Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидларини амалга оширишда шаффофлик ва рақобат тамойилларига риоя этган ҳолда, давлат буюртмачилари ҳамда аҳолини сифатли, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
давлат хариди электрон тизими операторининг электрон тизимида «Farma.xarid.uz» модулини (кейинги ўринларда — Модуль) яратиш;
давлат буюртмачилари томонидан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар (кейинги ўринларда — фармацевтика маҳсулотлари) бўйича давлат харидларини мажбурий равишда Модуль орқали амалга ошириш тартибини жорий этиш;
ушбу мақсадларда Модулни дастлабки босқичда «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖнинг электрон тизимида жорий этиш.
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб:
а) давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган фармацевтика маҳсулотлари билан:
дори воситалари бўйича «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)» сертификатига эга ишлаб чиқарувчилар;
тиббий жиҳозлар бўйича «ISO:13485» сертификатига эга ишлаб чиқарувчилар;
«Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)» сертификатига эга дори воситаларини улгуржи реализация қилувчи ташкилотлар (дистрибьюторлар) дори воситалари ва тиббий жиҳозлар бўйича давлат харидларида иштирок этишига рухсат берилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Бунда фармацевтика маҳсулотлари гувоҳнома ва (ёки) сертификатларнинг амал қилиш муддати давомида ишлаб чиқарилган бўлиши талаб этилади;
б) фармацевтика маҳсулотларининг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаси ва иштирокчиларнинг сертификатлари «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган маълумотлар асосида Модуль орқали автоматик тарзда текширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартдан бошлаб Андижон ва Наманган вилоятларида рўйхатдан ўтган давлат буюртмачилари, 2026 йил 1 июлдан бошлаб эса барча давлат буюртмачилари томонидан фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидлари Модуль орқали амалга оширилишини таъминласин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва давлат харидлари электрон тизими оператори билан биргаликда уч ой муддатда Модулда фармацевтика маҳсулотларининг бошланғич нархини аниқлаш бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш имкониятларини яратсин;
маркетинг тадқиқотлари тўғри ўтказилишини тизимли мониторинг қилиб борсин.
5. Фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидлари жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 январдан бошлаб «Pharma.gov.uz» порталида (кейинги ўринларда — Портал):
давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторидан фойдаланиб ҳамда харидлар ҳажмларини кўрсатган ҳолда, барча фармацевтика маҳсулотларининг реестрини;
«Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)» сертификатига эга дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар, «Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)» сертификатига эга дистрибьюторлар ва «ISO:13485» сертификатига эга тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларининг реестрини шакллантирсин ҳамда жамоатчилик учун эълон қилиб борсин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда:
а) давлат буюртмачилари ва иштирокчилар ўртасида тузиладиган давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларда фармацевтика маҳсулотларининг нархи уларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган референт нархларидан юқори бўлмаслигини Модуль орқали автоматик тарзда текширишни жорий қилсин.
Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси мазкур шартномаларни рўйхатдан ўтказишда (ҳисобга олишда) ушбу тартибга амал қилиниши юзасидан мунтазам равишда мониторингни амалга оширсин;
б) давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларда:
дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи (ХПН) билан бирга уларнинг савдо номлари ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Порталидаги PharmID рақамларини (кейинги ўринларда — PharmID рақамлари);
тиббий жиҳозларнинг савдо номлари билан бирга уларнинг PharmID рақамларини шакллантирсин.
8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 июлга қадар юқори малакали, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда:
а) давлат тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий жиҳозларга бўлган эҳтиёжларини шакллантириш ва қолдиқларини самарали бошқариш бўйича «Электрон эҳтиёж» платформасини ишлаб чиқсин.
Бунда мазкур платформа орқали давлат тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий жиҳозлар оқими назорат қилинади, қолдиқларни самарали бошқариш орқали тиббиёт муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш амалиёти йўлга қўйилади;
б) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Модуль ва платформадан фойдаланиш бўйича қўлланма ишлаб чиқиб, ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириш чораларини кўрсин.
9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқ белгиланаётган тартибдан келиб чиқиб, давлат харидлари бўйича бошқа операторларнинг электрон тизимларига тегишли ўзгартиришлар киритиш чораларини кўрсин.
10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 21 ноябрь,
737-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 ноябрдаги 737-сон қарорига
ИЛОВА
Фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидлари жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Т/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Муддати

Масъул ижрочилар

1.

Давлат харидларининг электрон тизимида (Республика товар-хомашё биржаси) «Farma.хarid.uz» модулини яратиш.

1. Давлат харидларининг электрон тизимларида «Farma.хarid.uz» модулини (кейинги ўринларда — Модуль) яратиш.

2026 йил 1 январь

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

2. Андижон ва Наманган вилоятларида рўйхатдан ўтган давлат буюртмачилари томонидан барча фармацевтика маҳсулотлари харидини Модуль орқали амалга оширишни йўлга қўйиш.

2026 йил 1 март

3. Барча давлат буюртмачиларига фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидлари мажбурий тартибда Модуль орқали амалга оширилишини жорий этиш.

2026 йил 1 июль

2.

Pharm.gov.uz порталида барча фармацевтика маҳсулотлари, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторларларнинг реестрини шакллантириш ва жамоатчилик учун эълон қилиб бориш.

Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторидан фойдаланган ҳолда, барча тиббий жиҳозлар ҳамда дори воситаларининг;

дори воситалари бўйича давлат харидларида «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)» сертификатига эга маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар, ISO:13485 сертификатига эга тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчилар ва «Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)» сертификатига эга дистрибьюторларнинг реестрини модулга «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиш.

2026 йил 1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

3.

Модулда фармацевтика маҳсулотларининг бошланғич нархини аниқлаш бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш имкониятларини яратиш.

Модулда фармацевтика маҳсулотларининг бошланғич нархини географик жиҳатдан яқин давлатлардаги ўртача нархларни ҳамда нархларнинг ўзгариш динамикасини таҳлил қилган ҳолда аниқлаш имкониятини яратиш бўйича ташкилий-техник чоралар кўриш.

2026 йил 1 февраль

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги,

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

4.

Давлат тиббиёт муассасаларида дори воситалари ва тиббий жиҳозлар оқимини назорат қилиш, қолдиқларни самарали бошқариш орқали тиббиёт муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш амалиётини йўлга қўйиш.

Хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, давлат тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларга эҳтиёжларини шакллантириш ва қолдиқларни самарали бошқариш бўйича «Электрон эҳтиёж» модулини ишлаб чиқиш.

2026 йил 1 июль

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақамли технологиялар вазирлиги

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.11.2025 й., 09/25/737/1075-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)