Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнлари самарадорлигини ошириш, соҳада ягона вертикал бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда масъул давлат органларининг аниқ вазифалари ва жавобгарлигини белгилаш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссиясини Миграция бўйича республика комиссияси этиб қайта номлаш ва унинг янгиланган таркибини 1-иловага мувофиқ тасдиқлаш;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини тугатиш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигини (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этиш;
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасини Агентликка ўтказиш ҳамда унинг негизида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Миграция жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш.
2. Қуйидагилар:
Миграция агентлигининг асосий фаолият йўналишлари 2-иловага мувофиқ;
Миграция агентлигининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Миграция жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ва унинг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари 4-иловага мувофиқ;
Миграция агентлиги маблағларини шакллантириш манбалари ва унинг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
Агентлик Вазирлар Маҳкамаси ва Миграция бўйича республика комиссиясига бевосита ҳисобдордир;
Агентлик Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ва Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига берилган барча солиқ имтиёзлари Агентлик учун сақлаб қолинади.
4. Қуйидагилар:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг хориждаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари, халқаро ва идоралараро ҳужжатлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, унинг ҳудудий филиаллари, хориждаги ваколатхона ва вакиллари ҳамда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг штат бирликлари, маблағлари ва мол-мулклари Агентликка ўтказилсин.
Агентликнинг (хориждаги ваколатхона ва вакилларидан ташқари) жами бошқарув штат бирликлари сони 117 та этиб белгилансин.
5. 2025 йил 1 январдан бошлаб:
Агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказишга рухсат этилсин;
Агентлик зиммасига у томонидан ўтказилган ҳар қандай текшириш натижаси бўйича тузилган баённомалар, ҳар бир текширилган субъект кесимида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари сони ва хусусияти ҳақидаги маълумотларни мажбурий тартибда беш кун муддатда «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасига жойлаштириб бориш мажбурияти юклансин.
6. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик директори:
ҳар олти ойда Агентлик ва Жамғарма фаолияти, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ишлар, тизимли муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида Миграция бўйича республика комиссиясига ҳисобот беради;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ишини тўғри ва самарали ташкил этиш, фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, ушбу йўналишда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз ва тўлақонли эришиш учун масъул ҳамда шахсан жавобгар ҳисобланади.
7. Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Агентлик директори ўринбосарлари ўртасида аниқ вазифа ва функцияларни тақсимлаш;
Агентликнинг марказий аппарати, унинг ҳудудий филиаллари, хориждаги ваколатхоналари тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Агентлик, унинг ҳудудий филиаллари, хориждаги ваколатхоналари тузилмасини тасдиқлаш, ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, уларни рағбатлантириш;
кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда Миграция бўйича республика комиссияси (А. Арипов) билан келишилган ҳолда Жамғарманинг маблағларидан фойдаланиш параметрларига тезкор ўзгартиришлар киритиш ёки Жамғарма маблағларини мазкур Фармоннинг 4-иловасида назарда тутилмаган харажатларни молиялаштиришга йўналтириш.
8. Белгилансинки, Агентлик ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Агентлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини ҳамда экспертларни, шу жумладан, шартнома асосида жалб қилиш;
хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда соҳани такомиллаштиришга доир ташаббуслар билан чиқиш ва таклифлар киритиш.
9. Миграция бўйича республика комиссиясига (А. Арипов) қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Агентликнинг хориждаги ваколатхоналарини ташкил этиш ва тугатиш, Агентлик вакиллари учун штат бирликларини очиш ва қисқартириш;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича дипломатик лавозимларни киритиш ва тугатиш юзасидан таклифлар киритиш.
10. Агентлик Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қамарнисо кўчаси 1-уй манзилидаги бино ва иншоотларда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
12. Вазирлар Маҳкамаси:
бир ҳафта муддатда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш, соҳага хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилиш ва фуқароларга янада қулай шароитлар яратишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
уч ой муддатда Агентлик ва Жамғарма тўғрисидаги янгиланган низомларни тасдиқласин.
13. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Миграция агентлиги директори Б.А. Мусаев белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 17 октябрь,
ПФ-162-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Миграция бўйича республика комиссияси
ТАРКИБИ

А.Н. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Республика комиссияси раиси

Б.А. Мусаев

Миграция агентлиги директори, Республика комиссияси раиси ўринбосари

А.А. Азизов

Давлат хавфсизлик хизмати раиси

С.Э. Хусанов

Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари — Чегара қўшинлари қўмондони

Н.Н. Сайдуллаев

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари

Б.О. Саидов

ташқи ишлар вазири

Б.Э. Захидов

камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири

П.Р. Бобожонов

ички ишлар вазири

Ш.Х. Шерматов

рақамли технологиялар вазири

К.А. Шарипов

олий таълим, фан ва инновациялар вазири

И.Р. Махкамов

транспорт вазири

А.А. Худаяров

соғлиқни сақлаш вазири в.б.

И.И. Норқулов

иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари

А.Ю. Мавлонов

Божхона қўмитаси раиси

О.А. Парпибаева

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси

А.З. Саъдуллаев

Ёшлар ишлари агентлиги директори

К.К. Куранбаев

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси

Ф.Ф. Эшматова

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)

К.М. Рафиков

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси

Д.А. Ваҳобов

Савдо-саноат палатаси раиси

О.Б. Сатторов

«Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси

С.С. Бобоқулов

Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўлими бошлиғи, Республика комиссияси масъул котиби

Изоҳ: Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Миграция агентлигининг асосий фаолият йўналишлари
1. Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини комплекс тартибга солиш, фуқароларни хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш ишларини назорат қилиш ҳамда ушбу фуқароларнинг ҳисобини юритиш.
2. Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш, улар томонидан лицензия талаблари ва шарт-шароитларига риоя этилишини назорат қилиш.
3. Миграция соҳасида халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларни хорижда вақтинча ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш.
4. Хорижий иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш ишларини ташкил қилиш, ривожланган давлатларда тан олинадиган малакани баҳолаш ва сертификатлаш тизимларини жорий қилиш.
5. Чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий ва бошқа қийин аҳволда қолган фуқароларни қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашиш.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги ПҚ-149-сонли «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
6. Ўзбекистоннинг хориждаги ва хорижий давлатларнинг республикамиздаги дипломатик муассасалари билан доимий ҳамкорлик қилиш, ўзбек диаспоралари ва ватандошлар билан алоқаларни кенгайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги

Агентликнинг хориждаги ваколатхона ва вакиллари

Миграция жамғармаси

Агентликнинг ҳудудий филиаллари

Фуқароларни (ёшларни) чет тилларига ўқитиш ва хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази

Марказ филиаллари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Миграция жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари
1. Давлат бюджетидан ажратиладиган беғараз молиявий ёрдам.
2. Чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар учун йиғимларнинг бир қисми.
3. Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар.
4. Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, ҳомийлик, грант маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Миграция жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари
1. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва таҳқирланишга дучор бўлган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз, яшаш учун маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш.
2. Меҳнат миграциясида бўлган вақтда жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш, башарти ушбу хизматлар қийматини уларнинг ўз маблағлари ёки тиббий суғурта ҳисобидан тўлаш имкони бўлмаган тақдирда.
3. Меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида майиб бўлган ёки оғир тан жароҳати олган фуқароларни олиб келиш.
4. Аввал уюшган ҳолда танлаш доирасида хорижга ишга юборилган ва борган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиши натижасида чиқариб юборилган (депортация қилинган) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш, кейинчалик тўланган маблағларни мазкур шахслар ҳисобидан қоплаш, шунингдек, хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шароитлар билан таъминланмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш.
5. Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширган даврда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотининг ўрнини қоплаш учун суғурта компанияларига субсидиялар тўлаш.
6. Фуқароларни (ёшларни) чет тилларига ўқитиш ва хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази, унинг филиаллари ҳамда кетиш олдидан мослаштириш марказлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, малакали чет эллик педагог кадрларни маҳаллий таълим ташкилотларига жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш.
7. Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касб-ҳунарга тайёрлаш ва чет тилларига ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини баҳолаш.
8. «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва уюшган ҳолда танлаш тартибида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича муваффақиятли топширилган малака имтиҳони харажатларини тўлаб бериш, хорижга кетиш учун йўл транспорт чиптасини харид қилишга компенсация тўлаш.
9. Ривожланган давлатларга уюшган ҳолда танлаш тартибида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш харажатларини қоплаб бериш.
10. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштиришни кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш масалаларига доир ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш.
11. Миграция Агентлигининг чет элдаги ваколатхоналарини ташкил этиш, жиҳозлаш ва сақлаб туриш.
12. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иш билан таъминланганлик ҳолатини улар ишга жойлашган жойларга борган ҳолда мониторинг қилиб бориш.
13. Миграция агентлиги ходимларини хорижий давлатларга узоқ муддатли хизмат сафарига юбориш ва унинг хорижий давлатлардаги вакиллари сифатида жалб этилган шахслар фаолиятини молиялаштириш.
14. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган «call марказ» фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштириш.
15. Меҳнат мигрантлари учун вақтинча бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобиль илова яратиш ва уни келгусида техник қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштириш.
16. Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқувчи ва мамлакатимиз ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи Ягона идоралараро электрон маълумотлар базасини яратиш ва уни келгусида техник қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштириш.
17. Ташкиллаштирилган ҳолда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга 10 миллион сўмгача микрокредитлар ажратиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш.
18. Инглиз, корейс, немис ва япон тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилар сони энг кўп бўлган касбий таълим ташкилотлари ва касбий кўникмалар марказларининг 50 нафар чет тили фани ўқитувчиларига 50 миллион сўмдан субсидия тўлаш.
19. Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа харажатларни молиялаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Миграция агентлиги маблағларини шакллантириш манбалари
1. Пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар.
2. Чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар учун ундириладиган йиғимларнинг бир қисми.
3. Агентликнинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар.
4. Юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қўлланган жарималардан тушган маблағлар.
5. Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, ҳомийлик, грант маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Миграция агентлигининг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари
1. Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий филиаллари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари.
2. Агентлик ходимларини хизмат сафарига юбориш харажатлари.
3. Агентлик ва унинг ҳудудий филиаллари бино ва иншоотларини қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда сақлаб туриш харажатлари.
4. Агентлик фаолиятини амалга ошириш учун асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни харид қилиш ҳамда сақлаш харажатлари.
5. Агентлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатлар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармонига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти тўғрисидаги низомни ва Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти бериладиган мансабдор шахслар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-4554-сон Фармонига 2-илованинг 3-рўйхати:
қуйидаги мазмундаги ўн еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ва унинг ўринбосарлари»;
ўн еттинчи — йигирма биринчи хатбошилар тегишинча ўн саккизинчи — йигирма иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармонига асосан 2-банднинг ўз кучини йўқотиш санаси — 2025 йил 1 январь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 апрелдаги «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-59-сон Фармонида:
1-банднинг «б» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
16-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2024 — 2026 йилларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни тайёрлаш ва чет элга ташкиллаштирилган тартибда юборишнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин»;
4-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 20-иловада:
4-банддан «ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги» сўзлари чиқариб ташлансин;
7-банднинг ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қолган маблағларнинг 50 фоизи Миграция жамғармасига, 20 фоизи Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳамда 30 фоизи Миграция агентлигига йўналтирилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2024 й., 06/24/162/0847-сон; 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон)