Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Сув соҳасини рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш ва барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Сув соҳасини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, рақамли технологиялар ёрдамида мавжуд сув ресурслари ва электр энергияси ҳисоби юритилишини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳани барқарор ривожлантириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) республикада фойдаланилаётган сув ресурслари ҳисобининг тўлиқ юритилишини йўлга қўйиш, 400 дан ортиқ маълумотларни рақамлаштириш;
(б) 600 мингдан ортиқ сув истеъмолчилари, 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдонлари ҳамда суғориш учун фойдаланилган сув ресурслари тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда шакллантириш;
(в) сув ҳисоби юритилиши жараёнида инсон омилини камайтириш, сувдан фойдаланувчилар ва иқтисодиёт тармоқларида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар базасини яратиш;
(г) сув соҳасини барқарор ривожлантириш, инновацион ва илғор технологияларни кенг жорий этиш.
II. Сувдан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш
2. Белгилансинки, сувдан фойдаланувчиларга етказиб берилаётган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлиқ юритиш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базасини шакллантиришни тартибга солиш мақсадида:
(а) Сув хўжалиги вазирлигининг «Suv hisobi» ахборот тизими орқали сув етказиб берувчи ташкилот билан юридик шахс бўлган сувдан фойдаланувчи ўртасида тузиладиган икки томонлама электрон далолатнома сувдан фойдаланувчи томонидан 10 кун муддатда кўриб чиқилиши ҳамда эътирози бўлмаганда мазкур ахборот тизимида тасдиқланиши мажбурий ҳисобланади. Бунда:
(i) сувдан фойдаланувчи томонидан далолатнома тасдиқланмаса ёки унинг эътирози бўлган тақдирда асослантирувчи ҳужжат ёки маълумот ахборот тизимига жойлаштирилмаса, далолатнома келишилган ҳисобланади;
(ii) сув етказиб берувчи ташкилот сувдан фойдаланувчига икки томонлама электрон далолатнома тузилгани тўғрисида электрон (СМС-хабарнома ва мобил илова орқали) хабарнома юборади;
(б) сувни ҳисобга олиш воситалари мавжуд бўлмаган ва (ёки) фойдаланилган сувнинг ҳақиқий ҳажмини сувни ҳисобга олиш воситалари орқали аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда фойдаланилган сувнинг ҳажмини қуйидаги тартибда аниқлашига рухсат берилади:
(i) Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг давлат космик мониторинги доирасида қишлоқ хўжалиги экин ерларида аниқланган фойдаланилган сувнинг ҳажмига асосан космик мониторинг орқали;
(ii) Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг давлат космик мониторинги доирасида аниқлаш имкони бўлмаганда — «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформасига киритилган қишлоқ хўжалиги экин турлари ва майдони бўйича сув ресурслари истеъмоли нормативларига кўра;
(в) деҳқон хўжаликлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар томонидан фойдаланилган сув ҳажми экинлар ҳамда яшил дарахтзорларни суғориш нормаларидан келиб чиқиб аниқланади.
3. Сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:
(а) Адлия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқласин;
(б) сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани «Suv hisobi» ахборот тизимида намунавий шартнома асосида электрон шаклда тузиш имконини яратсин.
Белгилансинки, мазкур шартнома бўйича юридик хулоса олиш талаб этилмайди.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги уч ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформасини «Suv hisobi» ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг ер майдонлари, экин турлари ва уларнинг жойлашуви (координаталари ва контур рақамлари) тўғрисидаги маълумотларни автоматик тарзда доимий ҳамда беғараз тақдим этиб боришни йўлга қўйсин.
5. Белгилансинки, Сув хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида яратилган ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотлар, шу жумладан тизим оператори томонидан ишлаб чиқилган ҳамда такомиллаштирилган ахборот тизимлари, ресурслар ва дастурий маҳсулотлар Сув хўжалиги вазирлигининг мулки ҳисобланади ҳамда белгиланган тартибда интеллектуал мулк сифатида рўйхатга олинади.
III. Сув хўжалиги тизими ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш
6. Сув хўжалиги соҳасида рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигининг тузилмасида Марказий диспетчерлик ва сув баланси хизмати негизида давлат муассасаси шаклида Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази (кейинги ўринларда — Рақамлаштириш маркази) ташкил этилсин ҳамда Марказий диспетчерлик ва сув баланси хизматининг бўшайдиган штат бирликлари, амалга оширилаётган ва мувофиқлаштирилаётган лойиҳалари, балансида бўлган мол-мулки ва товар-моддий бойликлари Рақамлаштириш марказига ўтказилсин.
Рақамлаштириш маркази ташкил этилиши муносабати билан Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази тугатилсин ва унинг бўшайдиган штат бирликлари, амалга оширилаётган ва мувофиқлаштирилаётган лойиҳалари, балансида бўлган мол-мулки ва товар-моддий бойликлари Рақамлаштириш марказига ўтказилсин.
Белгилансинки, Рақамлаштириш маркази 31 та штат бирлигидан иборат бўлиб, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги мавжуд штатлар ҳисобидан шакллантирилади.
7. Сув хўжалиги вазирлигининг тузилмасида давлат муассасаси шаклида Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази (кейинги ўринларда — Ривожланиш маркази) ташкил этилсин ва шу муносабат билан Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази тугатилсин ҳамда унинг бўшайдиган 23 та штат бирлиги, амалга оширилаётган ва мувофиқлаштирилаётган лойиҳалари, балансида бўлган мол-мулки ва товар-моддий бойликлари Ривожланиш марказига ўтказилсин.
8. Белгилансинки:
(г) Рақамлаштириш ва Ривожланиш марказлари фаолияти Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилади;
(д) Рақамлаштириш маркази ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби Марказий диспетчерлик ва сув баланси хизмати ходимларига амалда қўлланаётган тартиб бўйича белгиланади;
(ж) Ривожланиш маркази ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази ходимларига амалда қўлланаётган тартиб бўйича белгиланади;
(з) Ривожланиш маркази ҳар ойда сув ресурслари соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради.
9. Қуйидагилар:
(а) Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг марказининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ;
(б) Сув соҳасида барқарор ривожланиш марказининг асосий вазифалари 2-иловага мувофиқ;
(в) Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари 3-иловага мувофиқ;
(г) Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Рақамлаштириш ва Ривожланиш марказларига ўзларининг бюджетдан ташқари маблағларини ушбу марказлар фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва жорий харажатларга, таъмирлаш, реконструкция ва қурилиш ишларига, ходимларни моддий рағбатлантириш, малакасини ошириш, шу жумладан, хорижий стажировкаларни ташкил этиш, чет давлатларда ўтказиладиган конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш, тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, жалб қилинган маҳаллий ва хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашга, шунингдек, мазкур марказлар фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа тадбирларга йўналтириш ҳуқуқи берилсин.
11. Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзсувқурилиш» АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Ўзсувқурилиш» АЖга қарашли Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 1а-уйда жойлашган бинонинг умумий майдони 1 394 кв метр бўлган «Б» блоки ертўла қисми ва 1-қавати ҳамда мазкур бинога туташ бўлган жами 1 912 кв метр ер майдонини «Ўзсувқурилиш» АЖ устав капиталида бўлган давлат улушини камайтириш ҳисобига Рақамлаштириш маркази балансига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Рақамлаштириш маркази Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 1а-уй манзилидаги бинонинг «Б» блоки ертўла қисми ва 1-қаватига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда жойлаштирилсин.
Ривожланиш маркази Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 1а-уй манзилидаги бинонинг «Б» блоки 4-қаватига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда жойлаштирилсин.
IV. Бошқарув жараёнларини такомиллаштириш
12. Сув хўжалиги соҳасидаги жараёнларни бир жойдан кузатиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш мақсадида «Сув хўжалигида вазиятлар маркази» ишга туширилгани ҳамда «Suv hisobi», «Nasos stansiyalari», «Tomchi Yer», «Smartwater» ахборот тизимлари, «Raqamli suv xoʻjaligi» ягона ахборот тизими, маълумотлар базалари ва дастурий таъминотлар ишлаб чиқилгани ҳамда амалиётга жорий этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
13. Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида амалдаги вазир ўринбосарлари лавозимларидан бирининг штат бирлиги ҳисобидан сув хўжалиги вазирининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари (Chief Digital Officer) лавозими жорий этилсин ва унга сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларнинг амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шахсан жавобгарлик юклансин.
Белгилансинки, сув хўжалиги вазирининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарига ҳамда Рақамлаштириш ва Ривожланиш марказларига мазкур Фармонда назарда тутилган ва рақамлаштириш соҳаси ва фаолияти йўналишларидан ташқари бошқа вазифа, функция ва топшириқларни юклаш тақиқланади.
V. Сув кадастри ва электр энергия ҳисоботларига оид тизимларни такомиллаштириш
14. Сув хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадар Сув хўжалиги вазирлигига рақамлаштириш тадбирлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан «Давлат сув кадастри» ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва маълумотларни ўзаро интеграция қилиш ишларини амалга оширсин.
Бунда Гидрометеорология хизмати агентлиги ер усти сувлари, Сув хўжалиги вазирлиги сувдан фойдаланиш, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ер ости сувлари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ичимлик ва оқова сувлар бўйича маълумотларни махсус ҳимояланган алоқа тизимлари орқали «Давлат сув кадастри» ахборот тизимига тақдим этиб борсин.
15. Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларига электр энергияси ҳисоблагичларини харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар тегишлилиги бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзэнергосотиш» АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
16. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзэнергосотиш» АЖ 2026 йил 1 майга қадар:
(а) насос станцияларида ўрнатилган электр энергияси ҳисоблагичларини «Nasos stansiyalari» ахборот тизимига интеграция қилиш;
(б) интеграцияси якунланиб, ахборот тизимига маълумоти келмаётган ҳисоблагичларини алмаштириш, нуқсони мавжудларини тузатиш, уларни алоқа воситалари билан таъминлаш ишларини якунласин.
Бош прокуратура Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда жойлардан маълумоти келмаётган қурилмаларга ташқи таъсир кўрсатиш ҳолатлари бўйича назорат тадбирларини ташкил этсин, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар кўрилишини таъминласин ва ҳар чоракда амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
VI. Молиявий ресурслар
17. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
(а) Сув хўжалиги вазирлигига мазкур Фармон билан қўшимча вазифалар юклатилганини инобатга олиб, 2026 йил учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда сув хўжалигида рақамлаштириш тадбирлари, жумладан, Рақамлаштириш маркази фаолиятини молиялаштириш учун 50 миллиард сўм маблағни назарда тутсин;
(б) 2026 йилдан бошлаб Сув хўжалиги вазирлигига рақамлаштириш тадбирлари учун ажратиладиган барча маблағлар Рақамлаштириш маркази орқали молиялаштирилишини, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили Рақамлаштириш ва Ривожланиш марказлари фаолиятини молиялаштириш учун зарур бўлган маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
18. Сув хўжалиги вазирлиги икки ҳафта муддатда Рақамлаштириш ва Ривожланиш марказлари фаолиятини ташкил қилишга кўмаклашиш, бино ва иншоотларни таъмирлаш ва жиҳозлаш мақсадида мазкур марказларнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаларига Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир марказга 10 миллиард сўмдан маблағ ажратсин.
VII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
19. Ушбу Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) Бош вазир ўринбосари Ж. Ходжаев — Фармоннинг ўз вақтида бажарилишини ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришилишини муҳокама қилиб, тизимли назоратни ўрнатиш учун;
(б) сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев — сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш учун;
(в) рақамли технологиялар вазири ўринбосари О. Умаров — ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш, идоралараро интеграцион платформа орқали ўзаро боғлаш ишларига кўмаклашиш учун;
(г) қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қ. Юлдашев — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг ер майдонлари, экин турлари ва уларнинг жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда тақдим этилиши учун;
(д) иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари А. Ҳайдаров — Фармон ижросини таъминлашга зарур бўлган маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини таъминлаш учун;
(ж) Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев — сув хўжалиги соҳасига рақамлаштириш тадбирлари учун ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатиш учун.
20. Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги ПФ-74-сон Фармонига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
22. Фармон ижроси бўйича масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Т.Н. Бутунбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 13 октябрь,
ПФ-183-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг марказининг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш жараёнини таҳлил қилиш, ахборот технологияларини жорий этиш бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқиш ва мазкур ишларда буюртмачи вазифасини бажариш.
2. Илғор халқаро тажриба асосида сув хўжалиги тизимида бошқарув жараёнларини рақамлаштириш орқали мақбуллаштириш ҳамда бу борадаги самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.
3. «Рақамли сув хўжалиги» ягона платформасига тизимдаги барча дастурий комплексларни интеграция қилиш, уларнинг бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш.
4. Сув хўжалигида вазиятлар марказининг самарали фаолият юритишини таъминлаш.
5. Сув хўжалиги объектларида сув ресурслари ва электр энергияси ҳисобини юритувчи рақамли қурилмаларнинг техник шартларини ишлаб чиқиш ва уларни жорий этиш.
6. Сув ҳисоби юритилишини рақамлаштириш, сувдан фойдаланувчилар ва иқтисодиёт тармоқларида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш.
7. Замонавий технологиялар ёрдамида ягона сув балансини шакллантириш ҳамда давлат сув кадастрининг юритилишини такомиллаштириб бориш.
8. Сув хўжалиги масалалари бўйича кунлик, оператив (тезкор) маълумотлар туну кун олинишини таъминлаш ҳамда тасдиқланган сув олиш лимитлари ва графиклари асосида сув олинишини мониторинг қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Сув соҳасида барқарор ривожланиш марказининг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Сув соҳасини ривожлантиришга оид дастурий ҳужжатларда белгиланган йўналишлар бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторларга эришиш ҳолатини таҳлил қилиб бориш.
2. Сув соҳасидаги тизимли муаммоларни таҳлил қилган ҳолда соҳани стратегик ва инновацион ечимлар ҳамда истиқболли ташаббуслар асосида ривожлантириш бўйича таклифлар, чора-тадбирлар ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш.
3. Сув соҳасида инновацион ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича ташаббусларни илгари суриш.
4. Трансчегаравий, халқаро ва маҳаллий сув муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
5. Сув соҳасига оид маънан эскирган қоида ва меъёрларни белгиловчи ҳужжатларни замон талабларига мослаштириш бўйича ташаббуслар илгари суриш.
6. Сув соҳаси ташкилотларининг фаолиятини илғор хорижий амалиётлар асосида ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
7. Халқаро ташкилотлар, молия институтлари, консалтинг компаниялари ва мутахассисларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш.
8. Конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, тренинглар ва давра суҳбатларини, шунингдек, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази фаолиятини
МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИ
1. 2025 йилда — Сув хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, 2026 йилдан бошлаб — Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар.
2. Сув хўжалиги вазирлиги тизимига Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг соҳани рақамлаштириш ҳисобига иқтисод бўлган қисми.
3. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижалари асосида ажратиладиган маблағлар.
4. Вазирлик, идора ва муассасалар томонидан уларнинг буюртмалари асосида тадқиқотлар ва баҳолаш ишларини олиб бориш учун ажратиладиган маблағлар.
5. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида жалб қилинадиган грант маблағлари.
6. Рақамлаштириш марказининг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар.
7. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари.
8. Қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази фаолиятини
МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИ
1. 2025 йилда — Сув хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, 2026 йилдан бошлаб — Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар.
2. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижалари асосида ажратиладиган маблағлар.
3. Вазирлик, идора ва муассасалар томонидан уларнинг буюртмалари асосида тадқиқотлар ва баҳолаш ишларини олиб бориш учун ажратиладиган маблағлар.
4. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида жалб қилинадиган грант маблағлари.
5. Сув соҳасида барқарор ривожланиш марказининг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар.
6. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари.
7. Қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги ПФ-74-сон Фармонига киритилаётган ўзгартиришлар
(а) «Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази» блоки «Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази» блоки билан алмаштирилсин;
(б) «Марказий диспетчерлик ва сув баланси хизмати» блоки «Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази» блоки билан алмаштирилсин.
2. 4-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув хўжалиги вазирлиги ташкилотларининг уч бўғиндан иборат
ВЕРТИКАЛ БОШҚАРУВ ТИЗИМИ ҲАМДА ФУНКЦИЯЛАР ТАҚСИМОТИ

Таркибий тузилма

Бўйсунув

Функциялар

Юқори бўғин

Марказий аппарат

вазир

1. Сув сиёсатини юритиш.

2. Ягона сув балансини юритиш.

3. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш.

4. Ҳудудий органлар фаолиятини баҳолашнинг мақсадли кўрсаткичларини белгилаш.

5. Трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва фойдаланиш.

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси

вазир

1. Ўта муҳим гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш.

2. Ўта муҳим гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш ишларида иштирок этиш ҳамда тегишли хулосалар бериш.

3. Ўта муҳим гидротехника иншоотларининг хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқиш ва мезонларини белгилаш.

4. Ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш.

5. Ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш жараёнида уларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш.

Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази

вазирнинг биринчи ўринбосари — Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори

1. Сув соҳасини ривожлантиришга оид дастурий ҳужжатларда белгиланган йўналишлар бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторларга эришиш ҳолатини таҳлил қилиб бориш.

2. Сув соҳасидаги тизимли муаммоларни таҳлил қилган ҳолда соҳани стратегик ва инновацион ечимлар ҳамда истиқболли ташаббуслар асосида ривожлантириш бўйича таклифлар, чора-тадбирлар ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш.

3. Сув соҳасида инновацион ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича ташаббусларни илгари суриш.

4. Трансчегаравий, халқаро ва маҳаллий сув муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

5. Сув соҳасига оид маънан эскирган қоида ва меъёрларни белгиловчи ҳужжатларни замон талабларига мослаштириш бўйича ташаббусларни илгари суриш.

6. Сув соҳаси ташкилотларининг фаолиятини илғор хорижий амалиётлар асосида ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

7. Халқаро ташкилотлар, молия институтлари, консалтинг компаниялари ва мутахассисларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш.

8. Конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, тренинглар ва давра суҳбатларини, шунингдек, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш.

Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази

вазирнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосари

1. Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш жараёнини таҳлил қилиш, ахборот технологияларини жорий этиш бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқиш ва мазкур ишларда буюртмачи вазифасини бажариш.

2. Илғор халқаро тажриба асосида сув хўжалиги тизимида бошқарув жараёнларини рақамлаштириш орқали мақбуллаштириш ҳамда бу борадаги самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.

3. «Рақамли сув хўжалиги» ягона платформасига тизимдаги барча дастурий комплексларни интеграция қилиш, уларни бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш.

4. Сув хўжалигида вазиятлар марказининг самарали фаолият юритишини таъминлаш.

5. Сув хўжалиги объектларида сув ресурслари ва электр энергияси ҳисобини юритувчи рақамли қурилмаларнинг техник шартларини ишлаб чиқиш ва уларни жорий этиш.

6. Сув ҳисоби юритилишини рақамлаштириш, сувдан фойдаланувчилар ва иқтисодиёт тармоқларида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш.

7. Замонавий технологиялар ёрдамида ягона сув балансини шакллантириш ҳамда давлат сув кадастрининг юритилишини такомиллаштириб бориш.

8. Сув хўжалиги масалалари бўйича кунлик, оператив (тезкор) маълумотлар туну кун олинишини таъминлаш ҳамда тасдиқланган сув олиш лимитлари ва графиклари асосида сув олинишини мониторинг қилиш.

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти

вазир ўринбосари

1. Сув муаммоларини аниқлаш ҳамда устувор илмий-тадқиқот ишлари дастурларини ишлаб чиқиш.

2. Глобал иқлим ўзгаришининг республика иқтисодиёти тармоқларига салбий таъсирини камайтириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш.

3. Соҳага илмий-инновацион янгиликларни жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш.

4. Сувни тежайдиган технологиялар самарадорлигини оширишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш.

Ўрта бўғин

Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги

вазирнинг биринчи ўринбосари — Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори

1. Тасдиқланган сув олиш лимитлари, графиклари ва тақсимоти асосида сув етказиб берилишини ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш.

2. Насос станциялари иш режимини тартибга солиш ҳамда электр энергияси истеъмолини камайтириш чораларини кўриш.

3. «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари хизмат кўрсатадиган ҳудудда сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш.

4. Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш.

5. Коллектор-дренаж тармоқлари ва улардаги иншоотларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ҳамда ерларнинг мелиоратив барқарорлигини таъминлаш ишларини белгиланган тартибда ташкил қилиш.

Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш департаменти

Департамент директори

1. Лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, шунингдек, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш.

2. Сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва бош пудрат ташкилотларини тендер савдолари асосида аниқлаш ҳамда тегишли шартномаларни расмийлаштиришни назорат қилиш.

3. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тендер савдолари асосида бош пудрат ташкилотларини белгиланган тартибда аниқлаш ҳамда тегишли шартномаларни расмийлаштириш.

4. Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳа-қидирув ишларини белгиланган тартибда илмий-техник жиҳатдан кузатишни ташкил қилиш.

«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси

вазир ўринбосари

1. Сув объектларидан балиқчилик мақсадларида фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.

2. Сув хўжалиги объектларининг соҳил бўйи минтақа зоналари аукцион орқали ижарага берилишини ташкил этиш.

3. Соҳил бўйи минтақалари бўйича норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш.

4. Сув оқимларини бошқаришда дарё ўзанлари ҳамда қирғоқларидан фойдаланишни тартибга солиш.

Қуйи бўғин

«Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари

Эксплуатация агентлиги

1. Белгиланган лимитлар асосида сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш.

2. Ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш.

3. Суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни ҳимоя зоналари билан биргаликда соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш.

4. Истеъмолчилар кесимида етказиб берилган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш.

5. Ўз ҳисобидаги сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботини юритишни рақамлаштириш.

».

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2025 й., 06/25/183/0954-сон)