Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 4 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 17 мартда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун қишлоқ хўжалигида суғурталаниши лозим бўлган таваккалчиликлар, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртаси шартномасини (бундан буён матнда қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси деб юритилади) тузиш ва қайта суғурта қилишни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртасини амалга оширишда Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасини ташкил этиш, ушбу Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари, суғурта мукофотлари бўйича субсидиялар бериш, қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича зарарни аниқлаш ва суғурта товонларини тўлаш, шунингдек қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилишни давлат томонидан мувофиқлаштириш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
2-модда. Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик
Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
воситачи — Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ахборот тизимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси номидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузадиган юридик шахс;
мустақил эксперт — суғурта ҳодисаси юз бериш эҳтимолини ўрганадиган, суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин қишлоқ хўжалиги суғуртаси объектини кўздан кечиришни амалга оширадиган, суғурта ҳодисаси мавжудлигини, шунингдек суғурта ҳодисаси сабабли етказилган зарарнинг миқдорини аниқлайдиган, тегишли ваколатларга ва мустақил эксперт гувоҳномасига эга бўлган жисмоний шахс;
хизмат ҳақи — қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича воситачига ҳамда мустақил экспертга тўланадиган тўлов;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи — қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирадиган юридик шахс мақомига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект;
қишлоқ хўжалиги маҳсулоти — қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштириладиган чорвачилик ва ўсимлик маҳсулотлари.
4-модда. Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилишнинг асосий принциплари
Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
очиқлик ва шаффофлик;
суғурталанган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши кафолати;
коррупцияга йўл қўймаслик.
5-модда. Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ушбу Қонун талабларига ҳамда қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқаришда қуйидаги бир ёки бир неча таваккалчиликлар бўйича қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаларини тузади:
табиий ва техноген офатлар;
ёнғин;
ўсимликларнинг зараркунандалар ва касалликлардан зарарланиши;
қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг юқумли касалликлари тарқалиши ва заҳарланиши;
ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши;
учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари.
2-боб. Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилишни давлат томонидан мувофиқлаштириш
6-модда. Мувофиқлаштирувчи давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилишни амалга оширишни мувофиқлаштирувчи давлат органидир (бундан буён матнда мувофиқлаштирувчи давлат органи деб юритилади).
Мувофиқлаштирувчи давлат органи:
қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғурта қилинишини (бундан буён матнда қишлоқ хўжалиги суғуртаси деб юритилади) ташкил этиш ва ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишнинг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси ва полисини расмийлаштириш, суғурта мукофоти учун бюджет субсидияси олиш, суғурта товонини олишга доир аризаларни кўриб чиқиш бўйича хизматларни кўрсатиш жараёнларини ўз ичига оладиган ахборот тизимини юритади;
қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари ва улардан ҳимояланиш бўйича тадқиқотлар ўтказилишини рағбатлантиради;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш чораларини кўради;
қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида суғурта мукофотларининг бир қисмини тўлаш ҳамда суғурта товонлари бўйича бюджет субсидиялари миқдорини аниқлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
ажратилаётган бюджет субсидиялари бўйича ҳисоблар ва ҳисоботларнинг юритилишини назорат қилади;
қишлоқ хўжалиги суғуртасини ривожлантириш масалаларига бағишланган илмий ва амалий семинарлар, конференциялар, тренинглар ташкил этади;
қишлоқ хўжалиги суғуртасини такомиллаштириш, ривожлантириш ва қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасида халқаро алоқаларни амалга оширади.
Мувофиқлаштирувчи давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
7-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш суғурта мукофотларининг бир қисмини ҳамда етказилган зарарнинг суғурта мукофотлари ва қайта суғурта қилиш маблағлари ҳисобидан компенсация қилинмаган қисмини қоплаш учун бюджет субсидиялари ажратиш орқали амалга оширилади.
Бюджет субсидияси мувофиқлаштирувчи давлат органининг бюджет сўровномасига асосан ҳар йили навбатдаги йил учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунда назарда тутилади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, бюджет субсидияси ҳисобидан тўланган суғурта мукофотининг бир қисми Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасининг ҳисоб-китоб варағида қолади ва ушбу Қонунга мувофиқ янги суғурта шартномаларини тузиш учун сарфланади.
8-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасидаги фаолият устидан қонунчилик талабларга мувофиқ назорат қилиш суғурта фаолиятини тартибга солувчи ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Мувофиқлаштирувчи давлат органи қишлоқ хўжалиги суғуртасининг ташкил этилиши, ривожлантирилиши, унинг самарадорлиги ҳамда шаффофлиги, суғурта мукофотларининг йиғилиши ва суғурта товонларининг белгиланган муддатларда амалга оширилиши устидан назоратни таъминлайди.
3-боб. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасининг фаолиятини ташкил этиш
9-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси
Қишлоқ хўжалиги суғуртасини бошқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларни турли таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш ва зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қишлоқ хўжалиги суғурталовчиси сифатида Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилади.
Жамғарма суғурталовчи вазифасини ушбу Қонунда белгиланган тартибда лицензиясиз амалга оширади. Бунда мазкур қоида Жамғармани суғурта (қайта суғурта) фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларини бажаришдан озод этмайди.
Жамғарма нотижорат ташкилот бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низомга асосан фаолият кўрсатади.
10-модда. Жамғарманинг асосий вазифалари ва функциялари
Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
қишлоқ хўжалиги суғуртасининг амалга оширилишини ташкил этиш ва бошқариш;
суғурта ҳодисаси юз берганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга етказилган зарарнинг қиймати қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси доирасида тўланишини таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда Жамғарма, мувофиқлаштирувчи давлат органи ва воситачилар ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этиш.
Асосий вазифаларни бажариш мақсадида Жамғарма қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Жамғарманинг зиммасига юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш учун унинг фаолиятини тартибга солувчи қоидаларни ишлаб чиқади;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта мукофотлари маблағларини жамлайди;
суғурта ҳодисаси юз берганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга етказилган зарар суммасини белгиланган тартибда тўлайди;
мувофиқлаштирувчи давлат органи билан келишувга кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турлари бўйича қишлоқ хўжалиги суғуртасининг намунавий шартномаси ва намунавий полисини ишлаб чиқади;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турларидан, таваккалчиликлардан ва ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан ҳолда, суғурта мукофоти ставкасини аниқлашга доир тадқиқотлар ўтказади, тадқиқотлар натижаларини мувофиқлаштирувчи давлат органи билан келишувга кўра Жамғарманинг бошқарув Кенгашига тақдим этади;
воситачиларга ва мустақил экспертларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан хизмат ҳақи тўланишини таъминлайди;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ҳамда воситачилар ўртасида қишлоқ хўжалиги суғуртасига оид ахборот алмашинуви таъминланишини мувофиқлаштиради;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича статистикани шакллантиради;
қонунчиликда белгиланган суғурта сирига доир талабларга риоя этган ҳолда, қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси иштирокчилари билан қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича ахборот алмашинувини амалга оширади;
Жамғарма маблағларининг тушумлари ва харажатлари бўйича йиллик ҳамда чораклик прогнозларни шакллантиради;
қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртаси тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқади, хорижий тажрибани ўрганади ва уларни мувофиқлаштирувчи давлат органига кўриб чиқиш учун киритади;
Жамғарманинг бошқарув Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди.
Жамғарма ўз вазифаларига ва қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.
11-модда. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
Жамғарма маблағлари:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномалари бўйича келиб тушадиган суғурта мукофотлари;
суғурта мукофотларининг бир қисми учун давлат томонидан тўланадиган бюджет субсидияси маблағлари;
тўланган ва тўланиши лозим бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш учун қайта суғурта ташкилотларидан келиб тушадиган маблағлар;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро молия институтларининг ва чет эл ҳукумат ташкилотларининг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Жамғарма маблағларидан:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномалари бўйича суғурта ҳодисаси юз берганда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга суғурта товонларини тўлаш;
воситачиларга ва мустақил экспертларга хизмат ҳақини тўлаш;
Жамғарма дирекциясининг фаолиятини таъминлаш, шу жумладан ходимларга иш ҳақини тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш, қўшимча тўловлар, устамалар ва мукофотлар, моддий техника базасини мустаҳкамлаш, хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
қайта суғурта қилиш харажатларининг ўрнини қоплаш;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасига хорижий мутахассисларни ва маслаҳатчиларни жалб этиш, шунингдек Жамғарма ходимларини касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича харажатларни молиялаштириш учун фойдаланилади.
12-модда. Жамғарманинг бошқарув Кенгаши
Жамғарманинг бошқарув Кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) Жамғарманинг юқори бошқарув органи бўлиб, унинг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.
Кенгаш таркиби етти нафар аъзодан иборат бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ҳамда иқтисодиёт ва молия вазирининг бир нафардан ўринбосарлари ва ушбу вазирликлардан бир нафардан масъул вакил, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмасидан, Ўзбекистон фермерлари кенгашидан ҳамда Жамғармадан бир нафардан вакил киритилади.
Кенгашда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари раислик қилади.
Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч йил муддатга тайинланади ва ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар янги муддатга қайта тайинланиши мумкин.
Кенгаш аъзоларини алмаштириш зарур бўлган тақдирда, уларнинг ўрнига тайинланган аъзолар қолган муддатнинг якунига қадар ҳамда янги таркиб кейинги муддатга тайинлангунига қадар фаолиятни амалга оширади.
Кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Зарур бўлганда Кенгашда раислик қилувчининг ёки камида тўрт нафар Кенгаш аъзосининг талабига (таклифига) кўра қўшимча мажлислар ўтказилиши мумкин.
Кенгаш мажлиси, агар унда аъзоларининг камида беш нафари ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Кенгаш қарори Кенгаш мажлисида ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Кенгаш аъзоларига улар ўз мажбуриятларини бажариб турган давр учун ҳақ тўланади ва унинг миқдори Жамғарма тўғрисидаги Низомда белгиланади.
Кенгаш аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда Жамғарманинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши керак.
Кенгаш:
Жамғарманинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича унинг фаолиятини тартибга солувчи қоидаларни, қишлоқ хўжалиги суғуртасининг намунавий шартномаси ва намунавий полисини, шунингдек суғурта мукофоти ставкасини тасдиқлайди;
Жамғарманинг жорий фаолиятга доир харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Жамғарманинг ижро этувчи органини шакллантиради ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
аудиторлик ташкилотини белгилайди;
қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
13-модда. Жамғарманинг ижро этувчи органи
Жамғарманинг ижро этувчи органи унинг дирекциясидир. Дирекция Жамғарманинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва унинг фаолияти учун жавобгар бўлади. Жамғарма дирекциясининг тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Жамғарма дирекциясига раҳбарликни Кенгаш томонидан тайинланадиган директор амалга оширади ва у Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
Жамғарма дирекцияси:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта товонини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлайди;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларни қишлоқ хўжалиги суғуртаси тўғрисида хабардор қилади, жамоатчилик билан алоқалар ўрнатади ва реклама кампанияларини ўтказиш чораларини кўради;
воситачиларга ва мустақил экспертларга хизмат ҳақини тўлайди;
Жамғарманинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан Кенгашга таклифлар киритади;
қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
4-боб. Қишлоқ хўжалиги суғуртасини ташкил этиш
14-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртасининг шакли
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ихтиёрий суғурта шаклида амалга оширилади, бундан ушбу Қонун 19-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси уни амалга оширишнинг умумий шартлари ва тартибини белгиловчи қишлоқ хўжалиги суғурта шартномасига ҳамда қоидаларига асосан амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида қишлоқ хўжалиги суғуртасининг муҳим шартлари кўрсатилиши керак.
15-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ахборот тизими
Қишлоқ хўжалиги суғуртасини электрон тарзда расмийлаштириш, қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва кўрсатилаётган суғурта хизматлари устидан назорат қилиш Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ахборот тизими (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) орқали амалга оширилади.
Ахборот тизими мувофиқлаштирувчи давлат органи томонидан юритилади.
Қуйидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан реал вақт режимида тегишлилиги бўйича бепул асосда тақдим этилади:
ҳар кунги кутилаётган ҳамда қайд этилган об-ҳаво ва иқлим шароитлари ҳақидаги;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда жойлашган сув объектлари, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва сув кадастри тўғрисидаги;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан давлат ер кадастри ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектлари ҳақидаги.
Ахборот тизимига интеграция қилиниши лозим бўлган бошқа ахборот тизимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ахборот тизими тегишли ахборот тизимларига интеграция қилингунига қадар зарур маълумотлар Жамғарманинг сўровига кўра тегишли ахборот эгалари томонидан тақдим этилади.
16-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси объектлари
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг бўлғуси ҳосилнинг ва етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг йўқотилиши (нобуд бўлиши) хавфи, экинларга ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига, шунингдек иссиқхоналарга ва уларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотига зарар етказилиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари қишлоқ хўжалиги суғуртасининг объектларидир.
17-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртасининг субъектлари
Жамғарма, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар, воситачилар ва мустақил экспертлар қишлоқ хўжалиги суғуртасининг субъектларидир.
18-модда. Жамғарманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
суғурта мукофотларини ва суғурта ҳодисаси юз берганлиги натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун субсидиялар олиш;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича аниқланган зарар миқдорини қўшимча равишда ўрганиш.
Жамғарма қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Жамғарма:
қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар томонидан суғурта мукофотлари тўланган қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта жавобгарлигини зиммасига олиши;
қабул қилинган мажбуриятларни Кенгаш қарори асосида қайта суғурта қилиши;
мустақил экспертларни жалб этиши ва суғурта ҳодисаси юз берганлиги натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича чоралар кўриши;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга зарарнинг ўрни ўз вақтида қопланиши бўйича чоралар кўриши;
қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини қонунчиликка мувофиқ таъминлаши;
қонунчиликда белгиланган ахборотни суғурта фаолиятини тартибга солувчи ваколатли давлат органи ва мувофиқлаштирувчи давлат органининг талабига кўра тақдим этиши;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суғурта захираларини шакллантириш ҳамда жойлаштириш шартларига ва тўлов қобилиятини аниқлаш тартибига амал қилиши;
ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши;
актуар хулосасини ва ҳисоботини бир йилда камида бир марта актуар ташкилотларни жалб этган ҳолда олиши;
бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий, статистика, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиши шарт.
Жамғарманинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
19-модда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузиш истагида бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ахборот тизимида рўйхатдан ўтади ва ушбу Қонуннинг талабларига мувофиқ воситачи ёки воситачи мавжуд бўлмаган тақдирда Жамғарма билан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузиш учун воситачини танлаш;
воситачидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг шартларини тушунтириб беришни талаб қилиш;
Жамғарманинг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар қонунчиликка ва ўзлари тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар:
ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши;
суғурта мукофотини қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида белгиланган муддатда тўлаши;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришда барча агротехник ва (ёки) зоотехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда етарли даражада амалга ошириши;
суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақида Жамғармага хабар бериши шарт.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг зиммасида қонунчиликка ва ўзлари тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар маҳсулот ишлаб чиқариш учун давлатнинг имтиёзли кредитларидан фойдаланганда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг йўқотилиши (нобуд бўлиши) хавфини олдиндан суғурта қилиши шарт.
20-модда. Воситачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Воситачи Жамғарма номидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузиш ва тузилган суғурта шартномаси бўйича хизмат ҳақи олиш;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида назарда тутилган тартибда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган ахборотни текшириш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг тегишли талаблари ва шартлари бажарилишини назорат қилиш.
Воситачи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Воситачи Жамғарма номидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузишда:
ахборот тизимда рўйхатдан ўтиши;
қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини қонунчилик талабларига мувофиқ таъминлаши шарт.
Воситачининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Воситачининг қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш соҳасидаги фаолияти, шу жумладан, уларнинг Жамғарма билан муносабатларининг хусусиятлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
21-модда. Мустақил эксперт
Суғурта ҳодисаси юз бериш эҳтимолини ўрганиш, суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин қишлоқ хўжалиги суғуртаси объектини кўздан кечириш, суғурта ҳодисаси мавжудлигини, шунингдек суғурта ҳодисаси сабабли етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш мустақил эксперт томонидан амалга оширилади.
Мустақил эксперт ахборот тизимида юритиладиган реестрда рўйхатдан ўтган бўлиши ва Жамғарма томонидан бериладиган гувоҳномага эга бўлиши керак.
Қишлоқ хўжалиги суғуртасидаги йўқотишларни баҳолаш учун чет эл экспертлари жалб этилиши мумкин.
Мустақил экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда унга доир малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Мустақил экспертнинг хизмат ҳақи Жамғарма томонидан ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.
Мустақил эксперт қишлоқ хўжалиги суғуртасининг объекти билан боғлиқ таваккалчиликлар ва зарар тўғрисидаги хулосани ахборот тизимига киритади.
22-модда. Қайта суғурта қилиш
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурталанган таваккалчиликлар Жамғарма томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қайта суғурта қилиниши мумкин.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси таваккалчиликларини қайта суғурта қилиш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
5-боб. Қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш шартлари ва тартиби
23-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш
Суғурта қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ва таваккалчиликларнинг турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
24-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси ва унинг иштирокчилари
Намунавий қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси Кенгаш томонидан тасдиқланади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси воситачи хизматларидан фойдаланилган ҳолда ёки тўғридан-тўғри Жамғарма томонидан тузилади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси ахборот тизими орқали электрон шаклда тузилади, бошқача усулда тузилган қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида суғурта мукофотини тўлаш тартиби ва муддатлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида кўрсатилган суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, суғурта товонини тўлаш мажбурияти Жамғарманинг зиммасига ўтиши шартлари кўрсатилиши керак.
Суғурта мукофотининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи томонидан тўланадиган қисми тўланганидан кейин унга суғурта полиси тақдим этилади.
Воситачи ёки воситачи мавжуд бўлмаган тақдирда Жамғарма ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг иштирокчилари ҳисобланади.
25-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидалари
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидалари Кенгаш томонидан қабул қилинади ва тасдиқланади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларининг асосий қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
суғурта объектлари;
суғурта ҳодисалари;
суғурта таваккалчиликлари;
суғурта суммасини, суғурта тарифини ва суғурта мукофотини аниқлаш тартиби;
суғурта шартномаларини тузиш, бажариш ва бекор қилиш тартиби;
тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
зарар миқдорини аниқлаш тартиби;
суғурта товонини аниқлаш тартиби;
суғурта товонини амалга ошириш муддатлари, шунингдек суғурта товонини рад этиш асосларининг батафсил рўйхати ва бошқа қоидалар.
26-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг иштирокчилари ўртасида электрон ахборот алмашинувининг ўзига хос хусусиятлари
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг иштирокчилари ўртасида ахборот тизимидан фойдаланилган ҳолда қуйидагилар амалга оширилади:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузиш тўғрисида ариза бериш, уни ўзгартириш ёки муддатидан олдин бекор қилиш;
суғурта товонини олиш мақсадида суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни электрон шаклда яратиш ҳамда юбориш.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш учун ахборот тизимига кириш қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи томонидан идентификациялаш ва аутентификациялаш тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи воситачининг ёки Жамғарманинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси шартлари тўғрисидаги офертани (қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасини тузиш ҳақидаги таклифни) қабул қилган ва суғурта мукофотининг белгиланган қисмини тўлаш орқали ўз розилигини берган бўлса, қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси тузилган деб ҳисобланади.
27-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта мукофоти
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси объектининг ва таваккалчилигининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларига асосан белгиланадиган суғурта суммаси бирлигидан ундириладиган, Кенгаш томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг ҳар бир тури учун тасдиқланадиган тўлов қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта мукофоти ставкасидир.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида кўрсатилган суғурта мукофотининг 50 фоизини Жамғармага тўлайди.
Суғурта мукофотининг қолган 50 фоизи Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан Жамғармага қопланади.
28-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта мукофотининг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган қисми
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта мукофотининг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган қисми қуйидаги шартларга риоя этилганда Жамғармага тўланади:
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларига мувофиқ тузилганда;
қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида назарда тутилган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи томонидан тўланиши керак бўлган суғурта мукофоти тўлиқ тўланганда.
Суғурта мукофотининг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган қисми ҳар бир молия йили учун қабул қилинадиган навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунда назарда тутилади.
Жамғарма суғурта мукофотининг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган қисми учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳар ойнинг бешинчи санасидан кечиктирмай буюртманома тақдим этади.
29-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича суғурта товонини тўлаш
Суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, Жамғарма томонидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаси бўйича мулкий манфаатлари суғурта қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга суғурта товонини тўлаш учун мустақил экспертнинг хулосаси асос бўлади.
Жамғарма томонидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида кўрсатилган суғурта ҳодисаси юз берганлиги тегишли далиллар асосида тасдиқланганда, қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида белгиланган муддатда суғурта товонини тўлашни рад этишга йўл қўйилмайди.
Мустақил экспертнинг хулосаси ва суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисидаги далилларни қайта ўрганиб чиқиш зарур деб топилса, Жамғарма томонидан қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасининг тарафлари иштирокида қўшимча ўрганиш ташкил этилади ва зарар қасддан қилинган ҳаракатлар натижасида етказилган деб ҳисобланса, суғурта товонини тўлаш рад этилади.
6-боб. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ҳодисалари бўйича зарарнинг ўрнини қоплаш
30-модда. Суғурта ҳодисасини кўриб чиқиш
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисида уч кун ичида ахборот тизими орқали кўриб чиқиш учун Жамғармага электрон шаклда хабарнома юборади.
Жамғарма қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларида белгиланган муддатларда суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисида хабарномани ўрганиш бўйича мустақил экспертни тайинлайди ва суғурта ҳодисасининг ўрганилишини таъминлайди.
Суғурта ҳодисасини ўрганишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчидан суғурта ҳодисаси юз берганлигининг сабаблари ва ҳолатларини аниқлаш бўйича ҳужжатлар ахборот тизими орқали сўраб олинади.
Мустақил экспертни тайинлаш ва суғурта ҳодисаси натижасида зарар кўрган суғурта объекти бўйича экспертиза ўтказиш шартлари қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларида ва қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
31-модда. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича суғурта товонларини тўлаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларига мувофиқ мустақил экспертнинг хулосаси ва суғурта товони учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин Жамғарма суғурта ҳодисасини тан олиш ҳақида ёки тан олишни рад этиш тўғрисида ўн иш куни ичида қарор қабул қилади ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчини ахборот тизими орқали хабардор қилади.
Суғурта ҳодисасини тан олишни рад этиш тўғрисидаги қарорда рад этиш асосларини Жамғарма қонунчилик ҳужжатларига ҳавола қилган ҳолда, шунингдек қишлоқ хўжалиги суғуртаси қоидаларидан ва қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномасидан келиб чиққан ҳолда аниқ кўрсатиши шарт.
Суғурта ҳодисасини тан олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин Жамғарма суғурта товонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчига уч иш куни ичида тўлаб беради.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи суғурта товонини тўлашни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
32-модда. Ортиқча зарарнинг ўрнини қоплаш
Агар Жамғарманинг ўз маблағлари ва қайта суғурта қилишдан олинган маблағлар зиммасига олинган мажбуриятларни қоплаш учун етарли бўлмаса, мажбуриятларнинг қопланмаган қисми Жамғармага Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
33-модда. Ахборот олиш ҳуқуқи
Гидрометеорология, фавқулодда вазиятлар, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ўсимликларни ҳимоя қилиш, сейсмология, ветеринария бўйича ташкилотлар ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар суғурта ҳодисаларининг рўй бериши сабаблари ҳамда ҳолатларини, шунингдек суғурта товони миқдорларини Жамғарма ва мустақил экспертлар томонидан аниқлаш учун зарур бўлган ахборотни Жамғарманинг ва мустақил экспертларнинг сўровига кўра тақдим этиши шарт.
Мувофиқлаштирувчи давлат органи Жамғармага келиб тушган пул маблағлари ва мажбуриятларнинг миқдорлари ҳақидаги ахборотни, шунингдек бошқа ахборотни ўз ваколатлари доирасида талаб қилишга ҳақли. Бундай ахборотни сўраш сўров сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма тарзда амалга оширилиши керак.
Мувофиқлаштирувчи давлат органи ўзи олган ахборотга нисбатан махфийликка риоя этиши шарт, бундан қонунчиликка мувофиқ ахборотнинг ошкор этилишига йўл қўйиладиган ҳоллар мустасно.
34-модда. Монополистик фаолиятга йўл қўйилмаслиги
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасидаги рақобатни чеклашга, бир воситачига ёки мустақил экспертга бошқаларига қараганда асоссиз афзалликлар берилишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига қаратилган фаолиятга йўл қўйилмайди.
Жамғармага воситачилар билан қишлоқ хўжалиги суғуртасини монополлаштиришга қаратилган битимларга киришиш тақиқланади.
35-модда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар воситачиларни танлашда эркиндир. Воситачилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг талабига кўра уларни суғурта хизматларини кўрсатиш шартлари билан таништириши шарт.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларни муайян воситачининг ёки муайян мустақил экспертнинг хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
36-модда. Воситачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари
Давлат воситачиларнинг мулкий ва бошқа ҳуқуқларига ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини ва уларнинг ҳимоя қилинишини, суғурта фаолиятини амалга оширишда эркин рақобат учун шароитларни кафолатлайди.
Жамғарманинг ва воситачиларининг фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан аралашиш тақиқланади.
37-модда. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат
Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
38-модда. Низоларни ҳал этиш
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
39-модда. Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
40-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
41-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 9-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги Низом ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида тасдиқланишини таъминласин;
ушбу Қонун 15-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ахборот тизимига интеграция қилиниши лозим бўлган бошқа ахборот тизимларининг рўйхатини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;
ушбу Қонун 21-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган мустақил экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жавобгарлигини ҳамда унга доир малака талабларини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;
ушбу Қонуннинг 23-моддасида назарда тутилган суғурта қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ва таваккалчиликларнинг турлари ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида тасдиқланишини таъминласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
42-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 апрель,
ЎРҚ-1056-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.04.2025 й., 03/25/1056/0347-сон)