Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Энергия самарадорлигини ошириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
«Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йилида энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, бозор тамойилларига асосланган яхлит ва мувофиқлаштирилган экотизимни яратиш, шу жумладан, энергия истеъмоли соҳасида аудит, консалтинг ва менежмент ҳамда энергияни тежашдан даромад олувчи энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш ва «яшил» молиявий дастакларни кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Давлат бошқарувини такомиллаштириш
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этилсин.
2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, соҳада рағбатлантирувчи ва таъсир этувчи чоралар ишлаб чиқиш ва тартибга солиш;
(б) энергия тежашдан даромад олувчи энергия сервис компаниялари (ЭСКО) хизматлари бозорини ривожлантириш;
(в) энергия самарадорлиги юқори лойиҳалар портфелини шакллантириш ва уларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш;
(г) энергия самарадорлигини ошириш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш;
(д) аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва исрофдан тийилишга асосланган турмуш тарзи ва феъл-атворни шакллантиришга қаратилган энергия истеъмоли маданиятини ошириш ахборот кампанияларини ташкил этиш ва молиялаштириш.
II. Энергия самарадорлигини оширишни рағбатлантириш
3. Белгилансинки:
(а) 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
(i) аҳоли уй-жойларининг энергия аудитини ўтказиш харажатлари ҳамда қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаш учун Агентлик томонидан ўрнатиладиган тартиб асосида субсидия ажратиш йўлга қўйилади;
(ii) Агентлик томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган ресурслар ҳисобидан ЭСКО лойиҳаларни молиялаштириш учун банк кредитлари ажратилади;
(iii) аҳолига ажратиладиган «яшил таъмир» кредитлари бўйича кредит ставкасининг 19 фоиздан ошган қисми, бироқ 4 фоизлик банддан ошмаган миқдорда Агентлик маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади;
(б) 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(i) бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметасидаги тўртинчи гуруҳ харажатларининг камида 5 фоизи ҳамда бюджетдан ташқари маблағларининг камида 15 фоизи энергия самарадорлигини ошириш тадбирлари ва лойиҳалари учун режалаштирилади;
(ii) ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани ривожлантириш дастури энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларга устуворлик бериш асосида шакллантирилади;
(iii) ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари амалга оширилгандан сўнг уларнинг эксплуатациясини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида хусусий секторга бериш амалиёти жорий этилади;
(iv) Агентлик томонидан ижтимоий соҳа объектлари ва маъмурий биноларнинг энергия аудити натижалари асосида уларнинг энергия паспортлари базаси шакллантирилиб, энергия ресурслари истеъмолини мақбуллаштириш юзасидан мақсадли кўрсаткичлар белгилаб борилади;
(v) электрон платформа (маркетплейс) воситасида аҳоли ва бизнес субъектларини энергия сервис бозоридаги хизмат кўрсатувчилар, етказиб берувчилар ва молия ташкилотлари билан боғлаш, уларга энергия самарадор технологиялар ва молиялаштириш имкониятлари юзасидан Call-марказ, мобил иловалар ва қўлланмалар орқали амалий ёрдам кўрсатиш хизматлари жорий этилади.
4. Агентлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда:
(а) 2025 йил 1 июлга қадар энергия самарадорлигини ошириш тадбирлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқиб, барча бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга етказилишини таъминласин;
(б) 2025 йил 1 сентябрга қадар қуйидагиларни кўзда тутувчи Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформасини (кейинги ўринларда — Энергия самарадорлиги платформаси) ишга туширсин:
(i) энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги аудиторлар, консультантлар, менежерлар, ЭСКО компаниялар ва верификаторларнинг ягона реестрини юритиш;
(ii) субсидиялаш ва имтиёзли кредитлаш асосида харид қилинадиган қуёш панеллари, гелиоколлектор, иссиқлик насослари ва бошқа «яшил технологиялар» ишлаб чиқарувчиларининг рўйхатини тақдим қилиш;
(iii) энергияни тежашга хизмат қилувчи маҳсулотлар ва хизматлар, салоҳиятли энергия сервис компаниялари ва молиялаштириш манбалари бўйича маълумотлар ва улардан фойдаланиш юзасидан маслаҳат хизматларини тақдим қилиш.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) субсидия ва кредитлар Агентлик ягона реестрига киритилган энергия аудиторларининг тегишли хулосалари асосида ажратилади;
(б) аҳолига тижорат банклари томонидан ажратиладиган «яшил таъмир» кредитлари «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖнинг «Яшил таъмир» платформасида шакллантирилган «Яшил лойиҳа» сертификати асосида расмийлаштирилади ҳамда ушбу жамият томонидан халқаро молия институтлари маблағлари, бюджет маблағлари, капитал бозорида ёки бошқа манбалардан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан алоҳида ёхуд аралаштирилган тарзда молиялаштирилади;
(в) қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва иссиқлик насосларига субсидиялар фақат Энергия самарадорлиги платформаси орқали сотиб олинадиган ускуналарга татбиқ этилади;
(г) «яшил таъмир» кредитлари бўйича ҳисобланадиган фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилади.
III. Молиялаштириш манбалари
6. Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(а) Жамғармага 2025 йилда Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм, 2026-2027 йилларда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб йилига 200 миллиард сўмгача маблағлар ажратсин;
(б) Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Яшил иқтисодиётни молиялаштириш механизми» лойиҳаси доирасида тижорат банклари орқали тадбиркорлик субъектларининг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин. Бунда жорий йил якунига қадар камида 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилсин.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Агентлик билан бирга Жаҳон банкидан қуйидаги лойиҳалар доирасида жалб қилинган кредит ва грант маблағларини энергия самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш чораларини кўрсин:
(а) «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» ҳамда «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳалари доирасида энергия самарадорлиги ва углерод нейтраллиги тамойилларига мос лойиҳаларга;
(б) «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» (CEBU) лойиҳаси доирасида ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларига;
(в) «Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш» (iCRAFT) лойиҳаси доирасида аҳоли учун қайта тикланувчи ва энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги ПҚ-100-сон қарорида белгиланган 2025 йил учун энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларига.
IV. Энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш
9. Агентлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги билан биргаликда:
(а) уч ой муддатда:
(i) «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини;
(ii) қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, муқобил иситиш ва совитиш ускуналарини ўрнатувчи тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчи корхоналар, шу жумладан, марказлашган иссиқлик таъминоти тармоғига уланмаган корхоналар ўртасида электр энергиясини харид қилиш бўйича корпоратив келишувлар (PPA) механизмини шакллантириш юзасидан таклифларни;
(iii) Агентлик тўғрисидаги низом ҳамда бюджетдан ташқари Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни;
(б) 2025 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Энергия сервис хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ҳамда энергия аудиторларини сертификатлаш тартибини;
(в) 2025 йил 1 октябрга қадар 2026 — 2030 йилларга мўлжалланган энергия самарадорлигини ошириш бўйича стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Агентлик билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун технологиялар энергия самарадорлигининг «яшил» стандартларини жорий этсин.
11. Белгилансинки
(а) малакаси ҳамда тажрибасидан келиб чиқиб энергия аудиторлари реестри икки тоифага ажратилган ҳолда юритилади:
(i) бошланғич тоифадаги энергия аудитори — камида 3 та объектни энергия аудитидан ўтказишда қатнашган, бироқ тегишли малака сертификатига эга бўлмаган энергия аудиторлари тоифаси, уларга фақат аҳоли уй-жойларида энергия аудитини ўтказишга;
(ii) профессионал тоифадаги энергия аудитори — етарли тажриба ва тегишли малака сертификатига эга бўлган энергия аудиторлари тоифаси, уларга устав капиталида 50 фоиз ва ундан юқори давлат улуши мавжуд корхоналар, уй-жойлар, давлат муассасалари, ижтимоий соҳа объектлари, хусусий корхоналарни энергия аудитидан ўтказишга рухсат берилади;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-77-сон қарорининг 4-иловасида келтирилган давлат улуши мавжуд йирик корхоналар объектларининг энергия аудити фақатгина Агентлик ягона реестрига киритилган ва (ёки) халқаро миқёсда нуфузга эга бўлган энергия аудиторлари томонидан ўтказилади;
(в) устав капиталида 50 фоиз ва ундан юқори давлат улуши мавжуд йирик корхоналарда «ESG» тамойиллари асосида энергия аудити ва энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ барча тадбирлар, шунингдек, энергия истеъмолини бошқариш, ҳисобини юритиш ва режалаштириш борасида энергия менежменти (ISO: 50001) стандартларини жорий қилиш Агентлик ва «UzAssets» инвестиция компанияси» АЖ билан ҳамкорликда амалга оширилади;
(г) энергия самарадорлиги нуқтаи назаридан саноатда ишлаб чиқариш бўйича техник шартлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ) Агентлик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади;
(д) халқаро донорлар ва хусусий капитални жалб этиш, биноларни модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни жорий этиш ва энергия истеъмолини камайтириш бўйича имтиёзли кредитларни ажратиш механизмлари, шунингдек, ЭСКО лойиҳаларнинг намунавий шартномалари шакллари Агентлик томонидан белгиланади.
V. Фармон ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш
12. Агентликка, истисно тариқасида, қуйидагиларга рухсат берилсин:
(а) халқаро молия институтлари ва ривожланиш ташкилотларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган имтиёзли кредит ва грант маблағларини тўғридан-тўғри жалб қилиш билан боғлиқ зарур келишувлар ва меморандумлар имзолаш;
(б) 2025 йилда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари учун ва йирик давлат корхоналарини энергия аудитидан ўтказиш учун энергия аудиторлари ва ЭСКО компанияларни ёллаш учун тўғридан-тўғри шартнома имзолаш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган штатлари сони 78 та этиб белгилансин.
Бунда Агентликнинг ҳудудларга масъул бўлган ходимлари ўз фаолиятини тизимли равишда ҳудудларда амалга оширади ҳамда уларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш ва зарур шароитлар (алоҳида хона, офис жиҳозлари, компьютер, принтер ва алоқа жамламалари, мебель ва бошқа зарур жиҳоз ва ускуналар) билан таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари зиммасига юкланади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
14. Вазирлар Маҳкамаси:
(а) бир ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;
(б) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
15. Ташқи ишлар вазирлиги Агентлик буюртманомаларига асосан жалб этиладиган чет эллик мутахассисларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон «Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўзбекистон республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида»ги қарори.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
17. Мазкур Фармоннинг ижросига ҳамда Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириб боришга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
18. Ушбу Фармон ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 27 март,
ПФ-63-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 мартдаги ПФ-63-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармонида:
(а) 1-иловада:
(i) «Жами» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «49 045», «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «44 584» ва «бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан» устунидаги «4 461» рақамлари тегишинча «49 046», «44 582» ва «4 464» рақамлари билан алмаштирилсин;
(ii) «1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» бўлимида:
«Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «5 766», «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «5 734» ва «бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан» устунидаги «32» рақамлари тегишинча «5 764», «5 729» ва «35» рақамлари билан алмаштирилсин;
«Ғазначилик хизмати қўмитаси» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «1 147» рақами «1 134» рақами билан алмаштирилсин;
«Кадастр агентлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «995» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «422» рақамлари тегишинча «988» ва «415» рақамлари билан алмаштирилсин;
(iii) «2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» бўлимида «Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «1 024» рақами тегишинча «1 014» рақами билан алмаштирилсин;
(iv) «4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» бўлимида «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «2 200» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «1 883» рақамлари тегишинча «2 195» ва «1 878» рақамлари билан алмаштирилсин;
(v) «11. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» бўлимда «Туризм қўмитаси» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «329» рақами «324» рақами билан алмаштирилсин;
(vi) «14. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» бўлимида:
«Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «401» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «328» рақамлари тегишинча «406» ва «333» рақамлари билан алмаштирилсин;
«Инновацион ривожланиш агентлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «80» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «66» рақамлари тегишинча «73» ва «59» рақамлари билан алмаштирилсин;
(vii) «17. Адлия вазирлиги» бўлимида «Адлия вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «3 637» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «1 882» рақамлари тегишинча «3 632» ва «1 877» рақамлари билан алмаштирилсин;
(viii) «33. Солиқ қўмитаси» бўлимида «Солиқ қўмитаси» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «9 745» рақами «9 727» рақами билан алмаштирилсин;
(ix) 37-бўлим 34-бўлим деб ҳисоблансин;
(x) қуйидаги мазмундаги 35-бўлим билан тўлдирилсин:
« | ||||
35. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги | ||||
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги | 36 | 36 | ||
шу жумладан, директор ўринбосарлари сони | 2 | 2 | ||
»; | ||||
(б) 2-иловада:
(i) қуйидаги мазмундаги 38-банд билан тўлдирилсин:
«38. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги»;
(ii) изоҳлар қисмидаги «14» рақами «13» рақами билан, «5» рақами «6» рақами билан, «26» рақами «27» рақами билан, «8» рақами «9» рақами билан алмаштирилсин;
(в) 2а-илова қуйидаги мазмундаги 38-позиция билан тўлдирилсин:
« | |||
38. | Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги | Энергия самарадорлиги агентлиги | Агентство энергоэффективности |
». |
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарори билан тасдиқланган 2025 йилда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»нинг 18-позициясида:
(а) «Чора-тадбирлар номи» устуни «(кейинги ўринларда — Уюшма)» сўзларидан кейин «15 йил муддатга» сўзлари билан тўлдирилсин;
(б) «Ижро муддати» устунидаги «март» сўзи «май» сўзи билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.04.2025 й., 06/25/63/0296-сон; 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)