт ассоциациясининг Хелсинки декларациясида белгиланган этика талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига ҳамда Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандарти қоидаларига мувофиқ клиник тадқиқот субъектларининг ҳуқуқлари, хавфсизлиги, махфийлигини ҳимоя қилишга розилик билдираман.

Мен ариза берувчини хабардор қилгандан кейингина клиник тадқиқот баённомасига ўзгартириш киритишга розилик билдираман, клиник тадқиқот субъектларининг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарур бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир. Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандарти қоидаларига мувофиқ, мен ариза берувчини клиник тадқиқот давомида юзага келган ножўя ҳолатлар ҳақида хабардор қилишга розиман. Мен бирламчи ҳужжатларни кўриш учун рухсат берилишини таъминлашга тайёрман ҳамда ариза берувчи томонидан мониторинг ва аудит ўтказилишига, шунингдек назорат қилувчи органлар вакилларидан иборат текширувчилар томонидан клиник тадқиқот якунининг текширилишига розилик билдираман. Мен клиник тадқиқотларни ўтказишга оид барча халқаро стандартлар, шунингдек Ўз ДСт 2765:2018 «Яхши клиника амалиёти» (GCP) стандарти талабларига риоя қилишга розилик билдираман.

 

Клиник тадқиқот раҳбари

Ф.И.О ________________________________________ Имзо: ______________________________.

 

Ариза берувчи

Ф.И.О________________________________________ Имзо: _______________________________.

 

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.01.2026 й., 10/26/3746/0022-сон; 13.11.2026 й., 10/26/3973/1126-сон)