Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида табиий фанлар йўналишига ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Табиий фанлар соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, соҳа бўйича иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги таълим ташкилотлари, шунингдек, вазирликлар ва идоралар тизимидаги умумий ўрта таълим ва касбий таълим ташкилотлари негизида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиалларини (кейинги ўринларда — филиаллар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
2025 йилда ташкил этиладиган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг рўйхати 1-иловага мувофиқ;
2026-2027 йилларда янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар бир ой муддатда ушбу қарорга 1-иловада кўрсатилган таълим ташкилотлари фаолияти тугатилиши, уларнинг мол-мулки, бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Агентлик тизимига ўтказилишини таъминласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари 2025 йил 1 ноябрга қадар ушбу қарорга 1-иловага мувофиқ тегишлича Агентлик тизимида ташкил этилаётган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг бино ва иншоотларини таъмирлаш, белгиланган талаблар асосида жиҳозлаш, ўқувчиларга яшаш ва овқатланиш учун зарур шароитларни яратиш чораларини кўрсин.
5. Белгилансинки:
Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб табиий фанлар йўналиши бўйича таянч мактаб (кейинги ўринларда — таянч мактаб) ҳисобланади;
таянч мактабнинг директори ҳамда унинг филиали ижрочи директори Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
таянч мактаб ва филиалларга раҳбар кадрлар икки босқичли (саралаш ва суҳбат), педагог кадрлар уч босқичли (саралаш, тест синови ва суҳбат) танлов асосида ишга қабул қилинади;
филиаллар ходимлари меҳнатига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида» 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган ихтисослаштирилган мактаблар учун белгиланган шартларда ҳақ тўланади;
таянч мактаб ва филиалларга қабул 7-синфдан бошланади, бунда бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда, қабул параметрлари Агентлик томонидан белгиланади;
филиалларга ўқувчилар таянч мактаб учун белгиланган тартиб асосида саралаб олинади;
филиалларда ўқувчилар учун турар жой ҳамда аутсорсинг асосида белгиланган тартибда бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади;
филиалларнинг қурилиш ишлари таянч мактабнинг шароитидан кам бўлмаган, ягона ёндашув асосида 2026-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
филиаллар замонавий талабларга мувофиқ пластик қопламали (HPL панел) синф столи, пластик қопламали, эгри елимланган фанерали синф стуллари билан жиҳозланади;
филиаллар битирувчиларига таянч мактаб битирувчилари учун давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари билан берилган имтиёзлар татбиқ этилмайди;
филиалларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
6. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
а) 2025 йил 15 октябрга қадар таянч мактаб, филиаллар ҳамда Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар учун лавозимлар ва штат бирликларининг намунавий штат жадвалини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқласин;
б) белгиланган муддатларда филиаллар фаолиятини ташкил этсин. Бунда:
ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш, замонавий касбларга ўргатиш учун уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратсин;
кимё, биология, агротехнология, биотехнология фанлари умумий дарс соатлари фонди доирасида қўшимча ўқув дастурлари асосида ўқитилишини таъминласин;
в) Жиззах, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорга 1-иловада кўрсатилган ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг аниқ фанлар йўналишида таълим олаётган ўқувчиларини Агентлик тизимидаги бошқа ихтисослаштирилган мактабларга жойлаштириш чораларини кўрсин;
г) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ҳамда Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорга 2-иловада кўрсатилган мактабларнинг қурилиш ва жиҳозлаш ишларини босқичма-босқич 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш юзасидан тегишли таклифларни тайёрласин ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, филиаллар таъминоти билан боғлиқ харажатлар:
2025 йилда биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиси сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади;
2026 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимчалар киритилсин.
9. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 сентябрь,
608-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 сентябрдаги 608-сон қарорига
1-ИЛОВА
2025 йилда ташкил этиладиган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг
РЎЙХАТИ

Т/р

Туман (шаҳар) номи

Негизида ихтисослаштирилган мактаб филиали ташкил этилаётган таълим ташкилоти номи

Агентлик тизимида ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактаб филиали номи

Қуввати

1.

Хўжайли тумани

Хўжайли туман 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Хўжайли филиали

480

2.

Бухоро шаҳри

Бухоро шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Бухоро филиали

360

3.

Жиззах шаҳри

Жиззах шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Жиззах филиали

240

4.

Термиз шаҳри

Термиз шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Термиз филиали

240

5.

Фарғона шаҳри

Фарғона шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиали

610

6.

Чиноз тумани

Чиноз туманидаги Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Чиноз филиали

240

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 сентябрдаги 608-сон қарорига
2-ИЛОВА
2026-2027 йилларда янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг манзилли
РЎЙХАТИ

Т/р

Туман (шаҳар) номи

2026 йил

2027 йил

Жами

1.

Гулистон шаҳри

1

1

2.

Қарши шаҳри

1

1

3.

Наманган шаҳри

1

1

4.

Андижон шаҳри

1

1

5.

Навоий шаҳри

1

1

6.

Самарқанд шаҳри

1

1

7.

Фарғона шаҳри*

1

1

8.

Урганч шаҳри

1

1

Ҳаммаси:

3

5

8

* Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиалида мавжуд бино ётоқхонага мослаштирилади ва жиҳозланади.
Изоҳ.
Янгидан қуриладиган филиаллар учун ер майдони шаҳар марказлари ва ўқувчилар қатнаши учун қулай бўлган ҳудудлардан ажратилади.
Янгидан қуриладиган филиалларнинг лойиҳаларида белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган 360 ўринли ўқув биноси ҳамда 200 ўринли ётоқхона, ошхона, кутубхона, спорт ва фаоллар заллари назарда тутилиши лозим.
Филиалларни қуриш ва жиҳозлаш лойиҳалари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги билан мажбурий тартибда келишилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 сентябрдаги 608-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисидаги низомнинг 1-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ушбу Низом Ал-Хоразмий университетига нисбатан татбиқ этилмайди».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-банди «соғлиқни сақлаш,» сўзларидан кейин «Ал-Хоразмий университети,» сўзлари билан тўлдирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-банди иккинчи хатбошиси «олий ҳарбий таълим муассасаларига,» сўзларидан кейин «Ал-Хоразмий университетига,» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2025 й., 09/25/608/0879-сон)